Қайднома

Қидирув

Қатарда нима гап?

Қатарда нима гап?

  29.09.2020 03:33
  0
  419
Қатарда нима гап?

Қатардаги жаҳон чемпионати старт олишига ҳам икки йил вақт қолди. Хўш, ташкилотчи мамлакат вазифаларни уддалаяптими? ЖЧ-2022 ўтказиш олий қўмитаси турнир бўйича ҳисобот тайёрлади. Биз эса уларнинг асосийларини саралаб, сиз билан баҳам кўришни маъқул билдик.

Конструктор-стадионлар

Дастлаб Қатардаги жаҳон чемпионати 12та стадионда ўтиши белгиланганди, аммо ФИФА билан музокаралардан сўнг уларнинг сонини 8тагача камайтиришга қарор қилинди. Аксарият ареналар янгидан қурилди, аммо уларни барпо этиш суръати чаккимас. Учтаси - «Ҳалифа», «Ал-Жануб» ва «Эдьюкейшн Сити» — турнирга шай. Қолган бештаси мусобақа бошланишидан анча олдин фойдаланишга топширилади.

Аслида Қатарда шунча футбол объектларига эҳтиёж йўқ эди. Бироқ ФИФА талабларига кўра, мундиал ўйинларини сиғими 40 мингдан ортиқ бўлган стадионларгина қабул қила олади. Қатар вазиятдан оқилона тарз­да чиқди: мезбон-ареналарнинг деярли барчаси қайта йиғиштирилади. Модул дизайн жаҳон чемпионатини ажойиб тарзда ўтказиш имконини беради, турнирдан кейин ареналардаги 170 мингдан зиёд ўриндиқлар олиб ташланади. Барча стадионлардаги умумий сиғим - 380та ўрин. «Олий қўмита турнир якунланганидан кейин ортиқча ўриндиқларни спорт инфратузилмаси ривожланишга муҳтож мамлакатларга беришни режалаштирган», - дейилади ҳисоботда.

Мухлислар, шунингдек, сайёрамизнинг энг йирик турнири тарихида илк бор тўлиқ йиғиштириб ташланадиган стадионни ҳам кўришади. Бу - «Рас Абу Абуд» бўлиб, унинг асоси қайта ишланган юк контейнерларидан ташкил топган. Жаҳон чемпионатидан кейин стадион қад ростлаган жой кўрфаз ҳамда Дохадаги осмон­ўпар бинолар кўриниб турадиган ҳудудга айланади.

Экология, экология, экология...

Қатар обрўсидан жуда хавотирда, шу боис экологик жиҳатдан энг мукаммал мундиални ўтказмоқчи. Бу нима дегани? Биринчидан, эски объектларга янги «жон» кирди. Эски иншоотларни бузиш ҳамда «Ал-Жануб» ва «Ал-Райан» стадионларини қуриш жараёнида вужудга келган ахлатларнинг 90 фоизи қайта ишланди. Иккинчидан, мамлакат фаол тарзда яшил тусга кирмоқда. Сир эмаски, Қатарнинг деярли барча қисми чўлдан иборат ва муаммо жиддий. Ҳисоботда бу масалада шундай дейилади: «Стадионлар ва уларнинг атрофидаги ҳудудлардаги 850 минг квадрат метр жойга турли кўчатлар экилади. Бу эса 121та футбол майдони эквивалентига тенг дегани. Қолаверса, 16 мингтадан ортиқ дарахт экиб бўлинган. Кўчатлар қайта ишлатиладиган механизм асосида суғорилади, маҳаллий қушлар, калтакесаклар ва фауна оламининг бошқа вакиллари яшаши мумкин бўлади».

Учинчидан, сув таъминотига ҳам алоҳида эътибор берилади. Маълум бўлишича, деярли барча стадионлар совитиш тизими билан жиҳозланади, ундан чиқадиган буғдан эса суғоришда фойдаланилади, қайта ишланган сув чангни бостиришда асқотади. Стадионлардаги умумий фойдаланиш объектлари (раковина, душ, ҳожатхона) халқаро стандартлар асосида белгиланган минимал талабдан 40 фоиз камроқ сув ишлатади.

Анъанавий ва ҳаммабоп

Қатарнинг олдида 2022 йилгача ҳал этилиши керак бўлган вазифалар бис­ёр. У ерда тўлақонли янги мамлакат барпо этиляпти, десак ҳам бўлаверади, шу боис нафақат стадионлар, балки йўллар ҳам қурилмоқда, транспорт тизими йўлга қўйилмоқда. Ўтган йили Дохада метро очилди. Барчаси мухлисларнинг ареналаргача қулай тарз­да етиб боришлари, улар ўртасида эркин ҳаракатланишлари учун амалга оширилмоқда. Ерости йўлидан бир марта фойдаланиш учун, 2019 йилги Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан келиб чиқиб айтсак, 3 Қатар риали тўланган.

Муҳими, мамлакатда тўлақонли дам олиш масканлари вужудга келмоқда. Айрим стадионлар атрофида рекрацион ҳудудлар йўлга қўйилиб, у ерда югуриш ва велосипед йўлакчалари пайдо бўлади. Учта жамоат парки - Ал-Жануб, Ал-Байт ва Ал-Эрсал оммага хизмат кўрсатишни бошлаб юборган.

Айрим ареналар нафақат йиғиштирилади, балки бошқа мақсадларда ҳам фойдаланилади. Баъзи стадионлар жамоат муассасалари - шифохона, мактаб, савдо маркази ёки меҳмонхонага айлантирилади. Масалан, «Эдьюкейшн Сити» Қатар таълим, фан ва жамиятни ривожлантириш фондининг йирик лойиҳаси маркази бўлади - унинг атрофида университетлар қад ростлайди.

«Лусаил Айконик» эса кўпчиликни иш билан таъминлайдиган корхонага айланади. У ҳали харитадан жой олишга улгурмаган Лусаилда қурилмоқда. Турнирдан кейин аренадаги ўриндиқларнинг ярми бошқа мамлакатларга тарқатилади, унинг ҳудудида эса дўконлар, кафелар, тренажёр заллари, таълим ва бизнес марказлари, шунингдек, тиббиёт клиникаси очилади. ЖЧ-2022нинг очилиш ўйини ва финали айнан шу стадионда ўтказилади.

 А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz