Қайднома

Қидирув

«Қизил грандмастер»...

«Қизил грандмастер»...

  15.09.2020 03:50
  0
  370
 «Қизил грандмастер»...

Трент Александр-Арнольд 9 ёшида отасининг ташаббуси билан тез фикрлашни ривожлантириш мақсадида шахмат ўйнашни ўрганди. У мактабда ўқиган кезлари кўпинча ёмғир ёғар, бундай пайтларда тўп билан югуриш имконсиз бўларди. Трент эса уйда акалари билан шахмат ўйнарди. Албатта, бу ҳолат болакайларга ёқарди. Шу тариқа, Трент болалик хотираларига қўшиб, шахматга бўлган муҳаббатини «Ливерпул»га кириб келган кунларида ҳам тарк этмади.

Трент янги жамоадаги бўш вақтларида севимли машғулоти билан шуғулланиш учун дарҳол янги рақиб ҳам топди - ундан бир ёш кичик Бен Вудбурн.

Улар сафарга чиққанда қулай бўлиши учун шахмат ўйинини компьютерга юкладилар. Чунки самолётда бундан бошқача ўйнашнинг иложи йўқ - парвоз пайти барча буюмлар ҳаракатга келади. Қолаверса, самолётда телефонлардан фойдаланишга рухсат берилмайди. Трент шахматдаги рақиби ҳақида гапирар экан, шундай деганди: «Бен ва мен бир-биримизнинг хатти-ҳаракатларимизни аллақачон ўзлаштириб олганмиз, шунинг учун бир-биримизга қарши кичик тузоқларни ўрнатишни бошладик».

Ким яхшироқ ўйнарди? «Агар мен яхшироқ эканлигимни айтсам, у мени урарди, - ҳазиллашди Трент. - Ростини айтганда, иккаламиз ҳам бир-биримиздан энг яхши услубларни ўрганиб оламиз».

Бу ҳолатда шахматнинг футболга таъсири ҳақидаги саволлар муқаррар. Трент шундай деб ўйлайди: «Уларни бир-бирига боғлаш мумкин. Мунтазам шахмат ўйновчилар рақибга нисбатан бир, икки, уч марта тезроқ ўйлашга ҳаракат қилишади ва рақибнинг ҳаракатларини олдиндан билишга интилишади. Биз эса тўпни олишдан олдин амалга ошириладиган ҳаракатларни аввалдан аниқлаб олишимиз керак. Масалан, мен ҳужумчилар қаерда эканига қарайман, улар тўғри позицияда бўлишса, бу мен учун имкониятдир».

Шахмат шайдоси бўлган Трент бу қизиқувчанлиги орқали ўзига хос «Мелвуд Грандмастер» деган лақабини орттириб олди. Қаҳрамонимиз ҳаттоки, 2018 йилда шахмат бўйича жаҳон чемпиони Магнус Карлсен билан дона сурган, ушбу қарама-қаршилик оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилганди. Келишувга кўра, мазкур дуэль Касперский лабораторияси томонидан ўтказилган бўлиб, икки ёш шахматчи Трентга маслаҳат беришлари мумкин эди.

Аммо шахматда савия тубдан фарқ қилади. ОАВ бу жараён ҳақида шундай ёзганди: «У Карлсен билан худди Карлсен Трент билан футбол ўйнагандек ўйнади. Фақат бир ғолиб бўлиши мумкин».

«Ниманидир ўзгартира оламан, деб ўйламайман, - деганди Трент мағлубия­т ҳақида. - У мени тузоққа тушира олди».

«Тоттенхэм» ўйинчиси Эрик Да-йер Трент ва Карлсен ўртасида ўйин ўтказилганидан воқиф бўлгач, Англия миллий термасидаги жамоадошига хабар юборди - Эрик Трентга терма жамоанинг ўқув-машғулот йиғини чоғида шахмат ўйнашни таклиф қилди ва улар олдиндан келишиб қўйганликлари сабабли машғулотлардан сўнг ақлни чархлаш учун шахмат ўйнашди. «Менинг ёшимдагилар орасида шахматга иштиёқи юқори бўлганларни топиш қийин, - дейди Трент. - Дайер Магнус билан ўйин ўтказганим ҳақида билганидан кейин менга хабар ёзди. Шахмат ихлосманд­ларини қидириб юрганим учун бу айни муддао бўлди ва бирга дона сурдик. Ҳар кимнинг ўзига хос чалғитиш усули бор. Мен FIFA симуляторини ўйнашни ёқтираман. Умуман олганда эса, кўпроқ шахмат ўйнашни маъқул кўраман. Бундай ҳолларда енгил тин олиш ва маълум муддат футболдан чалғишда мувозанатни топиш алоҳида аҳамият касб этади».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz