Қайднома

Қидирув

Молиявий инқироз ёки оқилона уйдирма

Молиявий инқироз ёки оқилона уйдирма

  27.09.2020 01:58
  0
  552
Молиявий инқироз ёки оқилона уйдирма

Сўнгги пайтларда «Андижон» клуби атрофида кўп гап-сўзлар бўлиб ўтди, ҳатто жамоанинг Ўзбекистон чемпионатидан чиқарилиши ҳам айтилди. Ёшлар жамоаси молиявий муаммоларни рўкач қилган ҳолда, U-21 биринчилиги ўйинларида қатнашмади. «Андижон» - «Пахтакор» баҳси қолдирилишига бир баҳя қолди, фақат расмий шахслар билан бўлиб ўтган суҳбатдан кейингина ўйинга бир неча соат қолганда, жамоа майдонга тушишга розилик билдирди.

Бугунги кунда Ўзбекистон чемпионати рақобатдан холи, оқилона бош­қарув, Профессионал футбол лигасидан молиявий воситаларни ажратиш етишмайди, жамоалар вилоят ҳокимликлари бюджетидан кун кўради.

Умуман олганда, «Андижон» жаҳондаги гигант ташкилотлардан бири - General Motors компаниясининг Ўзбекистондаги бўлими билан ҳамкорликда яхши кун кечираётганди. Андижондагиларнинг таъкидлашларича, клуб шу йилнинг ўзида ушбу муассасадан 2,3 млрд. сўм олган. Бошқа тармоқлардан жалб этилган сумма миқдори 0,9 млрд.га тенглиги айтилмоқда. Чипта ва абонементлар сотуви ҳам шулар жумласидан. Шу боис, коронавирус пандемияси бошлангач, «Андижон» даромад олиш имкониятини йўқотди: трибуналар бўш - чипта сотилмагандан кейин фойда ҳам йўқ. Пандемия автосаноатга ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Бунга қўшимча тарзда айтадиган бўлсак, клуб ўтган йилги қарздорликни яқиндагина бартараф этди, жорий йилда эса футболчилар июндан буён маош олишмаган. «Телег­рам»даги «Футболиум» номли инсайдерлик канали маълумотига кўра, «Андижон»даги маош фонди ойига қарийб 500 миллион сўмни ташкил этади.

Бу албатта, ўзбек футболидаги энг катта маош фонди эмас. Масалан, Жалолиддин Машариповнинг «Пахтакор»дан оладиган пули «Андижон»нинг барча футболчилари маош фондининг 1|7 қисмини ташкил этади. Шунга қарамай, Андижон варианти ҳам йилига 6 миллиард сўмни талаб этади. Қоидага кўра, асосий даромад манбаига қуйидагилар киради:

- ўйин куни чипталар, турли егуликлар, сувенирлар сотуви;

- ҳомийлик шартномалари;

- турнирлардаги мукофот пуллари;

- телетрансляциялар сотуви.

Ўзбек футболида, ҳатто коронавирус пандемияси бўлмаганда ҳам, юқорида қайд этилган услубларнинг аксариятидан фойдаланиш имконсиз. Чипталар сотуви Европадагидек даромад олиб келмайди. Наманганнинг «Навбаҳор» клуби томошабинлар ташрифи бўйича Ўзбекистон чемпионатида етакчи ҳисобланади. Намангандаги ўйинларда мухлислар сони 10 мингдан кам бўлмайди, одатда эса, трибуналар тўлиб-тошади. Coca Cola Суперлига жорий мавсуми 2-тури доирасидаги Тошкент «Локомотив»ига қарши кечган баҳс бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Ўша учрашув 25 мингдан зиёд томошабин гувоҳлигида ўтганди. Аммо шундай ҳолатда ҳам (уй учрашувларига 25 минг нафардан мухлис ташриф буюрса) «Навбаҳор» ўз бюджетининг 10 фоизини ҳам қоплай олмайди. Мазкур вазиятда пандемия чипталар сотуви билан боғлиқ қўшимча даромад манбаидан мосуво қилди.

Телетрансляциялар. Ўзбек футболида ўзгача анъана бор: клублар ТВ-ҳуқуқлар орқали фойда орттирмайди, аксинча, Профессионал футбол лигаси Суперлига ўйинлари намо-йиши учун Миллий телерадиокомпанияга пул тўлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, Англиядаги ҳолатни мисол сифатида келтирсак. У ерда Sky Sports ва BT Sport телекомпаниялари АПЛ 2019-2022 йиллар мавсумидаги ўйинларни намойиш этиш учун 4,464 миллиард фунт стерлинг тўлади. Ушбу сумманинг катта қисми клубларга, чемпионатдаги ўрнидан қатъий назар, тақсимланади.

Нисбатан ўртамиёна бўлган чемпионатлар ҳақида гапирсак, Швейцария биринчилиги ТВ-ҳуқуқлар орқали 100 млн. евро ишлайди, Туркияда бу сумма 50 млн.га яқин. Чемпионга «атиги» 10 млн. доллар тўланган Россия Премьер-лигаси кўрсаткичи ўзбек футболи учун ҳайбатли кўринади. Ўзбекистон клубларининг телетрансляциялардан оладиган даромади нолга тенг. Лига ва титул ҳомий (Сoca-Cola Uzbekistan) билан тузилган шартномалар жамоаларга ҳеч нима келтирмайди, ваҳоланки, ўша Россия Премьер-лигасида «Тинькофф Банк» турнирга номи берилгани учун 300 млн. рубль тўлайди. Бу ерда гап ажратиладиган пул миқдорида эмас, балки клубларнинг мусобақа ташкилотчиси амалга оширган келишувлардан даромад орттиришида.

Қўшимча сифатида айтиш керакки, клублар ПФЛга 600 миллион сўм бадал пули тўлашади. Бунинг эвазига ҳеч нима олишмайди. Бу ўзбек футболидаги асосий муаммолардан бири.

Ҳукуматнинг давлат бюджетида тежамкорликни таъминлаш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари келгусида ўзбек футболига таъсир кўрсатиши мумкин. Айни пайт футбол клублари акциялари Давлат активларини назорат қилиш агентлиги ихтиёрига ўтказилмоқда. Бу ишлар Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги ПҚ-5887 Қарори чиққанидан сўнг бошланди. Ҳужжатда футбол жамоаларининг эндиликда хусусийлаштирилиши, уларнинг акциялари эса махсус тендерлар орқали сотилиши очиқ-ойдин кўрсатилган. Камида 13та футбол клуби давлат маблағлари эвазига кун кўради:

«Пахтакор»нинг 20 фоиз акцияси - Тошкент шаҳар ҳокимлигига;

«Насаф»нинг 99,1 фоиз акцияси - «Шўртан газ кимё комплекси» МЧЖ ва унинг корхоналарига;

АГМКнинг 100 фоиз акцияси - «Олмалиқ КМК»га;

«Бухоро»нинг 80 фоиз акцияси - Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига, 20 фоизи Бухоро вилояти ҳокимлигига;

«Нефтчи»нинг 97,5 фоиз акцияси - «Ўзбекнефтгаз» АЖ, 2 фоизи Фарғона вилояти ҳокимлиги, 0,5 фоизи Фарғона вилояти Маданият бошқармасига;

«Шўртан»нинг 99,9 фоиз акцияси - «Ўзбекнефтгаз»га;

«Динамо»нинг 100 фоиз акцияси - Самарқанд вилояти ҳокимлигига;

«Металлург»нинг 100 фоиз акцияси - «Ўзметкомбинат»га;

«Машъал»нинг 100 фоиз акцияси - «Ўзбекнефтгаз»нинг икки ташкилотига;

«Навбаҳор»нинг 100 фоиз акцияси - Наманган вилояти ҳокимлиги бинолардан фойдаланиш дирекциясига;

«Сурхон»нинг 100 фоиз акцияси - Сурхондарё вилояти ҳокимлигига тегишли.

Январда openinfo.uz сайтида Тошкентнинг «Локомотив» клуби устав фондининг Тошкент механика заводига тегишли 58,2 фоизи юқорида номи қайд этилган Агентлик ихтиёрига ўтиши ҳақида хабар берилди. «Ўзбекистон темир йўллари» клуб бюджетини қисқартирмоқчи эканлиги айтилди, натижада у давлат муассасаси сифатида жамоага таъсирини ҳам қисқартирди. Ҳозирча Навоийнинг «Қизилқум» клуби бўйича аудиторлик ҳисоботи йўқ, ваҳоланки, жамоа либосида яна бир давлат компанияси - Навоий кон-металлургия комбинати логотипи тасвирланган.

Мазкур ҳолатда Алишер Усмонов бизнес-империяси назоратидаги USM Holdings компанияси қўллаб-қувватлаётган «Пахтакор»ни истисно тариқасида келтириш мумкин. Тошкент жамоаси, бошқалар билан солиштирганда, давлат бюджетидан максимал даражада мустақил ҳисобланади. Клубнинг маркетинг салоҳияти юқори, клуб тарихи ва чемпион таркиби билан ажралиб туради. Тўғри, муаммо шундаки, бутун Ўзбекистонда «Пахтакор» бу борада ягона мисол.

Ўз вақтида турли хусусий клублар олий даражага чиқишга интилишди, аммо якунда элитага чиқиб улгурмай, инқирозга учрашган. «Пахтакор»даги ўзгачалик хусусий инвесторлар билан боғлиқ. 2001 йилдан (ўша пайт Альберт Юлдашев клуб президенти бўлган) бугунгача (ҳозир раҳбар Бобур Шодиев) «шерлар» ўз пуллари ҳисобига кун кечиришмоқда. Шу ўтган давр мобайнида «Пахтакор» ПФЛдан даромад кутмаган ягона клуб бўлди. XXI асрнинг дастлабки ўн йиллиги охиридаги «Бунёдкор»ни ҳам шу тоифага киритиш мумкин: Лотин Америкасидан қимматбаҳо футболчилар олиб келинган, «Зеромакс» компанияси томонидан ўтказилган йирик ташкилот ва пиар-акциялар. Аммо мазкур лойиҳа ҳам ярим йўлда муваффақиятсизликка учради - пул тугади.

«Андижон» билан рўй берган воқеалар ўзбек футболидаги инқирознинг дастлабки босқичига ўхшайди. Давлат бюджетидан пул олишга ўрганган ҳамма клублар ҳам идеал бизнес-модель шароитида жон сақлай олмайди. Зеро, ўзбек футболида даромад орттириш бўйича аниқ тушунча йўқ. Профессионал футбол лигасининг клубларга пул бермаслиги эса, ушбу соҳанинг зиёнли бўлиши сабабларидан биридир. Давлат активларини назорат қилиш агентлигининг хусусий инвесторларни топиши осон кечмаслиги турган гап. Ҳозирги шароитда ишлаётган клублар эса бошқача ўзбек футболида «қайнашади». Ўйин сифати пасаяди, етакчи футболчилар хориж чемпионатларига қочишади. Оқибатда ички чемпионат даражаси тушиб кетади, жамоаларнинг Чемпионлар Лигасидаги кўрсаткичлари ёмонлашади. Аммо шундай шароитга кўникиш натижасида ўзбек футболидаги инвестицияга янгича қарашга ундайдиган омил пайдо бўлади.

Воқеалар шундай ривож олаверса, «Андижон»нинг ҳолатига тушадиган клублар кўпайиши турган гап. Бу эса нафақат маҳаллий чемпионат имиджига путур етказади, балки шарт­ли «Насаф» - «Қизилқум» қарама-қаршилигини томоша қилишдан кўра, бирор-бир спорт-барда Европанинг нуфузли турниридаги ўйинларни кузатишни хуш кўрадиган мухлислар учун айни муддао.

Клублар маркетингни ривожлантира олмай, ҳатто стадионда оилавий секторларни ташкил этолмаётгани - масаланинг бир жиҳати, холос. Бошқа томондан, футболни ривожлантириш истаги якунда давлат пуллари «ўзлаштирилиши»га сабаб бўлмоқда. «Андижон» иккинчи даврани давом эттирмоқда. Аммо келгусида вазият қандай кечади?

Евдоким РАИМОВ, Sports.ru, «Узбекская кухня» блоги


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz