Қайднома

Қидирув

Ларс Лагербарг: "Холланд идеал иқтидор..."

Ларс Лагербарг: "Холланд идеал иқтидор..."

  03.10.2020 03:48
  0
  326
Ларс Лагербарг:

Ларс Лагербак - охирги 30 йилдан буён халқаро футболда узлуксиз ишлаётган тажрибали мураббий. У айни пайт ёш иқтидорларни ўз сафида жамлаган Норвегия миллий жамоасини бошқармоқда. Скандинавиялик кейинги ой Европа чемпионати йўлланмаси тақдирини ҳал қилувчи «плей-офф» ўйинларида иштирок этишади. Рақиб анча жиддий - Сербия термаси. Лагербак эса тиғиз паллада мутлақо хотиржам ва ҳали нафақа ҳақида ўйлаётгани йўқ. Зеро, унинг ихтиёрида Эрлинг Холанддек ёш ва ғайратли иқтидорлар кўп. Ёшлик шижоати ва  тажриба. Шу икки жиҳат уйғунлашувига эришиш осон эмас, яъни бу борада «олтин ўрта»ни топиш мураккаб. Бежиз ёшлик шижоати ва маҳорат ўртасидаги боғлам аллақачон футболнинг энг машҳур формуласига айланмаган. Айтиш жоиз, Норвегия футболи ҳозир Ларс Лагербак ва келажакка умид билан кўз тикмоқда. Зеро, йирик турнирларнинг саралашида қаторасига 9 марта муваффақиятсизликка учраган мамлакат миллий жамоаси бу сафар ниҳоят, Европа чемпионати иштирокчиси бўлишга яқин келди. Бирданига икки ёрқин вундеркинд (Эрлинг Холанд - 20 ёш ва Мартин Эдегор - 21 ёш)нинг порлаши, иккинчи ролдаги ижрочиларнинг катта гуруҳи (жумладан, Сандер Берг ва Кристофер Айер - ҳар иккиси 22 ёш) ҳақли равишда Норвегия термаси олтин авлоди ҳақида гаплашишга мажбур этмоқда. Жамоада тажрибали йигитлар ҳам бор, албатта. Энди ўзаро уйғунлашувни таъминлаш Ларс Лагербак зиммасида. Норвегияликлар бежиз терма жамоалар билан ишлаш бобида Европада энг тажрибали саналган мутахассисга мурожаат этишмаган. 30 йил олдин Швеция U-21 термасини бошқарган Лагербак шундан буён халқаро футбол ичида. У бу орада Швеция миллий жамоасини 5 марта йирик турнирлар (ЖЧ ва Европа биринчилиги) финал раундига олиб чиқди, Исландия футболини эртакнамо юксалишга бошлаб, 2016 йили мўъжиза кўрсатди. Умуман, Лагербак Европа чемпионати финал раундида 4 марта бош мураббий сифатида иштирок этди ва бу рекорд кўрсаткичдир. Энди унинг олдида яна бир масъулиятли миссия турибди - ота-онасидан мерос қолган ўрмончилик фермаси билан шуғулланиш ўрнига футболдаги фаолиятини давом эттиришни маъқул кўрган мураббий норвегияликларни ҳам мўъжизавий парвозга шайлантириши лозим. Муҳими, 72 ёшли швед нафақани яна ортга сурганидан заррача афсусда эмас. ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида буни алоҳида таъкидлади: «Хотиржам ҳаёт кечириш ўз йўлига, агар норвегиялик вундеркиндларни равон йўлга бошлай олсам, ер юзида мендан бахтиёр ва хотиржамроқ киши топилмайди!»

 

- Жаноб Ларс, пандемия барча учун жуда оғир даврга айланди. Шахсан сиз охирги ойлардаги қи­йин­чиликларни қандай енгиб ўтдингиз? Оилангизчи?

- Бизда ҳаммаси жойида. Ҳа, қизим коронавирус юқтириб олди, муҳими, тезда соғайди. Ҳозир муаммо йўқ, оилам аъзолари соппа-соғ. Карантин бошлангач, яъни март ойи охирида ўрмончилик фермасига йўл олдим, ўша ерда яшадим. Фермада иш кўплигидан ортиқча ваҳимага берилмадим - шунчаки, бунга вақт йўқ эди (кулади). Ёз эса мен учун ажойиб ўтди, тўғри, бу гапим кўпчилик учун ғалати эшитилиши мумкин. Хуллас, ферма юмушларига вақт ажратиш имкониятига эга бўлдим. Одатда 14 ёки 15та мамлакат чемпионатида ўйнайдиган футболчилар билан ишлашим туфайли бошқа ҳеч нарсага вақт қолмасди.

- Тўхтанг, аввалига Нигерия, ке­йин Исландия термаларидаги фаолиятингиз тугаганидан кейин ҳам фермада ишлашни хоҳлашингиз, ўрмонда нафақа гаштини суришни мўлжаллаётганингиз ҳақида гапиргандингиз. Лекин футболда қолдингиз. Бунга сизни нима мажбур қилмоқда?

- Шунчаки, фантастик иш жараёни. Ҳалигача ёш, иқтидорли футболчиларни шуғуллантиришдан чинакамига завқланаман. Эҳтимол, атрофдаги айрим одамлар мени бироз телбароқ чол ўрнида кўришар. Лекин менга мураббийликдан кўра, кўпроқ роҳат бағишлайдиган бошқа юмуш бўлмаса керак. Мисол учун, агар Исландия терма жамоаси таклифини қабул қилмай, нафақага чиққанимда, мисли йўқ даражадаги мўъжиза имкониятини йўқотардим. Шуни ўйласам, футболда қолиб, тўғри қилганим аёнлашади. Албатта, ҳозир ўша қароримдан хурсандман. Норвегия термаси ҳақида ҳам шундай дейишим мумкин. Бу жамоанинг анчадан буён йирик турнирлар саралашидан ўтолмаётгани - менга қўшимча мотивация. Энди бу анъанага чек қўйишни истайман. Зеро, жамоа таркибида кучли ёшлар борлигини биламан. Футболда жуда узоқ фаолият юритдим ва бемалол айтаманки, ҳеч қачон ихтиёримда бундай ёрқин ёш йигитлар гуруҳи ишлаган эмас.

- Бироқ масаланинг мураккаб томони ҳам бор - ёшларни таркибга қўшиш, уларни тажрибали ўйинчилар билан тўғри уйғунлаштириш...

- Мураббий учун энг муҳими, айнан таркибда мувозанатни ушлаш. Менимча, бу масалада яна омадим юришди - норвегиялик ёшлар ва фахрийлар ўртасида илиқ муносабат шаклланиб улгурган. Ҳар ҳолда, улар миллий жамоа манфаати йўлида бир-бирларига ёрдам беришмоқда. Футболда асосийси - ички муҳит, яъни ўйинчиларнинг ўзаро самимий муносабати. Мени қувонтираётган жиҳат ҳам шу, шогирдларим жамоани биринчи ўринга қўймоқдалар. Менимча, бу шимолий мамлакатларда истиқомат қиладиган одамларга хос характер маҳсулидир. Хуллас, муносиб менталитетга эга йигитлар билан ишлаётганимдан хурсандман.

- Швеция термасида характер бўйича бир-биридан кескин фарқланувчи икки буюк ҳужумчи - Златан Ибрагимович ва Хенрик Ларссон билан ишлагансиз. Айтингчи, Эрлинг Холанд айнан характери ва юриш-туриши билан уларнинг қай бирига яқинроқ - Златангами ёки Хенрикка?

- Фикримча, Эрлинг характерига кўра, кўпроқ Хенрикни эслатади, лекин майдонда қандай ҳаракатланишига қарасак, икки буюк ҳужумчини аралашмасидек таассурот уйғотади. Шу жойда бир гап: Эрлинг жуда камтар, охирги икки йил ичида мисл­сиз даражада машҳурликка эришгани унга айтарли таъсир қилган эмас. Бош­қача айтганда, оёғини ердан узгани йўқ. Отаси вақтида профессионал футболчи бўлганини назарда тутсак, бунда тарбиянинг роли катта эканлиги кўринади. Яъни у Эрлингга иқтидорни қадрлаш кераклигини ўргатган. Умуман, кичик Холанд ўйинда ҳам, маш­ғулотларда ҳам бор имкониятини ишга солмоқда. Майдон ташқарисида эса, самимий йигитга айланади. Ишончим комил, бу кетишда Эрлинг беназир футболчи бўлади. Албатта, унинг ўйини ҳозирнинг ўзида мақтовга муносиб, лекин ўйлайманки, бу ҳали ҳаммаси эмас. Башоратим шу - Эрлинг яқин 2 йил ичида чинакамига жаҳон даражасига чиқади.

- Мартин Эдегорни ҳам дунёдаги энг истиқболли футболчилардан бири сифатида мақтадингиз. У қайси хислати билан юксак эътирофга муносиб?

- Аввало, техник салоҳиятини таъкидлашим жоиз. Мартиннинг тўп билан ишлаш санъатини назарда тутяпман. Эҳтимол, битта камчилиги - бу вазиятлардан фойдаланиш масаласи. Муҳими, Эдегор ўйинни яхши ҳис қилади, майдонни тўлиқ кўради, яна барчасини бемалол ўз назорати остига олиши мумкин. Қолаверса, ҳимояда ҳам ишончли. Қисқаси, икки томонлама кучли кадр. Агар ихтиёрингизда шундай хислатларни ўзида мужассам этган футболчи бўлса, ўйинни хотиржам кузатасиз. Чунки у жамоа учун сид­қидилдан ишлайди. Эдегор - ажойиб йигит, ақлли. Дейлик, футболдан ташқари, бошқа соҳаларга ҳам қизиқади. Қисқаси, Норвегия термаси учун ҳақиқий топилма!

- Ёш футболчилар билан яхши муносабат ўрната олишингиз ҳаммага маълум. Дейлик, Жош Кинг сизни «ота-бобо» сифатида таърифлаганди.

- Йўқ, «бобо» ибораси билан ёшимни эслатишингизга ҳожат йўқ (кулади). Эҳтимол, баъзи футболчилар менга чиндан ҳам, бувадек қарашар, лекин муҳими, уларга қўл остимда ишлаш ёқади, назаримда. Ваҳоланки, маш­ғулот олиб бориш фалсафам анча мураккаб.

- Норвегия термасини олдинда Европа чемпионати саралаши «плей-офф» ўйини кутмоқда. Рақиб - Сербия термаси бош мураббийи Любиша Тумбаковичнинг тан олишича, у айнан сизнинг жамоангизга дуч келишдан чўчиган экан. Бу ишингизга мақтовми ёки...?

- Балки мақтовдир, эҳтимол, у шу тариқа ўз шогирдларини ҳушёрликка чақираётгандир. Ҳар ҳолда, олдинда ўта жиддий ўйин  турибди.

- Норвегия термаси ўз майдонида ўйнайди, бироқ мухлисларсиз. Бу ҳолатдан мезбон фактори ўз аҳамиятини йўқотмайдими?

- Албатта, мухлислар билан тўла трибуналар остида ўйнасак, яхши бўларди. Бироқ ҳозирги шароитда бунинг иложи йўқ, шекилли. Нима бўлганда ҳам, мақсадимиз ўзгармайди. Бу ишга қўл урганимдаёқ Норвегия термасини 20 йил бадалига илк марта финал раундига олиб чиқишни кўзлаганман.

- Мана, 30 йилдан буён терма жамоалар футболидасиз. Биламизки, клуб миқёсида катта муваффақиятга эришган мураббийлар ҳам терма жамоаларда узоқ муддат ишлашга қийналадилар. Қизиқ, сизнинг сирингиз нима?

- Терма жамоани шуғуллантиришда энг катта муаммо - бу вақт камлиги. Яъни қисқа муддатда турли клублардан келган футболчиларни бирлаштиришингиз талаб этилади. Бу ишнинг осон томони ҳам йўқ эмас - шогирдларингизда ватанпарварлик туйғусини уйғота олсангиз, ўйин яхши чиқаверади. Тушунарлики, клубда қандайдир услубларни жорий қилиш анча осон. Ҳар ҳолда, вақт етарли, ўйинчилар ҳар куни бирга шуғулланадилар. Лекин ҳар икки йўналишда барчасига тўғри ёндашув талаб этилади. Агар ишга тўғри ёндашув бўлмаса, минг уринганингиз билан ҳеч вақо чиқмайди. Швеция, Исландия ва Норвегия каби термалар билан кучли рақибларни енгиш учун эса, аниқ йўлга қўйилган ўйин ҳам зарур, албатта.

- Охирги савол: шу ишдан кейин ўрмончилик фермасига кетасизми ёки яна бир футбол саргузаштини кутасиз?

- Ўйлайманки, мен учун бошқача ҳаёт тарзига кўчиш вақти яқинлашмоқда. Ахир ёш факторини ҳам инобатга олишим керак. Қисқаси, футболдаги йўлим Норвегия термасида якунланади. Ўйлайманки, муносиб тарзда. Бироқ унутманг, олдин ҳам шундай деганман... (кулади).        

А.АҲМЕДОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz