Қайднома

Қидирув

208 кун кутилган гол бесамар кетди...

208 кун кутилган гол бесамар кетди...

  30.09.2020 03:04
  0
  374
208 кун кутилган гол бесамар кетди...

«Ростов» ҳужумчиси Элдор Шомуродов аввалги пайшанба оқшоми нақ 208 кунга чўзилган голсиз сериясига нуқта қўйди, ниҳоят. Аммо ҳамюртимизнинг узоқ куттирган голи бесамар кетди - ростовликлар Европа Лигаси учинчи саралаш босқичида курашдан четга чиқишди...

Ҳа, «Ростов» ўз майдонида Хайфанинг «Маккаби» клубига бас келолмади - 1:2. Оқибатда Валерий Карпин жамоаси учун янги евромавсум хотима топди. РПЛ вакилининг ягона голи ўйиннинг 9-дақиқасида Элдор Шомуродов томонидан урилди. У бунга қадар 2020 йили барча турнирлар ҳисобидан рақиблар дарвозасига атиги 1 марта йўл топганди. Аниқроқ айтсак, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси охирги марта 29 февраль куни РПЛ доирасида «Ахмат» (Грозний) клубига қарши кечган учрашувда гол қувончини туйганди. Ҳамюртимиз шундан кейин қаторасига 15та ўйин­да майдондан голсиз чиқиб кетди. Мана, футболчимиз ниҳоят, яна гол урди, аммо клуби ЕЛ саралашидан чиқиб кетди.

РПЛнинг янги мавсумига қарасак, Шомуродов ҳозирча на гол урди ва на самарали узатма муаллифига айланди. Энг муҳими, Валерий Карпин олдинроқ ҳужумчига далда бериб, унинг яна гол ура бошлашига умид билдирганди. Дейлик, мураббий бир ой муқаддам Шомуродов энди-энди спорт формасини тиклаётганини таъкидлади. Элдорнинг самарадорлик статистикаси тушиб кетиши оқибатида «Ростов» ҳам қийналмоқда. Ҳар ҳолда, ростовликлар РПЛ-2020|2021нинг дастлабки 8та ўйинида атиги 7та гол ҳосил қилишди ва бу чемпионатдаги рақобатчи жамоаларникидан анча кам.

«Ростов» - «Маккаби» ўйинига келсак, Исроил клубида самаралироқ етакчи топилди. Яъни Шомуродов голига 33 ёшли Никита Рукавица жавоб берди. Ушбу ҳужумчи 5 йилдан буён «Маккаби»да ўйнамоқда. Австралиялик футболчи мавсум-2019|2020да Исроил чемпионати доирасидаги 36та ўйинда иштирок этиб, 22та гол урганди. Бу унинг бутун фаолияти давомидаги энг юқори кўрсаткичидир. Никита янги мавсумни ҳам жуда зўр бошлади - 2та ўйинда 4та гол. «Маккаби»га ғалаба келтирган зарба муаллифи эса - 22 ёшли Муҳаммад Абу-Фани. У бирор мавсум «Маккаби» асосий таркибидан муқим жой олган эмас. Бунга қадар «Хапоэль» (Хадера)да 2 марта ижара муддатини ўтаган Абу-Фани янги мавсум олдидан жамоа «заявка»сига тушди ва ҳаттоки, еврокубокларда ҳам ўйнаш имкониятига эга бўлди. Абу-Фани голига айнан Рукавица ассистентлик қилганини ҳам айтиш жоиз. Умуман, Шомуродовнинг тезкор голи «Ростов» учун ўйин давомидаги ягона ижобий ҳолат бўлиб қолди. Боз устига, мезбонлар иккинчи бўлим ярмида майдонда бир кишини йўқотишди: Данил Глебов рақиб оёғига тўғри ташлангани оқибатида қизил карточка олди. Энг қизиғи, Глебов фаолияти давомида РПЛ ўйинларида бирор марта четлатилмаган эди. «Ростов»да учинчи мавсумини ўтказаётган бу футболчи олдин РПЛда «Анжи» шарафини ҳимоя қилганди.

Бундан олдин Москванинг «Динамо» жамоаси ҳам ЕЛ саралашида омадсизликка йўлиққан эди. Яъни жуфтлик фаворити бўла туриб, «Локомотив» (Тбилиси)га 1:2 ҳисобида ютқазганди. Энди «Ростов» ҳам худди шундай муваффақиятсизликни такрорлади. Ваҳоланки, Карпин шогирдлари «Маккаби» билан ўйиндан олдин дам олиш учун қўшимча вақтга эга бўлишганди. Зеро, РПЛ 8-туридан ўрин олган «Ротор»га қарши ўйин учун жамоага техник ғалаба берилди. Бироқ «Ростов» футболчиларинг кайфияти ўйин атрофида кескин ўзгариб кетди...
***

Россия Премьер-лигаси 9-тури доирасидаги «Арсенал» - «Ростов» (2:3) учрашувидан кейин Италиянинг «Женоа» клуби Шомуродов учун 8,5 миллион евролик таклиф билан чиққан. 

Аввалроқ, «Ростов» 8 миллион евролик таклифни рад этгани, кейин эса барча бонуслар билан ҳисоблаганда 9 миллион евролик таклифни қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, футболчининг кейинги трансферидан ростовликлар ҳисобига трансфернинг 15% миқдори тўланиши айтилганди.

Қайд этилишича, «Женоа»дан ташқари 25 ёшли ўзбекистонлик ҳужумчига Европанинг яна уч клуби қизиқиш билдирган, аммо жамоалар номи маълум қилинмаган.

Маълумот учун, Элдор Шомуродов ўтган мавсумда Россия Премьер-лигасида 11та гол уриб, тўпурарлар қаторидан жой олганди. Жорий мавсумда у 9 ўйинда битта гол муаллифига айланган. Шунингдек, Элдор Европа лигаси 3-саралаш босқичи доирасида ўтган ҳафта «Маккаби» (1:2) клуби дарвозасини ишғол этганди.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz