Қайднома

Қидирув

Асрга татигулик хато ёхуд 15 йил аввалги ўйин хусусида...

Асрга татигулик хато ёхуд 15 йил аввалги ўйин хусусида...

  25.09.2020 01:53
  0
  326
Асрга татигулик хато ёхуд 15 йил аввалги ўйин хусусида...

Ўзбекистон миллий термасининг аксарият мухлислари бу воқеани яхши эслаб қолишган. 2005 йили Баҳрайн жамоасига қарши кечган баҳсда рўй берган воқеалар олдида Осиё кубоги-2000 ҳам чикора. «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган «плей-офф»нинг дастлабки ўйинида жаҳон чемпионати чиптаси йўлида КОНКАКАФ минтақасининг тўртинчи вакилига рўпара келиш учун кураш кечаётганди. Мазкур учрашув арафасида британиялик Боб Хоутон бошчилигидаги термамиз турли сабабларга кўра, қатор футболчилар хизматидан фойдалана олмаслиги ойдинлашди. Николай Ширшов дисквалификация қилинган бўлса, Бахтиёр Ашурматов, Леонид Кошелев, Александр Гейнрих ва Илёс Зейтуллаев кабилар жароҳат олишганди. Баҳрайнликлар эса танаффус туфайли ички чемпионатларида ўйин ўтказишмаётганди. Шунга қарамай, жамоа ушбу беллашувларга турли йиғинлар орқали тараддуд кўрди. Ўша Баҳрайн термасининг ягона йўқотиши асосий футболчиларидан бири Аъло Ҳубайлнинг жароҳатланиши бўлганди. Ўзбекистон миллий жамоаси майдонга қуйидаги таркибда тушди: Евгений Сафонов, Владимир Радкевич, Андрей Фёдоров, Асрор Алиқулов, Алексей Николаев, Миржалол Қосимов, Виктор Карпенко, Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Анвар Солиев, Максим Шацких.

Бевосита ўйин ҳақида гапирсак, дастлабки дақиқаларданоқ Ўзбекистон термаси ҳудудий устунликка эга бўлиб, тезкор гол уришга интилди. Аммо ҳар сафар футболчилар йўлига меҳмонларнинг тартибли мудофааси тўсқинлик қилди. Уларнинг хавфли ҳужумларини эса Евгений Сафонов йўққа чиқарди. 12-дақиқада Миржалол Қосимов катта саҳнага чиқди. Анвар Солиевдан тўпни қабул қилган сардор узоқ «тўққизлик»ни аниқ нишонга олди - 1:0! Шундан сўнг вакилларимиз устунликни мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб имкониятлар яратишди. Қосимовнинг яна бир зарбасини Баҳрайн посбони Али Ҳусайн бартараф этди. Шацких ва Карпенко ижросида амалга оширилган девор услубидаги комбинацияни муваффақиятли якунлаш учун Викторга тезкорлик етишмади.

Можарога нима сабаб бўлганди? 38-дақиқада Ўзбекистон жамоаси қарши ҳужумга ўтди, рақиб кипери тўпга чиқишда хатога йўл қўйди. Чап қанотдан олдинга ўтган Максим Шацких бош билан бўш қолган дарвозага тўпни йўллади, бироқ баҳрайнликлар ҳимоячиси Муҳаммад Жума уни қўл билан қайтарди. Япониялик ҳакам Тошимицу Йошида пенальти белгилади. Ваҳоланки, у қоидабузарни «сўнгги умид фоли» учун майдондан четлатиши ҳам мумкин эди. 11 метрли жарима зарбасини Сервер Жепаров аниқ амалга оширди, бироқ гол нишонланаётган пайт ҳакам жарима майдончаси ичида туриб, қўлини баланд кўтарди. Ўз навбатида, унинг қанотдаги ёрдамчиси ҳам байроқчасини кўтариб, эркин зарба йўллаш ҳақида ишора берди. Ўзбекистонлик футболчилар ҳакамга эътироз билдиришди, лекин япониялик рефери фикридан қайтмади. Ўз навбатида, Баҳрайн жамоаси аъзолари ҳам ҳакамга босим уюштиришди. Ўша вазият видеоёзувлар ёрдамида такроран кўриб чиқилганда, биргина қоидабузарлик бўлиши мумкинлиги ойдинлашди: эҳтимол, мезбон футболчилардан бири тўпга зарба берилишидан олдин жарима майдончасига кириб кетгандир?! Аммо мазкур ҳолатда пенальти қайта ижро этилиши керак эди. Ўша эпизодда бошқа қоида бузилиши кузатилмаганди.

Учрашувнинг қолган дақиқаларида Ўзбекистон термаси ўйин тизгинини қўлдан чиқарди, баҳрайнликлар эса дарвозалари олдида яратилган хавфли вазиятларни бамайлихотир бартараф этишди. Ушбу қарама-қаршиликда бошқа гол кузатилмади. Бир йилдан сўнг ҳакам ёрдамчиси ўз интервьюсида ўзбекистонлик футболчи жарима майдончаси ичига киргани учун эмас, балки дарвозабон муддатидан аввал жойини тарк этгани сабабли байроғини кўтарганини тан олганди.

Ўйин давом этаётган пайтдаёқ Ўзбекистон футбол федерациясида эътиборга молик воқеалар кузатилаётганди. Миллий жамоанинг ўша пайт­даги менежери Самвел Бабайн ва футбол агенти Марко Трабукки ФИФАга шикоят хати йўллаш кераклигини уқтиришди. Ўз навбатида, ташкилотнинг айрим вакиллари ортиқча аралашувларсиз жавоб ўйини ўтказилиши тарафдори эдилар. Федерация вакили Алишер Никимбаев ўз интервьюсида ушбу ҳолат ҳақида қуйидагиларни гапирди: «Ўйиндан кейин федерацияда тўпландик, хонада кўпчилик эмасдик. Ўша жараён иштирокчиларидан бири ФИФАга мактуб йўллашни таклиф қилди. Трабукки ФИФАнинг собиқ бош котиби Мишель Зен-Руффинен билан таниш эканлиги, унга қўнғироқ қилишимиз кераклигини таъкидлади. Зен-Руффинен нималар ёзиш лозимлигини айтиб турди. Мен шикоят хати ёзишга қарши эдим. Бу борада Россия футбол иттифоқидаги ҳамкасбим Колосковдан маслаҳат олганимда, у ҳам фикримни маъқуллади. Бироқ бу таклифимиз қабул қилинмади. Ўйлашимча, кимлардир шу тариқа эҳтимолий оқибатлардан ўзларини ҳимоялашни хоҳлашган».

ЎФФ (ҳозирги ЎФА)нинг ўша пайт­даги вице-президенти Ботир Раҳимов шундай деганди: «ФИФАнинг қарори биз учун сюрприз бўлди. Ҳакам чиндан ҳам голни бекор қилиб, пенальтини қайта тепиш кераклигини айтганди. Аммо ўша пайт унинг ёнига Баҳрайн термаси футболчилари келиб, нималарнидир уқтиришга уринишди. Шундан кейин Йошида пенальтини ҳам бекор қилди... ФИФАнинг бу қарори Ўзбекистонни қониқтирмайди. Ўйин Тошкентда қайта ўтказилиши, у 39-дақиқадан бошланиб, пенальти ҳам тепилишини таъминлаш учун курашамиз». Ўз навбатида, Баҳрайнда ҳам жараён қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди, зеро биринчи ўйинда мағлубиятга учраган жамоа учун ҳаммасини қайтадан бошлаш имкони туғилганди. Баҳрайн футбол ассоциацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Ҳалифа қуйидагича фикр билдирди: «Айрим футболчиларимиз жароҳатдан тузалиб, сафга қайтишади ва бизда тайёргарлик учун кўпроқ вақт бўлади».

Хуллас, ЖЧ-2006 ташкилий қўмитаси ЎФФ шикоятини кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузди ва ундан швециялик Леннарт Юханссон, аргентиналик Хулио Грондона, жанубий кореялик Чонг Монг Жун ҳамда ФИФА бош котиби Урс Линси жой олишди. Жавоб ўйини белгиланган санадан бир кун аввал - 6 сентябрда комиссия тегишлича қарор чиқарди: «Ўйин қайта ўтказилади. Учрашув 8 октябрда, жавоб баҳси эса 12 октябрда бўлиб ўтади. Ўзбекистон термасининг Баҳрайн жамоасига техник мағлубият ёзилиши бўйича йўллаган шикояти рад этилади». Бу пайтда Ўзбекистон термаси Баҳрайнга етиб борган, жамоа аъзолари протест ҳақида кейинроқ хабар топишганди. Айтишларича, Максим Шацких ва шериклари рақибни енгишга астойдил бел боғлашган экан, ўшанда.

Осиё футбол конфедерациясининг ўша пайтдаги президенти Муҳаммад бин Ҳаммам ҳар икки ўйинга европалик ҳакамлар тайинланишини таъминлади. Тошкентдаги учрашувни Массимо Буззака бошқарди, жавоб баҳси эса англиялик Грэм Поллга ишониб топширилди. Аммо учрашув қайта ўтказилган давр бошқа эди. Эҳтирослар сўнган, рақибнинг эса жароҳатланган футболчилари таркибга қайтишганди. Биринчи ўйин 1:1 ҳисобида якунланди, иккинчисида эса голсиз дуранг қайд этилди ва меҳмонда урилган гол эвазига Баҳрайн кейинги босқичга чиқди.

Энди ўша воқеа бош иштирокчиларининг кейинги тақдирларига назар солсак.

ЎФФдан янги таклиф тушганига қарамай, Боб Хоугтон термамиз билан ишлашни истамади. Кейинчалик у Хитой чемпионатида фаолият юритди, Ҳиндистон миллий жамоасини Осиё кубогига олиб чиқди.

Алишер Никимбаев эса маълум муддатдан сўнг Ўзбекистонни тарк этиб, Осиё футбол конфедерациясидаги лавозимлардан бирини эгаллади, сўнгра БАА футбол ассоциациясида ишлади. Айни пайт эса Қатарда.

Тошимицу Йошида ОФКнинг элит ҳакамлари рўйхатидан чиқарилди. Шунингдек, Япония футбол ассоциацияси ҳам уни олий дивизион ўйинларида ишлашдан маҳрум қилди. 2008 йили обрўсини тиклаб, «олий»га қайт­ди ва ҳатто, Жей-лиганинг энг яхши ҳаками номига лойиқ кўрилди.

Марко Трабукки агентлик фаолиятини давом эттирди, Россия телевидениесида экспертлик қилди, Юрмаланинг «Спартак» клуби хўжайинига айланиб, у ерга Бабаянни ҳам чақирди.

Самвел Вячеславович миллий жамоа ва «Пахтакор»даги менежерликдан кейин мураббийликка ўтди, бош терма устозига айланди, аммо шогирд­лари билан ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритолмади.

Ўзбекистон - Баҳрайн учрашуви тақдирини ҳал қилган комиссия раҳбари Леннарт Юханссон ўша пайт УЕФА президенти эди. 2007 йилги сайлов натижаларига кўра, у лавозимини Мишель Платинига топширди. Узоқ давом этган хасталик туфайли ўтган йилнинг июлида вафот этди.

Баҳрайн термаси мундиал арафасидаги сўнгги тўсиқдан ўтолмади: йўлланма Тринидад ва Тобаго жамоасига насиб қилди. Баҳрайнликлар шундан кейин жаҳон чемпионатига бу қадар яқин келишмади.

Миржалол Қосимов - катта эҳтимолки, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг миллий жамоанинг энг яхши футболчиси. Баҳрайнга қарши баҳс унинг термадаги охирги ўйини бўлди. Навбатдаги мундиалда қатнашишдан ҳам мосуво бўлгач, Қосимов миллий жамоадаги фаолиятини якунлади. Бирмунча вақт ўтиб, у етук мураббийга айланди.

Бундай воқеалар футболда кўп кузатилмайди. Расмий маълумотларга кўра, шунга ўхшаш ҳолат бир марта учраган. Аёллар футболида. Шунинг­дек, пенальтини бекор қилиш бўйича қўпол хато Чемпионшип ва Украина иккинчи лигаси баҳсларида рўй берган. Ҳакамлар адашади, улар ҳам одам.

Умуман, инсон фактори кутилмаганда таъсир кўрсатиши мумкин. Иримчиларнинг фикрича, аёл кишининг футбол жамоаси жойлашган самолётга чиқиши, «боллбой»нинг тўпни келтириб беришни пайсалга солиши омадсизлик келтиради. Жамоанг ғалаба қозонаётганда ёки ҳисобни тенглаштиришга астойдил уринаётганда, стадионда тўсатдан прожекторлар ўчиб қолишининг хосияти ёмон, дейдиганлар ҳам топилади. Ҳеч нарса абадий эмас. Бу воқеа ҳам кимлар учундир сабоқ бўлади. Кимлардир буни сохталик ва ёлғон сифатида қабул қилади. Айримлар нохуш хотира сифатида ёдга олади. Мазкур ҳолатда ким эканлигингиз аҳамиятсиз, фаолиятини якунлаган ҳакамми ёки севимли жамоаси ўйинини томоша қилиш учун вилоятдан пойтахтга келган мухлисми, фарқи йўқ.

Ўзбек футболининг ҳолати ҳаммага маълум. Жаҳон чемпионатига чиқадиган терма жамоа таркибида топ-ўйинчиларни жамлаши, ажойиб инфратузилма яратиши ёки ғолиблик менталитетига эга бўлиши шарт эмас. Шунчаки, ўтириб, вазиятни таҳлил қилиш керак. Орадан 15 йил ўтди, кўп нарса ўзгарди. Аммо миллий терма ҳамон мундиалдан қуруқ қоляпти.

Евдоким РАИМОВ, sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz