Қайднома

Қидирув

ОФИЦИАНТЛИКДАН ҚОЧИШ ЧОРАСИ ёхуд яна Иньеста ҳақида...

ОФИЦИАНТЛИКДАН ҚОЧИШ ЧОРАСИ ёхуд яна Иньеста ҳақида...

  14.09.2020 16:58
  0
  174
ОФИЦИАНТЛИКДАН ҚОЧИШ ЧОРАСИ ёхуд яна Иньеста ҳақида...

У шундай ўйинчики, иқтидор ва маҳорати билан футбол жамоатчилигининг ҳайрат ва эътирофига сазовор бўлган, лекин дунёнинг энг яхши футболчиси унвонига расман лойиқ топилмаган. Бугунги кунда Осиё, аниқроғи, Япония яшил майдонларида жавлон ураётган Андрес Иньеста айнан шундай футболчи.

Кўпчилик мутахассислар фикрича, Иньестанинг футболдаги залвори Месси ва Роналдуникидан ҳам вазминроқ. Лео ва Криштианулар ҳисобида бир нечтадан «Олтин тўп»лар бор, Андресда эса битта ҳам йўқ. Андрес - ихчам ва камтар йигит. Лео ҳам айнан шу тоифадан. Аммо у голлар устаси, сермаҳсуллиги шу пайтгача кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражада. Андрес эса «атиги» жамоа механизмининг тўхтовсиз ва самарали ишлашини таъминлаб, Мессига мунтазам равишда дарвозаларни забт этиш имкониятини яратган. Албатта, алоҳида турнирлар ва жамоанинг энг яхши ўйинчиси унвонларига Иньеста ҳам жуда кўп маротаба сазовор бўлган. Ҳатто 2012 йилда Европанинг тенги йўқ футболчиси сифатида эътироф этилган. «Футбол қироли» деган олий мақомни эса, унга норасмий тарзда беришган.

Аслида Иньеста асримиз аввалида енгилмас қояга айланган Испания терма жамоасининг рамзи ҳисобланади. Айнан Андрес ва унинг кўп йиллик жамоадоши Хави Эрнандес атрофида шаклланган «қизил фурия» қаторасига 3 марта бош турнирларда зафар қучди - 2008 ва 2012 йилларда Европа, 2010 йилда жаҳон кубогига сазовор бўлди. Бу ҳақиқатни ҳеч ким ҳеч қачон инкор этолмайди. Умуман, Иньеста миллий терма жамоа шарафини 123 марта муносиб ҳимоя қилди. Қолаверса, у «қизил фурия»га 16, 17 ва 19 ёшлилар терма жамоаларида қитъа чемпионлигини қўлга киритганидан кейин келганди.

Қўшимчасига, Иньеста - жаҳон миқёсида ўта ноёб кўрсаткич соҳиби: у профессионал даражада нуфузли турнирлар финалларида (терма жамоа билан 3 марта, «Барселона» билан ЕЧЛда 4 марта) майдонга тушиб, уларнинг барчасида ғалаба нашидасини сурди. Қаҳрамонимиз шунингдек, Испаниянинг 9 карра чемпиони, Қироллик кубогининг 6, мамлакат Суперкубогининг 7, УЕФА Суперкубоги ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 3 карра ғолиби ҳисобланади.

Каталония 1999 йилни «Барселона»нинг 100 йиллик юбилейини нишонлаш билан ўтказди. Нафақат футбол, балки бошқа кўплаб спорт турларини ҳам ўзига жо қилган буюк клубнинг тарихий тўйига ёрқин ғалабалар ҳамоҳанг бўлди: «Барселона»нинг баскетбол, гандбол, роликли хоккей ва албатта, футбол жамоалари мавсумни ғолиб сифатида якунладилар. Табиийки, футболчилар зафари Каталония аҳолисининг диққат марказида бўлди ва тантаналар ҳам шунга яраша ўтди. Тадбирларда машҳур санъаткорлар, ижод аҳли иштирок этишди. Жумладан, таниқли мусаввир Антони Тапиес «Барселона»нинг 100 йиллигига бағишланган расмий плакатни яратди. Халқаро аренада юксак нуфузга эга бўлган номдор ижодкорлар клуб рамзидан кенгроқ фойдаланиш орқали унинг оммалашувига сезиларли ҳисса қўшишди. Машҳур «Камп-Ноу»да жаҳон футболи юлдузлари иштирокида хайрия учрашувлари ташкил этилди. Жумладан, голланд футболи афсонаси, «Барселона» бош мураббийи Йохан Кройфф шарафига жамоанинг собиқ ва амалдаги юлдузлари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Бундан ташқари, «Барселона» ва Бразилия терма жамоаси беллашуви ҳам байрамга ўзгача кўрк бағишлади.

Мазкур шодиёналар 15 ёшли Андрес қалбида ўчмас из қолдирганининг боиси шуки, «Барселона» футбол академияси «Ла Масия»нинг ўша пайтдаги директори Жоан Сесар Фаррес унга Рим Папаси Иоанн Павел II зиёратига борадиган клуб вакиллари сафидан жой берганди. Руҳоний спортга қизиқиши билан танилган ва 1958 йилда бунёд этилган «Камп-Ноу»га 1982 йилда ташриф буюриб, унинг ибодатхонасини зиёрат қилганди. Ҳозирда кўпчилик футболчилар учрашувлар арафасида бу ерда ибодат қилиб, Яратгандан мадад сўрайдилар. Руҳоний қабулига онаси олиб берган янги костюмни кийган ҳолда йўл олган Андрес ва унинг оила аъзолари учун яна бир унутилмас воқеа рўй берди - йигитча илк марта ибодат маросимида иштирок этди. Байрам шодиёнасида футболчилар билан мулоқотга ҳам вақт топа олган руҳоний эса 1 йилдан кейин «Барселона» ўйинини томоша қилиш учун стадионга ташриф буюрди. Демак, Папанинг футбол мухлисига айланишида Иньестанинг ҳам ҳиссаси бор.

Қизиғи, испан футболининг бўлажак юлдузи болалигида буни орзу ҳам қилмаган экан. Ўзининг «Мен бунга эришдим» номли автобиографик асарида Андрес жумладан шундай ёзганди: «...Футболни ҳеч қачон жиддий машғулот ўрнида кўрган эмасман. Тўп тепиш мен учун ёқимли эрмак мақомида бўлган. Тўғри, футбол ўйнашни хуш кўрардим, аммо профессионал фаолият ҳақида умуман ўйлаган эмасман. Бунга оиламизда ҳеч ким футболга алоқадор эмаслиги ҳам сабаб бўлган. Мендан таш­қари, барча қариндошларим шаҳарчамиздаги муассасаларда официант­лик билан шуғулланишган».

Шаҳарча ёки муниципалитет, соддароқ айтганда, қишлоқнинг номи Фуэнтеальбилья бўлиб, у Альбасете провинцияси тасарруфида бўлган. 1984 йилнинг 11 майида дунёга келган Андрес Иньеста Лухан ғишт терувчи Хосе Антонио ва официант аёл Мария Лояннинг ягона фарзанди эди. Оила мўъжазгина тамаддихона эвазига камтарона бизнес орқали тирикчилик қиларди. Мария ана шу тамаддихонада ишлаган.

Испаниялик қишлоқи болакайнинг эртадан кечгача тўп тепиб вақт ўтказиши америкалик қора танли тенгдошининг баскетбол кортидаги «ижод»идан фарқ қилмасди. Жажжи Андрес вақтини мактабнинг бетонли спорт майдончасида ўтказар, кечқурун онаси ёки бувисининг қистови билан уйга қайтарди. «Болалик давримни кучли соғинч ва мамнуният билан эслайман. Бўш вақтим доимо мактаб майдончасида ўтарди. Дарсдан кейин «Альбасете»даги машғулотлар йўқ кунлари Хулиан ва Абелардолар ёнига йўл олардим ва кечгача тўп сурардим. Биз доимо ўзимиздан 3-4 ёшга каттароқ болаларга қарши ўйнардик», - дейди Андрес ўз асари ўқувчиларига.

Футболчининг болаликдаги яқин ўртоғи Абелардонинг айтишича, тамаддихонадаги хизмат хонаси кўпинча улар учун футбол майдончаси вазифасини бажарган: «Ота-онамнинг овқатланиб ўтиришганидан унумли фойдаланиб, орқа томондаги хонада думалоқлаб елимланган қоғоздан ясалган тўп ёрдамида куч синашардик. Биримиз полга ўтирган ҳолда «дарвоза»ни қўриқлардик, қолган иккимиз эса тўпни унинг ёнидан ўтказишга уринардик. Мусобақа шу қадар қизғин кечардики, биз терга ботиб кетардик».

Албатта, болалик пайтида Андрес қачондир буюк футболчи бўлишни орзу қилмагандир, лекин официантликка йўлиқмаслик учун қўлидан келганича интилишга аҳд қилгани айни ҳақиқат: «Официантлар. Улардан бири бўлишни ҳеч қачон истаган эмасман. Чунки оиламиз фақат шу касб билан шуғулланган». Футболчининг самимий эътирофида ота-онасининг меҳнатига нисбатан заррача бўлсада ҳурматсизлик йўқ. У шунчаки, умрини рўзғор тебратиш учун сарфлаётган яқинларига фаровон ҳаётни бахш этиш орзусида бўлган ва шу мақсадда изланган. Орадан йиллар ўтиб, Андрес футбол бобида етарли иқтидорга эга эканлигини, атрофдагилар мақтови бежиз эмаслигини тушуниб етди. Чиндан ҳам шундайлигини унинг болалик пайтидаги телеинтервьюда билдирган фикрлари тасдиқлайди: «Отам ғишт терувчи уста, лекин мен футболчи бўлганимдан кейин бу ишини ташлайди. Балки қурилиш магнатига айланар, билмайман. Аммо унинг ҳавозаларда хавф-хатар остида ишлашини истамайман».

Иньестанинг рисоладагидек маош оладиган футболчига айланганидан кейинги дастлабки қарори онасига уй совға қилиш ва отаси номига банкда йирик сармояли ҳисоб рақамини очиш бўлди.

Бу ибратли воқеалар бироз кейинроқ юз берди, албатта. Болалик даврида эса футболга сал бўлсада қизиқиб қолган болакайнинг ўз «кумир»и бўлади. Андрес хонасини 90-йиллар «Барселона»сининг юлдузлари бўлмиш Хосеп Гвардиола ва Микаэль Лаудруплар портретлари безаб турарди. «Менинг «кумир»им Пеп Гвардиола эди. Унинг ўйинларини ТВ орқали томоша қила туриб, у каби тўп суришни орзу қилардим. У айниқса, ўйинни ташкил этишга уста эди. Пеп ва Лаудруп икковини болалигимдаги энг муҳим футболчилар, деб биламан».

Демакки, ўша даврда ҳали Андреснинг ўзи англаб етмаган футболчи бўлиш режаси қалбидан ўрин олаётганлиги аниқ. Оиланинг ҳеч бир аъзоси футболга алоқадор бўлмаганлиги хусусидаги гап-сўзлар эса, журналистларга хос муболаға. Ҳар ҳолда, катта ёшдаги кишиларнинг гувоҳлик беришларича, Андреснинг отаси Хосе Антонио ёшлигида ҳаваскор жамоаларда савияли ярим ҳимоячи сифатида тўп сурган, ҳатто «Атлетик» афсонаси Дани Руис Басанга қиёсан «Дани» тахаллусига мушарраф бўлган экан.

Футбол олами Андресдек буюк иқтидор соҳибини тарбиялаб беришгани учун Иньесталар оиласидан қарз­дор. Фарзандининг тўп билан шунчаки эрмак учун эмас, балки юксак чўққиларни забт этишга имкон берадиган ноёб иқтидорини ўз вақтида сеза олган ота-она Андрес шу салоҳиятини юзага чиқариши учун бор имкониятларини ишга солишди. Хосе Антонио ўзининг таниш-билишлари кўмагида 7 ёшли ўғлонини Альбасетенинг асосий клуби академиясига ўқишга берди. Кейин 5 йил давомида ҳар ҳафта 3 мартадан 50 км. узоқликдаги машғулотларга ўғли билан қатнади.

Ўша даврда академия тарбияланувчиларни 8 ёшдан бошлаб қабул қиларди. Бироқ Андресни 5 дақиқалик кўрикдан сўнг отаси ҳурматидан қабул қилишганди: «Биз унинг ҳаракатларини кузата бошладик ва 5 дақиқадан кейин кўрикни тўхтатдик: «Етарли, болакайни майдондан олишингиз мумкин. Унинг иқтидоридан қониқдик», - деганди Иньестанинг илк устозларидан бири. Айни ўша паллада Андрес ва унинг оиласини 12 ёшли болакай ҳаётидаги энг муҳим қарордан машаққатли 5 йил ажратиб турарди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz