Қайднома

Қидирув

Бахтиёр САТТОРОВ: “БИЗНИ НОҲАҚ ҲАЙДАШДИ ёки ЎЗПФЛнинг мақсади нима?”

Бахтиёр САТТОРОВ: “БИЗНИ НОҲАҚ ҲАЙДАШДИ ёки ЎЗПФЛнинг мақсади нима?”

  14.09.2020 14:55
  0
  1433
Бахтиёр САТТОРОВ: “БИЗНИ НОҲАҚ ҲАЙДАШДИ  ёки ЎЗПФЛнинг мақсади нима?”

Ёдингизда бўлса, ўтган мавсум Про-лигада қатнашган Самарқанднинг «Шердор» клуби ПФЛ санкциясига учраб, якунда янада қуйироқ лигага тушириб юборилганди. Яқинда мазкур жамоа таъсисчиси Бахтиёр Сатторов билан суҳбат қурганимизда, у «Шердор»га нисбатан ноҳақлик бўлгани ҳақида куюниб гапирди. Қуйида ушбу интервью билан танишишингиз мумкин

- «Шердор»нинг ўтган йили Про-лигадан «бадарға» қилинганидан хабаримиз бор. Ушбу масала юзасидан кейинчалик қандайдир чоралар кўрилдими?

- «Шердор» клубини қуйи лигаларга «улоқтирган» ЎзПФЛ қароридан норози бўлиб, ЎФА президентига мурожаат йўлладик. Жамоамиз 15 июндан буён машғулотларни давом эттириб келмоқда, шу вақт мобайнида «Динамо» билан икки марта, вилоят термалари билан назорат ўйинлари ўтказишга улгурдик.

- Хўш, «Шердор» нима учун лигадан четлаштирилди?

- Жамоамизни келишилган ўйинлар ва тотализаторда қатнашганликда айблашди, аммо ишонтириб айтаманки, бу айбловлар ноўрин ва бизни дисквалификация қилишларига асос йўқ эди. «Шердор»ни ҳамма клублар, ҳакамлар, ЎФА ва ПФЛ яхши билади. Клуб бундай қинғир ишларга аралашмаган, кейин ҳам аралашмайди. «Шердор»ни «2019 йил ҳисобидан ЎзПФЛ олдида 150 млн. қарзи бор», деб жорий йил март ойида 1-лигага, июнда эса 2-лигага ноҳақ тушириб юборишди. Ваҳоланки, клуб 2019 йил учун 100 млн. сўмни ЎзПФЛ ҳисоб-рақамига ўтказиб берганди. Агар «Шердор»нинг ушбу ташкилот олдида 2019 йил учун қарздорлиги бор бўлса ва буни исботлашса, клубимиз ушбу қарзларни тўлашга тайёр.

- Умуман, «Шердор» қайси мақсадда ташкил этилганди?

- Клубга асос солаётганда ниятларимиз бисёр эди, мақсадимизга босқичма-босқич эришаётгандик. Жамоа шу вақтгача Каттақўрғон, Жомбой, Самарқанд туманларида ва Самар-қанд шаҳрида ўз филиалларини очишга улгурди. Асосий мақсадимиз - маҳаллий ёшларни тарбиялаб, уларни катта футболга олиб кириш, шу йўл билан вилоят ва Ўзбекистон футболи ривожига ўз ҳиссамизни қўшмоқчи эдик. Клубнинг тўлиқ номи - «Шердор футбол клуби» МЧЖ. Ягона таъсисчиси - Саттаров Бахтиёр Олимжонович. Клубимизнинг асосий мақсадларидан бири - юртимизда футболни ривожлантириш бўйича Президентимиз ва ҳукумат томонидан чиқарилаётган Қарор ва Фармонлар ижросини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиш.

- Самарқандда футболга ҳомийларни жалб қилиш даражаси қандай, умуман, футболдан манфаат кўзлайдиган фирма ва компаниялар борми?

- Вилоятда йирик корхоналар бис­ёр, деярли ҳаммасининг раҳбарлари билан клубга ҳомийлик қилиш ва инвестиция киритиш масалаларида музокара олиб борганман. Аксарияти Тошкент шаҳрининг муайян туманларига тегишли эканлигини айтган бўлса, қолганлари вилоят ҳокимининг рухсатисиз пул беролмаслигини билдирди. Натижада Самарқанд вилояти ҳокимининг ташаббуси билан шаҳар ҳокими Бобирмирзо Облақулов «Шердор» ФК президенти этиб тайинланди.

- Самарқанднинг «Динамо» клуби муассиси ҳам вилоят ҳокимлиги ҳисобланади. Табиийки, жамоаларни молиялаштириш борасида ҳам боғлиқлик бор, шундайми?

- «Динамо» ва «Шердор» орасида молиялаштириш бўйича боғлиқлик йўқ. Аниқроқ айтадиган бўлсам, уларга вилоят ҳокимлиги масъул, бизга эса - шаҳар ҳокимлиги.

- Яқинда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев Самарқанд шаҳри раҳбарияти билан суҳбат ўтказганди. Шундан сўнг қандайдир ўзгаришлар кузатилдими?

- ЎзПФЛ раҳбари келиб кетгач, шаҳар ҳокимлигидагилар бизга: «Футбол раҳбарларингизга «Шердор» ФК керак эмас экан, шу боис сизларга ҳомий бириктиришни тўхтатамиз», дейишди.

- Сизнингча, «Шердор» жорий мавсумда ҳам Про-лигада муаммосиз қатнаша олармиди? 1-лига ва Про-лигадаги смета қанчалик фарқланарди? Бундан ташқари, лигадаги футболчиларнинг маошлари, мукофот пуллари ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Аслида уларнинг миқдори қандай бўлиши керак?

- Агар ПФЛ раҳбари шаҳар ҳокими ёрдамчисига «Шердор» ФКга ҳомий бириктиришни тўхтатиш кераклигини айтмаганда, албатта, қатнашардик. Сабаби, 2020 йил учун тузилган сметамиз ҳоким томонидан имзоланиши кутилаётганди. Молиявий масалаларга келсак, 1-лигада қатнашиш, юқори ўринлар учун курашишга 1,5 млрд. сўм етади. Агар ўтган йили Про-лигада бизга 2,5 млрд. сўм ажратилганда, «Шердор» бу йил Суперлигада қатнашаётган бўларди. Бизда ўртача ойлик - 1.300.000 сўм, ғалаба учун 500.000дан 1.000.000 сўмгача мукофот пули белгиланган. Тўғри, мазкур рақамлар ким учундир камдек туюлиши мумкин. Аммо таркибимиздаги футболчиларнинг аксарияти 20 ёшдан кичик. Умуман олганда, клубнинг ўртача ёши 21га тенг.

- Суперлига, Про-лига ва 1-лигадаги клубларнинг хусусийлаштирилиши бўйича қилинаётган даъватларга муносабатингиз қандай?

- Ўзимга қолса, буни асло оқламайман. Тан олиш керакки, яқин 10 йил ичида Ўзбекистонда ҳеч бир клуб «хусусий» мақомини ололмайди. Бу гапларимни 20 йилдан кейин эслайсиз, ҳали.

- Нима деб ўйлайсиз, мамлакатимизда футболни бизнес даражасига олиб чиқиш учун нималар қилиш керак?

- Биринчи навбатда, хусусий бўлишга интилаётган клубларни қўллаб-қувватлаш керак. Уларга футбол майдонлари, база ва академия учун ерлар ажратиб бериш ва лойиҳа асосида иншоотларни қуриб бериш даркор. Ҳар бир клубнинг балансида ўз уй майдони бўлиши лозим. Хусусийлаштириш табиий йўл билан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Бизда эса аксинча, буни сунъий йўл билан қилишга уринишмоқда. Ваҳоланки, мазкур уринишлар наф келтирмаслиги, бундан биринчи навбатда, футболимиз жабр кўришини барчамиз яхши англашимиз керак.

- Сизнингча, болалар футболи, футбол академияларини ривожлантириш бўйича қандай ислоҳотларни олиб бориш лозим?

- Бу энг оғриқли нуқтамиз. Агар ЎФА раҳбари бўлсам, ҳар бир вилоятда футбол мактабларини нолдан бошлаб қуриб берардим. У ерда камида 6х7 стандарт футбол майдони, сузиш ҳавзаси, борингки, ҳамма шароитларга эга ҳақиқий футбол мактаби бўларди. Ҳар бир клуб қошида шундай таълим масканлари бўлишини таъминлашга интилардим. Ишонинг, бунинг учун Ўзбекистонда барча имкониятлар бор.

- Футболимиздаги келишилган ўйинлар, тотализаторга қарши кураш борасида ҳам гапирсангиз...

- Келишилган ўйинлар аста-секин, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетарди. Афсуски, Ўзбекистонда 2021 йилдан тотализаторлар фаолиятига рухсат берилди. Бу ҳам ЎФА ва ЎзПФЛ ташаббуси билан амалга оширилди. Эҳтимол, бу улар учун тўғри қарордир. Аммо ушбу масаладаги шахсий фикримни билдирадиган бўлсам, мен буни қоралайман.

- Ўзбекистон футбол ассоциация­си ҳамда ЎзПФЛнинг бугунги кундаги фаолиятига қандай баҳо берасиз?

- Балки ЎФА нималардир қилишга интилаётгандир, аммо шахсан мен ва Самарқанд футболи учун бу сезилмади. Кимдир фикримга қўшилмаса, Самарқандга келсин. 2та коллеж ва футбол бўлими бор, лекин майдони йўқ. Академия бор, майдони йўқ. «Динамо» клуби бор, аммо на ўз базаси, на ўзининг машғулот ва ўйинлар ўтказадиган майдони бор («Динамо» стадиони Миллий гвардияга қарашли, «Динамо» ва «Шердор» у ерда ижара ҳақи тўлаб ўйнайди). Бу Тошкент шаҳридан кейин энг катта турис­тик шаҳар ҳисобланган Самарқанд футболига тааллуқли камчиликларнинг бир қисми. Уларнинг қарийб 30 фоизини келтирдим, холос...

- Мутахассислигингиз бўйи­ча юрист экансиз. Фаолиятингиз давомида бунинг ҳам нафи тегяптими?

- Республика олимпия захиралари коллежини қизил дипломга битиргач, кейин Самарқанд Давлат университетининг юриспруденция факультетида ўқидим. Албатта, қонунлардан хабардорлик ва унга амал қилиш ҳар бир касб эгасига катта устунлик беради. Ҳозир Россия Давлат унверситети футбол бўлими 2-курс талабасиман. «Про» дипломини ўша ерда олиш ниятим бор.

- Ижтимоий тармоқларда фаолсиз... Мурожаатларингизга муносабат билдирилдими?

- Ҳозирги замонда ижтимоий тармоқ ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган. Мурожаатларимга келсак, уларга жавоб қайтариш учун журъат керак. Афсуски, на ЎФА, на ПФЛда бу журъатни кўрдим. Барака топгур ПФЛ, «Шердор»­ни Про-лигага қайтаринглар! Клубимизнинг 2019 йил учун ПФЛ олдида ҳеч қандай қарздорлиги йўқ. Такрорларйман, мабодо, қарзимиз бўлса, ПФЛ буни исботлаб берса, «Шердор» барчасини тўлашга тайёр.

МАЪЛУМОТ УЧУН

БАХТИЁР САТТОРОВ

1986 йил Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган. 8 ёшидан футбол билан шуғулланишни бошлаган. 1997 йил Жиззах ихтисослаштирилган футбол мактаб-интернатига ўқишга кирди. 1998 йилда эса Титов номидаги Республика олимпия захиралари коллежининг футбол бўлимида таҳсил ола бошлади. 2004 йили «Сўғдиёна», 2006 йили Самар­қанднинг «Динамо» клубида тўп сурган. 2008 йилнинг августида оёғининг тўпиқ қисми пайлари узилиши оқибатида жарроҳлик столига ётди. Операциядан кейин катта футбол билан хайрлашишга мажбур бўлди. Кейинчалик мураббийлик курсларида ўқиб, соҳадаги фаолиятини 2010 йилдан бошлади. «А» тоифадаги лицензияга эга.

А.ҲАМИДОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz