Қайднома

Қидирув

Бирданига 22 нафар дебютант ҳамда...

Бирданига 22 нафар дебютант ҳамда...

  17.09.2020 09:00
  0
  383
Бирданига 22 нафар дебютант ҳамда...

Чехия терма жамоаси Европа Миллатлар лигаси 2-тури арафасида жуда ноқулай аҳволга тушиб қолди. Тақвимга кўра, чехлар 4 ва 7 сентябрь кунлари тегишлича сафар ва ўз майдонларида Словакия ҳамда Шотландия термалари билан куч синашишлари лозим эди. Жамоа раҳбарияти 25 август куни ҳар икки ўйин учун «заявка» топширди, аммо орадан кўп ўтмай, таркибга ўзгартириш киритилди: Павел Кадержабек жароҳат туфайли четга чиқди, унинг ўрнига бирданига 3 нафар футболчи олинди (демакки, мураббийлар штаби «заявка»да 2та жойни захира сифатида олиб қолган). Бу ҳали ҳолва эди...

Словаклар билан ўйинга бир неча кун қолганида, Томаш Соучек ва Патрик Шик жамоадан ажратиб олингани маълум қилинди. Тўғри, улардан коронавирусга олинган тест манфий натижа берди, аммо вирус юқтирган жамоа массажчиси қабулида бўлишган экан. Шунга қарамай, чехлар словакларни 3:1 ҳисобида енгишди. Жамоа раҳбарияти эртасига махсус баё­нот бериб, коронавирус тарқалиши хавфи борлиги туфайли Шотландия термаси билан ўйин ўтказилмаслигини билдирди. Бундай баёнот УЕФАни ҳам, рақиб жамоани ҳам ҳайратга солди. Чунки томонлар ўйинни қолдириш масаласида келишишмаганди. Яна 2,5 соатдан кейин чехлар тарқатган маълумот барчани ёқа ушлашга мажбур қилди - «Ўйин ўтказилади, фақат терма жамоамиз бу сафар мутлақо бошқа футболчилар ва ходимларга таянади».

Ижтимоий тармоқларда фанатлар ҳаттоки, яқин ўтмишнинг суперюлдузларидан таркиб шакллантиришни ҳам таклиф қилишди. Хуллас, Чехия термаси бир суткада мутлақо бошқа таркиб тузди. Рўйхатга тушган аксарият ўйинчилар фақат Чехия футболига бегона бўлмаганларга таниш, холос. Асосий факт - тўлиқ янгиланган таркибга киритилган 24та нафар футболчидан 22 нафари мамлакат термасида бирор марта ўйнаган эмасди. Жумладан, 2 нафар 17 ёшли йигитча ҳам чақирилди. Қисқаси, янги таркибдаги атиги икки футболчи олдин ҳам чехлар бош жамоаси либосини кийганди. Боз устига, улардан бири - «Москва» клуби собиқ ҳимоячиси Роман Губник Евро-2016дан сўнг терма жамоа билан бутунлай хайрлашган эди. Иккинчиси - ҳужумчи Станислав Тецл бунга қадар Чехия термасининг атиги 5та ўйинида кўриниш берганди (асосан «ўртоқлик»ларда).

Ўйин тафсилотларига келсак, янгиланган Чехия термаси 13-дақиқадаёқ ҳисобни очди - Тецл узатмасидан сўнг Якуб Пешек ўзини кўрсатди. Шотланд­лар эса 28-дақиқада ҳисобни тенглаштиришди ва иккинчи бўлимда пенальти ёрдамида ғалаба голини уришди - 2:1. Муҳими, Чехия термаси шундай таркиб билан ҳам зарбалар сони (19:6) ва бурчак тўплари (8:0) бўйича шотландлардан яққол устунлик қилди. Шотландия термаси дарвозабони Дэвид Маршалл учрашувдан сўнг бундай қаршиликдан ортиқча ҳайратланмаганини таъкидлади: «Тўғриси, чехлардан худди шундай ўйин кутгандик. Зеро, бу рақиб сафидаги кўплаб футболчилар учун мамлакат миллий жамоаси либосида тўп суриш борасида ягона имконият эди. Шундай экан, уларнинг майдонда ёниб ҳаракатланишгани - табиий жараён. Шунинг учун ҳам ўйин жуда оғир кечди». 4 йилдан кейин терма жамоага қайтган Губник эса, ҳазиллашишга ҳам жазм этди: «Энди аниқ - буниси мен учун охирги ўйин. Тўғри, яна билиб бўлмайди... Балки «4 йилдан кейин кўришгунча», дейишим керакдир...».

Европа Миллатлар лигаси «В» лигаси 2-гуруҳ турнир жадвалида Шотландия термаси пешқадам бўлиб турибди - 4 очко. Чехлар эса атиги 1 очкога ортда қолишмоқда. Демак, янги таркибнинг мағлубиятидан ваҳимали ҳолат юзага келгани йўқ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz