Қайднома

Қидирув

«А» СЕРИЯНИ ХОҲЛАЙСАНМИ, УНДА «ЮВЕ»ГА ГОЛ УР!»

«А» СЕРИЯНИ ХОҲЛАЙСАНМИ, УНДА «ЮВЕ»ГА ГОЛ УР!»

  19.09.2020 09:12
  0
  230
«А» СЕРИЯНИ ХОҲЛАЙСАНМИ, УНДА «ЮВЕ»ГА ГОЛ УР!»

Алексей Миранчук яқинда 14,5 млн. евро эвазига «Локомотив»дан «Аталанта» таркибига кўчиб ўтди. 24 ёшли ярим ҳимоячи Бергамо клуби билан 2024 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган (яна 1 йилга узайтириш шарти билан) шартнома остига имзо чеккач, Италияда ишлаш учун рухсат ва керакли буюмларини олиш мақсадида Москвага қайтди. championat.com сайти бундан фойдаланиб, футболчини суҳбатга чорлади.

Мухлислар билан хайрлашув

- Эҳтиросга берилмайдиган, ҳиссиётларни жиловлай оладиган йигитман, деб ўйлардим. Бироқ амалда эҳтирослар устун келди. Ўта маҳзун ҳолатга тушиб қолдим. Кейин кутилган вақт келгани, ҳаммаси ортда қолганини англадим, кўзларим ёшланди. Аслида мени таслим этиш осон эмас, аммо ортда қолган 9 мавсум ўз таъсирини кўрсатди - бу даврда доимо мухлислар далдаси, «Локомотив»­нинг самимий муносабатини ҳис этдим. Дилрозимни мухлисларга баён этгач, кийиниш хонасига йўл олдим. Шу кунга қадар кимдир терма жамоа ихтиёрига, кимдир дам олишга йўл олгани туфайли хайрлашишнинг иложи бўлмаганди. Йигитлар билан хайр-хўшлашиб, бир-биримизга омад тиладик. Фақат ҳаммага миннатдорчилик изҳор этилган шу лаҳзада ўзимни хотиржамроқ тутдим.

Эгизаги билан Италияда

ўйнаш орзуси

- Антон майдонга тушганимда, тасалли бериб турди, кейин ён чизиқда қолди. У терма жамоага кетганида эса, энг оғир вазиятга тушдим. Оиламиз аъзолари билан хайрлашгач, Антонни кузатишга отландим. Кутилмаганда томоғимга нимадир тиқилиб қолгандек туюлди, кўзим ёшланди. Ахир 1 йилга ажралдик. Ҳа, Антон билан битта чемпионатда тўп сурсак, зўр бўларди. Ўзаро фикр алмашардик, жамоаларимиздаги ҳолатни муҳокама қилардик. Тез-тез кўришиб туришимиз аниқ, бу масалада келишиб олганмиз. Албатта, Антоннинг ўз орзуси бор. Ҳозир энг муҳими - диққат-эътибор. У жароҳатдан қутулди, энди ЕЧЛ ўйинлари кутмоқда. Антон бу вақтда оҳиста қадамлар билан олға интилиши лозим.

Еврофутбол орзуси

- Италияга орзу ортидан кетаётганим ҳақидаги гап-сўзлар? Билмадим, орзу сари қадам ташладимми ёки орзуга етдим - буни айтолмайман. Тасаввур қилинг, ўз олдингизга қандайдир мақсад қўйдингиз ва унга эришдингиз. Шу билан ҳаммаси тамомми? Ке­йин нима бўлади? Тараққиётдан тўхтайсизми? Албатта, яна қандайдир истак туғилади. Шахсан мен болалигимдан Европада ўйнашни орзу қилардим, ҳозиргача шунга интилдим. Энди янги марралар мавжуд. Очиғи, бу қадар жиддий эътиборни кутмагандим. Ижтимоий тармоқлар орқали мени қўллаб-қувватлаётганларга чексиз миннатдорчилик изҳор этаман. Нима учун шундайлигини тушуниб турибман - анчадан буён Россиядан ҳеч ким хорижга чиқмаганди. Бу масалада ортиқча ўй-фикрларга берилмай, фақат муҳим жиҳатларга эътибор қаратишга уриниб кўраман.

РПЛдан «А» серияга ўтиш борасида шубҳа-гумонлар

- Қанчадан-қанча йигитларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ҳеч қачон орзуни йўқотмаслик керак. Мен учун энг муҳими - мураббий учун муҳим ўйинчи эканлигимни билиш. У янада юқорироқ савияга кўтарилишим учун зарур жиҳатни кўрса, шуни юзага чиқарса, бас. Биламан, Жан-Пьеро Гасперинининг машғулотлари ўта оғир. Ҳар қандай шароитга тайёр бўлиш мақсадида Юрий Сёмин билан мураккаб йиғинлар ўтказдик. Асосийси, бўшашмаслик. Янги жамоага ўтдингми, ҳаммаси ўзгариши, жиддий қийинчиликлар билан курашишга тайёр туришинг талаб этилади. Гап синовларни енгишда.

«Локо» таклиф этган маблағ

- «Локомотив» 3,5-4 млн. евро таклиф этди? Эҳ-ҳа! 4 млн. - катта маблағ. Бу амалдаги суммадан кўпроқ, лекин унчалик эмас. «Аталанта» таклифи эса озроқ, албатта. Хўш, нега рози бўлдим? Ниманидир йўқотаётганим ҳақидаги фикр охирида хаёлимга келди. Шунчаки, қулай шароитдан воз кечиб, янги муҳитда синовдан ўтишни лозим топдим. Камдан-кам футболчи бунга жазм этади. «Миранчук Европада ўйнаш ҳақида фақат сафсата сотади, аслида ҳеч нарса қилмайди» қабилидаги гап-сўзларни ҳам эшитдим. Бундай эмаслигини кимгадир исботлаш фикридан йироқман. Шунчаки, ўзимни синаб кўрмоқчиман ва салоҳиятимга ишонаман.

Италияга илк сафари

- Апеннинга илк марта 2013 йили боргандим. Стадионда футбол ўйинини кўрганим, кечки таом пайти Кака билан бирга бўлганим, Тотти билан саломлашганим ҳозиргидек ёдимда. Ўшанда 18 ёшда эдим. Эндиги сафарга келсак, ҳозирча ҳар кунлик либослар билан жўнамоқчиман, ҳаммасини олиб кетиш ниятим йўқ. Энг керакли буюмларни оламан, зарурат туғилса, ўша ерда харид қиламан. Шунча футболка нима учун? Уларда қиёфам ўзгача кўринади!

Тиббий кўрик ва таништирув маросими

- Барча тестлардан ўтдим, жараён 4 соатга яқин вақт олди. Ўзимни яхши ҳис этаётганимни айтдим, тез орада тикланиш (Миранчукнинг орқа бели шикастланган) босқичини бошлаймиз. Умид қиламанки, у узоққа чўзилмайди, барча футболчилар терма жамоаларидан қайтишларига қадар  сафга қайтиш ниятидаман. Машғулотлар базаси катта таассурот қолдирди. У янги қурилган, майдонлар кўп, академия ҳам база ичида. «Баковка»да атиги 2та майдон бор эди, у ерда 9та. Мураббий билан учрашдим, бир қатор жамоадошларим билан танишдим. Мураббий ҳаммаси яхши бўлишини айтди, ўйинчилар билан яхши муносабат ўрнатишим муҳимлигини уқтирди. Тикланиш борасида эса шошилмасликни тавсия этди. Чунки у ерда 90-95 эмас, 110 фоиз тайёр бўлиш талаб этилади.

Илк кечки таом пайти

айтадиган қўшиғи

- Бу масалада ўйлаб кўришим керак. Русча қўшиқ куйлашни хоҳлайман. Аввал танлаб, кейин матнини ёдлашим лозим.

Нима учун айнан «А» серия?

- Чунки «Ювентус» дарвозасига гол урдим, Испания термасига ҳам урган бўлардим... Бу ҳазил, албатта. Билмадим. Балки ўша гол сабабдир. Ҳар ҳолда, айнан Италия чемпионига қарши ўйинлардан сўнг менга эътибор қарата бошладилар. Блез Матюиди ҳаттоки, ёнига чақирди: «Бизнинг жамоага ўтиб қўя қол». Умуман, қаерда ўйнашни исташингдан кўра, сенга қаерда қизиқиш билдиришлари муҳимроқ. Трансфердан аввал бош мураббий билан кўришмаган бўлсамда, директор ва клуб президентининг ўғли билан гаплашдим. Улардан айнан бош мураббий муносабати ҳақида сўрадим. Шунда бирор трансфер бош мураббий розилигисиз амалга оширилмаслигини маълум қилишди. Бу гапдан кейингина ўзимни хотиржам ҳис эта бошладим...

Алексей Миранчук

«Локомотив»даги 9 мавсумда

Ўйин: 228та

Соврин: 5та

Факт: «Локо» биргина Умар Ньяссани Алексей Миранчукдан баланд баҳода сотган

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz