Қайднома

Қидирув

АСР ЎҒИРЛИГИ ёхуд 39 йил аввалги шовшувли воқе ҳақида

АСР ЎҒИРЛИГИ ёхуд 39 йил аввалги шовшувли воқе ҳақида

  22.09.2020 04:37
  0
  363
АСР ЎҒИРЛИГИ  ёхуд 39 йил аввалги шовшувли воқе ҳақида

Қуидаги мақола бундан 39 йил аввал футбол оламида юз берган шов-шувли детективнамо воқеа хусусида. 1981 йилнинг март ойи биринчи оқшоми. «Барселона» шу куни муҳташам «Камп Ноу»да «Эркулес»­ни қабул қилиб, камтарин рақиб дарвозасига 6та жавобсиз гол урганди. Жумладан, мухлислар даврасида Кини номи билан танилган Энрике де Кастро Гонсалес ўйиннинг 36 ва 39-дақиқаларида бирин-кетин муваффақиятли ҳаракатланиб, «дубл»га эришганди. Умуман, 1980 йилнинг ёзида Каталония гранди сафига қўшилган испаниялик сермаҳсул ҳужумчи дебют мавсумидаёқ Бернд Шустердек ёрқин юлдуз ёнидан муносиб жой олишни уддалаганди...

***

Кини «Камп Ноу»га шунчаки, осонгина ёки текинга ўтган эмасди, албатта. Каталонияликлар уни ўз томонларига оғдириш йўлида 82 млн. песет сарфлашганди. Бу ўша вақт мезони бўйича 31 ёшли футболчи учун жуда юқори баҳо эди. Лекин шу ёшига қадар Испания чемпионатининг энг яхши тўпурарига аталган Пичичи номидаги совринга 3 марта сазовор бўлган Кини мамлакат миллий жамоасида етакчи ҳужумчи саналарди. Хуллас, «Барселона» чемпионатнинг бош голеадорларидан бирини олиш учун «Спортинг» билан узоқ вақт савдолашган, охир-оқибат, хихонликлар таклифни қабул қилишга мажбур бўлишганди. Кини эса билдирилган ишонч ва сарфланган маблағни оқлашга астойдил бел боғлаб, Каталония клуби либосидаги дастлабки 30та ўйинда 18та гол уради. Ҳужумчи бошида Барселонага ёлғиз ўзи кўчиб ўтган, рафиқаси Мария, қизи Лотарингия ва ўғли Энрике эса Хихонда қолишганди. Улар шунчаки, бошқа шаҳарга кўчишга улгуришмаганди.

***

Машъум воқеа Кинининг яқинлари Барселонага учишни мўлжаллашган оқшом юз беради. Футболчи рафиқаси ва фарзандларини кутиб олиш учун аэропортга отланади. Бироқ унга оила аъзоларини қарши олиш насиб этмайди... Аниқроқ айтсак, Кини изсиз йўқолади. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари тез орада футболчига тегишли автомобилни излаб топишади, аммо у бўм-бўш эди. Кини машинага ўтирган паллада қўлларида «Эркулес»га қарши беллашувга бағишланган дастурча ва ручка ушлаб олган 2 нафар йигит ундан дастхат сўрашади. Табиийки, «дубль» ҳисобига учрашувнинг бош қаҳрамонига айланган ҳужумчи илтимосни рад этмайди. Бироқ ўша паллада биқинига қандайдир металл парчаси тақалганини сезади. «Мухлислар» панасида турган учинчи жиноятчи машинани фургон ортидан ҳайдашни буюради. Ҳужумчида  буйруққа бўйсинишдан ўзга чораси йўқ эди. Шу тариқа бошланган мажбурий «саргузашт» ҳужумчи учун 25 кунлик уқубатга айланади. Мариянинг югуриб-елиши билан ташкил этилган 3 кунлик қидирув самара бермайди. Шундан кейин «Барселона» офисидаги телефонга «жон» киради: жиноятчилар клуб мутассаддиларидан 100 млн. песет сўрашади, боз устига, чемпионликдан воз кечишни ҳам талаб қилишади. «Барса» ўша пайт турнир жадвали пеш­қадами «Атлетико»дан 2 очко ортда қолаётган, жамоани олдинда Мадрид­да айнан «матрасчилар»га қарши кечадиган ўта муҳим ўйин кутиб турганди.

***

Каталонияликлар охир-оқибат, чемпионлик тақдирини ҳал этишда муҳим роль ўйнаган ўша баҳсни тушкун кайфиятда ўтказиб, 0:1 ҳисобидаги мағлубиятни тан олишади. «Барса» айни шу натижа туфайли 1980|1981 йиллар мавсуми олтин медалидан бутунлай умид узади. Ҳар ҳолда, каталонияликлар кейинги 5та учрашувда атиги 1 очко ишлайди. Жиноятчиларнинг товон пули ҳақидаги талаблари эса, бир неча кундан кейин бажарилади. Аноним ҳисоб рақамига 100 млн. песет ўтказиб берилади. Шу тариқа маблағни олиш учун банкка келадиган сирли шахсни кутиш қолганди, холос. Полиция вакиллари тахмин қилишганидек, банк­ка  келиши муқаррар жиноятчини қўлга туширишда муаммо туғилмайди. Тергов жараёнида унинг ҳамтовоқлари ҳам тезда аниқланади ва одам ўғриларини Арагонда сиқувга олишади...

***

Полиция 25 мартга ўтар кечаси жиноятчилар жойлашган гаражни қуршаб олади, тўқнашув чоғи одам ўғриларидан бири ҳалок бўлади, иккинчиси қўлига кишан солинади. Йўқолган футболчини эса автомобилларни назоратдан ўтказиш ва таъмирлашга мўлжалланган махсус ўрадан топишади. Унинг соч-соқоли ўсиб кетганди. Умуман, жуда тор, қоронғу, яшаш учун ҳеч қандай шароити йўқ «катак»да 25 кун ўтирган Кини таниб бўлмас даражада ўзгарганди. Аниқланишича, жиноятчилар унга кунига 1 дона бутерброд ва бир стакан сувдан бошқа ҳеч вақо беришмаган. Футболчининг ўзи тутқунликнинг бирдан-бир ижобий томони сифатида кун бўйи гаражда Хулио Иглесиас қўшиқлари янграб турганини эътироф этган. Кини айнан шу хонанданинг чин мухлиси эди.

***

Безорилар дастлабки кунларда футболчини роса калтаклашади, бармоқларини битта-битта кесиб, клуб офисига жўнатишларини айтиб, дағдаға қилишади. Уларни фақат моддий манфаат эмас, балки ҳужумчининг «Барселона»га ўтгани ҳам жиноят кўчасига етаклаганди. Одам ўғрилари Кинини каталонияликларга сотилган хоин, сепаратизм тарафдори сифатида кўришганди. Умуман, футболчининг ўғирланиши ва ундан ке­йинги жараёнга боғлиқ ҳолатни бутун Испания диққат билан кузатиб боради. Дейлик, янгиликлар дастурлари ҳар куни шу жиноятга дахлдор маълумотлар билан бошланарди. Ҳужумчининг озод этилиши эса мамлакат аҳолисини бирлаштирган миллий байрамга уйғунлашиб кетади. Барселонанинг ўзида Кинини 130 мингдан кўпроқ мухлис шод-хуррам ҳолда кутиб олади.

***

Суд жиноятчиларни 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилади. Бундан ташқари, уларнинг зиммасига жабрланувчига 5 млн. песет миқдорида товон тўлаш мажбуриятини юклайди. Аммо Кини уни олишдан бош тортади. Умуман, футболчи безориларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиб, аёвсиз калтаклангани ва таҳқирланганига оид саволларга истар-истамас жавоб қайтаради. Ҳаттоки, жиноятни фош этиш чоғи ҳалок бўлган безорининг оила аъзоларига ёрдам қўлини чўзишга уринади. Айтишларича, Энрике тергов жараёни ва суд тортишувлари тезроқ тугашини истаган. Қисқаси, у фақат тезроқ яшил майдонга қайтиш ҳақида ўйларди. Кини тутқунликдан чиққач, атиги 10 кундан кейин «Вальядолид»га қарши баҳсда 90 дақиқа тўп суради, кейин «Альмерия» клубини 2та гол билан «сийлайди». Энг асосий факт: «ҳибс»да 25 кун давомида ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан роса эзилган Кини юксак иродасини намойиш этиб, мавсум якунида яна бир бора Ла Лиганинг энг яхши тўпурари бўлади. Чемпионат ниҳоясига етгач, «Барса» Испания кубогини қўлга киритади. Эътиборли жиҳати шундаки, каталонияликлар финалда Хихоннинг «Спортинг» клубини 3:1 ҳисобида маҳв этишади, Кини эса собиқ жамоаси дарвозасини 2 марта нишонга олиб, ҳал қилувчи беллашув бош қаҳрамонига айланади.

***

Кейинги мавсум ҳам барқарор тўп сурган Кини 26та гол билан яна тўп­урарлар пойгасида ғолиб чиқади. Бундан ташқари, у Кубок эгалари кубоги турнири финалида Бельгиянинг «Стандарт» жамоасига қарши кечган ўйинда ғалаба голига муаллифлик қилади. Ўшанда Испания термаси ўз майдонидаги ЖЧга қизғин ҳозирлик кўраётганди. Кўплаб мутахассислар мезбонлар чемпион бўлишлари, лоақал совринли ўринлардан жой олишларини баралла башорат қилишади. Кини эса табиийки, турнир тўпурарига аталган «Олтин бутса»га бош даъвогар саналганди. Лекин испанлар уй мундиалини ўта суст ўтказишади, Кини ҳам ўзини кўрсатолмайди. Умумий ҳисобда «Барселона» шарафини 4 йил ҳимоя қилган ҳужумчи ке­йинчалик Хихонга қайтиб, қадрдон клуби «Спортинг» либосида яна 3 мавсум тўп суради. Муҳими, Хихонда мухлислар мамлакатнинг қарама-қарши бурчагига кетиб қолган футболчини самимий кутиб олишади. Шу тариқа икки жамоа афсонасига айланган Кини 37 ёшида самарали фаолиятига нуқта қўяди. Аммо ўша мудҳиш воқеа футболчининг саломатлигига жиддий путур етказганди. Унда аввалига саратон хасталиги аниқланади. Ўсимта бошланғич босқичда эканлиги ҳисобига хасталикни жарроҳлик муолажаси воситасида бартараф этишади. Лекин собиқ футболчида юрак фаолияти ҳам талаб даражасида эмасди. Оқибатда Энрике стадион ва телекўрсатувларда сира кўриниш бермайди, жамоатчиликдан ўзини олиб қочадиган бўлиб қолганди.

***

Бундан 2 йил аввал Кинини 1981 йилнинг мартида юз берган жиноятга бағишланган «Аср ўғирлиги» ток-шоусига таклиф этишди. У аввалига саломатлигини баҳона қилиб, рад жавоби берди. Лекин ижодкорлар афсонани кўндириш йўлини топишди, барибир. Бироқ испан футболининг ёрқин юлдузига ўша кўрсатувда иштирок этиш насиб этгани йўқ. Энрике де Кастро Гонсалес 2018 йилнинг 27 февралида, мудҳиш жиноятнинг 37 йиллигига атиги 2 кун қолганида юрак хуружи туфайли ёруғ дунё билан хайрлашди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz