Қайднома

Қидирув

ЎзПФЛ ни қандай бошқариш керак ?

ЎзПФЛ ни қандай бошқариш керак ?

  30.09.2020 07:10
  0
  362
ЎзПФЛ ни қандай бошқариш керак ?

Собиқ футболчи, мураббий ва мутахассис Азамат Абдураимов ПФЛ бош директори лавозимига ўз номзодини қўймоқчи. Айрим маълумотларга қараганда, яқин орада ПФЛ раҳбарлигига сайлов ўтказилади. Унда ҳар бир номзод ўз дастурини эълон қилади ва клублар раҳбарлари, мураббийлари ўзлари маъқул кўрган даъвогарга овоз беришади. Яъни ПФЛнинг янги раҳбари сайлов асосида тайинланади. Айни пайт бир қатор мутахассислар ўз номзодларини илгари суришмоқда. Жумладан, таниқли мураббий, фаолияти давомида кўплаб жамоаларда ишлаган Азамат Абдураимов ҳам ўз номзодини қўймоқчи, албатта, сайлов ўтказилган тақдирда. Бу борада Азамат Абдураимовнинг ўзига мурожаат қилиб, унинг фикрларига қулоқ тутдик.         

- ПФЛ ишида сифатни ошириш керак. Айни пайт футболимиз даражаси анча тушиб кетди. Тўғри, кўпчилик таъкидлаётганидек, футболимиз унча ёмон аҳволда эмас. Яъни ривожланиш бор, олдинга силжиш кузатилмоқда. Мана, яхши футболчилар кўзга ташланишмоқда. Лекин ҳаммаси биз хоҳлаган даражада эмас. ПФЛ маҳсулоти - бу клублар ижросидаги ўйинлар. Агар футболимиз савияси ошса, мухлислар стадионга қайтишади. Шундагина ҳомийлар, телетрансляциялар ҳақида баралла гапириш мумкин. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Масалан, «Насаф» ОФК кубогини ютса, бу футболимизнинг халқаро имиджини оширади. Агар «Пахтакор» ОЧЛда муваффақиятли иштирок этса, бу олдинги нуфузимиз тикланишига олиб келади. Россиядан дўстларим, мутахассислар, танишлар қўнғироқ қилиб, Шомуродов, Ўрунов ва Жалолиддинов туфайли ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиш ортаётганини айтишди. Демоқчиманки, агар иқтидорли, ёш ва тайёр футболчи бўлса, хориж клубларининг ўзи қўнғироқ қилади. Қизиқиш ортаётгани бизда яхши футболчилар кўплигидан далолатдир.

- Менталитетимиз, услубимиз, қарашларимиз ва тарихимиз билан Осиёда етакчилар қаторига киришимиз шарт. Энди сайловолди дастурим ҳақида гапирсам, у икки бўлимдан иборат - 2030 йилгача стратегик ривожланиш режаси ва ПФЛ бошқарув тизимини ўзгартириш. Стратегик ривожланиш режаси 3 босқични ўз ичига олади. Биринчи босқич: 2021-2022 йиллар - ўтиш жараёни, иккинчи босқич: навбатдаги 4 йиллик - жаҳон чемпионатидан кейинги давр, учинчи босқич: 2026-2030 йиллар - якуний ишлар. Ҳар бир босқичда маълум вазифалар бажарилади. Тизимни ўзгартиришга келсак, 2018 йилга қадар футзал ва аёллар футболи алоҳида ассоциациялар қанотида эди. Фикримча, ўша ассоциацияларни қайта тиклаш керак. Ўша пайт Жаҳонгир Усмоновнинг футзалдан кетиши катта минус бўлди, «Ардус»дек жамоа йўқотилди. Ваҳоланки, ЖЧга чиқишимизда «Ардус»нинг ҳиссаси катта эди. Умуман, футзал - бошқа йўналиш, бошқа соҳа. ПФЛ чемпионатга масъул, клубларни назорат қиладиган ташкилот бўлиб қолаверади. Яъни Суперлига, Про-лига ва Биринчи лигани ривожлантиради.

- Тизимни ўзгартириш. Бу дарҳол ҳаммасини синдириш ёки инқилоб ясаш эмас. Фақат самара бермаётган йўналишларни ўзгартирамиз. ПФЛ раҳбари ва клублар ўртасида узвий алоқа ўрнатиш зарур. Ташкилот клубларга қандай машғулот ўташни ўргатиши шарт эмас. ПФЛнинг мустақил ташкилот сифатида ишлаши ФИФА ва ОФК талабларидан биридир. Ҳозирга қадар барчаси битта бинода. Энди алоҳида офисга кўчиб ўтиб, чинакам мустақил ташкилот бўлиш вақти келди. Албатта, ПФЛ раҳбарини клубларнинг ўзи сайлаши керак. Россия, Украина каби кўплаб мамлакатларда шундай.

- Клублар футбол фундаментидир, улар кучайса, чемпионат кучаяди ва мамлакат терма жамоаси даражаси кўтарилади. Украина ва Россия­ни олсак, бу мамлакатлар футбол лигасида марказий кенгаш тузилган. Шу кенгаш ичида футболчилар уюшмаси иш юритади. Мураббийлар ва мухлислар уюшмалари ҳам. Албатта, клублардан вакиллар бор. Қисқаси, ПФЛда мухлислар билан ишлаш учун алоҳида бўлим очиш керак. Мухлисларсиз футбол - ўлик футбол. Биздаги муаммо - стадионларни тўлмаслиги. Масалан, «Зенит» жамоаси бу борада аниқ дастур ишлаб чиққан. Стадионда махсус оилавий сектор бор, унда ота-оналар фарзандлари билан ўйинни томоша қилиб, ҳордиқ чиқаришади. Мухлис стадионда икки соат майдондан кўз узмаслиги шарт эмас. Турли викториналар, стадион атрофида аттракционлар ва бошқа кўнгилочар лойиҳаларни йўлга қўйиш муҳим. Бу ҳам бизнес. Мухлисларни стадионларга қайтишларини истаймизми, уларга шароитлар яратиб қўяйлик. Қолаверса, ПФЛ структураси замонавий стандартларга мувофиқ келиши лозим.

- ПФЛда халқаро бўлим ҳам фаолият олиб бориши зарур. Даврон Шоқурбонов даврида бундай бўлим ишлагани йўқ. Мақсад - четдан тажриба ўрганиш. Шу кунгача ҳеч қайси мураббий ПФЛ кўмаги билан хорижга малака ошириш учун юборилмади. Шулар қатори маркетолог ва менежерлар ҳам. Ҳозир сиёсий томондан қарасак, қўшни давлатлар билан муносабатларимиз жуда яхши. Демак, ПФЛ Марказий Осиё мамлакатлари клублари ўртасида қандайдир турнир ташкил этиши мумкин. Бунга қизиқиш катта бўлиши тайин, маблағ ишлаб топиш имкони ҳам бор.

- Ҳамма болалар футболини кўтариш ҳақида бонг уради. Лекин амалда... Ҳозирга қадар қанча-қанча иқтидорларни йўқотдик. Қосимов 17 ёшда, Шквирин 20 ёшда танилган. Демоқчиманки, ўтиш даврида футболчини сақлаб қолиш муҳим.

- Чемпион олдиндан аниқланса, «интрига», кураш сезилмаса, футболимиз орқага кетаверади. Бу кетишда мухлислар стадионга ташриф буюрмайдилар. Мақсадимиз - 1та суперклуб эмас, бутун чемпионатни кучайтириш. Ҳа, «Пахтакор» чемпионат фаворити, лекин қолган клублар унга қараб интилиши керак. Фикримча, Ўзбекистон Суперлигасида 16-18та жамоа иштирок этиши керак. Тўғри, кенгайиш бугун ёки эртага амалга ошмайди. Лекин вақти келиб жамоалар сони ошади, албатта. Клубларни Давлат активларини бош­қариш агентлигига ўтказиш масаласини ўйлаб кўриш керак. Ҳа, бу керак - клублар хусусийлаштирилади. Аммо айни пайт клублар давлат ёрдамига муҳтож. Вақти келса, хусусий клублар ҳам бўлади. ПФЛ клубларнинг молиявий ҳолатини ҳам назоратга олиши керак. «Навбаҳор»даги ҳолат бунга мисол - ҳеч қанча ишламаган Беленков миллионларни олмоқда. ПФЛдан бу борада суриштирув олиб бориш талаб этилади. Мураббийни ишга жалб қилаётганда, товон пулини ҳам ўйлаш жоиз. Мени сайлашадими-йўқ, бу қизиқтирмайди. Ўз дас­турим билан сайловларда қатнашмоқчиман. Агар номзодим маъқулланса, революция­га қўл урмайман. Ўзи жорий мавсум оғир келди. Биринчи галда, мавсумни якунига етказиш маъқул. Шундан кейин қандай ишларни амалга оширишни белгилаб оламиз. Бунда клублар билан маслаҳатлашамиз, албатта.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz