Қайднома

Қидирув

Ўткир ЮСУПОВ: "Навбаҳор" бор кучини кубок турнирига ташайди...

Ўткир ЮСУПОВ: "Навбаҳор" бор кучини кубок турнирига ташайди...

  30.09.2020 05:07
  0
  274
Ўткир ЮСУПОВ:

«Навбаҳор»нинг айни ҳолати наманганлик мухлисларни ранжитаётгани бор гап. Мавсум аввалида ўз олдига жиддий вазифаларни қўйган жамоа аксар ўйинларда рақибларга очко улашмоқда. Лекин «лочинлар» кипери Ўткир Юсуповга жиддий эътироз билдириш ноўрин - у деярли ҳар бир ўйинда ажойиб «сэйв»лар кўрсатиб, «Нав­баҳор»ни муқаррар голлардан сақлаб қолмоқда. Биз айнан Ўткирни суҳбатга чорлаб, жамоасининг омадсиз ўйин­лари ва ички муҳити ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Аввало, жамоанинг ички муҳити, футболчиларнинг ўзаро муносабатларига тўхталсангиз. Зеро, мураббийлар матбуот анжуманларида бу борада кўп гапирмоқдалар. Қолаверса, футболчиларнинг майдонда ҳам урушиб кетганларини кўрдик...

- Йўқ, ички муҳит жойида. Тушунмовчилик эса ҳар бир жамоада бўлиб турадиган ҳолат, менимча. Ўйлаган ишингиз ўхшамаса, беихтиёр асабийлашасиз, жаҳлингиз чиқади. Баъзан шундай ҳолатларда тушунмовчилик юзага келади.

- Жорий мавсум «Навбаҳор»нинг чемпионлик учун курашиши кутилган эди. Зеро, таркибда тажрибали футболчилар бор...

- Ҳа, мавсум арафасида олдимизга чемпионлик учун курашиш вазифаси қўйилгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳали қўлдан келганича охиригача курашамиз. Ҳозирги ҳолатни назарда тутсак, энди бор эътиборни Ўзбекистон кубогига қаратамиз, шекилли. Тушуниш керак, жамоа бир йилда шаклланиб қолмайди, бунга вақт керак. Умуман, нима бўлганда ҳам, финишгача сов­риндорлар сафига қўшилишдан умид узмаймиз, астойдил ҳаракат қиламиз.

- Марказлашган тизимда ўтказилган турлар ҳақида фикрингиз қандай? Зеро, жамоалар бунга тайёр эмаслиги кўриниб қолди, жумладан, «Навбаҳор» катта муаммоларга учради...

- Аслида карантин даврида бизда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Тошкент­га борганимиздан кейин аксарият футболчиларимиз хасталаниб, сафдан чиқишди. Бунинг таъсирида марказлаштирилган 4та турда қимматли очколарни бой бердик. Бор гап шу.

- Статистикага қарасак, «Навбаҳор» асосан 1та гол фарқи билан енгилмоқда. Ғалаба учун омаддан ташқари, яна нима етишмаяпти?

- Ҳа, жорий мавсум кўп ўйинларни 1та гол фарқи билан бой бердик. Вазиятлар яратиляпти, аммо омад келмаса, қийин экан. Ғалаба қозониш учун эса, гол керак. Албатта, қолган ўйинларда самаралироқ ҳаракатланиб, мухлисларни қувонтиришга уринамиз.

- Ўзбекистон кубоги финали «Нав­баҳор» стадионида ўтказилади. Бу жамоангиз учун мавсумни соврин билан якунлашнинг энг яқин йўли ҳисобланади...

- Суперлигада ҳаддан зиёд кўп очко йўқотдик. Шундай экан, энди асосий кучни Ўзбекистон кубогига ташлаймиз. Финал учрашувининг Наманганда ўтказилиши бизга қўшимча мотивация бериши керак. Қисқаси, агарда мавсумни соврин билан якунлашни истасак, кубок турнирида ғалаба қозонишимиз шарт.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz