Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: Скруж Макдак изидан…

Футбол ва бизнес: Скруж Макдак изидан…

  19.09.2020 07:44
  0
  186
Футбол ва бизнес: Скруж Макдак изидан…

«Дисней»нинг энг машҳур персонажларидан бири - бойвачча ўрдак Скруж Макдак хорижий мультфильмлар шайдоларига яхши таниш. Аслида реал ҳаётда ҳам «Сайёрамизнинг энг бадавлат кишиси» мақомига даъвогарлар жуда кўп. Ҳар йили бойларнинг жаҳон иқтисодиётидаги сармоялари кўламига қараб, турли рейтинглар эълон қилинади. Жумладан, footballhd.ru сайти нуфузли Bloomberg нашри тақдим этган сўнгги маълумотларга асосланган ҳолда, футболга бевосита алоқаси бор энг сарватманд инсонлар рўйхатини шакллантирди. Аввало айтиш керак, топ-10 шаклидаги мазкур рейтингга «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» клублари тасарруфини ўз қўлларига олган шайхлар киритилмаган. Боиси шуки, ҳисоб-китоблар ўта мураккаб (жумладан, сармоянинг «мусаффо»лиги ҳам инобатга олинган) методологияга асосланган. Араб сармоядорлари эса, ўз иззатталабликларига мувофиқ ва истакларини рўёбга чиқариш йўлида давлат жам­ғармаларини ҳам ишлатишдан тийилишмайди...

10-ўрин: Сильвио БЕРЛУСКОНИ

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 271-ўрин

Бойлиги: 7,18 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: медиа

Фуқаролиги: Италия

Футбол клуби: «Монца» (Италия)

Берлускони нафақат футбол мухлислари, балки спортдан мутлақо йироқ юрадиган кишиларга ҳам яхши таниш. Дейлик, сиёсат ва ижтимоий ҳаёт йўналишларида ҳам унинг обрўси жуда баланд. Зеро, дон Сильвио Италия Вазирлар кенгаши раиси лавозимига нақ 4 марта сайланган. Муҳими, Берлускони 1986-2016 йиллар оралиғида «Милан»га раҳбарлик қилиб, клубнинг ҳам ички, ҳам халқаро ареналарда кўплаб совринлар ютишини таъминлаган. Кўпни кўрган функционер ҳозир ҳам футбол билан ҳамнафас: италиялик олигарх «Милан»ни сотиб юборгач, «Монца»ни харид қилди ва ўз олдига камтарин жамоани Италия грандлари билан муносиб рақобат қиладиган даражага олиб чиқиш вазифасини қўйди.

 

9-ўрин: Чжан ЦЗИДУН

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 260-ўрин

Бойлиги: 7,5 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: чакана савдо

Фуқаролиги: Хитой

Футбол клуби: «Интер» (Италия)

Хитойлик 57 ёшли миллиардер ўз мамлакатининг машҳур корпорацияси - Suning фаолиятида муҳим ўрин тутади. У етакчи сармоядордир. Чжан 2016 йилнинг ёзида «Интер»ни 300 млн. долларга харид қилган бўлсада, «нерадзурралар»ни шахсан ўзи бошқармайди - клуб президенти лавозимига ўғли, 26 ёшли Стивен Чжанни тайинлади. Натижада у «Интер» тарихидаги энг ёш соҳибга айланди. Осиёлик мулкдорлар авввалига Италия футболида бир қатор муаммоларга дуч келишди. Бинобарин, «Интер»да каттагина қарздорлик юзага келган, трансферларга рисоладагидек сармоя киритишга эса, УЕФАнинг молиявий «Фэйр-плей» қоидаси имкон бермасди. Муҳими, хитойликлар тез орада клубнинг иқтисодий ҳолатини ўнглашди. Мана, «Интер» ҳозир «А» сериянинг энг иззатталаб жамоалари даражасига қайтди. Шу кетишда «Ювентус»нинг ҳукмронлигига чек қўйилса ҳам, сира ажабланмаймиз. Эҳ, Чжан «Барселона»дан аразлаган Лионель Мессини Италияда тўп суришга кўндирганидами...?

8-ўрин: Стэн КРОНКЕ

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 228-ўрин

Бойлиги: 8,4 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: кўчмас мулк

Фуқаролиги: АҚШ

Футбол клуби: «Арсенал» (Англия)

Америкалик магнат «тўпчилар» акцияларини 2009 йилнинг баҳорида харид қила бошлаганди. 2018 йилнинг августига келиб, клуб қимматли қоғозларининг 97,13 фоизи унинг тасарруфига ўтди. Эътиборлиси, Кронке бу каби келишувларни имкони борича «енг ичида», жамоатчиликка ошкор этмаган ҳолда, амалга оширади. Оддий айтганда, Кронке матбуот вакиллари билан мулоқот қилишни хуш кўрмайди, «Арсенал» харидидан кўзлаган мақсади нима, унга футбол клуби нега керак бўлиб қолганини ҳеч кимга айтмайди. Бизнесмен шунга яраша, Лондонда «Камгап Стэн» лақабини олган. Тўғри, Кронке «Арсенал» акциядорлари сафидан жой олганидан буён лондонликлар АПЛда бирор марта ғолиб чиқолмадилар, атиги 1 бора кумуш медални қўлга киритдилар. Шу йил  августда эса Англия суперкубоги «тўпчилар» музейидан жой олди. Умуман, америкаликни «қурумсоқ соҳиб» сифатида тилга олишади, у ортда қолган вақт давомида етарлича жиддий танқидларга ҳам учради. Жумладан, коронавирус туфайли мутасаддиларнинг Кронке талаби билан 55 нафар хизматчини ишдан бўшатишгани футболчи ва мухлисларда жиддий норозилик туғдирди. Дарвоқе, апрель ойида журналист Корморан Страйк америкалик бизнесмен «Арсенал»ни сотишга тайёр эканлиги хусусида маълумот борлигини ошкор қилганди. Бироқ бу хабар ҳозирча жиддий манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.

 

7-ўрин: Рокко КОММИССО

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 220-ўрин

Бойлиги: 8,59 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: медиа

Фуқаролиги: АҚШ

Футбол клуби: «Фиорентина» (Италия)

Асли италиялик 70 ёшли АҚШ фуқароси «Фиорентина» акцияларидан 98 фоизини ўтган йилнинг ёзида тахминан 150-200 млн. еврога сотиб олди. Айтишларича, америкалик миллиардер аслида «Милан»ни харид қилишни ўйлаган, аммо якунда негадир Флоренция клубини танлади. Коммиссо «Фио» бошқарувини қўлга олган куниёқ бу ишга даромад орттириш илинжида эмас, балки жамоани босқичма-босқич «А» серия етакчилари сафига олиб чиқиш мақсадида қўл урганини алоҳида таъкидлаганди. Ўзгаришларга келсак, мавсум-2018|2019ни 14-ўринда якунлаган «Фиорентина» кейингисида 9-поғонадан жой олди. Ана шу камтарона ривожланиш Коммиссони қаноатлантирмоқда - у бир маромдаги тараққиёт тарафдори. Дейлик, дастлабки мавсумда трансферлар учун 45 млн. евро ажратган бизнесмен бу сафар атиги 26 «лимон» билан кифояланди. Табиийки, «Фио» яқин орада медалларга жиддий даъво қилолмаса керак. Лекин клуб белгиланган курсга оғишмай амал қилса, 5-7 йилдан кейин бу вазифани уддаласа, ажабмас.

 

6-ўрин: Дмитрий РИБОЛОВЛЕВ

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 182-ўрин

Бойлиги: 9,85 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: диверсификация қилинган манбалар

Фуқаролиги: Россия

Футбол клуби: «Монако» (Монако)

Бизнес бобида кенг кўламли қизиқишга эга 53 ёшли Риболовлев россиялик бойлар орасида етакчи 20таликда бормоқда. У футбол оламига 2011 йилнинг декабрида Монако князлиги клубини харид қилиш орқали қадам ташлади. Натижада монегасклар Франция чемпионатининг етакчи дивизиони - Лига1га кўтарилиб, мавсум-2016|2017да олтин медалга эришдилар. Риболовлев аввалига таркибни кучайтириш йўлида йирик сармоя киритди. Кейинчалик мутасаддилар томонидан ишлаб чиқилган муваффақиятли бизнес-модель ўз самарасини бера бошлади. Ишончли манбалар маълумотига кўра, «Монако» 2018 йили футболчилар трансфери эвазига энг кўп пул топган клуб бўлди: 950 млн. евро. Бироқ кадрлар сиёсатидаги нуқсонлар туфайли спорт кўрсаткичлари пасайиб кетди. Ҳозирда жамоа совринли ўринлар учун курашадиган фаворитлар қаторида эмас.

 

5-ўрин: Филип АНШУТЦ

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 134-ўрин

Бойлиги: 12,9 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: диверсификация қилинган манбалар

Фуқаролиги: АҚШ

Футбол клуби: «Лос-Анжелес Гэлэкси» (АҚШ)

80 ёшли кекса миллиардерни том маънода Америка футболи отахонларидан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Айнан Аншутц ташаббуси билан уммон ортида профессионал футбол лигаси - MLSга асос солинди. Ўша вақт мамлакатдаги бир нечта клуб Филип Аншутц тасарруфида эди. Лекин унинг энг суюкли жамоаси - «Лос-Анжелес Гэлэкси». Миллиардер жумладан, 2007 йили бу жамоага Европанинг энг машҳур ярим ҳимоячиси Дэвид Бекхэмни таклиф қилди. Ҳозир жамоанинг ишлари аввалгидек муваффақиятли эмас. «Л-АГ» MLSда чемпионликни охирги марта 2014 йили нишонлаганди. Асосийси, вақт ўтиши билан ўз қарамоғидаги барча клубларни бирин-кетин сотган Аншутц фақат «Гэлэкси»дан воз кечмади.

 

4-ўрин. Дитрих МАТЕШИЦ

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 105-ўрин

Бойлиги: 15,4 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: озиқ-овқат бозори

Фуқаролиги: Австрия

Футбол клублари: «РБ Зальцбург» (Австрия), «РБ Лейпциг» (Германия), «Нью-Йорк РБ» (АҚШ), «РБ Брагантино» ва «РБ Бразил» (Бразилия)

76 ёшли бизнесмен чанқоқбосди ва энергетик ичимликларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган Red Bull GmbH компанияси асосчиси ва тенг ҳуқуқли икки раҳбаридан биридир. Ҳозирда корпорация спортга катта эътибор қаратмоқда, футболдан ташқари, автоспорт (жумладан, Формула-1), хоккей, биатлон, киберспорт ва ҳакозаларга пул тикмоқда. Австриялик бизнесмен футболнинг ўзида бир қатор клубларни паноҳи остига олган. Улардан энг асосийси - «РБ Лейпциг». Юлиан Нагельсманн шогирдлари якунланган мавсум нафақат Бундеслига, балки ЕЧЛда ҳам чакки таассурот уйғотишмади. Матешиц ўсиш суръатини қадрламоқда ва тобора дадилроқ ҳаракатланмоқда.

 

3-ўрин: Роман АБРАМОВИЧ

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 92-ўрин

Бойлиги: 16,2 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: диверсификация қилинган манбалар

Фуқаролиги: Россия

Футбол клуби: «Челси» (Англия)

Россиялик 53 ёшли олигарх 2003 йили «Челси» тасарруфини ўз зиммасига олганида, жамоанинг ҳолати ҳавас қиладиган даражада эмасди. Абрамовичнинг сармоялари таъсирида ва мураббийлик лавозими Жозе Моуриньо ихтиёрига ўтганидан кейин вазият кескин равишда ижобий томонга ўзгарди. Фактларга эътибор қаратинг, «кўклар» ўз ҳисобларидаги 6та чемпионликдан 5тасини айнан Абрамович даврида қўлга киритишди. Қолаверса, лондонликлар бу вақт оралиғида 2 марта ЕЛ кубогини ютишди, 2012 йили эса клуб футболидаги энг нуфузли соврин - «шалпангқулоқ» (ЧЛ кубоги)ни ҳам жамоа музейига тақдим этишди. Миллионлар ўйинининг ашаддий фанати саналган Абрамович ҳозир ҳам жамоага сармоя киритишда фаолликни сусайтиргани йўқ. У гарчи «Манчестер Сити» эгалари каби саховатпеша бўлмасада, «Челси» трансферлар бозорининг энг иззатталаб харидори бўлиб қолмоқда. Мана, кўплаб топ-клублар коронавирус туфайли тежамкорликка катта эътибор қаратаётган паллада «Челси» бир неча жиддий харидларга қўл урди. Дейлик, Бундеслига юлдузлари - Кай Хавертц ва Тимо Вернер Лондонга йўл олишди.

 

2-ўрин: Франсуа ПИНО

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 25-ўрин

Бойлиги: 39,1 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: мода ва енгил саноат

Фуқаролиги: Франция

Футбол клуби: «Ренн» (Франция)

83 ёшли Франсуа Пино ўз юртининг энг бадавлат кишиларидан бири ҳисобланади. У 1998 йилдан буён «Ренн» клуби фаолиятини молиялаштириб келмоқда. Жамоа ўз соҳиби туғилиб-улғайган Бретань вилоятининг маъмурий маркази - Ренн шаҳри шарафини ҳимоя қилади. Аммо Пинонинг футболга нисбатан муносабати анча паст. Ҳар ҳолда, рейтингга тушган бошқа бойлар билан солиштирганда, шундай. Оддий мисол - 2000 йили харид қилинган бразилиялик Лукас Северино яқин-яқингача бизнесмен томонидан «Ренн»га туҳфа этилган энг қимматбаҳо футболчи бўлиб турганди (қудратли сармоядор унинг трансферига 21 млн. евро ажратган эди). Натижа ҳам шунга яраша - «Ренн» пандемия туфайли ниҳоясига етмай қолган 2019|2020 йиллар мавсумида илк бора совриндорлар сафидан жой олди. Шу бронза медали камтарин клубга ўз тарихида биринчи марта ЧЛ гуруҳ босқичида қатнашиш ҳуқуқини берди. Демак, «Ренн» энди УЕФАнинг молиявий рағбатидан қуруқ қолмайди. Балки шу жиҳат Пинони трансферлар бозорида фаолроқ ишлашга даъват этар...

 

1-ўрин: Карлос СЛИМ

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги позицияси: 22-ўрин

Бойлиги: 47,2 млрд. доллар

Бизнес соҳаси: диверсификация қилинган манбалар

Фуқаролиги: Мексика

Футбол клуби: «Овьедо» (Испания)

Мексикалик 80 ёшли миллиардер 2012 йили «Овьедо» акциялар пакетини сотиб олган Grupo Carso холдинги хўжайинидир. Камтарин клубни испан грандларига муносиб рақобат қиладиган даражага кўтариш Слимни унча қизиқтирмаслиги олдиндан маълум эди. У шунчаки, «Овьедо» Ла Лигага чиқса, ТВ-ҳуқуқлар улушидан рисоладагидек даромад орттиришга умид боғлагандир. Бироқ бадавлат миллиардернинг режаси амалга ошмади - жамоа ҳамон Сегунда аъзоси. Якунланган мавсум «Реал»дан ижара келишуви асосида олинган украиналик кипер Андрей Лунин ҳамда етакчи ўйинчиларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига «Овьедо» Сегундада «жон» сақлаб қолди. Лекин яқин келажакда жамоадаги вазият ижобий томонга ўзгармаса керак - бунга ишонч йўқ. Чунки «Ренн» хўжайини Пино футболга етарли эътибор қаратмаётган бўлса, Слим «Овьедо»ни бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйган...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz