Қайднома

Қидирув

19 ёшли “гўдак” Венгрия юлдузи ёхуд Доминик Собослаи ни танийсизми?

19 ёшли “гўдак” Венгрия юлдузи ёхуд Доминик Собослаи ни танийсизми?

  27.09.2020 03:04
  0
  399
19 ёшли “гўдак” Венгрия  юлдузи ёхуд Доминик Собослаи ни танийсизми?

Австриянинг «Зальцбург» клуби мавсум-2019|2020 давомида футболчилар сотувидан нақ 115 млн. евро топди. Камтарин жамоа 1 йил олдин бозорда 60 млн. еврога бойиганди. Умуман олганда, австрияликлар охирги йилларда ҳар бир трансферлар дарчасида иқтидорли ўйинчиларини пуллаш йўлидан боришмоқда. Бир йил давомида амалга оширилган Эрлинг Холанд, Такуми Минамино ва Амаду Айдара трансферлари - бунга ёрқин мисол. Навбатдаги номзод ҳам тайёр - венгриялик Доминик Собослаи. Бу йигит ҳозир 19 ёшда, аммо трансфер баҳоси анчайин профессионаллар ҳавас қиладиган даражада баланд - 25 млн. евро! Доминик ҳозирнинг ўзида Венгрия миллий жамоаси етакчиси. Шунингдек, Венгрия футболининг энг қимматбаҳо жавоҳири. Қаранг, 19 ёшли йигитча бутун мамлакат футболининг бош юлдузи мақомига даъво қилмоқда!

***

Доминик Собослаи навбатдаги қитъа чемпионати саралаш учрашувларида мунтазам майдонга тушди, Европа Миллатлар лигаси доирасида Туркия термасига қарши кечган ўйинда дарвозадан 33 метр узоқликда белгиланган жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этиб, гол муаллифига айланди. Муҳими, йигитчанинг бу зарбаси венгрларга сафардан муҳим 3 очко билан қайтиш имконини берди. Диққатга сазовор факт - Доминикнинг отаси ўғли учун ҳаттоки, махсус футбол мактаби очган экан. Жолт Собослаининг ўзи вақтида Венгрия чемпионатида тўп сурган, тўғри, эътиборли натижаларга эришмаган бўлсада, футболнинг асл мағзини тўлиқ ўзлаштирган. Ўғли 3 ёшга қадам қўйганида, унда тўпга меҳр уйғотди, барча машғулотларида бош-қош бўлди. Катта Собослаи кейинчалик фарзанди мамлакатдаги мавжуд академияларда кўплаб тарбияланувчилардан бирига айланиб қолишини истамади. «Футболчи сифатида шаклланишимда асосий ишни айнан отам бажарди. У бутун вақтини менга бағишлаганини унутишим мумкин эмас. Қисқаси, отам ва оиламиз аъзоларининг катта кўмагисиз ҳеч қачон ҳозирги даражага эришолмасдим», - дейди Доминик. Ота-ўғилнинг ҳамкорлиги 2017 йилгача, яъни ёш иқтидор соҳиби «Зальцбург»га йўл олишига қадар давом этди.

***

Кичик Собослаи Венгрияда «МОЛ Види», «МТК Будапешт» ва «Видеотон» академиялари жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Лекин футболнинг асосий сирларини отаси томонидан шахсан ўзи ва иқтидорли ҳамшаҳарлари учун Секешфехерварда махсус ташкил этилган «Фоникс-Голд» хусусий мактабида ўзлаштирди. Мураббий ота доимо ўғлида маш­ғулотларга нисбатан қизиқишни янада ошириш учун нималарнидир ўйлаб топарди. Дейлик, Доминик топшириқ ва кўрсатмаларни талабга мувофиқ адо этса, отасидан алоҳида рағбат оларди - музқаймоқ ёки шунга ўхшаш ширикликлар. «Агар болакай зерикиб қолганини сезсам, дарҳол уни лоақал битта топшириқни бажаришга кўндирардим. Шу зайлда ўғлимни сабрли бўлишга ўргатдим. Доминик белгиланган вазифани бажара олса, ваъдага мувофиқ, иккимиз қандолат дўконига йўл олардик», - дея эслайди Жолт Собослаи. Албатта, катта Собослаига хусусий мактаб ташкил этишда бошқа ота-оналар ёрдам беришган. Чунки уларга ҳам профессионал клублар ўқув даргоҳидаги машғулотлар тизими ва шарт-шароитлар мақбул келмаганди.

***

Доминик тез орада отасининг хусусий мактаби етакчилари қаторида кўзга ташланди. Жолт Собослаи эса европалик скаутларни «Фоникс-Голд» жамоаси ўйинларига чақириб турарди. Доминикка аввалига «Аталанта» ва «Ден Хааг» клубларидан таклифлар тушди, аммо кейинчалик «Зальцбург» чаққонроқ ҳаракат қилди. Томонлар тезда бир тўхтамга келишди, аммо Доминикнинг 16 ёшга тўлмагунича профес­сио­нал шартнома тузолмаслиги йигитчанинг янги клуб аъзосига айланишига халал берди. Лекин бунинг ҳам йўл топилди: шартлашувга кўра, футболчи иш кунлари Австрияда шуғуллана бошлади, шанба ва якшанба, шунингдек, байрамларда эса, албатта, Венгрияга қайтарди. Жа­раённи катта Собослаи тўлиқ ўз назоратига олганди.

***

Европа Миллатлар лигаси турнирида Туркия терма жамоаси дарвозасига жарима нуқтасидан урилган гол Собослаининг тасодифий омади эмас. У қитъа чемпионати саралашида ҳам Венгрия термасига худди шу услубда гол совға қилганди. Умуман олганда, Доминик жорий йилнинг ўзида 6та стандарт вазиятни голга айлантирди. Жумладан, йигитча май ойида бўлиб ўтган Австрия кубоги финалида «Аустрия Люстенау» дарвозасини забт этиб, «Зальцбург»нинг йирик (5:0) ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Йигитча иккала оёғидан бирдек самарали фойдаланади, ўзи ярим ҳимоя чизиғида ҳаракатлансада, маҳсулдорлиги ҳужумчиларга хос. Мана, Доминик ҳозирга қадар биргина Австрия чемпионатида 44 марта майдонга тушиб, 12та гол ва 13та самарали узатма муаллифига айланди. Дарвоқе, бу борада аввалги мавсум ярмига қадар клубда норвегиялик Эрлинг Холанд етакчи эди. Демак, венгриялик вундеркинд «Боруссия» Д. сафига қўшилган ёрқин иқтидор ўрнини босди. Собослаи айни пайт инглиз клублари нишонида турибди. Ўтган йили ЧЛ доирасида кечган «Ливерпуль» - «Зальцбург» учрашувидан кейин Юрген Клопп йигитчани ажойиб ўйин билан алоҳида табриклади. Эътиборлиси, германиялик мутахассис бунинг учун ҳаттоки, Собослаининг интервью­сини тўхтатиб қўйганди. АПЛ чемпиони тез орада «Зальцбург»дан Такуми Минаминони харид қилди, аммо Собослаи кузатувини ҳам тўхтатгани йўқ. Шунингдек, «Милан» ва «Наполи» ҳам венгр йигитига харидорлар қаторида. Венгрия миллий жамоаси бош мураббийи Марко Росси 19 ёшли болакайга нисбатан кучли қизиқишларга оддий ва табиий ҳол сифатида қарамоқда: «Доминик баланд парвозларга шай. Шахсий фикримча, Италия чемпионати тактика бўйича ҳамон етакчи. Собослаи ҳам тактика бобида чакки эмас. Умуман, у жаҳон футболи чўққисини забт этишга қодир йигит. Бунинг учун барча фазилатларга эга. Қолаверса, ёш футболчи мукаммаллик сари катта суръатда ўсмоқда».

***

«Зальцбург» вакиллари Доминикни «Видеотон» ва отасига тегишли мактаб жамоасидаги ўйинлари орқали кашф этишди ва 2017 йилнинг мартида атиги 500 минг еврога харид қилишди. Йигитча Австрия чемпионати етакчиларидан бири асосий таркибига киришдан аввал иккинчи дивизион иштирокчиси - «Лиферинг» сафида 6 ой тўп сурди. Кейин жамоага қайтиши билан Австрия чемпионатининг энг яхши футболчиси мақомига лойиқ топилди, қолаверса, жамоа билан 5та соврин ютди. Асосийси, унинг трансфер қиймати нақ 50 (!) баравар қимматлашди. Доминикнинг фикрича, «Зальц­бург»­да ривожланиш учун мукаммал тизим яратилган, кетган ўйинчилар ўрнини ёш иқтидорлар бемалол тўлдиришади: «Бу ерда йўлга қўйилган тизимга қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Барчасига ёшларнинг майдонда қандай ўйнаётганларини кўриб, амин бўласиз. Жамоа футболчилари ҳар бир учрашувни кўтаринки кайфиятда ўтказишади. Менимча, муваффақиятнинг гарови шу».

***

Мана, Собослаи 19 ёшида Европанинг энг ёрқин иқтидорлари қаторига кўтарилди. Ваҳоланки, у яқиндагина ҳам соддадил болакай эди. Шу сабаблими, «Зальцбург» Доминикка бирданига асосий таркибдан жой бермаган. Муҳими, Венгрия футболи умиди ортда қолган мавсумни тўлиқ майдонда ўтказди. «Муваффақиятга эришиш учун маҳоратнинг ўзи етарли, деб ўйлардим. Аслида бундай эмаслигини энди тушундим», - дейди Доминик. Ҳа, ҳозир ҳаттоки, Собослаининг «Инс­таграм»­даги саҳифаси ҳам унинг учун футбол, мотивация ва доимий машғулотларда ўзига хос ишончли кўмакчи...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz