Қайднома

Қидирув

Виталий Денисов Ҳабиб учун октагонга сакрашдан қайтмайди

Виталий Денисов Ҳабиб учун октагонга сакрашдан қайтмайди

  28.09.2020 10:12
  0
  402
Виталий Денисов Ҳабиб учун октагонга сакрашдан қайтмайди

Ҳа, ҳамюртимиз Виталий Денисов агар вазият тақозо этса, россиялик Ҳабиб Нурмагомедов учун панжара ичига тушиб, жанг қилишдан қайтмас экан. Фаолиятини Россия чемпионати Биринчи дивизиони (Миллий футбол лигаси) иштирокчиси «Томь» (Томск)да давом эттиришга қарор қилган ҳимоячимиз асосан еврофутболни ёритишга ихтисослашган eurosport.ru сайтига берган интервьюсида шу ҳақда гапирди. Умуман, кичик Денисов суҳбат давомида фаолиятида рўй берган энг қизиқарли воқеаларни ёдга олди, жумладан, Лондоннинг «Арсенал» клубига борганини ҳам. Шунингдек, ўзи билан бирга ўйнаган энг яхши футболчиларга тааллуқли залворли маълумотлар билан ўртоқлашди. Дарвоқе, миллий жамоамизда ёрқин из қолдирган Виталий яқинда «Томь» жамоа­си тиббий кўригидан муваффақиятли ўтиб, Томскда шартномага имзо чекди.

 

ҲАБИБ

- Ҳабиб учун октагон панжарасидан сакраб ўтишим мумкинми? Агар унинг бурчаги (жамоаси)да бўлганимда, албатта, шундай қилардим. Тушунаман, кўплаб аралаш жанг усталари Ҳабиб жамоасида секундант ёки ёрдамчи бўлишган. Хуллас, вазият тақозо этса, унинг учун октагон панжарасидан ошиб ўтардим ўйламай...

 

СМОРОДСКАЯ

- Смородскаяга 3та ибора билан таъриф? Профессионал. Оғир ҳолатларда қандай йўл тутишни биладиган раҳбар. Шахсан мен бундай ҳолатга тушмаганман, лекин ўйлайманки, у ёрдамини бировдан аямайдиган аёл.

 

«АРСЕНАЛ»

- Лондонда «Арсенал» базасидан ташқари, яна нималарни кўрганман? Оддийликни! Ўзига хос ва оддий клуб, ҳамма ўз иши билан шуғулланади, ҳеч ким бурнингизни ерга ишқамайди. Эсимда, «Арсе­нал»га борганимда, тест тариқасида йўлакда югуртиришди. Шунда олдимизга машҳур Фредди Юнгберг келди. Унинг гаплари ҳамон аниқ эсимда: «Булар ҳам футболчилар-ку, тажриба учун олиб келинган болакайлар эмас!». Ўшанда меҳмонхонада яшагандик. Кун тартиби билан таништиришди - нонушта соат нечада, маш-ғулотларга ким қачон олиб боради ва ҳоказо... Кейин клуб спорт директорими ёки бош директори, жамоа билан бир ҳафта бирга бўлишимизни айтди. Меҳмонхонадан шаҳарга чиққанимизда, ҳар биримизга 50 фунтдан тарқатишди. Кейин яна бир функционер келди-да, шунчаки, қўлимизга 100 евродан тутқазди.

 

КВИНСИ ОВУСУ-АБЕЙЕ

- Ҳа, Лондонда уни кўрганман, ҳаттоки, бирга шуғулланганман. Ақлга сиғмас даражада улкан иқтидор. Эсимда, ҳаммамиз саноқсиз комьютерлар териб қўйилган хонага киргандик. Бу  компьютердан оммавий фойдаланиш, хатлар ва почтани текшириш учун мўлжалланган хона экан. Квинси ва Тьерри Анри ҳамиша компьютерда бирга ўйнашарди. Ўшандаёқ ҳамма  Квинсини бўлажак юлдуз сифатида таништирганди. Унинг синов натижаларини келтириб, мақташгани ҳам эсимда. Жумладан, тезлик бобида Анридан сира қолишмаслигини таъкидлашган эди.

 

ЭНГ ЯХШИ ЛЕГИОНЕРЛАР

- Вагнер Лав, Даниэль Карвальо, Осмар Феррейра, Жулиано, Алсидес. Бразилиялик ўнг қанот ҳимоячиси Алсидес «Челси»га тегишли эди ва ПСВда ўйнаган. Тўғриси, ҳаётим мобайнида ундан кучлироқ ўнг қанот ҳимоячисини кўрган эмасман. Алсидес билан «Днепр»да бирга ўйнадим. «Локомотив»дачи? Москва клубидаги фаолитим давомида мен билан бирга ўйнаган энг кучли легио­нер - Лассана Диарра эди. Шунчаки, топ! Ҳар жиҳатдан топ-футболчи? Буссуфами? Шахсан мен учун Лассана кучлироқ.

Бир сафар «Спартак» билан дерби ўйини ёки УЕФА кубоги доирасидаги учрашувга кетаётгандик. Ўшанда ЦСКАни Валерий Газзаев бошқарарди. Ҳамма жим. Гапириш уёқда турсин, нафас олишга чўчиб ўтирардик. Шу пайт Вагнер Лав шов­қин кўтариб, бақир-чақир қила бошлади: «Нега тушкун ҳолатдасизлар? Қани, кулдик! Олдимизда жиддий ўйин бор!» Шунда Газзаев ўрнидан туриб, бир нигоҳ ташлади ва қатъий оҳангда  буюрди: «Ўтир!» Лав эса ҳеч нарса бўлмагандек, давом этди: «Муаммо нимада? Дадиллашинг! Шайланинг! Кулинг! Хушчақчақлик керак!» Ҳамма роса чўчиганди. Муҳими, ўша учрашувда ғалаба қозонгандик.

 

* Виталий Денисов РФИ Ижроий қўмитаси талқинига кўра, 2 марта Россия чемпионатининг мавсумдаги энг яхши ҳимоячиси сифатида эътироф этилган.

* Виталий ўтган мавсум Волгограднинг «Ротор» клуби ихтиёрида эди.

Виталий Денисов расман «Томь» футболчиси!

33 ёшли ҳимоячи Виталий Денисов расман Россия қуйи лигаси клуби таркибига қўшилди. «Ротор» РПЛга чиққач, жамоа билан хайрлашган Витя ва «Томь» ўртасида тузилган шартнома жорий мавсум охиригача мўлжалланди. Ўзбекистонлик ҳимоячи 29-рақам остида тўп суради. Маълумот учун, Денисов фаолияти давомида ЦСКА, «Днепр», «Локомотив» (Москва), «Рубин», «Крилья Советов» ва «Ротор» клублари шарафини ҳимоя қилган. Жумладан, «Локо» билан Россия чемпиони бўлиш баробарида мамлакат кубогини ҳам ютган. Томск вилояти бош клубига келсак, у айни пайт Россияда иккинчи ўринда турувчи дивизион турнир жадвалида 22та жамоа орасида 21-поғонада бормоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz