Қайднома

Қидирув

ОЧЛдаги квотамиз камаяверса...

ОЧЛдаги квотамиз камаяверса...

  15.09.2020 05:19
  0
  712
ОЧЛдаги квотамиз камаяверса...

Сўнгги пайтларда Ўзбекис­тон клубларининг халқаро майдондаги иштироки қониқарли даражада эмас. Вакилларимизнинг Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан нарига ўтолмаётгани якунда ОФК томонидан тақдим этиладиган квоталар тақсимотига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Мисол учун, бундан беш йиллар аввал бизга ажратиладиган квоталар 2+2 ёки 2+1 кўринишида бўларди, лекин кейинчалик клубларимиз натижалари пасая бошлагач, вакилларимизнинг қитъа миқёсидаги мусобақаларда қатнашиш имконияти камаяверди. Эндиликда 1+2, 1+1 кўринишидаги квоталарга ҳам кўникиб қолдик. Хўш, бунга нима сабаб бўлмоқда?

Ички чемпионатимизда муддатидан анча олдин чемпионликни расмийлаштирган клублар халқаро майдонда гуруҳ баҳсларидаёқ рақибларига имкониятни бой беришмоқда. Бунинг оқибати ўлароқ, қитъадаги рейтингимиз кескин тушиб кетмоқда.

Мисол тариқасида Тошкент «Локомотив»ининг уч йил аввалги иштирокини олайлик. Таркиби идеал кўриниш олган «темирйўлчилар» Суперлигада шу қадар барқарор қатнашишдики, уларнинг ОЧЛда ҳам узоқроққа боришлари мумкинлигини тахмин қила бошладик. Аммо Чемпионлар Лигасининг дастлабки учрашувида ўз уйида ғалабага эришган «Локо»нинг кейинги натижалари салбий кўриниш олди ва якунда ўз квартетида 3-ўрин билан кифояланди. Ушбу кўрсаткич икки марта такрорланди: мағлубиятнинг асосий сабаби сифатида ё жисмоний ҳолат ёки иссиқ об-ҳаво кўрсатилди. ОЧЛнинг кейинги кампанияси эса стартдаёқ якунланди. Тожикистоннинг «Истиқлол» клуби Тошкентда «темирйўлчилар»ни таслим этган бўлса, пойтахтнинг яна бир жамоаси «Бунёдкор» сафарда ютқазди. Натижада ОЧЛда фақат бир вакилимиз қолди - «Пахтакор». Лекин «шерлар»нинг иштироки ҳам қониқарли бўлмади.

Жорий мавсумда эса Шота Арвеладзе бошчилигидаги клубнинг ишлари чаккимас, ҳар ҳолда, вакилларимиз ўз гуруҳида 6 очко тўплаган ҳолда пеш­қадамлик қилишмоқда.

Эндиликда биз 1+1+1 квотасига эгамиз. Яъни Суперлига ғолиби тўғридан-тўғри гуруҳ босқичига чиқса, Ўзбекис­тон кубоги эгаси «плей-офф» баҳсларида қатнашади. Агар иккинчи вакилимиз ҳам гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритса, ички биринчилигимиздан бир клуб ОФК кубогида иштирок этади.

Вазиятни ўнглаш учун астойдил уринмасак, шу камтарона ўринлардан ҳам ажраб қолишимиз турган гап. Ҳеч бўлмаганда, ПФЛ раҳбари таъкидлаганидек, ОФК кубогида бош совринни қўлга киритиб, ғолиб учун ажратилган 150 миллион долларни бегона қилмаслигимиз жоиз. Ҳар ҳолда, бизнинг клублар буни уддалайдиган даражада кучга эга, албатта. Тўғри, мазкур ҳолатда ПФЛнинг Чемпионлар Лигасида юқорироқ натижаларга эришишимиз ҳақида эмас, қитъанинг клублар ўртасидаги иккинчи даражали турнирида муносиб қатнашиш ҳақида гапиргани кимларгадир ёқмаган бўлса, ажабмас...

Сўнгги йилларда Тошкент жамоаларидан бирининг яққол фаворитга айланиб олиши оддий ҳолга айланди. Аммо Суперлигада унга муносиб рақобатчининг йўқлиги халқаро майдонда бизга панд бериб қўймоқда. Ўзимиздаги доминантлик қанчалик юқори бўлса, ОЧЛдаги иштирок шунча ёмонлашмоқда. Бундан кўринадики, авваламбор, Суперлигада тенг кучли клублар кўпайишини таъминлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Ички биринчилигимизда шиддатли учрашувлар қанчалик кўп бўлса, бу Осиё майдонларида тўп сурадиган футболчиларимизни жиддий ўйинларга шунча яхши тайёрлайди. Улар кучли легионерлари бор жамоаларга қарши баҳсларда ўзларини йўқотиб қўйишмайди, аслида нималарга қодирликларини кўрсатишади.

Қисқача айтганда, биз айни пайт ОФК кубоги сингари иккинчи даражали турнирлар ҳақида эмас, ОЧЛда ғолиб чиқиш каби энг юқори мақсадлар ҳақида ўйлашимиз керак. Сир эмаски, қитъа турниридаги ғолиблик клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этади. Мазкур мусобақада эса қандай жамоалар қатнашишини барча яхши билади. ЖЧлардаги иштирок исталган клуб учун ўзига хос реклама вазифасини ўташи ҳам айни ҳақиқат.

Нурмуҳаммад ИСМАТУЛЛАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz