Қайднома

Қидирув

Саволлар кўп, жавоб эса…

Саволлар кўп, жавоб эса…

  22.09.2020 06:42
  0
  355
Саволлар кўп, жавоб эса…

Яқинда мамлакатимизда шон-у-шавкатимиз, ифтихоримиз саналган мустақиллик байрамининг 29 йиллиги кенг нишонланди. Одатга кўра, ҳар йили шу байрам арафасида эркимиз ўз қўлимизга ўтганидан буён эришилган натижалар сарҳисоб қилинади, ортда қолган йўл ҳақида мулоҳаза юритилади. Сир эмас, мустақиллик йиллари юртимизда ҳар бир соҳа, жумладан, футболга ҳам катта эътибор қаратилди, қаратилмоқда. Таъбир жоиз бўлса, айтиш керак, ўзбек футболини ривожлантириш масаласига сиёсий даражада қаралмоқда. Бунинг самарасига келсак, нолимаймиз, ўзига яраша ютуқлар йўқ эмас, айрим камчиликлар бартараф этилди. Бироқ...

Очиғи, футболимиз атрофида гаплар кўп, режалар бисёр, аммо амалий ишлар оз. Энг ачинарлиси, миллий футболимиз равнақи йўлидаги ислоҳотларнинг самараси кутилганидан анча кам. Афсуски, янгидан янги қарорлар ва ўзгача ёндашувлар ҳам, футбол тепасига келган янги раҳбарият ҳам бизга келажакка умид билан боқиш туйғусидан бошқа ҳеч нарса беролмаяпти. Ечимини кутаётган муаммолар чуқурроқ илдиз отса, отяптики, ижобий томонга ўзгариш сезилмаяпти. Айнан қандай муаммолар? Оддий мисол, ўсмирлар ёки ёшлар терма жамоамиз охирги марта қачон қитъа чемпионатида муносиб иштирок этиб, кичик мундиал йўлланмасини қўлга киритди? Клубларимиз халқаро миқёсдаги турнирларда охирги марта қачон гуруҳдан чиққанини эслай оласизми? Миллий жамоамиз авваллари кичик сенсация­лар қайд этиб турарди, ҳозирчи? Ҳакамлик-ку миллий футболимиз йўлга чиққанидан буён чувалашиб келаётган энг оғир масалалардан бири. Клубларимизнинг ҳамон боқиманда эканлигини айтишга ҳожат ҳам йўқ.

Қаранг, қитъадошларимиз - корейс, форс, япон футболчилари анчадан буён Европанинг кучли 5та чемпионатида баралла ўз сўзларини айтишмоқда. Биз эса  2-3 нафар йигитимизнинг Россия клубларига йўл олганидан ўзимизда йўқ хурсанд­миз. Энди диққат қилинг, миллий футболимиз йўлга қўйилганига 29 (!) йил бўлди. Бизнингча, ортда қолган давр мобайнида юртимизда ҳукумат томонидан энг кўп қўллаб-қувватланган ва йилдан йилга янги қарорлар билан ислоҳотларга кенг йўл очиб берилган ягона спорт тури - бу футбол. Хўш, шунча эътибор ва шароитга яраша қандай натижаларга эришдик? Қандай? Кечирасизу, қаровсиз қолган оддий дарахт ҳам  ёмғирлар ва қуёш таъсирида қанчадир муддатда ўзига яраша ҳосил тугади. Бироқ зиёли, ўқимишли, кўпни кўрган инсонлар томонидан ислоҳ қилинаётган футболимизда нега залворлироқ натижа йўқ? Сир эмас, башарият вакили агар ўзига талабчан ва масъулиятли бўлса, 29 ёшгача жамиятда ўрнини топиб, ҳаёт тарзини йўлга қўйиб олишга улгуради. Аммо таассуфки, шундай навқирон ёшга етган футболимиз ҳамон «бола»лигича қолмоқда. Кимдир уни доимо етаклаб юриши керакдек, гўё...

Миллий футболимиз савияси бугунги кунда қай даража тушиб кетганини халқаро миқёсдаги натижалар ва банд этиб турган ўрнимиздан ҳам билсак бўлади. Бу ҳақда етарлича гапирилди, гапирилмоқда. Хўш, қачон ишга чинакам профессионал тарзда ёндашилади? Қачон мавжуд муаммолар илдизи билан қўпориб ташланади? Қачон давлатнинг юксак эътибори ва яратилаётган имкониятларга яраша натижа кўрсатилади? Қачон футболимизда урчиётган иллатлар йўқ қилинади? Қачон бир мард ўртага чиқиб, барча муаммо-камчиликларни рўй-рост айтиб, жавобсиз саволлар устида бош қотиради? Назаримизда, энди футболимиз раҳбарларини ҳукуматимизга давлат томонидан ажратилаётган маблағ, яратилаётган шароитлар ва берилаётган имкониятлардан қай йўсинда фойдаланаётганликлари ҳақида ҳисобот беришга мажбурлайдиган вақт келди. Зеро, мақсадимиз ўсиш, миллий футболимизни янги босқичга олиб чиқиш, янги марраларни забт этиш экан, мукаммал стратегия, қатъий интизом, талабчанлик ҳамда изланувчанлик устувор вазифа бўлиши шарт. Қачонгача футбол тизимида фаолият олиб бораётган раҳбарларни шунчаки, келиб кетишларига жим қараб турамиз? Уларга аниқ топшириқ берилсин ва жавоби талаб қилинсин, албатта. Ахир ҳаммаси яхши бўлишидан умидвор халқ қачонгача жабрдийда бўлиб қолади? Жабрдийдалик қайдайлигини раҳбарлар ҳам бир татиб кўришсин...

Хуршид ЮСУПОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz