Қайднома

Қидирув

Агент – яқин қариндош

Агент – яқин қариндош

  25.09.2020 04:43
  0
  187
Агент – яқин қариндош

«Барселона» ва Мессининг отаси Хорхе ўртасида кечган шов-шувли музокаралардан илҳомланиб, энг машҳур қариндош-агентлар рейтингини туздик. Уларни муайян ўринларга жойлаб, ҳар бирлари ҳақида қисқача маълумот берамиз. Роҳатланинг!

10. Иско — Пако Аларкон (отаси)

Пако Аларкон ўғлининг «Реал»га трансфер қилинишида ҳам қатнашган, аммо ўша пайтлари футболчига Рафаэль Комино агентлик қилганди. Эндиликда эса у Исконинг ишлари билан якка ўзи шуғулланмоқда. Унинг ташаббуси билан испаниялик ярим ҳимоячи амалдаги шартномасини узайтирди. Шундай экан, Иско отасининг лаёқатига баҳо бериши учун яна бироз вақт талаб этилади.

9. Гонсало Игуаин — Николас Игуаин (акаси)

Игуаиннинг отаси Хорхенинг номи мавсумлар оралиғида матбуотда кўп тилга олинганидан келиб чиқсак, Гонсалога айнан у агентлик қиладигандек тасаввур уйғонади. Лекин аслида аргентиналик ҳужумчининг ишлари билан Хорхенинг тўнғич ўғли - Николас шуғулланади. Яқинда у омма олдида кўриниш бериб, Гонсалонинг яқин орада Италияни тарк этиши ҳақида гапирди.

8. Эден Азар — Тьерри Азар (отаси)

Бельгиялик юлдузнинг отаси лицензия олиб, расман агент бўлганига эндигина бир йил тўлди. Шунга қарамай, айни пайт уч нафар мижоз орттиришга улгурди (Тьерри фарзандлари Эден, Торган ҳамда Килиан билан ҳамкорлик ўрнатган), тўнғич ўғлининг «Челси»дан «Реал»га трансфер қилинишида бевосита қатнашди. Бошланиши ёмон эмас!

7. Арьен Роббен — Ганс Роббен (отаси)

Нидерландиялик футболчининг «Гронинген»га ўтишига клуб спорт директори сабабчи бўлди: фахрий вингерга Майкл Жордан ҳақидаги сериални кўрсатди. Аммо бундан аввалроқ Роббеннинг тақдирига ҳаммадан ҳам кўпроқ отаси Ганс таъсир ўтказганди. Айнан у Арьеннинг «Бавария»га ўтишини таъминлаб, 4,5 млн. евро мукофот пули ишлаб олди, сўнгра мюнхенликлар раҳбариятини бир неча бор ўғли билан шартномани узайтиришга ундади.

6. Хуан Мата — катта Хуан Мата (отаси)

Рейтингимиздаги аксарият агентлардан фарқли ўлароқ, катта Мата йирик можаролардан четда юрган. Шу боис, машҳурлик бобида қолганлардан ортда қолаётгандир. Шунга қарамай, Хуан хусусий агентлигига эга, Соломон Рондон, «Эспаньол» ҳимоячиси Педросо, «Саутгемптон» футболчиси Салису билан ҳамкорлик ўрнатган. Ва албатта, ўғлининг ишларини юритади. «МЮ» ярим ҳимоячисининг фаолиятига назар ташласак, отанинг уринишлари чакки эмаслигига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

5. Месут Озил — Мустафо Озил (отаси)

Мустафо Озил билан иш юритиш яхшими ёки ёмон, аниқлаш мушкул. Отасининг узоқни кўра билмаслиги сабабли Месут нафақат «Реал»ни, балки Германия термасини ҳам тарк этди. Кичик Озилга «ёғликкина» шартнома ундиришни мақсад қилган хасис ота ўғлининг Мадриддаги фаолиятига соя солди. Бир неча йилдан кейин эса Эрдоған билан боғлиқ можаро туфайли Месутга термадан кетишни тавсия қилди. Таажжубки, шундай воқеалардан кейин ҳам футболчи ҳамон падарининг айтганларига қарши чиқмайди.

4. Адриен Рабьо — Вероника Рабьо (онаси)

«Ювентус» ярим ҳимоячиси - замонавий футболдаги энг машҳур «онасининг ўғли». Ишонинг, фарзандининг ҳозирги мақомга эришиши учун Вероника Рабьо кўп тер тўкди. Аёл боши билан ўғлининг ишларини юритади, ўзидан бир қадам ҳам узоққа қўйиб юбормайди. Анчелотти, Блан сингари мураббийлар билан можаро чиқарган, сўнгра «ПСЖ» раҳбарлари билан жанжаллашганди. Натижада Адриен ярим йил захира ўриндиғида ўтириб, сўнгра эркин агент сифатида «Ювентус»га ўтди ва нақд 10 млн. евро кўтарма пули олди. Ҳаммасига онаси сабабчи.

3. Мауро Икарди — Ванда Нара

 (рафиқаси)

Бу жуфтлик шу қадар можароларга ўчки, гўё Ванданинг жойи футбол оламида эмас, шоу-бизнеснинг айрим юлдузлари қаторида бўлиши керакдек тасаввур уйғонади. Агент-рафиқаси сабаб Икардини деярли бутун Аргентина ёмон кўриб қолди, сўнгра унга нисбатан Миланнинг маълум қисмида нафрат уйғонди. Ҳайратланарлиси, шунга қарамай, форвардга талаб юқори, нархи эса, мана тўртинчи йилдирки, 50 млн. евродан тушмайди.

2. Неймар — Неймар да Силва Сантос (отаси)

Ташаббускор катта Неймар ўз вақтида бегона агентларни ўғлидан узоқлаштириб, ёш иқтидор соҳибининг ривожланиш жараёнига ўзи бош-қош бўлди. Шундан буён у иккита топ-трансферни ташкиллаштирди, камида уч марта фирибгарлик ва хасисликда айбланди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Силва Сантос ҳамиша ўғлига суянч бўлди, натижада бунинг эвазига рағбат ҳам олди. Футболчининг клуб алмаштиришидан қарийб 100 млн. евро ишлади.

1. Лионель Месси — Хорхе Месси (отаси)

Табиийки, Мессининг отаси бугунги кунда жаҳон футболида энг таниқли қариндош-агент ҳисобланади. Эҳтимол, Хорхе Мессининг борлигини кўпчилик мухлислар яқингача ҳам эшитмагандирлар. Лео «Барселона»да хотиржам фаолият юритар, отасининг исми эса футболчининг таржимаи ҳолида тилга олинарди, холос. Энди вазият ўзгарди. Ижтимоий тармоқларда Мессининг кетиши ҳақида 30 миллиондан ортиқ «твит» борлиги ҳисоблаб чиқилди. Уларнинг ярми футболчининг отасига тааллуқли эканлиги ойдинлашса, асло ажабланмаймиз.

 Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz