Қайднома

Қидирув

«Мен бу эшикни бузаман» ёки Япониялик аёл эркаклар жамоасида ўйнайди...

«Мен бу эшикни бузаман» ёки Япониялик аёл эркаклар жамоасида ўйнайди...

  16.09.2020 03:58
  0
  157
«Мен бу эшикни бузаман»  ёки Япониялик  аёл эркаклар жамоасида ўйнайди...

Юки Нагасато 33 ёшда. У аёллар футболининг катта юлдузи: фаолияти давомида «Челси», «Вольфсбург» ва «Франкфурт» клубларида ўйнаган, Япония терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида олтин ва кумуш медаль ютган, Шарқий Осиё биринчилиги ғолибасига айланган. Нагасато 2017 йилдан «Чикаго Ред Старз» клуби ихтиёрида. Америкаликлар япониялик аёлни иккинчи марта ижара сафарига жўнатишди. Бунга қадар Австралияда «Брисбен Роар» аёллар клуби шарафини ҳимоя қилган Юки энди вақтинча муддатга жонажон шаҳри - Ацугига қайтди. Диққат қилинг, у энди «Хаябуса Элевен» клубида ижара келишуви асосида ўйнайди. Бу ҳаваскорлар бўлсада, эркаклар жамоаси!

«Хаябуса Элевен» - Канагава префектураси лигаси иштирокчиси. Келишувга биноан, Нагасато «Чикаго Ред Старз» сафига 2021 йили, мавсумолди йиғинлари бошланганидан кейин қайтиши керак. Ҳозирча шартноманинг бошқа тафсилотлари йўқ, фақат шуниси аниққи, Аки эркаклар жамоасига бутунлай ўтмоқчи эмас.

Нагасато 2019 йили ҳам «Чикаго»да самарали узатмалар сони бўйича лигада етакчилик қилган, шунингдек, голлар сони (8та) бў­йича 6-натижани қайд этганди. «Эркаклар лигасида жонажон шаҳрим жамоасида ўйнаш - азалий орзум. Ўйлайманки, қийин ва кўрилмаган саёҳат олдида турибман. Лекин бу эшикни бузишга аҳд қилдим. Албатта, бор имкониятимни ишга соламан. Умид қиламанки, менинг чорловим ўз эгаларига етиб боради», - деб ёзди Нагасато «Инс­таграм»даги саҳифасида ижара шартномасига имзо чекканидан кейин. У кейинроқ эркаклар клубига ўтиш мотивациясини тўлиқроқ изоҳлади: «Мақсадим - ўғил болалар билан футбол ўйнайдиган барча қизларга аёллар ҳамиша эркаклар жамоа­сига қўшила олишлари ва ўз олдиларига катта марра қўйишларини кўрсатиш». Юки америкалик юлдуз Меган Рапинодан илҳомланади. Эътиборлиси, Нагасато «Хаябуса Элевен»да туғишган акаси билан бирга ўйнаши мумкин. Генки вақтида профессионал футболчи сифатида Япония «J»-лигасида ҳам ўйнаган. Унинг айтишича, синглиси эркаклар даврасида тўп суриш орзуси ҳақида 10 йил олдин сўз очган экан. Қарангки, унинг қарорини қўллаб-қувватлаган Генки Нагасато ҳаттоки, ижара шартномаси амалга ошишига бевосита кўмаклашди.

Япония футболи тарихига қарасак, бунгача бирор аёл эркаклар футбол жамоасида ўйнамаган. «Хая­буса Элевен» Юки Нагасатони ижтимоий тармоқларда таништирар экан, бу шартномани тарихий воқеа сифатида баҳолади: «Ацугида чиндан ҳам, профессионал аёл футболчи учун тарихий синов кузатилади. Ахир у Японияда эркаклар жамоасига қўшилган биринчи аёл сифатида тарихда қолади».

Япония ташқарисида бундай воқеалар бир неча марта кузатилган. Жумладан, ESPN канали Канада аёллар терма жамоаси дарвозабони Стефани Лабе тарихини эслади. У 2018 йили «Калгари Футхиллз» жамоаси сафини тўлдириб, эркаклар билан машғулотларда иштирок этганди. Тўғри, Стефани лига қоидалари туфайли расмий ўйинларда майдонга тушолмаган. Шунда ноилож яна аёллар футболига қайтган. Шу йил август ойида эса, 19 ёшли Эллен Фоккема Нидерландияда эркаклар жамоасида ўйнашга расман рухсат олди. У мавсум-2020|2021ни тўртинчи дивизион вакили «Фоарут» (ҳаваскорлар клуби)да бошлайди. Бу тажриба учун. Яъни Эллен уддаласа, Нидерландияда аёлларнинг эркаклар мусобақаларида бемалол қатнашишларига рухсат берилади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz