Қайднома

Қидирув

Ховард Мильтон Уэбб: "Хатоликлар ҳакамни “ғажийди”"

Ховард Мильтон Уэбб: "Хатоликлар ҳакамни “ғажийди”"

  25.09.2020 07:07
  0
  282
Ховард Мильтон Уэбб:

Уэбб айни пайт АҚШ ва Канада ҳудудида фаолият юритадиган профессионал реферилар ташкилоти раҳбаридир. Англиялик собиқ ҳакам фаолиятидаги асосий хатога бошқа учрашувда йўл қўйганини очиқчасига эътироф этди:

«Энг қўпол хато? Бунда нотўғри қарорга келганимни ўша лаҳзанинг ўзида сезган учрашув вазиятини алоҳида кўрсатишни истардим». Уэбб 2009 йили АПЛ доирасида «МЮ» ва «Тоттенхэм» ўртасида кечган учрашувни назарда тут­япти. Ўша мавсум чемпионлик учун кураш ўта қизғин тус олган, 2-ўринда бораётган «Ливерпуль» «қизил иблислар»дан 3 очко ортда қолаётганди. Мерсисайдликларнинг 1990 йилдан кейин илк бор шоҳсупага кўтарилишлари учун «МЮ»нинг «Тоттен­хэм»га қарши ўйинда очко йўқотиши талаб этиларди. Апрелнинг охирида бўлиб ўтган ўша баҳс айнан «Ливерпуль» орзу қилган сценарий асосида бошланди. «Олд Траффорд» майдонига меҳмон мақомида тушган лондонликлар ўйинни фаоллик билан бошладилар ва Даррен Бент 29-дақиқада уларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан 3 дақиқа ўтгач, Лука Модрич ўртадаги фарқни 2тага оширди. Танаффусдан кейин 10 дақиқа ўтганида ҳам, «тақачилар» 2:0 ҳисобида олдинда эдилар. Шу паллада Уэйн Руни ажойиб узатма билан Майкл Кэррикни ўта қулай позицияга олиб чиқди. Майкл дарвозадан югуриб чиққан Эурелио Гомесга тўқнашиб, майдонга йиқилди. Уэбб эса дарҳол «нуқта»га ишора қилди. «Кэррик биринчи бўлиб тўпга етиб келгани ва дарвозабон унга урилганини кўриб тургандим. Қисқаси, қоида бузилганига амин бўлдим. Ўйинчилардан одатий норозиликларни кутгандим. Аммо Гомеснинг юзида ажабланиш ва ишонқирамаслик аломати сезилди. Бир неча сониядан кейин хатога йўл қўйганимни англадим. Вазият жуда мураккаб эди», - дейди Уэбб ўша вазият хусусида.

Такрорий лавҳалардан маълум бўлишича, Кэррик чиндан ҳам, тўпга аввалроқ етган, лекин Гомес қўлқопи билан унинг йўналишини ўзгартириб юборишга улгурган. Оддий айтганда, дарвозабон ва майдон ўйинчиси ўртасида ҳалол кураш кечганди. Ўша пайт VAR ҳали кашф этилмаган ва Уэбб қанот ҳакамига мурожаат қилганида, у айтарли ёрдам беролмаганди. Рефери гарчи хато қилганини тушунган бўлсада, қарорини ўзгартиришга жазм этмаган ва Криштиану Роналдунинг «нуқта»га яқинлашишини кузата бошлаган: «Тушунинг, ўша паллада қарорни ўзгартириш учун яққол далилга эга эмасдим. Ноҳақлигимни фақат ички ҳиссиётим айтиб турарди. Шунда Роналдунинг зарбаси самарасиз чиқишига умид боғлашдан ўзга чора қолмаганди. Бироқ у янглишмади...». Қисқаси, Криштиану дарвоза марказига зарба йўллаб, ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Виждон азобида қолган ҳакам эса, «Тоттенхэм»нинг ғалабани ушлаб қолишига умидвор бўла бошлади. Аммо меҳмонлар бу ишни уддалай олишмади - 10 дақиқадан кейин Руни мувозанатни тиклади. Қизиқ, ўша пайт Уэббнинг мия­сида қандай фикрлар ғужғон ўйнаганди? «Табиийки, ўта ноқулай, ночор вазиятга тушиб қолганимни ҳис этдим. Ҳакам сифатида ҳаммасини кўриб турсамда, ҳеч нарса қилолмаслигим қалбимни қийнарди. Ахир ўша хато ўйин маромини бутунлай ўзгартириб юборди. У қандай натижага қараб кетаётганини кўриб турардим. Ҳисоб 1:2 эканлигида қандайдир умид йўқ эмасди. Лекин таблода 2:2 порлагач, ҳаммаси тушунарли бўлиб қолганди», - дейди Уэбб ўша вақтдаги ҳолати хусусида. Дарҳақиқат, Рунининг голи ҳисобни тенглаштириш баробарида руҳий устунликни майдон эгалари томон оғдирганди. Натижада яна 1 дақиқадан кейин Роналду «МЮ»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди, кейин Руни «дубль» расмийлаштирди. 79- дақиқада эса Димитар Бербатов якуний натижани ўрнатди - 5:2. Уэбб охирги ярим соат давомида «Балки ички ҳиссиётим панд бергандир. Эҳтимол, чиндан ҳам, тўғри қарорга келгандирман» қабилида ўйлаб, ўйинни бир амаллаб ниҳоясига етказди. Бироқ финал ҳуштагини чалиши билан барча умидлари чиппакка чиқди. Трансляция режиссёри улкан экранга дарҳол учрашув «қаҳрамон»ини олиб чиқди. Аслида мониторда чин қаҳрамон - Кэррикни ажойиб узатма билан таъминлаган, кейин ўзи «дубль» қайд этган ва Роналдуга ҳам ассистентлик қилган Руни кўриниши керак эди. Лекин йўқ: камера объективи Уэббга қаратилди: «Агар режиссёр барча футболчиларни ўтказиб юбориб, камерани ҳакамга қаратса, унинг кайфияти тушиб кетади. Бу жиддий нохушликлар­дан дарак. Ҳакам барчасини дарҳол фаҳм­­­лайди».

Уэбб ҳозир ўша вақт вазиятга аниқлик киритиш учун рақиб бош мураббийи Харри Реднаппнинг ёнига келган-келмаганини эслолмайди. ОАВ маълумотларига қараганда эса, «шпорлар» устози бош ҳакамни ерос­ти йўлагида кутиб олган. Бу одатий ҳол - беллашувлардан кейин улар реферига турли даражадаги нафрат билан мурожаат қиладилар. Дейлик, Жозе Моуриньо баҳсли масалалар бўйича фикр алмашиш учун Уэбб ёнига тез-тез бориб турарди. Лекин бу борада қандайдир зиддият юзага келгани ҳақида ҳеч ким эшитган эмас. Чунки Уэбб ҳеч қачон ўз қарорида туриб олмас ва баъзан хатога йўл қўйганини тан олиб, узр сўрарди. Мисол учун, у вақтида «Сандерленд» - «Эвертон» учрашувида нотўғри қарор қабул қилган ва кейин мезбонлар устози Мартин О,Ниллни тўхтатиб, шу хатоси унинг Рождество байрамидаги хурсандчилигини йўққа чиқаргани учун узр сўраганди: «Мартин аввалига ўта дарғазаб ҳолатда эди. Лекин тез орада жаҳлидан тушди ва таскин бера бошлади: «Майли, ранжима, Рождество байрами хайрли ўтсин. Бунақаси учраб туради...». Бордию, ўзимни оқлашга уринганимда, ёқимсиз мулоқот чўзилиб, «даҳанаки» жангга айланиб кетиши ҳеч гап эмасди».

«Челси» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги учрашувлардан бири якунлангач, Лондон клуби вакили Уэббга яқинлашган ва уни «Сити» бош мураббийи Мануэль Пеллегрини кутиб турганлигини маълум қилган. Шунда ўз наздида баҳсни рисоладагидек ўтказган рефери ёрдамчиси билан ҳазиллашган ҳолда, чилилик мураббийни табассум билан қарши олган: «Унинг яқинлашганини сезиб, эшикни очдим. Мураббий дарҳол мақсадга кўчди: «Ажойиб ўйин, мукаммал ҳакамлик. Уйингга бехатар етиб ол». Бундай самимий тилакларни эшитиш ёқимли, лекин камдан-кам учрайди».

Ховард Уэбб Евро-2008 финал раундидан ўрин олган Польша - Австрия учрашувини ҳам алоҳида ёдга олди. Зеро, англиялик рефери 90+3-дақиқада пенальти белгилагани учун кимлардир уни ўлдиришга чоғланишганди. «МЮ» - «Тоттенхэм» учрашувидаги хатолик эса ҳакамга «қизил иблислар» мухлиси мақомини тақдим этган. Уэбб баъзан яқин дўстлари ва оила аъзоларидан ҳам эътирозлар эшитиб туради. Чинакам футбол мухлислари жамоаларига катта эътибор берадилар. Улар учун клуб оиладан ҳам муҳимроқ. Ховард ўз вазифасини қандай бажараётганини билиш учун кўпроқ отасига мурожаат қиларди. Чунки у бор ҳақиқатни айтишини яхши биларди. Лекин мухлислик ҳакам ва яқинлари ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир қилган ҳолатлар ҳам йўқ эмас: «Англия кубоги доирасидаги «Ливерпуль» - «Арсенал» учрашувида «қизиллар»ни пенальтидан маҳрум этиб, хатога йўл қўйгандим. Очиғи, агар иложи бўлганида, қароримни ўзгартирардим, аммо... Алекс Окслейд-Чемберлен ҳужумчи Луис Суаресга нисбатан қоидага хилоф ҳаракатланган, мен эса катта тезликда юз берган воқеага тўғри баҳо беролмагандим. Якунда «Арсенал» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Кийиниш хонасига кирганимда, «Ливерпуль» мухлисидан SMS-хабар келди: «Билиб қўй, ҳамон яқин дўстим ва қадрдонимсан, аммо ўйинни ўта ёмон бошқардинг».

Ховард Уэбб нотўғри қарорларини эслаш жараёнида VAR тизимидан мақтовини аямади, янгиликни MLSда татбиқ этишда фаол иштирок этганини алоҳида таъкидлади. Умуман, фао­лияти давомида 500тадан ортиқ учрашувдан камида 90 фоизини  талаб даражасида бошқарган собиқ рефери хатоликларга йўл қўйилган ўйинларни жуда яхши эслаб қолган: «Хайриятки, кўплаб хатоликларни бартараф этадиган тизимга эга бўлдик. Унинг ишидан мамнунмиз. VAR касб­дошларимга қўшимча ишонч бағишлайди. Масалан, «Олд Траффорд»даги ўша учрашув пайти шундай имконият бўлганида, лавҳани бош­қа нуқтадан кузатган ва қарорни ўзгартирардим. Шунда кейинги 30 дақиқани виждон азобисиз ўтказардим. Бу мисол бошқа барча нотўғри ечимларимга ҳам тааллуқли. Қандайдир 1-2 дақиқа ичида такрорий лавҳани кўриб, хатони тузатганимда, бир неча йил аввалги кўнгилсиз воқеалар мени ҳозиргача таъқиб этмасмиди...?»

Дарвоқе, Ховард Уэбб бир неча йилдан кейин «Олд Траффорд»да рўй берган ўша хато учун узр сўраш имкониятига эга бўлди - ТВда Харри Реднапп билан ишлаган пайти. «Ҳамкорликда ташкил этилган телешоудан кейин икковлон барда чақчақлашдик. Шундан кейин анча енгил тортдим», - дейди собиқ рефери.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz