«ПСЖ»га қарши ҳал қилувчи беллашувда у бор-йўғи 3та сейвни намойиш этди. Аммо уларнинг 2таси ўта мушкул вазиятда амалга оширилди: рақиб билан яккама-якка ҳолатда қолганида ва зарба ўта яқин масофадан йўлланганида. Шундан сўнг барча ОАВ ва ижтимоий тармоқлар уни яна енгилмас қояга қиёслашни бошлашди. Бироқ биз унинг яқин ўтмишда жуда суст ўйинига гувоҳ бўлгандик. Гап Мануэль Нойер ҳақида эканлигини аллақачон англаб етдингиз, деб ўйлаймиз. Хўш, дарвозабон фаолиятидаги кескин ўзгаришнинг боиси нима? Ҳикоямиз шу ҳақда.
Мавсумни жароҳат муолажаси билан ўтказди, кейингисида ёмон ўйнади. 2017|2018 йиллар мавсумида Мануэль оёғининг кафт қисмидан жароҳат олиб, 8 ой майдонга туша олмади. Бироқ Россия мундиали арафасида сафга қайтиб, асосий дарвозабон мақомида иштирок этди. Бу ҳолат ҳатто Мессини ҳам ёқа ушлашга мажбур этганди: «Тер Штегеннинг ЖЧ-2018ни захира ўриндиғида ўтказгани - ажабланарли ҳол. Нойер мавсумни оёғини даволаш билан ўтказди. Аммо Россияда асосий таркибдан жой олди».
Мундиал Бундестим учун ҳам, шахсан Нойер учун ҳам ўта омадсиз кечди - 3та ўйинда у ўз дарвозасидан 5та тўп ўтказиб юборди. Айниқса, Жанубий Кореяга қарши беллашувнинг охирги дақиқаларида асабийлашиб, дарвозани қаровсиз қолдирди ва рақиби чемпионнинг бўм-бўш дарвозани қай тариқа ишғол этишини кузатишдек «лаззат»дан баҳраманд бўлди. Ўшанда унга нисбатан қуйидагича муносабат юзага келганди: бутун мавсумни майдондан четда ўтказди, ЖЧни барбод қилди. У ҳамон топ-футболчими?
Кейин 2018|2019 йиллар мавсуми эшик қоқди - Нойер фаолиятидаги энг ёмон мавсум. Жароҳатлар Мануэлни четлаб ўтди, у жуда кўп учрашувларда майдонга тушди. Лекин ҳар қачонгидан кўра ёмон ўйнади. Энди Нойердаги жамоани олға етаклайдиган қудрат қаёққадир ғойиб бўлганди. У хатоликларга йўл қўяр, ўзига бўлган ишончи пасайиб кетганди. ЕЧЛ доирасидаги «Ливерпул»га қарши беллашувда йўл қўйган хатоси Маненинг голи билан якунланганди.
Ўша мавсум Нойернинг зарбаларни қайтариш фоизи 60,8га тушиб кетди. Бунгача у ҳеч қачон 70 фоиздан пастга тушмаганди. Ўртача кўрсаткичи эса 78 фоизга тенг эди. Ўша мавсум у Бундеслигадаги касбдошлари орасида рўйхат охиридаги 3-поғонадан жой олди. Бу омадсизлик етмагандек, моҳир дарвозабон 4та нохуш вазиятни бошдан кечирди: рақобатчилари, турмуш ўртоғи ва шартнома билан боғлиқ муаммолар.
1. Нойер ва Тер Штегеннинг матбуотдаги «даҳанаки» жанги. Икки касбдош ўзини терма жамоа учун муносиброқ, деб ҳисоблаган, Германиядаги мухлислар эса худди Месси каби Тер Штеген тарафида бўлишган, Нойернинг даври ўтиб кетганлигини таъкидлашганди.
2. «Бавария»нинг Александр Нюбелни харид қилиши. Бу навқирон йигит ҳам «Шальке» аъзоси, жамоага келган куниёқ асосий дарвозабон мақомига даъвогар эканлигини маълум қилганди. Нафратдан Нойернинг кўзлари қонга тўлганди.
3. Нойернинг «Бавария» билан шартномаси 2021 йилда ниҳоясига етарди. Томонлар узоқ вақт уни узайтириш борасида келиша олмадилар. Унинг агенти Нойернинг кетиши мумкинлигига шаъма қилганди. Матбуотда «Ювентус»дан таклиф келгани маълум қилинди.
4. Ишдаги кўнгилсизликлар камлик қилгандек, Нойер турмуш ўртоғи Нина Вайсс билан ажрашди. Жуфтлик 2015 йилдан учраша бошлаган, 2017 йилда никоҳдан ўтишганди. 2020 йилнинг январида эса никоҳ бекор қилинди. Аслида улар аввалроқ алоҳида истиқомат қила бошлаган эдилар: айнан 2018|2019 йиллар финали арафасида иш жойида ҳам, шахсий ҳаётида ҳам омад Нойердан юз ўгирганди.
Кейин ҳаммаси ўз-ўзидан изга тушди: аввалги Нойер қайтди, тер Штеген билан жанжал тинчиди, Нюбелни ҳамма унутди. Шу йилнинг май ойида Мануэль ўз шартномасини 2023 йилга қадар узайтирди. Жуфтлик ажрашганидан кейин 4 ой ўтгач, Нойернинг 19 ёшли гандболчи Аника Бисселга жиддий муносабатда эканлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Унга кўра, футболчи Аникани онаси билан таништирган, кейин ўз уйига кўчириб келган.
Жорий мавсумни Мануэль аъло даражада ўтказди - хатоликларга деярли йўл қўймади, қийин вазиятларда жамоани тортди. Зарбаларни бартараф этиш фоизи кўтарилиб, 74,8га етди.
ЕЧЛнинг охирги финали эса ҳаётий драманинг кульминацион нуқтаси бўлди. Айнан шу учрашувда Но-йер ўта оғир даврни енга олганлигини тўла-тўкис намойиш этди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20