Қайднома

Қидирув

Ҳуштагидан қизармасин ҳеч бир ҳакам

Ҳуштагидан қизармасин ҳеч бир ҳакам

  01.10.2020 17:43
  0
  528
Ҳуштагидан қизармасин ҳеч бир ҳакам

Ушбу мулоҳазаларни ёзиш асносида бу йилги Мустақиллик байрами куни оқшоми кузатилган шукуҳли дамлар ёдимизга тушдиЁз билан хайрлашиб, куз хуш кутиб олинган ўша сўлим оқшом Наманган шаҳридаги «Малика» ошхонасида академик Асқарбек Акбаров, таниқли шоир ва санъатшунос Лутфулла Маҳмуд, қомусий билим соҳиби Абдумуталиб Қосимий ва пойтахтлик меҳмон Маъруфхон Тошкандий билан узоқ гурунглашдик. Бизни ўша куни футбол, хусусан, «Пахтакор» бир дастурхон атрофида бирлаштирди. Сўнгги йиллар «Пахтакор» ва «Навбаҳор» ўртасидаги рақобат аёвсиз кўриниш олаётган бўлса-да, бу ҳол суҳбатимизга халақит бермади. Ора-сира Маъруфхон бугунги «шерлар»нинг салоҳияти, Асқарбек ака эса, «лочинлар»даги иштиёқ ҳақида тўлиб-тошиб сўзлашса ҳам, мавзу айланиб-ўргилиб, ХХ асрнинг 60-80-йилларидаги «Пахтакор»га бориб тақалаверди. Нуроний суҳбатдошларимизнинг ўша даврдаги «Пахтакор» билан боғлиқ хотиралари Маъруфхон иккимизни беҳад ажаблантирди. Чунки хотиралар жуда тиниқ, ёрқин ва ёқимли эди...

Қарангки, орадан 30-40 йил вақт ўтса-да, футбол билан боғлиқ ҳикоялар бизни завққа тўлдирди, кайфиятимизни кўтарди. Вужудимизни бир бошқача оромлантирди. Суҳбат чоғи ҳаммаси эсланди: Тошкент зилзиласидан сўнг «Динамо» (Минск) билан ўтказилган учрашувда рўй берган драматик вазият, УЕФА суперкубогининг янги соҳиби сифатида келган «Динамо» (Киев) дарвозасига урилган 5та жавобсиз гол, машъум авиаҳалокат, Владимир Фёдоров хонадонига ташриф... Табиий савол туғилади: қайси футбол афзал? Албатта, кишини дам олдирадигани ва эртанги кунга умид уйғотадигани, янада кўпроқ ишлашга ундайдигани! Мухлисни жисмонан чарчатадиган, руҳан толиқтирадиган, шундоқ ҳам ҳаёт муаммоларидан безиган кўнгилни беш баттар чўктирадиган футбол кимга керак?! Мана, ўша давра иштирокчиларини ўйлантирган мавзу!

Хотираларга бежиз берилмадик. Ўтган шанба туни биз учун ғоят чароғон кечди. Гарчанд ярим тун бўлса-да, телефон қўнғироқлари тинмади. «Пахтакор» - «Истиқлол» учрашуви мобайнида Ғуломжон ака Ҳамидов томонидан ҳар бир ҳолатга муносабат билдирилди. Ана, «Пахтакор» дарвозаси томон жарима тўпи белгиланди. Элдор Суюнов жонли девор ўрнатди. Домла эса телефон орқали жон ҳовучлаб сўзлайди: «Муҳаммаджон, неча бор сизга айтганман, шу киперга унча ишонмайман, қараб туринг, ҳозир қовун туширади. Бунинг устунлиги - «Пахтакор»нинг кучли ҳимояси. Элдорнинг ҳақиқий кучини билиш учун кучсизроқ жамоа дарвозасини қўриқлатиб кўриш керак. Ҳайронман, мутасаддилар бунга нима учун эътибор қаратишмайди?!» Оббо, домлани айгани бўлди - Жовинко урган гол Элдорбек эсини киритмабди! Ҳай, майли, шарҳловчи Элдор отдошини аяди. Муҳими, ҳеч ким тушкунликка берилгани йўқ. Чунки «шерлар» шижоат билан наъра тортиб, мардона ўйнайверишди, қўйиб юборилган гол уларни қайтага янада шерлантирди. Улар ортга йўл йўқлигини жуда яхши билишарди ва майдонда тўп тепа туриб, аввалги мавсумлар аламларини тўкиб солишарди. Ўйин шундай бўлса -бошқа гап! Чарчамайсан, хавотирга тушмайсан, ғалабага ишонасан. «Шерлар» гол урган паллада Элдор Мустафоевнинг нафаси ҳаяжонидан ичига тушиб кетган бўлса, Ғуломжон Ҳамидовнинг овози кўп қаватли уй деразаларини зириллатиб юборди! Қойил! Офарин! Ҳақиқатан ҳам, энди «Пахтакор» ҳаракатларида тароват пайдо бўлибди. Шота Арвеладзе шогирдлари Эроннинг кучли клубига қарши қўрқмай ўйнашди, рақибни писанд қилмай тўп суришди. Ғалаба ва натижадан аввал жамоага мана шу жиҳат зарур эди. «Ал-Ҳилол»га қарши кечган икки учрашувда айни шу жиҳат синовдан муваффақиятли ўтди ва «Истиқлол» билан баҳсда кучли қурол сифатида кўзга ташланди.

Ҳозир ОЧЛ чорак финалида қандай воқеалар юз беришини билмаймиз. Билганимиз шуки, «Пахтакор» ўз кучига ишонмоқда. Жалолиддин Машарипов ва Ҳожиакбар Алижонов каби футболчилар «Пахтакор»нинг халқаро ўйинлари орқали тобланиб, терма жамоамиз шарафи учун тўп суришга астойдил шайланишмоқда. Бу - жуда-жуда муҳим жиҳат! Умуман олганда, пандемия шароити жуда кўп ҳақиқатларни кўзимизга кўрсатиб қўймоқда. Факт шуки, янги даврда «Пахтакор» алоҳида оламга айланди. Суперлиганинг қолган 13та жамоаси бир тараф, «Пахтакор»нинг ўзи бир тараф. Бундай баланд-пастликнинг футболимизга фойда-зарарини ҳозирча аниқ айтолмаймиз. Кўриниб турган фойдаси - «Пахтакор»нинг ниҳоят, ОЧЛ чорак финал босқичига чиққани!

Қатарда футболимиз халқаро миқ­ёсдаги шаън-шавкати учун қизғин кураш бораётган бир паллада Суперлига узра нохуш кайфият ҳукм сурмоқда. Ҳамиджон Актамов ва Андрей Шипилов ҳакамлардан норози эканликларини очиқ-ойдин айтишди. Жамшид Саидов эса ичидаги тўл­қинни бир амаллаб тўхтатди. Мухлислар «Машъал» - «Сурхон» ўйини натижасидан ҳам шубҳаланишди. Вадим Абрамов мағлубият сабабини майдонга тўнкади. Андрей Канчельс­кис эса журналистларнинг аччиқ саволларидан жиғибийрон бўлди... Суперлиганинг ортда қолган туридан кейин шундай хулоса қилдик: барча-барчасига юқоридан туриб қарайдиган пайт етиб келибди. Очиғи, энди наинки Суперлига, балки жаҳон футболини бошқариш қийинлашиб бораверади. Ҳўл-у-қуруқ баравар ёнаётган бу улкан издиҳомни тўхтатиш қийин-ов... Хосеп Гвардиола футболчиларга қанчалар ачинмасин, уларнинг мушкулини осонлаштиролмайди. Мануэль Пеллегрини рефери Рикардо Бенго Эчеадан жабрдийда сифатида норози. Серхио Рамос эса бу ҳакамдан ғолиб сифатида миннатдор эмас. Шунга энди ота гўри қозихонами?! Бир кун ундай, бир кун бундай! Унисига ҳам, бунисига ҳам кўнган, сабр қилган мухлис ҳаёт ўйинида, албатта, ютади! Ўлмаган қул ҳаммасини кўради. Кечагина ЕЧЛ кубоги ва Европа суперкубоги эгаси сифатида шукуҳланган «Бавария» энди «Хоффен­хайм»га йирик ҳисобда имкониятни бой бериб ўтирибди. Мезбон жамоа, айниқса, Андрей Крамарич ғалабани жуда-жуда истади! Шундай шаҳд билан ўйнаганида, Азиз Турғунбоев ҳам «Насаф» дарвозасига гол урарди. Тўғри, шиддат ва шижоат ҳар доим ҳам ғалаба омили ҳисобланавермайди, лекин пайти келганида иш беради, албатта. Ўша пайтни сезиш ва ундан фойдаланиш - ғалаба омили. Крамарич шуни ҳис қиладиганлар хилидан экан. У бежиз бутун ўйин давомида майдонда шиддат оловини ёқмади. Ҳа, шундай вазиятлар бўладики, шиддат олови ловуллаганида қудратли «машина» ҳам унинг қаршисида тўхтайди. Аксинча, гоҳо «иблисона» ғайришуурий куч ўзига қарши турган исёнкор шиддатни шаф­қатсизларча бостиради. Бечора «Брайтон»! Аввал ғалаба, кейин эса дурангдан умидвор бўлди бу жамоа! Аммо «МЮ»ни бугун яқин ўтмишнинг ҳақиқий «иблис»ларидан бири бошқараётганини унутганди. «Иблис», барибир, «иблис»! Айниқса, «иблис»нинг «қизил» туслиси ўта хавфли. Унга қарши тўп суряпсанми, ҳушёр тортишга мажбурсан, ғалаба қозона туриб, ғалабадан, дурангга рози бўла туриб, дурангдан умидвор бўлолмайсан! Мухлисга аввалдан билиш мушкул шундай «интрига»лар ёқади! Футбол олдиндан режалаштириб бўлмайдиган, воқеалар ҳакам ҳуштагига бўйсунмайдиган ҳолатлар билан гўзалдир! Яна бир гап - ҳуштагидан қизармасин ҳеч бир ҳакам...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz