Қайднома

Қидирув

ОЧЛ: «Пахтакор» 19 кунда 7 ўйин ўтказа олади-ми?

ОЧЛ: «Пахтакор» 19 кунда 7 ўйин ўтказа олади-ми?

  14.09.2020 19:20
  0
  308
ОЧЛ: «Пахтакор» 19 кунда 7 ўйин ўтказа олади-ми?

Етти ойлик танаффусдан кейин бугун, 14 сентябрдан қитъамизнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнири – Осиё Чемпионлар лигаси баҳслари давом эттирилади. Халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган «Пахтакор» Қатарда марказлашган ҳолда бошланаётган ОЧЛнинг энг муҳим палласига шай ҳолатда етиб борди. Ўзбекистон чемпиони 19 кун ичида 7та ўйинда майдонга тушиб, финалга чиқиш имкониятига эга бўлиб турибди. Tribuna.uz ОЧЛ рестарти олдидан «Пахтакор»нинг «Ал Ҳилол»га қарши бугунги ўйини, жамоаларнинг ҳолати ва ўзгаришларга қўл урилган ОЧЛ ҳақида атрофлича маълумот беради.

Гуруҳда қўшҳокимлик

Февраль ойида старт олган ОЧЛ «B» гуруҳида «Пахтакор» ва «Ал Ҳилол» клублари дастлабки икки турда ҳам ғалаба қозониб, 6 очко билан гуруҳда қўшҳокимлик қилмоқда. Ушбу жамоаларнинг 3-4-тур доирасидаги ўйинлар 14 ва 17 сентябрь кунлари ўтказиладиган ўзаро икки ўйинидан кейин гуруҳ пешқадами номига ойдинлик киритилади.

Қатарга кўчган ОЧЛ

Коронавирус пандемияси туфайли барча халқаро ўйинлар қаторида Осиё Чемпионлар лигаси доирасидаги барча учрашувлар ҳам ОФК томонидан қолдирилган эди. Ёзда ОФК ўйинларни ўтказиш бўйича янги таклифни билдирди. Унга кўра, 16 клуб битта мамлакатда йиғилади ва 4та стадионда гуруҳ босқичи ва 1/8 финал, чорак ва яримфинал ўйинларини ўтказишади. Яъни, тўртта босқич ўйинлари уч ҳафта ичида бўлиб ўтади - 14 сентябрдан 3 октябргача. Ҳар бир клуб дастлабки ўйинидан 4 кун аввал етиб бориши шартлиги айтилди.

Якунда ОЧЛ Ғарб минтақаси ўйинларини Қатарда ўтказиш вариантини энг маъқули сифатида танланди ва клублар 10 сентябргача Доҳада йиғилишди. Шарқ минтақасида эса ўйинлар кечроқ бошланиб, декабрга қадар финалчи аниқланади. Қатар соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ОФК ҳар бир жамоадан аэропортнинг ўзидаёқ коронавирусга тест олди. Ҳар бир клуб қатъий равишда меҳмонхона – стадион – меҳмонхона маршрутидан четга чиқмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.

Эътиборлиси, бу борада «Пахтакор»нинг рақиб «Ал Ҳилол»нинг 5 нафар футболчисида Covid-19 инфекцияси аниқланиб, алоҳида назоратга олинган. Ошкор қилинмаган бу футболчилар Ар Риёд клубининг Тошкент жамоасига қарши ўйинларини ўтказиб юборишади. 

20 кун ичидаги ўйинларни Қатардаги учта стадион - Khalifa International Stadium, Al Janoub Stadium, Jassim Bin Hamad Stadium, Education City Stadium ўйингоҳлари қабул қилади.

Ўйинлар тақвими

Турнирда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган «Пахтакор» гуруҳ босқичидаги барча учрашувларни Доҳа шаҳридан 20 километр узоқликда жойлашган Ал-Вақрадаги «Ал Жануб» стадионида ўтказади. Гуруҳдаги тўртта учрашув ҳам бир хил вақт – Тошкент вақти билан 23:00га белгиланган. «Пахтакор» турнирда финалгача бора олса, 19 кун ичида 7 ўйин ўтказишига тўғри келади.

ОЧЛ. 3-тур, 14 сентябрь

«Ал Ҳилол» - «Пахтакор»
4-тур, 17 сентябрь

«Пахтакор» - «Ал Ҳилол»
5-тур, 20 сентябрь

«Шабоб Ал Аҳли» - «Пахтакор»
6-тур, 23 сентябрь

«Шаҳри Худрў» - «Пахтакор»

1/8 финал. 26 ва 27 сентябрь

1/4 финал. 30 сентябрь

Ярим финал. 3 октябрь

Финал. 5 декабрь

«Ал Ҳилол» қандай жамоа?

Саудия Арабистонининг кўп карра чемпиони «Ал Ҳилол» Осиёнинг ҳам энг кучли клуби номини ўзида сақлаб турибди. Бу жамоа ОЧЛнинг амалдаги чемпиони саналади. Ар-Риёд клуби таркиб жиҳатдан анча номдор футболчиларга эга. «Ал Ҳилол» сафида Себастьян Жовинко, Бафетимби Гомис, Андре Каррильо ва Жан Хюн Су легионер сифатида рўйхатдан ўтказилган. Жамоани руминиялик Разван Луческу бошқармоқда.

Бир неча кун аввал риёдликлар Саудия Арабистони чемпионатида 16-марта олтин медалларни қўлга киритишди. Клубнинг 8-10 нафар футболчиси Саудия Арабистони миллий жамоасига номзод саналади.

«Ал Ҳилол»нинг Чемпионлар Лигасига футболчилар рўйхати:

Дарвозабонлар: 1. Абдуллоҳ Ал Муайиф, 30. Муҳаммад Вакид, 31. Абдуллоҳ Алжадани

40. Наваф Ғамди.

Ҳимоячилар: 2. Муҳаммад Ал Бурайк, 5. Али Ал Булайҳи, 12. Ёсир Шаҳрани, 17. Абдуллоҳ Ал Ҳафиз, 20. Жан Хюн Су (Жанубий Корея), 22. Амир Курди, 23. Мадаллаҳ Ал Олаян, 32. Мутиб Муфарри, 34. Волид Абдулваҳоб, 54. Муҳаммад Кунайдири, 70. Муҳаммад Жаҳфали.

Яримҳимоячилар: 7. Салмон Фараж, 8. Абдуллоҳ Отайф, 10. Муҳаммад Ал Шалбуҳ, 16. Носир Ал-Довсари, 19. Андре Каррильо (Перу), 24. Наваф Ал Обид, 27. Хатан Султон, 28. Муҳаммад Канно, 29. Салим Ал-Довсари, 35. Мансур Албиший, 55. Ҳамад Алабдан,

Ҳужумчилар: 9. Себастьян Жовинко (Италия), 11. Салоҳ Шаҳри, 18. Бафетимби Гомис (Франция), 33.Фаҳад Мутайри.

Жамоалар қандай ҳолатда етиб келишди?

Айтиш жоизки, ҳозирга келиб «Пахтакор» сингари «Ал Ҳилол» ҳам яхши спорт формасида. 5 кун аввал Саудия Арабистони чемпионига айланган Ар-Риёд клуби сўнгги беш ўйиндан 4тасида ғалаба қозонган.

Худди шундай «Пахтакор» ҳам Суперлигада охирги 5 ўйиндан 4тасини ғалаба билан якунлаган ва чемпионлик сари дадил қадамлар ташламоқда.

Жамоаларнинг сўнгги 5 ўйиндаги натижаси:

«Ал Ҳилол» ўйинлари:

20.08. Ал Аҳли – Ал Ҳилол – 2:1  

25.08. Ал Ҳилол – Ал Файсали – 2:0

29.08. Ал Ҳилол – Ал Ҳазм – 4:1

04.09. Ал Ваҳда – Ал Ҳилол – 1:3

09.09. Ал Ҳилол – Ал Шабоб – 2:1           

«Пахтакор» ўйинлари:

24.08. Пахтакор – Локомотив – 7:0

27.08. Андижон – Пахтакор – 0:2

01.09. Навбаҳор – Пахтакор – 1:1

05.09. Бухоро – Пахтакор – 0:4

08.09. Металлург – Пахтакор – 0:3

Ўзаро ўйинлар: «Пахтакор» мағлуб эта олмаётган рақиб

Бу жамоалар ҳозирга қадар ўзаро 6 маротиба тўқнаш келишган. 4 учрашувда «Ал Ҳилол», зафар қучган бўлса, 2 ўйинда эса дуранг қайд этилган. «Пахтакор» ўзаро ўйинларда 4та гол киритган бўлса, рақиб 13 марта гол урган. Ҳозирги таркибдан Игорь Сергеев бу жамоа дарвозасини икки марта ишғол этган.

Умуман олганда, «Пахтакор» клуби Саудия Арабистони клубларига қарши Осиё майдонларида 25та ўйинда майдонга тушган. Ўйинларда 4 ғалаба, 5 дуранг ва 16 мағлубият кузатилган. Рақиблар дарвозалари 19 бор ишғол қилиниб, 50 марта тўп ўтказиб юборилган.

Қайси клубнинг таркиби қимматроқ?

Transfermarkt портали маълумотларига кўра, «Пахтакор» ва «Ал Ҳилол» клуби футболчиларининг трансфер баҳолари ўртасидаги тафовут анча катта. Тошкент клуби таркибининг умумий нархи 13,2 миллион еврони ташкил этса, Ар-Риёд клуби бу борада 40,1 миллион евро нархга эга.

«Пахтакор»нинг энг қимматбаҳо футболчиси Жалолиддин Машарипов саналади – 1,8 миллион евро. «Ал Ҳилол»да эса Андре Каррильо 8 миллион еврога баҳоланган.

«Пахтакор» таркиби умумий баҳоси – 13,2 млн евро

Энг қиммат уч футболчиси:

1. Ж. Машарипов – 1,8 млн евро

2. И.Сергеев – 1,5 млн

3. Д.Черан – 900 минг евро

«Ал Ҳилол» таркиби умумий баҳоси – 40,98 млн евро

Энг қиммат уч футболчиси:

1. Андре Каррильо (Перу) – 8 млн евро

2. Себастиан Жовинко Италия – 4 млн евро

3. Батефимби Гомис Франция – 3 млн евро.

Анонс. 14 сентябрь (душанба)

ОЧЛ. 3-тур баҳси.

«Ал Ҳилол» - «Пахтакор»

Қатар, Ал Вақра. «Ал Жануб» стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 23:00

ТВ-трансляция: «Спорт» (жонли)

Шарҳловчи: Дилшодбек Тўхтабеков.

Усмон Ибодов тайёрлади.


Манба: tribuna.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz