Қайднома

Қидирув

Гол, футбол ва тириклик...

Гол, футбол ва тириклик...

  23.09.2020 08:51
  0
  316
Гол, футбол ва тириклик...

Юрак уриб турар экан, инсон тирик. Юрак - тириклик тимсоли. Ҳаёт аввали ва охирини белгиловчи ҳаракат - юракнинг иши. Футбол ҳаётида эса, гол юрак кабидир. Гол урилмас экан, футбол ўлади, ўйиннинг қизиғи қолмайди. Реал воқеликда яшаган инсон шундай ўйлайди, шундай яшайди. Лекин ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам кузатиладики, гарчанд юраги уришдан тўхтаса ҳам, айрим инсонлар умри давом этади, гол урилмаса ҳам, гоҳо футбол ўйинидан завқланаверасан киши. Ҳамма гап белгиланган ишларни бажаришга улгуриш-улгурмасликда. Ҳамон эсимизда, 2016 йилнинг 21 март куни ардоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг 75 йиллик юбилейи муносабати билан «Шерюрак поэзиянинг пинҳон наъраси» номли мақола тайёрлаб, «Репетитор» газетасида чоп этдик. Ўшанда шоир хаста эди, шахсига нисбатан дашномлар кучайганди. Шундай вазиятда уни руҳан қўллаб-қувватлашни мақсад қилган ва бунга эришгандик. Бошқача айтганда, улгургандик. Ўша йилнинг май ойи сўнгги кунлари Эркин Воҳидовнинг «Руҳлар исёни» достони ҳақида янгича, шоир ҳаётлигида кузатмаган талқинларни ёзиб, хаста ижодкорни йўқлаб, йўлга тушдик. Афсуски, Қамчиқ довонида нохуш хабар эшитдик. Ҳа, бу сафар улгурмагандик...

Ўйлаб қарасак, ҳаёт улгуриш-улгурмаслик пойгасидан иборатдек кўринади. Кўнглимизда бир катта орзу бор эди: косонсойлик Абдувалихўжа ота ҳақида ёзиб, у кишини хурсанд қилишни дилимизга тугиб қўйгандик. У киши ёзса, мақтаса, ибрат қилиб кўрсатса, арзигудек инсон эди. Қаранг, беихтиёр ўтган замонда ёзяпмиз. Энди ўтган замонда ёзишга мажбурмиз. Чунки Абдувалихўжа ота орамизда йўқ. Лекин ҳечдан кўра, кеч бўлса ҳам ёзганимиз маъқул. Абдувалихўжа отани балки танирсиз, балки танимассиз. Бемалол айтиш мумкинки, у кишининг ўзбек футболи тараққиётида хизматлари катта! Чунки «ИнтерФутбол» газетасини ташкиллаб, эл-юртга тортиқ қилган йигитлар - у кишининг фарзандлари. «ИнтерФутбол» - Абдувалихўжа отанинг оқ фотиҳаси билан дунё юзини кўрган, оёққа турган ва футбол ҳақида ўз сўзини айтаётган нашр! Ота дуоси бўлмаса, бу газета шу қадар оммалашармиди, Аҳадхон Абдуҳамитов мамлакатимиз футбол ҳаётида муносиб ўринга эга бўлиб, ҳурмат-эътибор қозонармиди?! Йўқ, албатта! Ота дуоси наинки «ИнтерФутбол», балки бошқа нашрлар катта фаолияти йўлини равон қилди, олға бошлади ва бу механизм дадил ишламоқда. Шу маънода Абдувалихўжа отанинг ҳаёти фарзандлари амалга оширган, ошираётган ишларга муҳрланаверади, муҳрланаверади...

Боқий дунё сафарига отланган инсонлар ҳақида эслаб, улгуриш-улгурмаслик ҳақида ёздик. Нимагадир улгурганимиз - қаноатимиз, улгурмаганимиз -надоматимиз. Футболимиз жонкуяри Наримон ота Жалоловга ҳам миллий терма жамомизнинг мундиалга боришини кўриш насиб этмади. Бош жамоамиз бу ишни ўз вақтида уддаламади, фахрийлар кўнглини хушнуд айлашга улгурмади. Футболимизнинг бош орзуси, мақсад режаси - мундиал йўлланмасини қўлга киритиш, аниқроғи, ЖЧга бориш. Бу иш шунча чўзилди. Энди чўзадиган жойи ҳам қолмади. Футболчилар ва мураббийлар, мутасаддилар бу хусусда обдон ўйлашга мажбурлар. Қолган ишга қор ёғавериб, наинки фахрийлар, балки ёш мухлисларнинг ҳам футболдан кўнгли совуди ёки совумоқда. Юраклардаги футбол олови сўнмоқда. Бунга йўл қўйиб бўлмайди асло. Бугун футболимизнинг ишонган тоғи - «Пахтакор»! «Шерлар» Саудия футболининг ишонган тоғи - «Ал-Ҳилол» билан бел олишиб кўришди. Икки беллашув ҳам чакана қизимади. Футболчиларимиз майдонда жон олиб, жон беришди гўё, ҳалол тер тўкишди Қатар заминида. Бироқ аён бўлдики, рақиб анчайин кучли. Ҳар ҳолда, «Ал-Ҳилол» : 6 имкониятдан 4 очко олган бўлса, «Пахтакор» ҳисобига атиги 1 очко ёзди.

Муҳими, ҳар икки ўйин мамлакатимиз футбол жамоатчилигида алоҳида қизиқиш уйғотди. Очиғи, бу учрашувларни анчадан буён кутаётгандик. Негаки, улар орқали терма жамоалар кучини баҳолаш мумкин эди. «Ал-Ҳилол» - Саудия Арабистони терма жамоасининг асоси, авангарди. «Пахтакор» - бош жамоамиз учун «фабрика». ОЧЛдаги бошқа учрашувлар ўз йўлига. Биз учун энг муҳими «Ал-Ҳилол» билан кечадиган баҳслар эди. Саудия футболи лидери «Пахтакор» мисолида футболимиз имкониятларини синовдан ўтказди. Тўғриси, «шерлар» чиндан ҳам, яхши ўйнашди. Биринчи ўйиннинг сўнгги сонияларидаги тасодифий голни ҳисобга олмасак, ҳаммаси кўнгилдагидек туюлади. Гўё икки футбол савияси тенг. «Ал-Ҳилол» ўйинини кўпроқ легионерлар бошқаришмоқда. Бир қарашда, ҳаммаси тўғри, ҳаммаси кутилгандек. Аммо ич-ичимиздан садо ташқарига отилишни истайверади, тинчлик бермайди: «Йўқ, ундай эмас!» Шундайми? Шунақага ўхшайди. «Пахтакор»нинг яхши ўйнаганини эътироф этган ҳолда, таъкидлаймизки, терма жамоамиз учун зарур катта ғалабаларга бундай ўйин, бундай ҳаракат етарли ҳисобланмайди. Игорь Сергеев, Жалолиддин Машарипов, Ҳожиакбар Алижонов, Достон Ҳамдамов бунданда кучлироқ ўйнашлари даркор. Агар улар лоақал яна бир ҳисса ортиқроқ тўп суришга куч топишганида, «Ал-Ҳилол»ни енгиш имкони туғиларди. «Ал-Ҳилол» курагини ерга теккизиш эса терма жамоамиз учун ғалаба йўлини очарди. Демоқчимизки, дастлабки ўйинда «Пахтакор» ўйинни эмас, балки терма жамоамиз учун яратилажак ғалаба имкониятини бой берди. Шота Арвеладзе шундай имкониятни қўлдан чиқарди. Энди ҳамма иш яна Вадим Абрамов зиммасида. Мухлислар Шота Арвеладзе улгурмаган ишга Вадим Абрамов улгуришини жуда-жуда хоҳлашади. Яна улгурмаслик - жиноят! Мазкур хулосани ёзишда сира иккиланмадик. Хулоса залвори бизни ёзишдан қайтармади. Бу сафар футболга ўйин сифатида қарамадик. Уни халқнинг орзу-умиди, ор-номуси ва эртанги кунга ишончи ўрнида баҳоладик. Силаб-сийпаб ёзиш, аяб-авайлаш футболимизни шу аҳволга туширди. Матбуот жиноятни жиноят, хиёнатни хиёнат, деб атамади. Футболга бир ўйин сифатида менсимай қаради, беписанд қаради. Бир-бирини қувалаб ўтган йиллар бағрида неча мураббий ва неча футболчи давру-даврон суриб ўтди. Футболимиз шундай «давру-даврон»га кўникди. Кўпчилик ўйлаяптики, бу ҳолат ҳали давом этади. Ҳаттоки, давомийликдан умидвор ҳам.

Суперлига турнир жадвалида 2-14-ўринларни эгаллаб турган жамоалар ўртасидаги майда-чуйда ўйинлар билан футболимиз қаерга боради? «Машъал» катта мураббий бошқараётган жамоага қарши учрашувда дастлабки дақиқаларданоқ 10 киши бўлиб ўйнасаю, меҳмонлар мубораклик «тирранча»лар адабини бериб қўёлмасалар. наздимиздаги катта мураббий бунинг иложини тополмаса?! На «Машъал»ни олқишлайсан киши, на ғалаба қозонган жамоа ўйинидан қувонасан. Русчасига айтганда, «Не риба, не мясо»... Ҳа, шундай. Ўзгариш даври ҳалқумга келди! Терма жамоамиз ва Вадим Абрамов ўзгармаса, ҳаммаси тамом. Суперлигадаги бошқа ўйинлар ҳақида ёзиш бефойда. Нимасини ёзиш мумкин? Барчаси бир хил, бир қолип... Кўнгил АПЛни кўрмоқ истайди. Кўрамиз! Ана, «МЮ» ўз майдонида ютқазди. Ютқазса ҳам, буюк жамоа бўлиб хаёлингда тураверади. Беихтиёр ўз майдонида ютқазганига қарамай, «МЮ» ва «Челси»ни олқишлайверасан киши! Нимага? Нима учун? Жавоб қисқа ва лўнда: АПЛда манфаат футболдан устун бўлолмайди ҳеч қачон! Англия томонларда ҳам манфаатпарстлар бор, лекин футбол уларга йўлини бериб қўймайди! Футбол йўлида учраган ғов-тўсиқларни супуриб ташлаш учун ўзида қурб топади, қудрат сезади! Қурб ва қудрат йўқ жойда футбол ўйналмайди, аксинча, ўйнатилади! Бошқалар қўлида ўйинчоқ қилиб ўйнатилади!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz