Қайднома

Қидирув

“Реал” рақобатдан ҳоли ёки трансферлар дарчаларининг энг йирик 10та кампанияси

“Реал” рақобатдан ҳоли ёки трансферлар дарчаларининг энг йирик 10та кампанияси

  28.09.2020 07:30
  0
  407
“Реал” рақобатдан ҳоли ёки трансферлар дарчаларининг энг йирик 10та кампанияси

Мана, бу йил ёзги трансферлар мавсуми ҳали тугамасдан туриб, «Челси» ўз тарихидаги рекорд кўрсаткични янгилашга улгурди. Лекин Лондон гранди битта дарча давомида энг кўп маблағ сарфлаган клуб эмас. Роман Абрамович жамоаси энг фаол трансферлар кампанияси бобида атиги 9-ўринда. Хўш, олдинда қайси клублар бор?

10-ўрин: «Манчестер Сити» (Англия) -207,88 млн. евро

Дарча: 2015 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Кевин де Брюйне («Вольфс­бург»дан) - 76 млн. евро.

«Шаҳарликлар» Хосеп Гвардиола бош мураббийлик лавозимини эгаллашидан 1 йил аввал ўз тарихларида илк бора битта трансферлар дарчасида 200 миллион евродан кўпроқ сарфлашганди. Улар ўшанда нафақат Кевин де Брюйне ва Раҳим Стерлинг, балки Николас Отаменди трансферига ҳам катта маблағ (44,5 млн. евро) ажратиб, ҳимоя чизиғига йирик сармоя тикиш анъанасини бошлаб беришганди. Бироқ жамоа йирик харажатга қўл урганига қарамай, якунда фақат Лига кубоги билан кифояланди. Тўғри, Мануэль Пеллегрини бошқарган ўша таркиб ЕЧЛ ярим финалига ҳам етиб борганди. Гвардиола эса кейинги 4 мавсумда бундай ишни уддасидан чиққани йўқ.

 

9-ўрин: «Челси» (Англия) - 223,2 млн. евро

Дарча: 2020 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Кай Хавертц («Байер»дан) - 80 млн. евро

«Кўклар» харажат бобидаги аввалги рекордни бор-йўғи 17 миллион еврога оширишдию, ўша кампанияни етакчи 10таликдан чиқариб юборишди. «Челси» 2017 йилнинг ёзида Антонио Конте талаби билан Альваро Мората, Тьемуэ Бакайоко, Антонио Рюдигер, Давиде Заппакоста ва Дэнни Дринкуотерга катта маблағ сарфлаган бўлсада, бунинг самараси сезилган эмасди. Хўш, Марина Грановская ва Петр Чех бошчилигида амалга оширилган навбатдаги харидлар ўзини оқлармикан? Буни вақт кўрсатади, албатта.

 

8-ўрин: «Барселона» (Испания) -

230,7 млн. евро

Дарча: 2017 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Усмон Дембеле («Боруссия»дан) - 138 млн. евро

Каталонияликлар 3 йил олдин ёш Усмон Дембелени сотиб олишдан ташқари, Паулиньо ва Нельсон Семеду трансферини расмийлаштиришган, шунингдек, Жерар Деулофеуни ортга қайтаришганди. Қишда эса Филиппе Коутиньо учун 145 миллиондан воз кечиб, йиллик харажат миқдорини 400 «лимон»га яқинлаштириб қўйишди (тўғри, қишки савдолар энг йирик кампаниялар қаторига киргани йўқ). Аммо қимматбаҳо харидлар «Барселона»га айтарли муваффақият келтирмади: жамоа баҳорда ЕЧЛдан шармандали ҳолатда чиқиб кетди, Неймар ва захира футболчилари савдосидан олинган даромаднинг асоссиз сарфланиши эса молиявий муаммоларни келтириб чиқарди...

 

7-ўрин: «ПСЖ» (Франция) - 238 млн. евро

Дарча: 2017 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Неймар («Барселона»дан) - 222 млн. евро

Каталония грандининг харажати Неймарни Парижга бериш эвазига қопланганини таъкидласак, хато бўлмайди. Пойтахтлик­­­лар яна нотаниш Ю­ри Берчич учун 16 «лимон» тўлаб, клуб тарихидаги рекордни расмийлаштиришди. Килиан Мбаппе ҳам айнан ўша дарчада «ПСЖ» ихтиёрига ўтган, фақат ўзаро келишувга мувофиқ, «Монако» уни аввалига бир йил муддатга ижара асосида берганди. Яъни трансфер қиймати - 145 млн. евро князлик клуби ҳисобига 1 йилдан кейин ўтказиб берилди.

6-ўрин: «Атлетико» (Испания) -

243,5 млн. евро

Дарча: 2019 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Жоау Фелиш («Бенфика»дан) - 126 млн. евро

«Матрасчилар» айни шу дарчада футболчилар сотувидан 312 млн. евро («Монако»-2018дан кейинги иккинчи юқори натижа) топиб, маблағнинг катта қисмини таркибни кучайтиришга сарфлашди. Яъни Жоау Фелиш қатори Маркос Льоренте, Марио Эрмосо, Фелипе, Ренан Лоди ва Киран Трипьер ҳам «Атлетико»нинг йўл-йўл либосини кийишди.

 

5-ўрин: «Манчестер Сити» (Испания) -

248,5 млн. евро

Дарча: 2017 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Бенжамен Менди («Монако»дан) - 57,5 млн. евро

«Манчестер Сити»нинг сахий эгалари Мануэль Пеллегрини учун охирги ёз дарчасига айланган кампанияда ўрнатган рекордларини атиги 2 йилдан кейин янгилашди. Аниқроқ айтсак, янги бош мураббий - Хосеп Гвардиола талаби билан Бенжамен Менди, Кайли Уокер ва Данилодек қимматбаҳо ҳимоячилар сотиб олинди. Шунингдек, дарвозабон Эдерсон ва ярим ҳимоячи Бернарду Сильва ҳам «шаҳарликлар» сафини тўлдиришди. Бу сафар катта харажат самараси ўзини узоқ куттириб қўймади: жамоа 100 очко (рекорд!) жамғарган ҳолда, АПЛда зафар қучди. Лекин ЕЧЛ чорак финалида «Ливерпул»дан умумий 1:5 ҳисобида енгилиб, мусобақани алам билан тарк этди.

 

4-ўрин: «Барселона» (Испания) -

255 млн. евро

Дарча: 2019 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Антуан Гризманн («Атлетико»дан) - 120 млн.евро

«Барселона» ўтган йилнинг ёзида чорак миллиард евро сарф­лаш билан ўз рекордини янгилади. Бу қандай ўзгаришларга олиб келди? Сов­ринсиз мавсум, «Бавария»дан шармандали (2:8) мағлубият ва Лионель Мессини мажбуран ушлаб қолишга... Ҳаттоки, Флорентино Перес­нинг ўта кучли найранги ҳам азалий рақибни Хосеп Бартомеучалик дабдала қилолмасди. Санъат даражасидаги маккорлик... 

 

3-ўрин: «Реал» (Испания) - 258,5 млн. евро

Дарча: 2009 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Криштиану Роналду («МЮ»дан) - 94 млн. евро

Флорентино Переснинг президентлик лавозимига қайтиши воқеаларга бой бўлди. «Қироллик клуби»нинг атоқли йўлбошчиси Рамон Кальдероннинг нурсиз давридан кейин «Сантьяго Бернабеу»да иккинчи галактикосни шакл­лантиришга аҳд қилди ва Криштиану Роналду, Кака, карим Бензема, Хаби Алонсо, Альваро Арбелоа ва Рауль Альбиолни олиб келди. Бош мураббий лавозими эса, Мануэль Пеллегринига топширилди. Бироқ бу мутахассис юлдузлардан самарали фойдаланолмади ва мавсум якунида жамоадан кетди.

2-ўрин: «Ювентус» (Италия) - 262,6 млн. евро

Дарча: 2018 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Криштиану Роналду («Реал»­дан) - 117 млн. евро

«Кекса синьора» Мадриддаги 9 йиллик фаолиятдан кейин бироз зериккан Криштиану Роналдудан ташқари, Жоау Канселу ва Дуглас Костани ҳам харид қилди, «Милан»дан Леонардо Бонуччини қайтариб олди. Лекин бу харидлар жамоа ҳаётида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлмади: скудетто анчадан буён туринликлар тасарруфида эди, ЕЧЛ ғолиблиги эса ҳамон орзулигича қолмоқда...

 

1-ўрин: «Реал» (Испания) - 367,5 млн. евро

Дарча: 2019 йил ёз

Энг қимматбаҳо трансфер: Эден Азар («Челси»дан) - 160 млн. евро

«Қироллик клуби»нинг энг дабдабали кампанияси келажакка мўлжалланган бўлиб, ҳозирча ижобий таассурот қолдирмаяпти. Боиси, энг қимматбаҳо харидлар - Лука Йович ҳамда Эден Азар дебют мавсумида кутилган даражада ўйин кўрсатолмадилар. Бельгиялик футболчи Мадридда асосий вақтни жароҳатлардан қутулишга сарфлаган бўлса, сербия­лик ҳужумчи интизом масаласида жиддий муаммоларга юз тутди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz