Қайднома

Қидирув

Данило: «Янги муҳитга мослашиш учун кўп тер тўкдим»

Данило: «Янги муҳитга мослашиш учун кўп тер тўкдим»

  27.09.2020 06:08
  0
  395
Данило: «Янги муҳитга мослашиш учун кўп тер тўкдим»

«Англия, Испания ва Италияда чемпионлик унвонларига сазовор бўлганимдан ғоят бахтиёрман. Футбол тарихида касбдошларинг қайд этмаган қандайдир натижага эришиш ва бу борада ягона бўлиш доимо ўзгача лаззат бахш этади», деганди Криштиану Роналду 2019 йилда. Лекин португалиялик юлдузнинг ўзига хос кўрсаткичини унинг қадрдон дўсти йўққа чиқарди - Данило ҳам португалиялик касбдоши билан ҳамкорликда Ла Лигада ғолиб чиқди, кейин икки марта «Манчестер Сити» билан АПЛ чўққисини забт этди ва баҳорда «Ювентус» либосида «А» серия чемпионлигини қўлга киритди. FIFA.сом вакиллари билан суҳбатлашиш учун 29 ёшли бразилиялик ҳимоячи Жонни лақабли француз бульдоги билан ўтказаётган йога машқларини тўхтатиб, касбдошларимизга Роналду ва Неймар, собиқ жамоадоши Кевин де Брюйне, ҳозирги устози Андреа Пирло, шунингдек, Зайниддин Зидан ва Хосеп Гвардиолалар фаолияти хусусида фикр билдирди.

- Зидан ва Гвардиоланинг мураббийлик услубига қандай баҳо берасиз?

- Уларнинг услуби тамоман бир-бирига зид бўлсада, менинг фаолия­тимга ижобий таъсир кўрсатишди. Зидан ўта хотиржам, самимий инсон. У шогирдларига ўзларини мутлақо эркин ҳис этиш имкониятини бериб, майдонда бор куч-маҳоратларини намойиш этишларига шароит яратади. Унинг «Реал»даги даври ўта муваффақиятли ўтганди. Ўзаро муносабатимиз ҳам дўстона бўлганди. Гвардиола эса Зиданнинг акси - дои­мо фақат футболни ўйлайди ва ўйин­чилардан ҳам шуни талаб қилади. Ана шу босим эвазига футболчилар салоҳиятидан унумли фойдаланади. У билан 2 йил ҳамкорлик қилдим ва натижадан қониқдим. Пепнинг талабчанлиги туфайли сўнгги сониягача ҳушёрликни йўқотмасликни ўргандим.

- «Сити»да Кевин де Брюйне билан ёнма-ён тўп сургансиз. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Кевин менинг наздимда ўз позицияси бўйича дунёнинг энг сара ўйинчиларидан бири. Агар унинг ўйинларини таҳлил қилсангиз, узатмалари ва голларини ҳисобласангиз, жуда кўп тер тўкишига амин бўласиз. Тактика бобида ҳам юксак савия соҳиби. Қисқаси, «Сити»нинг ҳақиқий етакчиси. Боз устига, ушбу фазилатини намойиш эта бошлаганига анча бўлди. Бу - Кевиннинг тинимсиз изланишлари, футбол билан нафас олиши самараси. Ўйлайманки, де Брюйне узоқ вақт жамоа етакчиси мақомида тўп суради.

- Туриндаги дебют мавсуми қандай ўтди?

- Менимча, йилни ёмон ўтказмадим. Чунки АПЛ ва «А» серия ўртасида сезиларли фарқ мавжуд. Янги муҳитга тезроқ мослашиш учун анча тер тўкишимга тўғри келди, лекин ҳаракатларим зое кетмади. Тўғри, биз Скудеттони қўлга киритган бўлсакда, ЕЧЛ ғолиблигига эришолмадик. Жароҳатларни четлаб ўтсам, янги мавсумни янада яхшироқ ўтказаман, деб ўйлайман.

- Андреа Пирлога футболчи сифатида қандай баҳо берасиз?

- Ўз даврида у тенги йўқ ўйинчи бўлган. Тезлиги юқори бўлмасада, фикрлаш ва тўпни олиб юриш бобида унга етадигани йўқ эди. Андреанинг охирги машғулотлардаги иштирокини кўргач, мен бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. У ҳозир ҳам талаб даражасида ўйнай олади.

- Пирло мураббий сифатида сизда қандай таассурот қолдирди?

- Назаримда, у худди музлаб қолгандек. Майдондаги футболчилар менталитети унга аён. Чунки яқинда ўзи улар билан ўйнарди. «Ювентус» эса Андреага беш бармоғидек таниш, ўз мақсади, фикрларини етказишни, ўйинчилар билан яккама-якка гаплашишни яхши уддалайди, уларнинг кўнглига йўл топа олади. Қолаверса, Пирло жамоа қандай ўйнаши кераклигини яхши билгани боис, бир қатор тактик ғояларни татбиқ этмоқда. Унинг дастлабки кунлардаги фаолиятига фақат ижобий баҳо бериш мумкин.

- Криштиану Роналду хусусида қандай фикрдасиз?

- Инкор этиб бўлмайдиган даражадаги буюк футболчи. Унинг учрашувлардаги намунаси, кўрсаткичлари беназир. Машғулотлардаги фидойилиги ўйинларда акс этмоқда. У ҳар томонлама мукаммал ўйинчи, инсон сифатида ҳам ажойиб йигит. Криштиану билан 2 йил «Реал»да ўйнагандик, энди «Ювентус»дамиз. У билан турли мавзуларда суҳбатлашиб турамиз. Инсонийлик фазилати мақтовга лойиқ. У мендан доимо, айниқса, пандемия даврида Бразилия­даги вазият ҳақида сўрайди, жуда меҳрибон.

- Испания, Италия ва Англияда тўп сургансиз. Қайси лигани энг кучли, деб биласиз?

- Бу саволга жавоб бериш анча мушкул. Чунки ҳар қайси лиганинг ўз юзи, нуфузи бор. Сифат жиҳатидан олганда, Ла Лигада номдор жамоа ҳам, камтарроғи ҳам фақат ҳужум қилиш илинжида ўйнайди, рақибининг заиф томонини топишга уринади, ғалаба қозонишга интилади. Англияда эса жисмоний қудрат, шижоат, тиғизлик етакчи ўринда. Ҳаракат бир зум бўлсада тўхтамайди. АПЛ услуби менга ёқиб қолганди. Италияда тактика устувор - сал бўлсада ақллироқ, пухта ўйланган, ғирромликка ўрин йўқ ҳисоби. Умуман, ҳар бир чемпионатнинг ўзига яраша таровати бор.

- Бразилия терма жамоаси келаси ой ЖЧ-2022 саралаш босқичи учрашувларига киришади. Аввалги мундиалда қандай тажрибага эга бўлдингиз?

- Россиядан турли ҳиссиётлар билан қайтдим, дебютни нишонлаганда бахтиёрликдан ёрилай дедим. Кейин 2та жароҳат мени майдонга тушиш имкониятидан маҳрум этгач, кайфиятим тушиб кетди. Лекин мундиал мен учун бебаҳо тажриба бўлди. Ҳар қандай футболчининг орзуси шу. Орзунинг рўёбга чиққани, тажриба ва тўлиқ тўп сура олмаганим - ҳаммаси жамланиб, навбатдаги ЖЧга бўлган иштиёқимни ошириб юборди.

- Титенинг сизга ишонч билдирганлиги ҳам кайфиятингизни кўтарган бўлса керак?

- Асосий мақсадларимдан бирига эриша олганимдан мамнунман. Терма жамоа мураббийининг ишончига сазовор бўлиш - футболчи учун қўшимча мотивация, уни кун сайин ривожланишга, ўсишга даъват этади. Аммо Бразилиядаги рақобат ўта кучли. Бизда буюк футболчилар жуда кўп, уларнинг сафи доимо ёш иқтидорлар ҳисобига кенгайиб туради. Шу сабабли, Титенинг ишончини йўқотмаслик учун «Ювентус»да кўпроқ тер тўкишим талаб этилади.

- «Пентакампеонлар» либосида 25 марта майдонга тушгансиз. Агар Даниэль Алвес йўлингизга тўғаноқ бўлмаганида, кўпроқ ўйнашингизга шубҳа йўқ. Айтинг-чи, шундай буюк футболчи билан бир даврда ўйнаганингиздан хафа эмасмисиз?

- Йўқ, бу ҳолатдан умуман хафа эмасман. Терма жамоага 10 йилдан бери келиб-кетаман. Мана шуни фахр­ланишга арзийдиган давр, натижа дейишим мумкин. Айниқса, қаердан келганлигим, фаолиятим траекториясини инобатга олганда. Гарчи мухлислар терма жамоага ўнг қанот ҳимоячилари етишмайди, дейишган бўлсада, амалда ҳаммаси аксинча бўлган. Охирги 10 йил ичида Майкон ва Дани Алвеслар ўйнашмоқда. Улар юксак савиядаги ўйинчилар. Рақобат ҳам шунга яраша.

- Неймар ҳақида нима дейсиз?

- У дунёнинг энг сара футболчиларидан бири. Неймарни 10 йилдан кўпроқ вақт, «Сантос» ва «Селесан»даги давримиздан бери биламан. Шундоққина ёнимда у ақл бовар қилмас трюкларни амалга оширарди. Лекин ҳар бир янги финти мени ҳайратлантира олмасди. Чунки унинг иқтидори ҳар қандай футболчиникидан юқорироқ эканлигига амин бўлгандим.

- Бразилия Қатарда чемпионликка эриша оладими?

- (Кулади) Шундан умидворман. Саралаш босқичи мураккаб ўтиши аниқ. Футбол тактик ва жисмоний жиҳатдан жуда ўзгариб кетди, жамоа­ларнинг савиялари деярли тенглашиб бормоқда. Бироқ мақсадимиз - ЖЧдан ғолиб сифатида қайтиш. Иқтидорли, тажрибали ўйинчилар бизда етарли.

- Қайси жамоалар Бразилиянинг асосий рақобатчилари бўлади, деб ўйлайсиз?

- Испания яхши спорт формасида, Францияда олтин авлод шаклланган. Улар ёнига Бельгия ва Нидерландияни қўшиш мумкин. Бундан ташқари, шаклланиб улгурган Италия ва Аргентинани ҳам унутмаслик керак. ЖЧдек мусобақада нафақат ўйин савияси, балки анъаналар ҳам муҳим аҳамият касб этади.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz