Қайднома

Қидирув

Марио Панжа “Навқирон Лука зўраки футболнинг нозик қироли! ”

Марио Панжа “Навқирон Лука зўраки футболнинг нозик қироли! ”

  23.09.2020 04:47
  0
  407
Марио Панжа “Навқирон  Лука зўраки  футболнинг нозик қироли! ”

«Реал» клуби ва Хорватия миллий жамоаси тажрибали ярим ҳимоячиси Лука Модрич 9 сентябрь куни 35 ёшга тўлди. 2018 йилги «Олтин тўп» соврини лауреати профессионал футболга мавсум-2003|2004да Босния ва Герцеговина чемпионатининг камтарин иштирокчиси - «Зриньски» (Мостарь)да қадам ташлаганди. Эътиборли томони, 18 ёшли дебютант ўша мавсум якунида чемпионатнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинганди. 2019 йили «Советский спорт» мухбири Сараевога сафар уюштириб, «Зрински» клуби ташвиқот ишлари директори Марио Панжа билан суҳбатлашган ва унда Модричнинг илк мавсуми ҳақида сўз борганди. Россия нашри митти Лука юбилей муносабати билан ўша суҳбатни қайта чоп этди.

 

«Келдию, ноёб иҚтидори кўзга ташланди»

- Айтингчи, Модрич Мостарга қандай келиб қолганди?

- 2003 йили жаноб Зденко Жигич «Зриньски» вице-президенти лавозимида ишларди. Луканинг жамоамизга келиши - тасодиф инъоми. Жигичнинг ўғли Ивица ва Лука тенгдош бўлиб, улар Загреб «Динамо»си ёшлар жамоасида бирга тўп суришарди. Зденко эса Загребга тез-тез бориб, ўғлининг ўйинларини кўриб келарди. Жамоамиз таркибини кучайтириш эҳтиёжи туғилгач, у «Динамо» раҳбарларидан ўғлини ижара келишуви асосида беришларини сўради. Натижада загребликлар Ивицага қўшиб, Лука ва яна бир ёш футболчини ихтиёримизга жўнатишди. Шу тариқа Модрич 2003 йили «Зриньски» сафидан жой олди.

- Модрични шунчаки, таваккалига қабул қилганмидинглар ёки қайсидир жиҳати туфайли?

- Зденко Жигич 18 ёшли йигитчани ноёб иқтидор соҳиби сифатида таърифлаганди. У «Зриньски»даги илк ўйинларидаёқ чиндан ҳам, шундайлигини исботлади. Умуман, Лука тўсатдан порлаган «жаноб икс» эмас - 15 ёшидан Хорватия ўсмирлар термасида мунтазам равишда ўйнаб келарди.

- Жамоа унга Мостардан хонадон ажратдими?

- Ҳа, шундоқ стадион ёнгинасидан. У ерда Лука «Динамо»дан бирга келган дўсти Давор билан истиқомат қилганди.

- Бошида уйини соғингандир...

- Йўқ, Модрич 15 ёшида Задардан Загребга кўчиб ўтган ва ота-онасидан узоқда яшашга ўрганган. Шу аснода 18 ёшга тўлгунича профессионал футболчи ҳаётига мослашиб улгурганди.

- Лука «Зриньски»да тўғридан-тўғри асосий таркибдан жой олдими?

- Ҳа, чунки айнан шундай ҳаракатчан футболчи кўмагига умид боғлагандик.

- Маҳаллий чемпионатга нечоғли тез мослашганди?

- Ўша пайт Босния лигада жисмоний кучга асосланган зўраки услуб ҳукмрон эди. Жуссаси кичик Лука аввалига бироз қийналди. Лекин қисқа вақт ичида муҳитга мослашиб, мухлислар ёқимтойига айланди. Зеро, улар Луканинг ёш бўлишига қарамай, ўйинни яхши ҳис этадиган, ностандарт қарорлар қабул қилишдан чўчимайдиган етакчи эканлигига ишонч ҳосил қилишди.

- Модричнинг ўзи интервьюларидан бирида Босния чемпионатига дош берган футболчи бошқа ҳар қандай лигада бемалол тўп суришини таъкидлаганди. Демак, у айнан зўравонликка асосланган футболни назарда тутган...

- Худди шундай! Такрорлайман, Лука «ифлос» футболга жуда тез мослашди. Бу унинг юксак савиясидан далолат беради. Мавсум якунида мухлислар уни «Зриньски»нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди. Бироқ бу ҳаммаси эмас: дебют мавсумида 22 марта майдонга тушиб, 8та гол урган ярим ҳимоячи Босния ва Герцеговина лигасининг энг яхши футболчиси мақомига ҳам сазовор бўлди.

- Лука «Зриньски»да қанча маош оларди?

- Бунга аниқ жавоб беролмайман. Чунки ўша пайт клубда ишламасдим. Ҳозир эса етакчи ўйинчилар ойига 5-6 минг евро оладилар.

 

«Бизнинг футболчимиз «Олтин тўп»ни олгани билан фахрланамиз»

- Ўша олис 2004 йили Модрич келажакда «Олтин тўп»ни қўлга киритишини тасаввур қилганмидингиз?

- Айнан шундай фикр ҳеч кимнинг хаёлидан ўтмагандир балки. Лекин ноёб иқтидор соҳибини порлоқ келажак кутаётганига ҳеч кимда шубҳа қолмаганди. Лука 2 йилдан кейин Хорватия термаси билан Германия мундиалига йўл олди. Кейин фақат юксалди...

- Унинг ЖЧ-2018даги иштирокини ҳам диққат билан кузатганингиз тайин...

- Албатта, аммо Модричнинг ўйини биз учун янгилик эмасди. Ахир у анчадан буён Хорватия термасининг яққол етакчиси мақомида майдонга тушмоқда. Айтингчи, бу ролга бир неча йиллардан бери «Реал»да мунтазам тўп сураётган, АПЛ ва Ла Лигадек энг нуфузли чемпионатлар тажрибасига эга ўйинчидан муносиброқ номзод бўлиши мумкинми? Қисқаси, Россия мундиали Модрич фаолиятининг чўққисига айланди.

- Мостарликлар айнан хорватларга мухлислик қилишдими ёки...?

- Албатта, шак-шубҳасиз, Хорватия термаси ва шахсан Модрични қўллаб-қувватлашди. Бу ерда хорватлар кўп (2013 йилги маълумотларга кўра, Мостарь аҳолисини 50,43 фоизи хорват). Кўчаларга улкан экранлар ўрнатилди, мухлислар ўйин­ларни Хорватия терма жамоаси либосида томоша қилишди. Хорватлар финалга чиқишганида шаҳарда оммавий байрам бошланиб кетди.

- Франция - Хорватия беллашувининг натижасидан қаттиқ ранжигандирсиз...

- Дастлабки дақиқаларда, ҳа. Лекин хафагарчилик узоққа чўзилмади. Хорватия термаси жаҳон кубоги турнирида 7 марта майдонга тушди. 1та учрашув натижаси аввалги 6та ўйин моҳиятини йўққа чиқаролмайди. Митти мамлакат жамоаси чўққига чиққани билан фахрлансак, арзийди. Финал ҳуштаги янграши билан Мостарда хурсандчилик бошланди. Шаҳримиз 1998 йили ҳам шундай тантаналар оғушида қолганди. Ўшанда терма жамоанинг аввалги авлоди Франциядан мундиалнинг бронза медали билан қайтганди. Звонимир Бобан, Давор Шукер, Роберт Просинечки, Славен Билич, Алёша Асанович каби афсоналар! Мана, янги авлод вакиллари акаларидан ўзиб кетишди.

- Лука «Олтин тўп»ни қўлга киритганида хаёлингиздан қандай ўйлар ўтди?

- Лука шундай кичик мамлакатнинг мўъжаз шаҳрида туғилган йигит ҳам Европа ва жаҳонннинг энг яхши футболчисига айланиши мумкинлигани исботлади. Бу фахр уй­ғотмайдими? Ахир Модрич фаолияти давомида 5та клубда ўйнаган бўлса, улардан биринчиси - «Зриньски»!

- Муваффақиятни клубда ҳам муносиб нишонлашгандир...

- Ҳа, албатта. Камтарона бўлсада, нишонладик.

- Модрич Мостарга келиб турадими?

- Хорватияда ўйнаганида тез-тез келарди. Загребдан Мостарга автомобилда 4 соатда келиш мумкин. Фақат Лука «Тоттенхэм»га йўл олгач, Мостарь сафирига вақти қолмади, чоғи.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz