Қайднома

Қидирув

Номаълум, лекин муҳим...

Номаълум, лекин муҳим...

  15.09.2020 07:29
  0
  416
Номаълум, лекин муҳим...

Номи боксдаги машҳур зарбани эслатадиган, ўзи эса доимо бош мураббийнинг кўланкасида қолиб кетиши боис мухлисларга бутунлай нотаниш бўлган бу мутахассис шогирдларини дзюдо услубида йиқилишга, рақиблари ҳужумларини барбод қилишга ва пенальтиларни пучга чиқаришга ўргатади. Лекин ўзи дарвозабонликда ёрқин фаолияти билан мақтана олмайди.

Ҳа, Франс Хук - замонавий футболнинг камтарин заҳматкаши. Ўз вақтида у Голландиянинг «Волендам» клуби дарвозасини 12 йил ҳимоя қилиш билан кифояланган бўлсада, кейинчалик мураббийлик соҳасида таниқли мутахассислар эътиборини қозонди. Жумладан, унинг услубига Йохан Кройфф юксак баҳо берганди, Луи ван Гал эса Хукни футбол тарихидаги энг яхши дарвозабонлар мураббийи сифатида эътироф этганди.

Франс Хук туғилган овлоқ Хорн шаҳарчасида футбол билан шуғулланишга шароит мавжуд эмасди. Шу сабабли ота-онаси 4 ёшли болакайни дзюдо тўгарагига олиб боришди. Франс у ерда 7 йил таҳсил олди, озғин ва нимжон бўлгани учун курашда юксак натижаларга эриша олмади. Аммо бир қатор муҳим жиҳатларни қунт билан ўзлаштирди: «Дзюдо мени жасурликка ўргатди. Бу спорт тури билан шуғулланиш орқали ўзимга ишонч пайдо бўлди, мен учун ҳаммаси доимо жойида бўлишига, қийинчиликларни енга олишимга амин бўлдим. Футболга ўтганимда хотиржамлигим сақланиб қолганди. Кўпинча ўта дадил сэйвларни намойиш этардим. Бундан ҳатто устозларим ҳам қўрқиб кетишарди. Қалтис парвозлардан чўчимасдим. Чунки бу мен учун одатий ҳол бўлиб қолганди, шикастланмасдан, оғриқсиз йиқилишни яхши билардим. Шу сабабли мураккаб зарбаларни ҳам бемалол бартараф этардим».

Ана шу тиришқоқлик ва ишонч эвазига Франс ўзининг дастлабки ва ягона жамоаси - «Волендам» таркибидан жой олишга муваффақ бўлди. Бўйи унчалик баланд эмаслиги сабабли (қўллари дарвоза тўсинига етиб-етмасди), 14 ёшгача фақат захира ўриндиғида ўтирди. Ниҳоят, бир куни ёшлар жамоаси дарвозабонининг бетоблиги унга майдонга тушиш имкониятини берди ва Хук икки томонлама беллашувда иштирок этди: «Ўша куни 1 ёки 2та тўп ўтказиб юбордим, сэйвларни ҳам амалга оширдим. Лекин умуман олганда, талаб даражасида ўйнадим, дея олмайман. Шунга қарамасдан, машғулотдан кейин мураббий ёнимга келиб, навбатдаги учрашувда асосий таркибда майдонга тушишимни маълум қилди».

Хук спортчи бўлиб шаклланишида дзюдонинг роли хусусида бир неча марта ҳикоя қилганди. Ўсмирлик чоғида бу кураш тури унинг услубига ижобий таъсир этганди. Кейинчалик дарвозабонларга устозлик қилаётганида асқота бошлади. Франс чаққонлик, эгилувчанлик ва хавфсизликка тааллуқли бир қатор машқлар туркумини яратди. У дарвозабонларга йиқилаётган паллада ўзларини қандай ҳимоя қилиш, жароҳатларни четлаб ўтиш йўлларини ўргатди. «Дарвозабонларнинг кўпчилиги хавфсиз йиқилишни билишмасди. Аввало, шу жиҳатга эътибор қаратдим. Мураббийлик соҳасига ўтгач, ўз билганларимни уларга ўргата бошладим. Асосий вазифамиз қоидага биноан йиқилиш ва тезда оёққа туришни ўрганиш эди. Мазкур машқлар ёрдамида шогирдларим вазият­га тўғри баҳо берадиган ва тўпни қайтараётганда жароҳат олмаслик чораларини кўришга одатланишди».

22 ёшида Хук дарвозабонлар учун қўлланма яратди. Шу тариқа Кройфф эътиборини тортди. 1978 йилда Франс Хук илк бора «Аякс»дан таклиф олди. Бироқ ҳеч ким унга асосий таркибда ишлаш кафолатини бермаганлиги туфайли, таклифни рад этди. Ўша йили голландиялик касбдошимиз билан ҳамкорликда профессионал дарвозабонлар учун қўлланмани чоп этди: «Мен шунчаки дилимдаги ўй-фикрларим, ғояларимни баён этгандим. Яъни, имкон қадар тўғри ҳаракатланиш маҳоратларини тўлароқ намойиш этишларига сабаб бўлишини ёзгандим».

1983 йилда «Фейеноорд» билан бўлган учрашувдан кейин Йохан Кройфф Хукка яқинлашиб, унинг китобини ўқиб чиққанлиги, унда изҳор этилган тадқиқотлар, ғоялар ва футболга оид қарашлар ўхшашлиги қизиқтириб қолганлигини таъкидлаганди. Хук эътирофни мамнуният билан қабул қилган бўлсада, уларнинг навбатдаги мулоқотлари 2 йилдан кейин бўлиб ўтди.

Хук ўз фаолиятини якунлаши билан Кройфф уни «Аякс»га дарвозабонлар мураббийи лавозимига таклиф этди. Чунки бу чизиқ вакилларининг ўйини борасида уларнинг нуқтаи назари бир хил эди: дарвозабон сўнгги ҳимоячи мақомида бўлиши ва худди майдон ўйинчиси каби оёқлари билан ишончли тўп суриши, керакли паллада кучли зарба ёрдамида тўпни олдинги чизиқдаги жамоадошларига етказиб, ҳужумга ҳисса қўшиши лозим.

Хук афсонавий мураббий билан 2 йил ҳамкорликда ишлади. Лекин ички мусобақаларда ҳам, халқаро ареналарда ҳам совринларга сазовор бўлиш насиб этмади. Кейин «Барселона»га ўтиб кетган мураббий уни ўз ёнига чорлади. Бироқ Хук ҳозир Нидерландияни тарк этиш ўринли эмас, деган қарорга келди. «Шундан кейин Кройфф билан ҳамкорлик қилиш насиб этмади. У билан ажойиб босқични босиб ўтдик. Менга берган ўгитлари, билим ва тажрибаси учун ундан бир умрга миннатдорман. Аммо фаолиятим шундай тарзда ўтганлигидан афсусда эмасман».

Умуман, Франс Хук «Аякс»да 11 йил фаолият юритди, ҳатто уни бош мураббийлик лавозимига ҳам таклиф этишди. Аммо мутахассис фақат дарвозабонлар билан шуғулланишни маъқул кўрди. Жаҳон чемпионатлари тарихидаги дарвозабонлар билан боғлиқ ажойиб фокус ҳам айнан Франс Хукнинг ижоди: унинг таклифига биноан пенальтилар серияси арафасида дарвозабонни алмаштирган Нидерландия терма жамоаси нуфузли мусобақанинг ярим финал йўлланмасини қўлга киритганди. «Мен Франс Хукни жуда қадрлайман. У ўта ишончли ёрдамчи. Ҳамкорликдаги фаолиятим даврида дарвозабонлар борасида бирор марта бўлсада муаммога дуч келган эмасман. У мен билган мутахассислар орасидаги энг малакали дарвозабонлар мураббийи», - деганди Луи ван Гал.

Бу икки ватандош мураббийлар узоқ йиллар давомида турли жамоа­ларда елкама-елка меҳнат қилишди: «Аякс» (5 йил), «Барселона» (4), Нидерландия терма жамоаси (4 йил), «Бавария» (2 йил), «МЮ» (2 йил).

Ван Гал-Хук ҳамкорлигидан 2 энг ёрқин лавҳалар:

1. ЖЧ-2014 турниридаги Коста-Рика термасига қарши беллашувнинг пенальтилар сериясида дарвозабон Тим Крулни майдонга туширди. Тим 2та сэйвни амалга оширди, Нидерландия ярим финалга чиқди. 11 метрли зарбаларни қайтариш бобида Крул асосий дарвозабон Силлессендан маҳоратлироқ эканлигини Франс яхши биларди.

2. Виктор Вальдеснинг «МЮ» таркибидан жой олишига айнан Хук сабабчи бўлганди. Мураббий Вальдесни ўсмирлик чоғидан яхши билар ва қадрларди. Хук уни Давид де Хеага жуфтлик сифатида харид қилишни ван Галга таклиф этган ва Викторнинг ўйинига оид 10 саҳифали ҳисобот тайёрлаганди. Шунингдек, мураббий Вальдеснинг ўзгача фикрлаши «МЮ» дарвозабонлари ўртасидаги рақобатни кучайтиришини алоҳида таъкидлаганди.

Франс Хук фаолиятидаги муҳим фактлар:

*** Рейна, Нойер, Де Хеа, Вальдес ва Энке каби моҳир дарвозабонларга сабоқ берган.

*** Бир пайтлари уни ёш дарвозабонларга маъруза ўқиш учун «Манчестер Сити» академиясига таклиф этишди. Тадбирдан сўнг ишга таклиф қилишди, мураббий таклифни рад этди.

*** Франс Нойер услубини хуш кўрарди. Аммо баъзан ўта нўноқ ўйнашини қистириб ўтишни ҳам унутмади. Бу салбий баҳони Мануэль «Интер»га қарши беллашувда майдон марказидан йўлланган тўпни ўтказиб юборгани учун олганди.

*** Хук дарвозабонни жамоанинг мияси, деб ҳисоблайди: «У ўйинни диққат билан кузатиши ва вазиятга тўғри баҳо бериши лозим. Дарвоза дахлсизлиги - дарвозабон вазифасининг 10 фоизи, холос».

*** Ҳозир Франс Хук Голландияда ёш футболчиларга дарвозабонлик сирларидан сабоқ бермоқда.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz