Қайднома

Қидирув

Тьяго Алкантара “Мавсумга 100 фоиз шайман”

Тьяго Алкантара “Мавсумга 100 фоиз шайман”

  24.09.2020 10:21
  0
  261
Тьяго Алкантара  “Мавсумга 100 фоиз шайман”

«Ливерпул»нинг янги футболчиси - испаниялик Тьяго Алькантара «қизиллар» сафига қўшилиши билан клубнинг расмий сайтига махсус интервью берди. Англия футболига юзланишидан олдин 7 йил давомида Мюнхен «Бавария»си шарафини ҳимоя қилиб, кўплаб совринлар соҳибига айланган ярим ҳимоячи «қизиллар» билан жума куни 4 йиллик шартнома остига расман имзо чекди ва 6-рақамли футболкани олди. Юрген Клопп жамоаси охирги мавсум «Бавария» билан «требл»га эришган Тьяго трансферига 20 миллион фунт стерлинг тўлашади (4 йил давомида 5 «лимон»дан). Агар «Ливерпуль» бу вақтда АПЛда чемпион бўлса, Бундеслига гранди бонус тариқасида яна 5 миллион фунт олади.

- Тьяго, «Ливерпул»га хуш келибсан! Айни пайт нималарни ўйлаяпсан, ҳиссиётларинг қандай?

- Зўр! Ақл бовар қилмас даражада. Чунки бу лаҳзаларни узоқ вақт кутгандим, мана, шу ерда эканлигимдан бағоят бахтиёрман.

- Нега айнан «Ливерпуль»?

- Футболда ғалаба қозониб турсанг, янада кўпроғини хоҳлайсан. Бу клуб қалбимга яқин, қарашларимга мос. Албатта, «қизиллар» билан имкони бор барча совринларга эришишни истайман. Мени яна «Ливерпул»даги ички муҳит қизиқтириб қўйди. Ишончим комил, худди оила каби бирдам жамоа ҳар бир футболчини ўзига тортади.

- Келишдан олдин «Ливерпул»да ўйнаган қайсидир футболчи билан клуб ҳақида гаплашиб кўрдинг­ми?

- Ҳа, албатта. Бунда фақат футбол ҳақидагина сўраганим йўқ, чунки бу четдан ҳам кўриниб туради. Демоқчиманки, Филиппе Коутиньо ва Хаби Алонсо билан гаплашиб, кўпроқ клуб муҳити, шаҳар, бўш вақтларда қаерга бориш мумкинлиги каби масалаларга қизиқдим. Айнан улар дадил қадам ташлашимга ёрдам беришди. 

- Ливерпуль сафари арафасидаги охирги кунлар ва соатлар қандай ўтди? Ҳаяжон босмадими?

- Тўғрисини айтсам, осон бўлгани йўқ. Ахир «Бавария»да 7 йил ўйнадим, бу орада клуб, шаҳар ва мюнхенликларга роса боғланиб қолдим. Қисқаси, кўнгил узиб кетишда роса қийналдим, аммо ўзим учун қатъий қарор чиқариб бўлгандим.

- Ўтган йили «Энфилд» майдонига тушдинг. Бу қандай экан, эҳтиросларинг ёдингдами?

- Аслида бу «Энфилд»га иккинчи сафарим эди. Бу ерга илк марта 5 ёшда келгандим, агар адашмасам. Ўшанда отам УЕФА кубоги доирасидаги ўйинда «Сельта» сафида «Ливерпул»га қарши майдонга тушганди. Бевосита ўзим қатнашган ўйинга келсак, «Бавария» ўтган йили дуранг натижа қайд этди, лекин ўша оқшом «Ливерпуль» биздан кучлироқ кўринганини тан олишим жоиз.

- «Ливерпуль» ЕЧЛдаги зафардан кейин яна 3та соврин ютди. Жамоа четдан қараганда, қандай таассурот қолдирди?

- Очиқ айтиш керак, «Ливерпуль» АПЛда аллақачон ғалаба қозониши керак эди, жамао бунга муносиблигини кўрсатиб келди. Фақат «қизиллар»га омад етишмаётганди. Муҳими, улар зафар йўлида кўп ишлашди, курашишди ва ўз мақсадларига етишишди. Демак, жамоа бу ютуқларга тўла ҳақли.

- Энди «Ливерпуль» аъзосисан. Майдонда ўз ўрнинг ва ролингни қандай тасаввур қиляпсан?

- Дунёда рўй бераётган ҳозирги воқеаларни назарда тутсак, аввало, умумий ҳолатга мослашиб олишим керак. Зеро, мавсум нисбатан кечроқ бошланди ва энди тақвим ҳам зичроқ бўлади. Ўйлайманки, янги жамоага ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам бирдек ёрдам бераман қўлдан келганича.

- Кўпчилик АПЛни энг мураккаб лига сифатида тилга олади. Бундай чорловга тайёрмисан?

- Англия чемпионатида ўйнаш имконияти туғилганида, биринчи бўлиб шу ҳақда ўйладим. Олий даражали чорловдан хурсандман, албатта.  

- Юрген Клопп ихтиёрида юқори савияли ярим ҳимоячилар жуда кўп. Шундай экан, таркибга кириш йўлида жиддий тер тўкишинг талаб этилади?

- Шундай. Умуман, ҳар қандай жамоада аввало, майдонга тушишга муносиб эканлигингни исботлашинг зарур. Алоҳида инобатга олиш керак, бу йил ҳамма қисқа таътил ва тўлиқсиз мавсумолди йиғинлари билан чекланди.

- Умуман, ўзингни қандай ҳис қиляпсан, мавсумга тайёрмисан?

- Худди ҳеч қандай танаффус бўлмагандек, бардамман, гўё, ҳозир  мавсум ярмига келгандек. Хуллас, 100 фоиз шайман.

- Заргарона узатмаларингни ҳамма билади. Садио Мане, Роберто Фирмино ва Муҳаммад Салоҳ каби тўпурарлар билан ҳамкорликдан нималар кутяпсан?

- Бу йигитлар олдин ҳам кучли ассистентлар билан бирга тўп суришган. Ҳаттоки, Алиссон ҳам самарали «пас» берган. Жордан Хендерсон ва Жоржиньо Вейналдумга эса гап йўқ. Ўйлайманки, жамоа манфаати йўлида ўйинга яна озгина техника қўша оламан.

- Юрген Клопп ҳақида нима дея оласан? У Германияда икки йил жамоанг рақиби бўлган, энди эса мураббийинг...

- Албатта, шундай мутахассис билан ишлашимдан мамнунман. Клоппдан ҳали кўп нарса ўрганиб, янги даражага кўтарилишим мумкин. Ҳа, у Дортмундда ишлаганида, бизга етарлича муаммолар туғдиргани ёдимда. Икки йил олдинги ЧЛда ҳам.

- Йилдан йилга ўсишни хоҳлашинг ҳақида гапирган эдинг. «Бавария»даги «требл»дан кейин яна қаннақасига ўсиш мумкин?

- Бу саволга жавоб бериб бўлдим. Қанча кўп ғалаба қозонсанг, янада кўпроғига интиласан.

- «Ливерпуль» фанатларига гапинг бўлса, марҳамат...

- Уларнинг илҳомлари, ғайратлари меникидан кам эмас, буни яхши биламан! Лекин ортиқча гапга ўрин йўқ, яхшиси, барчасини амалда исботлаш керак. Қисқаси, аввало, ўзим, қолаверса, жамоадошларим, клуб ва мухлислар учун боримни бераман.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz