Қайднома

Қидирув

Рўзиқул Бердиев: “Бугун адолатли натижа бўлди деб ҳисоблайман”

Рўзиқул Бердиев: “Бугун адолатли натижа бўлди деб ҳисоблайман”

  26.09.2020 22:50
  0
  125
Рўзиқул Бердиев: “Бугун адолатли натижа бўлди деб ҳисоблайман”

Coca Cola Суперлига 17-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Насаф” (0:0) жамоалари ўйинидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. 

-Ҳар икки жамоа ҳам яхши савиядаги ўйин кўрсатди. Учрашув кескин курашларга бой тарзда кечди. Ушбу баҳсда қайсидир жамоа мағлубиятга учраганида, бу ўша жамоа учун аламли мағлубият бўларди. Бугунги дуранг адолатли натижа бўлди. Иккала жамоа ҳам ғалаба учун майдонга тушганди. Аммо томонлар яратилган вазиятларни голга айлантира олмади.
Ўз жамоамизнинг ўйини ҳақида гапирадиган бўлсам, биз тўпни назорат қилишда кўп хатоларга йўл қўйдик. Бугунги баҳсда асосий режамиз тўпни кўпроқ назорат қилиш эди. Аммо тўп назоратида шошма-шошарликка йўл қўйдик ва бунинг оқибатида кўп тўп йўқотишлар юзага келди. Биз ғалабага яқин эдик. Бунинг учун биринчи бўлимда яратилган вазиятлардан унумли фойдаланишимиз керак эди. “Навбаҳор”нинг стандарт вазиятлардан унумли фойдаланиши ва бундай вазиятларни кутиб туришини билардик. Футболчиларимизнинг қўполликлари эвазига улар стандарт вазиятларга эга бўлишди ва хавфли вазиятлар ярата олишди. Менинг фикримча иккала жамоа ҳам бугун мағлуб бўлишга лойиқ эмасди. Натижа адолатли бўлди.
- Ушбу жамоаларнинг сўнгги беш йилдаги натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, кўпроқ дуранг натижа қайд этилган. Бу борада нима дея оласиз? “Навбаҳор” “Насаф” учун ноқулай рақибми? Бугунги ўйинга жамоангизнинг етакчи ўйинчиларини захирадан майдонга туширишингизга нима сабаб бўлди?
- “Навбаҳор” жамоасини ҳам ҳурмат қилиш керак. Бу жамоа биз учун ноқулай рақиб десак бу озгина нотўғри бўлади. Тан олиш керак, Наманганда футболни ҳар доим севишган, футболга эътибор бўлган ва яхши жамоа шаклланган. “Навбаҳор” билан кўп дуранг қайд этилаётганини тасодиф деб ўйлайман. Чунки иккита жамоа ҳам ҳар бир учрашувда ғалаба учун майдонга тушмоқда. Агар биринчи даврадаги ўйинни эсласак, биз мағлубиятга учраб турган вазиятда дурангга эришган эдик. Бугун ҳам иккала жамоа фақат ғалаба учун ҳаракат қилди. Яхши вазиятлар яратилди. Қаердадир дарвозабонлар яхши ҳаракат қилишди. Қаердадир ҳужумчиларга совуққонлик етишмади.
Етакчи футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсам, уларни майдонга туширмадикми, демак, бунга етарли асослар бор. Бозоров ўтган турда майдонга тушиши керак эди. Аммо учрашув бошланишидан аввал ўйнай олмаслигини билдирганди ва унинг ўрнига Норчаевни майдонга туширган эдик. Ойбек Бозоров “Андижон” жамоаси билан бўлган ўйинда жароҳат олган эди. Шунинг учун бугун таваккал қилмадик ва уни захирадан майдонга туширдик.
Станоевичнинг ҳам майдонга тушмаганлигига ўз сабаблари бор. Охирги уч кунда у биз билан камроқ машғулотларда қатнашди. Ошқозони безовта қилаётганлиги сабабли, унинг ҳам ҳолати яхши эмасди. Шу туфайли улар бугун захирадан майдонга тушишди.

- Сизнингча, жамоангиз бу йилги чемпионатда медаллар учун кураша оладими?
- Агар ўйинимизни оладиган бўлсак, биз бунга муносибмиз. Бунга ўзларинг гувоҳи бўляпсизлар. Ўйиннинг мазмуни ёки сифати бўйича бошқа жамоалардан қолишаётганимиз йўқ, лекин буни вақт кўрсатади. Ҳали олдиндаўйинлар кўп. Мақсадимиз ҳам медаллар учун курашиш. Барча жамоалар билан ўйнаб чиқдик. Қайсидир жамоалар билан бир мартадан, қайсилари билан эса икки мартадан ўйнашга улгурдик. Ҳар бир жамоа билан ўйнашга қодирмиз. Биз медаллар учун курашамиз.
- Бугун жамоангиз икки очко йўқотдими?
- Юқорида ҳам айтиб ўтдим. Бугун иккала жамоа ҳам мағлуб бўлишга хақли эмасди. Дуранг адолатли натижа бўлди. Агар биз биринчи бўлимдаги вазиятларни голга айлантирганимизда, ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Аксинча иккинчи бўлимда “Навбаҳор” вазиятларни голга айлантирганида, мезбонлар ғалаба қозонишар эди. Албатта, мен мураббий сифатида икки очко йўқотдим, дейишим мумкин. Биз медаллар учун курашмоқчи бўлсак, бизга уч очко керак эди. Лекин бугун ғалабага муносиб, рақибдан устун ўйин намойиш этмадик. Шу сабабли бугунги натижа адолатли бўлди.
- Бизга етиб келган маълумотларга қараганда, “Насаф” жамоаси аъзолари беш ойдан буён маош олишмаётган экан. Бундай вазиятда жамоани руҳий тайёрлаш қандай кечяпди? Бу сизга қанчалик мураккаблик туғдирмоқда? Молиявий масалаларга қандай изоҳ берасиз?
- Бу масала кўриб чиқилди. Раҳбарият билан бу масалада учрашдик. Қарздорлик мавжуд. Лекин аввал ҳам айтиб ўтганимдек, биз майдонга чиққанимиздан сўнг курашяпбмиз.Йигитларга ҳам бу нарсаларга камроқ эътибор беришларини таъкидлаймиз. Руҳий тарафдан тайёрланишга кўпроқ урғу берамиз. Яна бир тарафи борки, бизнинг футболчиларнинг кўпи ҳали ёш. Улар ҳали ривожланишлари керак. Бу омиллар уларни ўйлантириши керак эмас. Футболчиларимиз ҳам буни тушуниб ҳаракат қилишмоқда. Аввал ҳам айтиб ўтгандим, биз ҳомийларимизга ишонамиз. Кеча вилоят ҳокими билан ҳам учрашдик. У киши ҳамма вазиятдан хабардор. Жамоамиз вилоят ҳокимининг эътиборида. Ҳар бир ўйинимиздан сўнг табриклаб, ўз маслаҳатлари билан ўртоқлашадилар.


Манба: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz