Қайднома

Қидирув

Тони Кроос: "Месси «Реал»га ўтиши учун катта юрак керак"

Тони Кроос: "Месси «Реал»га ўтиши учун катта юрак керак"

  22.09.2020 08:46
  0
  440
Тони Кроос:

Германия терма жамоаси ва «Реал» Мадрид клубининг камтар ҳамда матбуотда кам кўриниш берадиган ярим ҳимоячиси Тони Кроос хорижлик ҳамкасбларимизга берган интервьюси давомида тили ўткир ва ҳақиқатпарвар эканлигини ҳам исботлади. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Катта футболдаги дебюти ҳақида

- 17 ёшлигимда «Бавария» сафида эканлигимнинг ўзиёқ менга ғурур бағишларди, аммо клубга қабул қилинганимга бир йил бўлиб улгурмай, мени асосий жамоа таркибида «жанг»га ташлашди. Ўшанда «Бавария»га Отт­мар Хитцфельд устозлик қиларди. Менга шундай имкониятни яратиб берганлиги учун ундан бир умр миннатдорман. Тан олиш лозим, ўз анъанасига эга ва рақобат юқори бўлган «Бавария»нинг асосий таркибидан ўрин олиш Германия шарқидан келган ўсмир учун осон иш эмас. Хитцфельднинг мени ҳаттоки, 16 ёшимдаёқ, асосий жамоада кўришни истагани эса янада қувонарли. Лекин ўша пайтдаги қонунларга кўра, буни амалга ошириш имконсиз бўлган. Рухсат тегиши ҳамоно асосий таркиб футболчилари билан шуғуллана бошладим ва машғулотлар жараёнидаги ҳаракатларим Оттмарга ёқиб қолди. У жуда хотиржам ва барқарор мураббий сифатида ёдимда қолган, бу борада Юпп Хайнкесга ўхшаб кетади. Ушбу мутахассислар шундай юлдузли таркиб билан муаммосиз тил топишиб кетишганди.

«Реал»га ўтиши ҳақида

- Айтишларича, бошқа немислардан фарқланар эканман. «Бавария» таркибида қолиб, жамоа билан совринлар ютишни давом эттирганимда, балки бундай фикрлар янграмасмиди... Ўшанда бошқа мамлакатга бориб ўйнаш режаси бўлмаган, лекин омадим келиб, шундай имконият юзага келди. «Бавария» билан янги шартнома борасида келишолмадик. Шу пайтда «Реал» пайдо бўлиб, мени ўз таркибига қўшиб олиш учун барча имкониятини ишга солди. Шундай обрўли клубнинг назарига тушганингдан кейин кетмасликнинг иложи йўқ эди. Таъкидлаш жоизки, Мадрид клуби сафига ўтганимдан мутлақо афсусланган эмасман. «Реал» таркибига 2014 йилги мундиалдан кейин жаҳон чемпиони сифатида қўшилгандим. Шу боис, янги жамоадошларим менинг Мюнхендан келган қандайдир Тони эмас, балки жаҳон чемпиони ва яхши футболчи эканлигимни билишарди. Бу эса жамоага мослашишимни енгиллатди. «Галактикос»даги 6 йиллик фаолиятим давомида 3 марта ЕЧЛ ғолибига айландим. Тўғрисини тан олиш керак, ушбу жамоа­да умид қилганимдан ҳам кўра кўпроқ совринга эга бўлганман.

Испанияга мослашиши ҳақида

- Спортдаги фаолиятим ва одатий ҳаёт борасида ўрталикни топиш лозим. Футбол хусусида тўхталадиган бўлсам, мени «Қироллик клуби»да жуда яхши қабул қилишди ва шунинг эвазига «Реал»да ўзимнинг энг яхши сифатларимни намойиш эта олдим. Карло Анчелотти, Гарет Бэйл ҳамда Криштиану Роналду инглиз тилида гаплашишгани боис, шу менга кифоя қиларди ва мадридликлар сафига янги қўшилганимда испан тилини ўрганишга унчалик ҳаракат қилмадим. Аммо кейинчалик испанчани ўрганишим жуда зарур эканлигини англаб, Мадридга келганимнинг иккинчи ҳамда учинчи йилида испан тилида эркин сўзлаша оладиган бўлдим.

Зайниддин Зиданнинг ўзгачалиги ҳақида

- Зайниддин Зидан ўз даврининг энг яхши футболчиларидан бири бўлган. Бу эса мураббийлик фаолиятида унга ёрдам бермоқда. Кўпчилигимиз учун Зидан болалигимиздаги кумиримиз эди. Унинг ҳар бир сўзини уқиб оламиз. Яна у «Реал» футболчиси қандай бўлиши лозимлигини аниқ тушунтиради. Ғалабалар баҳосини билади, бизни янги вазифалар ва чақириқларга ундайди. Шунингдек, ўз билими ва тажрибасини шогирдларига ажойиб тарзда улаша олади, юлдузли таркибга эга жамоани жуда яхши бошқаради. Зидан учун кимлигинг аҳамиятсиз - жаҳон чемпионимисан ёки кеча фаолиятини бошлаган футболчими, унинг учун барча баробар. Устозимиз ҳамма футболчиларни бир хил кўради ва ҳар бир шогирдига доимо ёрдам қўлини чўзишга тайёр. Техник жиҳатдан ҳам Зидан етук мутахассис, барча нарса унинг назоратида. Қисқасини айтганда, у орзу қилиш мумкин бўлган энг яхши мураббий.

«Барселона»нинг

«Бавария»га ютқазгани (2:8) ҳақида

- Ушбу мағлубият учун афсусланмадим, бундай бўлиши мумкин эмасди. «Реал»нинг айрим футболчилари эса бундан ҳаттоки, суюнишди ҳам. 2018 йилги мавсумда «Барса» «Рома»дан мағлубиятга учраб, ЕЧЛ мусобақасини тарк этганида, барча жамоадошларим хонамнинг эшиги олдида у ёқдан-бу ёққа югуриб, бақиришганди. «Қироллик клуби»даги ҳамма футболчилар шундай яшашади ва менимча, бу нормал ҳолат.

Месси ва унинг келажаги ҳақида

- Лионель Месси — барча даврларнинг энг яхши футболчиларидан бири. Шундай савиядаги ўйинчи асосий рақибимиз таркибини тарк этадиган бўлса, биз бундан унчалик ҳам афсусланмаймиз. Месси «Реал»га ўтиши мумкинми? Менимча, у буни амалга оширишга қодир эмас. Бунинг учун катта юрак керак.

Футболдан ташқари қизиқиши ҳақида

- Теннисни яхши кўраман. Беш йил олдин таътилда турмуш ўртоғим билан Лондонга сафар уюштирдик, бирга дўкон айланишга ваъда бердим. Лекин бунинг ўрнига Уимблдон турнирига бордик. Хавотирланманг, ҳозир ҳам рафиқам билан бирга яшаяпман. Турмуш ўртоғим унчалик теннисга қизиқмаса-да, ўша пайт Уимбл­дон мусобақасини томоша қилиш, кейин эса швейцариялик теннисчи Рожер Федерер билан учрашишни жудаям хоҳлаётганлигимни тушуниб турганди.

Кумирлари ҳақида

- Уимблдон турнири финалидаги Рожер Федерер — Александр Зверев (германиялик теннисчи) беллашувида кимга мухлислик қиламан? Албатта, Федерергада. Буни ватанга хиёнат деб ҳисобламайман. Чунки биринчидан, Рожер ҳам немис тилида гапиради. Ҳа-ҳа! Иккинчидан эса Сашага қараганда кўпроқ Федерернинг ўйинларини кузатганман, унинг иштирокидаги баҳсларни анчадан буён томоша қиламан. Рожер мен учун биринчи рақамли теннисчи ва ҳеч ким бу борада унга етолмайди, ҳамиша унинг тарафидаман. Айрим пайтларда Федерер билан суҳбатлашамиз ва улкан муваффақиятларга қарамай, Рожернинг оддий инсон, ажойиб суҳбатдош эканлиги мен учун ёқимли. У «Базель» мухлиси, унга ушбу митти клубга ишқибозлик қилишни тўхтатиши кераклигини таъкидлагандим.

Фарзандлари ҳақида

- Оиланг билан 24 ёшингда бошқа мамлакатга кетишинг - бу жиддий қадам. Шундайми? Лекин биз турмуш ўртоғим билан 3 нафар фарзандимизнинг келажаги борасида ҳам қайғуряпмиз. Масалан, катта фарзандларимиз инглиз тилида таълим бериладиган Америка мактабига қатнашади, оиламизда немисча сўзлашамиз, шунингдек, улар қўшимча равишда испанчадан ҳам дарс олишади. «Реал» таркибида яна бир неча йил ўйнайдиган бўлсам, фарзандларимиз учта тилни ўрганган ҳолда вояга етишади. Бу эса уларга бутун умрга ажойиб совға бўлади.

Бошқа болалар ҳақида

- Фондимиз оғир касалликка чалинган болаларни қўллаб-қувватлайди. Сўнгги 5 йил давомида биз 150тага яқин оилага ёрдам бердик. Ҳар бир шундай воқелик мен учун ўзгача ва ҳиссиётли тарзда кечади. Муҳтож оилаларга нафақат пул бераман, балки улар билан танишиб, суҳбатлашаман ва қўлдан келганича, уларни қўллаб-қувватлайман. Бу менга ўзгача таъсир кўрсатади. Оғир касалликка чалинган болаларнинг ота-оналари билан танишиб, уларнинг хаста фарзандлари учун қандай қайғураётганликларига гувоҳ бўламан. Биз хаста болаларнинг орзуларини амалга оширишга интиляпмиз. Масалан, яқинда «Унион Берлин»да тўп сурувчи акам Феликс бир қизалоқ билан вертолётда сайр уюштирди. Чунки у қизалоқ парвоз қилишни жудаям хоҳлаганди. Ушбу парвозни амалга оширганимиздан сўнг ўша қизчанинг ота-оналари ўз қизларини анчадан буён бундай бахтли ҳолатда кўрмаганликларини айтишди. Афсуски, бир неча ойдан кейин қизалоқ вафот этди. Бу қайғули, энг мураккаб ҳолат. Аммо мен оғир касалликларга чалинган болаларга бир неча соат мобайнида шундай ёқимли онларни бахшида этганлигимиз учун ҳам хурсанд бўлиш керак, деб ҳисоблайман.

 

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz