Қайднома

Қидирув

Ўзбекистонда фаолият кўрсатган легионерлар ҳақида-2...

Ўзбекистонда фаолият кўрсатган легионерлар ҳақида-2...

  16.09.2020 09:06
  0
  284
Ўзбекистонда фаолият кўрсатган легионерлар ҳақида-2...

Газетамизнинг аввалги сешанба куни чиққан 41  (1768)-сонида Ўзбекистон чемпионати тарихида ёрқин из қолдирган (қолдираётган) 20 нафар легионер ҳақидаги мақоланинг биринчи қисмини ҳукмингизга ҳавола қилгандик. Демак, бугун sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги тайёрлаган эътироф мазмунидаги мақоланинг иккинчи қисми билан танишамиз. Бунда ўзбек футболида ўз сўзини баралла айтган энг илғор 10 нафар хорижлик ҳақида сўз боради.

№ 10. Хосе-Луис ВИЛЬЯНУЭВА (Чили)

Ўйнаган клуби: «Бунёдкор»

«Қалдирғочлар» сафида порлаган энг сермаҳсул ва ёрқин ҳужумчилардан бири. Хосе-Луиснинг нозик ҳаракатлари мухлисларга роса маъқул тушган. Чилилик тўпурар машҳурлик бобида номдор бразилияликлардан ҳам қолишмаганди. Биринчи навбатда, унинг «Сайпа» (Эрон)га қарши кечган ОЧЛ баҳсида 3та гол урганини қайд этиш керак. Ҳар ҳолда, мухлислар Вильянуэвани асосан шу «хет-трик» билан эсга олишади. Бинобарин, «Бунёдкор» ўша ўйиндаги ғалаба эвазига ўз тарихида илк марта ОЧЛ ярим финалига чиққанди.

 

№ 9. ЛУИЗАО (Бразилия)

Ўйнаган клуби: «Бунёдкор»

Тошкент жамоаси ҳимоя чизиғида ҳақиқий қалқон вазифасини ўтаган Луизао рақибларни жарима майдончасига асло яқинлаштирмасди. Ҳаттоки, аксар футболчилар у билан юзма-юз келишдан ҳайиқардилар. Умуман, бразилиялик легионер майдонда катта ҳажмда иш бажарар, натижада жамоасининг «қўйиб юборилган голлар» устунида «0» анчагача ўзгаришсиз турарди. Қисқаси, юқори савияли ҳимоячи қисқа вақтда «Бунёд­кор»нинг асосий футболчилари қаторига қўшилди. Афсуски, унинг фаолия­ти ёрқин воқеаларга бой бўлгани йўқ. Луизао деярли бутун ҳаёти давомида ўз юртида тўп сурди, ваҳоланки, у Осиё ва ҳаттоки, Европанинг кучли жамоалари таркибидан жой олишга муносиб эди.

 

№ 8. Андрей ПЕРЕПЛЁТКИН (Латвия)

Ўйнаган клуби: «Насаф»

Бу футболчи турли даражадаги жамоаларда ўйнаб чиққан. Дейлик, аввалига Россия қуйи дивизионлари иштирокчилари - «Металлист» ва «Фили»да тўп сурди, кейин кутилмаганда, «Андерлехт» ва «Саутгемптон»да пайдо бўлди. Шундан сўнг Ирландия чемпионатидан қўним топган Переплёткин «Дерби Каунти» транзити орқали «Сконто»га ўтди, шундан кейин Анатолий Демьяненко бошчилигидаги «Насаф» таркибига қўшилди. Ўшанда қаршиликлар селекция ишларини ажойиб тарзда олиб боришган, кўплаб сифатли легионерлар билан келишувга эришишган, клуб раҳбарияти чемпион таркиб шакллантиришга астойдил бел боғлаганди. Натижада «аждарлар» ўша мавсум ОФК кубогида барча рақибларини енгиб, бош совринга эга чиқишди. Бу ўзбек футболининг қитъа миқёсида клублар турнирида эришган дастлабки ютуғидир. Переплёткин «Насаф»да асосий «фигура»га айланди, унинг аниқ узатмалари, ҳужумга фаол қўшилиши бутун Осиёга овоза бўлди. Аммо кейинги мавсум футболчининг самарадорлиги йўқолди ва латвиялик ярим ҳимоячи клуб билан хайрлашди. Муҳими, унинг ўзбек футболида қолдирган изи сизу биз ўйлагандан ҳам ёрқинроқ бўлди.

 

№ 7. Муҳсин МУҲАММАДИЕВ (Тожикистон|Россия)

Ўйнаган клублари: «Бухоро», «Самарқанд-Динамо»

Ушбу мутахассис футболчилик даврида Тожикистон миллий жамоаси сафидаги ягона ўйинида 2та гол урган. Шу «дубл»ни ҳам Ўзбекистон термасига «тортиқ» этган. Россия, Туркия ва Австрияда ўйнаб, бой тажриба тўплаган Муҳаммадиев фаолия­тининг якуний қисмида Ўзбекистонга келди. Аниқроғи, 1999 йили ярим мавсум «Бухоро» сафида ўйнаб, 7та учрашувда 7та гол урди. Асрлар алмашиши даврида эса Тожикистон футболи афсонаси Самарқанд «Динамо»си таркибига қўшилди. Жамоа унинг ёрдамида ўз тарихидаги энг юқори кўрсаткичга эришди (чемпионатда 4-ўрин ва кубок финали). Умуман, Муҳаммадиев икки мавсум давомида Самарқанд клубининг энг яхши тўпурари бўлди. Шу тариқа дастлаб «Дўстлик», сўнгра «Спартак» ва Оливер Канни забт этиш учун кетган Жаъфар Ирисметов йўқлигини билинтирмади. Тожикистонлик легионер 2000 йили Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сўровида даъвогарларнинг кучли учлигига киритилганди.

№ 6. Артур ГЕВОРКЯН

(Туркманистон)

Ўйнаган клублари: «Шўртан», «Пахтакор», «Насаф», «Локомотив», «Қизилқум»

«Қирол Артур» Ўзбекистон чемпионати афсонасига айланиб улгурган. У «Шўртан»да тўп сурган вақтдаёқ креатив ҳаракати билан «Пахтакор» скаутлари эътиборини ўзига қаратди. Туркманистонлик футболчи Ғузорда 1,5 мавсум тўп сургач, жамоасини ўзгартирди, бироқ пойтахтда иши юришмагач, «Насаф»га ўтиб, тезда жамоа етакчиларидан бирига айланди, ОФК кубогидаги ўша муҳим ғалабага катта ҳисса қўшди. Қўшимчасига, ОФК кубогининг энг фойдали футболчисига аталган совринга сазовор бўлди. 2013 йили 18та гол билан Олий лигада иккинчи тўпурар мақомини олди, Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши легионери ва фойдали футболчиси сифатида эътироф этилди. Кейинги йили эса, рақиблар дарвозасини яна 18 марта ишғол қилди ва бу сафар энг яхши тўпурарга аталган совринга эга чиқди. Шундан сўнг Тошкентнинг «Локомотив» клубига ўтиб, мамлакат суперкубогини қўлга киритди. Геворкян фаолиятидаги 125-голини «Қизилқум» таркибида нишонлади.

 

№ 5. Кахи МАХАРАДЗЕ (Грузия)

Ўйнаган клублари: «Локомотив», «Пахтакор», «Сўғдиёна»

2009 йили Ўзбекистонга ташриф буюрган Махарадзе бу мамлакат чин қадрдонига айланишини ўйламаган бўлса керак. Мана, у Ўзбекистон клублари сафида 300тадан ортиқ ўйин ўтказди. Бу ўринда гап фақат чемпио­нат баҳслари ҳақида бормоқда. Қисқаси, Махарадзе Ўзбекистон биринчилигида «сифатли легионер» синонимига айланди. «Локомотив»дан «Пахтакор»­га ўтгач, Грузия термасидан ҳам таклиф ола бошлади. Бир сафар чемпионатда майдонга тушганидан ҳеч қанча ўтмай, Бастиан Швайн­штайгер етакчилигидаги германияликларга қарши тўп сурганди. Кахи 2013-2015 йиллар мобайнида «Пахтакор»га сардорлик қилди, ОЧЛнинг қатор муҳим ўйинларида қатнашди. Кейин «Локомотив»га қайтиб, клуб билан янги совринларни қўлга киритди.

 

№ 4. Акмал ХОЛМАТОВ

(Тожикистон)

Ўйнаган клублари: «Нефтчи», «Пахтакор», «Локомотив», «Шўртан»

Холматов ҳам маҳаллий чемпионатимиз афсоналаридан биридир, шубҳасиз. Фарғонанинг «Нефтчи» клубида эса, асосий гвардиячилар рўйхатига кирди. Холматов икки аср алмашуви даврида айниқса, «Пахтакор»га қарши баҳсларда Юрий Саркисяннинг бош қуролига айланганди. Бироқ сов­ринлар масаласида унинг иши юришмади. Оқибатда Холматов асосий рақобатчи таркибига ўтиб кетди. Кейинчалик «Локомотив» сафида пайдо бўлиб, «темирйўлчилар»нинг ўзбек футболи етакчисига айланишларида кўмаклашди. Сўнгра Фарғонага қайтди. Хуллас, Холматов чемпионатимиз ривожи йўлида сидқидил меҳнат қилганлардан биридир.

 

№ 3. РИВАЛДО (Бразилия)

Ўйнаган клуби: «Бунёдкор»

Бразилиялик юлдузнинг Ўзбекис­тон чемпионатига ўтиши ҳақидаги янгилик ОАВни ларзага келтирганди. Ривалдо ҳамюрти Луиз Фелипе Сколари билан бирга Осиё Чемпионлар Лигасида зафар қучишни режалаштирганди. Ҳар ҳолда, клубнинг ўша пайтдаги раҳбариятида шундай мақсад бор эди. Жамоадаги дастлабки тўлиқ мавсумдан сўнг Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган «Олтин тўп» соҳибига якунда ОЧЛда зафар қучиш насиб қилмади. Муҳими, Ривалдо чиндан ҳам, нафақат легионерлар, умуман, мамлакатимизда ўйнаган барча футболчилар орасида энг ёрқин юлдуз ҳисобланади, барибир.

 

№ 2. Боян МИЛАДИНОВИЧ (Сербия)

Ўйнаган клуби: «Пахтакор»

Бу футболчи ўзбек футболидаги 7 йиллик фаолияти мобайнида Тошкент клуби мудофаасида ҳақиқий намунага айланди. Фақат Бояннинг юртимиздаги юриши «Бунёдкор»нинг яккаҳокимлик даврига тўғри келгани унинг омади юришмаганидан дарак. Худди Игорь Голбан билан бўлгани каби вақтида Миладиновични ҳам маҳаллийлаштириш ҳақида гаплар тарқалганди. Аммо у охир-оқибат, Малайзияга кетди. Шунга қарамай, Боянни кейинчалик Тошкент клуби иштирокидаги айрим баҳс­лар пайти стадионда учратишди. Уни унутмаган мухлислар футболчини илиқ қарши олишди, албатта.

 

№ 1. Гочқули ГОЧҚУЛИЕВ (Туркманистон)

Ўйнаган клублари: «Пахтакор», «Бунёдкор»

Ўзбекистоннинг 7 карра чемпиони. «Пахтакор» таркибида ОЧЛда ажойиб ўйин кўрсатиб, ярим финалгача етиб борган футболчи. Гочқули ўша мавсум - 2002 йили энг яхши футболчини аниқлаш учун ўтказилган сўровда фақат Александр Гейнрихдан ортда қолган ҳолда, 2-ўринни эгаллаганди. Гочқулиев ўз ишини 100 фоиз бажариши билан ажралиб турарди. Унда юлдузлик касали ҳам кўзга ташланмаган. Қисқача айтганда, Гочқулиев - Ўзбекистон чемпионати афсоналаридан бири.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz