- Фабиньо - «уюштирилган тўс-тўполон шароитида ҳам «Ливерпуль» учун муҳим маёқ. Ҳаёт давом этади. Ҳаттоки, ЧЛ финалидаги мағлубият ҳам уни тўхтатиб қололмайди. «Ливерпуль» ЧЛнинг Киевда ташкиллаштирилган финалида «Реал»га имкониятни бой бергач, атиги 2 кун ичида Фабиньони ўз таркибига қўшиб олиб, ўз мухлисларига айнан шу йўсинда таскин берганди. Ўшанда «қизиллар» ҳозирги воқеликларга зид равишда жуда тез ҳаракатланиб, харидга доир хабар тарқалган куннинг эртасигаёқ трансферни расмийлаштиришганди. Ваҳоланки, «Арсенал» ва «МЮ»дек қудратли клублар ҳам яқин келажакда дунёнинг энг ишончли ҳимоявий ўйинчилари сафига чиқиши тахмин қилинган бразилиялик иқтидорга эга бўлишни истаганди. Бироқ улар «Ливерпул»нинг тезкор ҳаракатидан кейин худди бошқа даъвогарлар каби келажак умидини қўлдан чиқаришганини тан олишди.
***
Айтиш жоиз, Фабиньо вақтида ярим ҳимоя чизиғида ўйнашни истамаган экан. Барча бразилияликлар каби ёшлигидан футболчи бўлишни орзу қилган болакайнинг мақсад сари йўлда мураккаб довонлардан ошиб ўтишига тўғри келди. У аввалига маҳаллий «Кампинас» клубининг 17 ёш тоифасидаги жамоасида кўпинча захирада жимгина ўтириш билан чекланди. Чунончи, мураббийлар Фабиньони паришонхотирликда айблаб, унга майдонда «чумчуқ санаш» эмас, тўп суриш кераклигини уқтиришарди. Муҳими, Фабиньо улғайган сари турли камчиликларини йўқота бошлади. 2011 йилга келиб, бразилиялик иқтидор дастлабки парвозини амалга оширди. Яъни Сан-Паулуда 20 ёшли футболчилар ўртасида кечган кубок ўйинида ўнг қанот ҳимоячиси сифатида майдонга тушиб, ақлли юришлари билан барчани ҳайрон қолдирди. Айнан Фабиньонинг тезкор рейдларидан бири рақиб дарвозаси томон пенальти белгиланиши билан интиҳо топди. Шу учрашувдан кейин Фабиньо Бразилия грандлари таклифларига кўмилди. Охир-оқибат, бошқалардан чаққонроқ ҳаракатланган «Флуминенсе» иқтидорли ўсмирни ўз сафига қўшиб олди.
***
Фабиньо Рио-де- Жанейрода атиги 1,5 йил тўп сурди ва бу муддатда вақтида «Челси» ҳамда «Интер»да кўриниш берган Уоллас ўринбосари ролини бажариш билан кифояланди. Шу орада «Флу» офисига «Риу Аве»дан камтарона таклиф тушди. Португалияликлар Фабиньо трансферига атиги 0,5 млн. евро беришга тайёр эканликларини билдиришди ва буни футболчи ўнг қанот учун 3-рақамли номзод эканлиги билан изоҳлашди. Яъни ўша Уолласдан ташқари, Игор Жулиан ҳам Фабиньодан олдинда эди. Кейинчалик бразилиялик футболчи Португалияга йўл олиб, «Риу Аве» президенти билан суратга тушди, касаба уюшмаси ишчи-ходимларидан тузилган жамоага қарши ўйинда 45 дақиқа тўп сурди, янги жамоадошларига зиёфат берди ва ...3 ҳафтадан озроқ вақт ичида бирданига «Реал» таркибида пайдо бўлди. Айни ўша паллада «Кастилья» вакили Дани Карвахални «Байер»га сотган «Қироллик клуби» ўнг қанот ҳимоячисига муҳтож эди. Аслида мадридликлар Фабиньони 1 йил аввал нишонга олишган, Жозе Моуриньо «Риу Аве»даги ҳамкасби Нуну Эшпириту Санту билан боғланиб, масалани тезроқ ҳал этишни сўраганди. Табиийки, Фабиньо мавсумнинг асосий қисмини «Кастилья»да ўтказди. Аммо Моуриньо уни асосий жамоа машғулотларига тез-тез чақириб турди. Дарвоқе, «Беназир»нинг бундай қарори испаниялик айрим футболчиларда кучли эътироз келтириб чиқарганди - улар мураббийни ўз ватани жамоаси - «Риу Аве»га ён босганликда айблашди. Жумладан, Моунинг «Кастилья» сардори Начо Фернандесга Фабиньога нисбатан озроқ имконият бераётгани айтилди. 2013 йилнинг май ойида Фабиньо асосий жамоа таркибида «Малага»га қарши кечган ўйин (6:2)да майдонга тушиб, Анхель ди Мария голига ҳаммуаллифлик қилди. Мавсум якунида эса, «Риу Аве»га қайтиб, навбатдаги ижара сафарига равона бўлди...
***
Ўша вақтдаги «Монако» янги соҳиб - Дмитрий Риболовлевнинг саховатпешалиги ёрдамида Лига 1га қайтиб, «ПСЖ»га муносиб рақобат кўрсатиш мақсадида савияли футболчиларни харид қила бошлаганди. Жумладан, «Порту»нинг етакчи ўйинчилари Жоау Моутиньо ва Хамес Родригес, шунингдек, Радамель Фалькаодек юлдузнинг трансфери амалга оширилди. Бу харидлар орасида 19 ёшли бразилияликнинг «Риу Аве»дан князлик клуби сафига қўшилгани сезилмай қолди. Муҳими, позиция танлаш ва яккакурашлар ҳадисини олган тезкор фулбэк янги жамоага қисқа фурсатда тўлиқ мослашди ва «Монако» кейинчалик ижара муддатини яна 1 йилга узайтирди. Мавсум-2014|2015 Фабиньога ёрқин воқеаларни тортиқ этди. Биринчидан, у Бразилия миллий жамоасида дебютини нишонлади. Тўғри, илк даврда Фабиньо асосан Дани Алвешга ўринбосарлик вазифасини адо этди. Иккинчидан, Фабиньо «Манчестер Сити» ва «МЮ»дек гранд клублар назарига тушди. Учинчидан, «Монако» бош мураббийи Леонарду Жардим ҳимоячини майдон марказида ҳам синаб кўра бошлади. Энг муҳими, футболчи майдон марказида рисоладагидек тўп сурди. «Монако» Фабиньонинг трансфер ҳуқуқини харид қилишга жиддий киришганида эса (атиги 6 млн. еврога), футболчида табиий савол туғилди. Аниқроқ айтсак, у мутасаддиларга мурожаат қилиб, шартномада ўнг қанот ҳимоячиси позициясида ҳам ўйнай олишини алоҳида қайд этиш мумкин ёки йўқлиги ҳақида сўради. Чунки у марказий ярим ҳимояда ўйнаш оқибатида Бразилия терма жамоасида ўнг қанот ҳимоячиси позициясидаги ўрнини йўқотиб қўйишдан хавотирда эди. Бироқ футболчининг талабини қондиришга ҳеч ким кафолат беролмади, шунга қарамай, Фабиньо князлик клубида қолди. Кейинчалик Жибриль Сидибе «Монако» таркибига қўшилгач, Фабиньо росмана хавбекка айланди-қўйди.
***
Бразилиялик ярим ҳимоячи 2016|2017 йиллар мавсумида барча мухлис ва мутахассислар эътиборини ўзига қаратди. Чунки у ЧЛ ярим финалига чиққан, ички чемпионатда эса «ПСЖ»дек қудратли кучни ортда қолдирган «Монако»нинг алмаштирилмас «эҳтиёж қисми»га айланганди. Ёзда ҳамма Фабиньонинг Париж гранди сафига ўтишини тахмин қилди. Бироқ футболчи аксарият етакчилари - Тьему Бакайоко, Бернарду Сильва, Бенжамен Менди ва Килиан Мбаппедан айрилган жамоани янада мушкул ҳолатга тушириб қўйишни истамади. Фақат орадан 1 йил ўтгач, у Тома Лемар ва Жоау Моутиньо билан бирга князлик клуби билан хайрлашди.
***
«Ливерпул»нинг ишончли зафари билан ниҳоясига етиши кутилган, бироқ Серхио Рамос амалга оширган маккорона қўполлик туфайли аксинча тус олган Киев финалидан атиги 2 кун ўтгач, Фабиньо «қизиллар» сафини тўлдирди. Шу ўринда Роберто Фирминонинг мазкур трансферга қўшган ҳиссаси хусусида алоҳида тўхталиш керак: «Монако»нинг «Марсел»га қарши учрашувидан кейин Фирмино SMS-хабар жўнатди ва ўзаро мулоқотга киришдик. У мен билан Юрген Клоппнинг шахсан ўзи қизиқаётгани ва характерим хусусида сўраганини айтди. Ўз навбатида, Фирминодан «Ливерпуль» ҳақида батафсилроқ маълумот беришини сўрадим. Шу тариқа бир неча кун давомида қизғин мулоқотда бўлдик, - деганди Фабиньо кейинчалик. - Орадан кўп ўтмай, «Ливерпуль» вакиллари агентларим билан алоқага чиқишди. Шу тариқа Клопп билан учрашув ташкил этилди ва унинг жамоа келажагига доир режалари, кундалик машғулотлар тартиби, тактик-жисмоний машқлар тизими ҳақида тушунчага эга бўлдим. Ўша суҳбат таъсирида «Ливерпул»га нисбатан қизиқишим янада ошди. Чунки «Монако»дан фақат мен билан чинакамига қизиққан жамоага ўтишим мумкинлигини кўп бора айтгандим. Хуллас, Ливерпулга отланиш арафасида қарорим тўғри эканлигига шубҳа қолмади. ЧЛ финалидан кейин тегишли ҳужжатларни расмийлаштирдик». Лекин Фабиньо трансфери ортидан роса қувонган ливерпуллик мухлислар тез орада тушунмовчилик аро қийналишди. Чунки бразилиялик футболчининг дебютини чамаси 4 ой кутишларига тўғри келди. Фабиньонинг «қизиллар» таркибидаги дастлабки учрашуви (Лига кубоги доирасида «Челси»га қарши)дан кейин эса, ижтимоий тармоқларда танқидий фикрлар ёғилди. «Ҳа, Юрген Клоппнинг омадсиз харидлари жуда оз, унинг иштирокидаги кўплаб трансферларни маъқуллайман. Бироқ Фабиньонинг хариди бошидаёқ шубҳа уйғотганди. Очиғи, бу Энди Кэрролл билан юз берган омадсизликдан ҳам ёмонроқ бўлишидан хавотирдаман. Энди қачондир бу «твит»ни тармоқдан олиб ташлашга мажбур бўлишимга умид боғлашдан ўзга иложим йўқ. Гарчи Фабиньонинг талаб даражасида ўйнашига ҳамон ишонолмаётган бўлсам ҳам...», - дея нолиганди мухлислардан бири «Твиттер»да. Эътиборлиси, ўша «твит» ҳанузгача олиб ташланмади. Аммо мухлиснинг бразилиялик футболчига нисбатан муносабати аллақачон ижобий томонга ўзгарганига шубҳа йўқ. Фабиньонинг қандайдир мухлис эмас, балки «қизиллар»нинг фидойи фахрийси - Жеймс Милнердан олган шарафли тахаллуси (Дайсон) бу хулосага асосдир. Фабиньо йўлида дуч келган нарсани ютиб юборадиган қудратли чангютгич каби майдонда тўпни дарҳол ўз тасарруфига олади. Футболчининг айтишича, жамоадошлари унга Дайсон эмас, кўпроқ Виржиль ван Дейк томонидан берилган лақаб («озғин») билан мурожаат қилишади. Буниси ортиқча изоҳга муҳтож эмас.
***
Фабиньо дебют мавсумидаёқ Клопп жамоасининг асосий таркибидан муқим жой олди, марказий чизиқ янада мустаҳкамланди. Бир пайтлар Хавьер Маскерано шундай ишончли ўйин кўрсатарди. Жамоанинг 2019 йили ЧЛда ғолиб чиқишига ҳам бразилиялик ижрочи сезиларли улуш қўшди. Бундан ташқари, у марказий ҳимоячиларнинг жароҳатланишлари оқибатида юзага келган зарурат туфайли бу чизиқда ҳам ишончли тўп суриш сирларини ўзлаштирди. Юрген Клопп трансфер жараёнида Фабиньо тимсолида бир йўла «6-рақам», «8-рақам», майдон маркази ва ўнг қанотда ўйнай оладиган футболчи харид қилаётганидан мамнунлигини яширмаганди. Энди бу ихтисослар ёнига марказий ҳимоячи роли ҳам қўшилди. Демак, қаҳрамонимизга бемалол универсал мақомини бериш мумкин. Муҳими, у қайси чизиқда ўйнашидан қатъий назар, ишончни оқламоқда.
***
- Фабиньони «Астон Вилла»га қарши ўйинда майдонга туширманг! Охирги мавсумда «Твиттер» тармоғини тўлдириб юборган ғалати талаб нимадан далолат? Йўқ, бу Фабиньо ўйинига эътироз эмас. Бразилиялик футболчи ҳисобида нечта сариқ карточка борлигидан хабардор мухлислар «Вилла»га қарши ўйиндаги огоҳлантириш дисквалификацияга олиб келиши ва Фабиньо «Манчестер Сити»га билан муҳим учрашувда майдонга тушолмай қолишидан чўчиб, шундай талаб ёзишганди. Хуллас, футболчининг ўйинига нисбатан шубҳа ўрнини аллақачон «Ливерпуль» Фабиньосиз қандай ўйнаши хусусидаги хавотир эгаллади!
***
Нафақат Британия, балки барча ҳудудлар футболига манфаат келтириши мумкин ҳолат: Фабиньонинг «Сити»га қарши беллашувда муаммосиз майдонга тушишини ўйлаган мухлислар уни «Астон Вилла» билан баҳсдан озод этишни талаб қилишгач, Юрген Клопп худди шундай йўл тутди. Яъни Фабиньо Бирмингемда майдонга тушмади. Ўйиннинг 87-дақиқасига қадар ҳисобда ортда қолган «Ливерпуль» эса якунда Эндрю Робертсон ва Садио Маненинг аниқ зарбалари эвазига иродали ғалабага эришиб, ижобий сериясини давом эттирди. Албатта, майдонга тушмаган Фабиньосиз ғалабали одимни чўзиш осон бўлмади. Қаҳрамонимиз кейинги турда «Энфилд»да «Манчестер Сити»га қарши майдонга тушди ва 6-дақиқада Клаудио Браво дарвозасини забт этган ҳолда, навбатдаги зафар пойдеворини яратди. Муҳаммад Салоҳ ва Садио Маненинг голлари эса устунликни оширди. Бунинг таъсирида бироз хотиржамликка берилган майдон эгалари 78-дақиқада Бернарду Сильвани тўхтатолмаган бўлсаларда, якунда қимматли 3 очкони олишди. Хўш, энг яқин таъқибчига қарши баҳсдаги муваффақият учун аввало, кимга миннатдорчилик билдириш лозим? Фабиньонинг шак-шубҳасиз иштирокини талаб қилган мухлисларгами ёки уни инобатга олган германиялик мутахассисга? Бу ҳолатда самимий муносабат ва самарали ҳамкорлик учун Юрген Клопп ва албатта, зукко мухлисларни бирдек олқишлаш керак. Бош қаҳрамон эса шубҳасиз, Фабиньо!
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20