Қайднома

Қидирув

Дани КАРВАХАЛЬ: «МАДРИД»ДА ДЎСТ ТОПИШ ОСОН ЭМАС»

Дани КАРВАХАЛЬ: «МАДРИД»ДА ДЎСТ ТОПИШ ОСОН ЭМАС»

  18.09.2020 05:14
  0
  178
Дани КАРВАХАЛЬ: «МАДРИД»ДА ДЎСТ ТОПИШ ОСОН ЭМАС»

«Реал» ҳимоясининг ўнг қанотида катта ҳажмда иш бажариши билан мадридлик мухлислар ҳурматини қозонган Дани Карвахаль Esquire нашрига берган интервьюсида барчаси ҳақида ошкора гапирди: бош мураббий Зайниддин Зиданнинг жа­моага таъсири, ҳали амалга ошмаган орзулари, мавсумнинг ноодатий финиши, фаолиятининг якуний қисмини қандай кўриши ва ҳоказо... Данининг айтишича, «Мад­рид»да дўст орттириш осон эмас экан, айниқса, ёш футболчилар учун...

Зайниддин Зидан таъсири

- Бош мураббийимизнинг асосий устун томони - бу хотиржамлик. Унинг ҳар қандай ҳолатда ҳам хотиржамликни сақлаб қолиши бутун жамоага ижобий таъсир кўрсатади, албатта. Ишонинг, мураббийнинг бу хислати жуда-жуда муҳим. Қисқаси, ишлар яхши кетяптими ёки унчалик юришмаяпти, фарқи йўқ, Зидан эҳтиросга берилмайди. Бундай ёндашув биз - футболчиларга катта ёрдам беради, албатта. Қолаверса, Зидан ҳамиша жамоа салоҳиятига тўлиқ ишонадики, бу ҳам унинг мураббий сифатидаги энг кучли томонларидан бири. Оддий айтганда, Зидан шу тарзда ҳар биримизни муваффақиятга ҳисса қўша олишимизга ишонтиради, бунинг натижасида жамоа ғолиблик руҳи билан қувватланади. Мана, шахсан мен Зидан бошқарувида кўплаб сов­ринлар ютдим, ҳалигача ундан ҳар куни ниманидир ўрганяпман.

Хулен Лопетегига муносабат

- Бу мураббий менга жуда яқин. Унинг прессинг масаласидаги қарашлари ва ҳужумкор услуби жуда ёққан эди. Ҳозиргача ўртамизда илиқ муносабатлар сақланиб қолган.

Неймарга эътироф

- Неймар - бу ҳар қандай ҳимоячига мушкулот туғдиришга қодир ҳужумчи. Ўйлашимча, унга қарши ўйнашдан оғири бўлмаса керак. Зеро, техник маҳорати баланд, тезлиги юқори, яна бўш ҳудудларни тез пайқайди, зарбаси кучли... Қисқаси, ҳимояда Неймарни зарарсизлантириш осон эмас.

Ҳали амалга ошмаган орзулари

- Табиийки, фаолиятим давомида имкон борича кўпроқ соврин ютишни хоҳлайман. Яна бир орзум - охирига қадар «Мадрид» сафида қолиш. Ҳа, ҳозиргача клуб билан мавжуд барча совринларни қўлга киритдим, бундан ортиғини сўраш тўғри эмасдек, аммо яқин орада «Мадрид» билан 5-марта Чемпионлар Лигаси шоҳсупасига кўтарилишни истардим. Умуман, кейинчалик ҳамма бизнинг даврни клуб тарихидаги энг омадлиси сифатида эсга олишини хоҳлайман. Терма жамоа­га келсак, албатта, Европа чемпионати ёки мундиал тожи ҳақида орзу қиламан. Бу йўлда ҳам астойдил ишлаяпман.

«Мадрид»даги энг яхши ўйинлари

- Ўйлайманки, индивидуал даражада қарасак, фаолиятимдаги энг яхши ўйинни Лиссабонда ташкиллаштирилган ЧЛ финалида ўтказдим: бу баҳоси йўқ тажриба ва уни бир умр унутмайман. Жамоа иштирокидаги энг яхши ўйин? Бундайлар жуда кўп, лекин шахсан мен Кардиффда «Ювентус»га қарши кечган финални ажратиб кўрсатган бўлардим. Ўшанда жуда мураккаб қарама-қаршиликда кучли рақибдан устунлик қилгандик.

Энг оғриқли тўқнашувлар

- Кантерано тизимида  шуғулланган пайт бир сафар мени асосий жамоа машғулотларига жалб этишди. Ўшанда тўп учун Марсело билан курашишимга тўғри келганди. У товони билан сонимга урилиб кетди, жуда оғриқли ҳолат. Марсело эса хотиржам ҳолда, кулимсираганди: «Эсдалик учун». Аслида ўзим ҳам тажовузкор ўйнашга мойилман, лекин кимнидир алоҳида оғриқли тепки билан «сийлаганим» ёхуд рақибларни жароҳатлаганимни эслолмайман.

Карантин фойдаси

- Карантин даврида ўзимни қафасга солинган шердек ҳис қилганим рост. Аммо бундан нолишимга асос йўқ: катта уйда яшайман, тренажёр зали, боғ... Ҳаётда омадим чопган инсонман, шунинг учун эҳтиёжмандларга қўлдан келганича ёрдам беришга уриндим. Умуман олганда, карантин пайти ҳам машғулотларни тўхтатганим йўқ, негаки, футбол тикланиши билан қисқа вақт ичида жуда кўплаб ўйинларда иштирок этишимизга тўғри келишини билардим. Ҳаммасидан ҳам жароҳатга йўлиқиш хавфидан кўпроқ чўчиганимни тан олишим жоиз.

Чарчоқ ҳолати

- Албатта, бундай тиғиз тақвим ва узоққа чўзилган мавсум оқибатида кўплаб клубларга ҳорғинлик салбий таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас. Демоқчиманки, ким ЧЛда узоқроққа боришни режалаштираётган бўлса, ўйин мароми, майдонда кучлар тақсимотини тартибга солиши шарт. Акс ҳолда, жисмоний чарчоқ руҳий тангликни юзага келтириши мумкин.

«Мадрид»даги дўстлари

- Очиқ айтиш керак, «Мадрид»да дўст орттириш осон эмас. Вақтида «Байер»да ўйнаганимда, таркибдаги футболчиларнинг ўртача ёши 23га тенг эди, аксарият йигитлар ҳали оила қуришмаган, ота бўлишмаганди. Бундай ҳолатда дўстлашиш анча осон. «Мадрид»да эса, ҳар бир футболчининг ўз ҳаёти бор, кун тартиби тиғиз... Қолаверса, клубда футболчиларга нисбатан талабнинг катталиги ҳаммадан ҳамиша бор куч билан ишлашни тақозо этади. Қисқаси, бу ерда қандайдир дўстлик кечаларига вақт ажратиш мушкул. Шунинг учун ҳам, кўпчилик озгина бўш вақтини шахсий ҳаётига бағишлашни хоҳлайди.

Кантерано хотиралари

- Миятовичнинг ЧЛ финалида «Ювентус» дарвозасига урган ғалаба голини айнан кантеранода кўрганман. Ўшанда бутун меҳмонхона бўйлаб роса сакраганим ҳам ёдимда. Бундай лаҳзалар хотирада абадий муҳрланади. Умуман, кантерано хотиралари жуда ёрқин ва жўшқин.

Бош кумир

Асосий кумирим - Серхио Рамос. Лекин яна Йеррога ҳам ҳурматим баланд, кийиниш хонасида у билан ниманидир бўлишишни хоҳлардим. Дарвозабонлар орасида эса, Икер Касильясни ажратиб кўрсатаман. Тўғри, «Эль-класико»да гол уришга иштиёқим баландлиги учун «Барселона» дарвозабонларига ҳам бефарқ эмасман. Яна ёшлигимда ҳамиша Чендо, Пако Хенто ва Сальгадо ижросидаги ўйинлардан ҳайратланганман - мен учун кучли учлик.

Ўнг қанот латерали позицияси

- Охирги йилларда футбол анча ўзгарди: қанот ярим ҳимоячиларининг латераль ролини бажаришлари, аксинча, латералларнинг чизиққа яқин тўп суришлари кўп кузатилмоқда. Лекин фикримча, латераль позицияси аввало, ҳимояга дахлдор. Ҳар ҳолда, 4 нафар ҳимоячи чизмаси бўйича ҳаракатланган пайт биринчи навбатда, дарвоза дахлсизлиги ҳақида ўйлайсиз, ҳужумга қўшилиш -  кейинги масала.

Фаолиятининг якуни

- Карантин пайти ҳаётга бошқача назар ташлай бошладим. Эндиликда ҳар бир ўйин алоҳида аҳамиятга эга бўлиши учун тер тўкяпман. Тушундимки, ҳар бир ўйинга худди охиргисидек ёндашиш керак. Ахир вақт елдек учмоқда, эртага менга футбол етишмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳозир максимал даражада роҳатланишим керак.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz