Қайднома

Қидирув

Узоқ кутилган қирол ёхуд Яна Роберт Левандовски ҳақида

Узоқ кутилган қирол ёхуд Яна Роберт Левандовски ҳақида

  05.10.2020 04:17
  0
  325
Узоқ кутилган қирол ёхуд Яна Роберт Левандовски ҳақида

2020 йил, 1 октябрь куни 32 ёшли Роберт Левандовски ўзининг кичик бўлмаган шахсий мукофотлар тўпламига яна бир (олдин қўлга киритмаган) мукофотни қўшиб қўйди — у 2019/2020 йилги Чемпионлар Лигасининг энг яхши футболчиси деб топилди.

Роберт Лионель Месси, Франк Рибери, Криштиану Роналду, Лука Модрич ва Виржил ван Дейк каби машҳур номлар қаторига ўз исмини ҳам ҳақли равишда ёздириб қўйди. Демак, қуйида Левандовски мазкур совринни қўлга киритгани шунчаки тасодиф эмаслигини исботловчи фактлар келтирилади.

1. Левандовски ўтган мавсумда «Бавария»нинг бир йўла уч асосий фронт – Германия чемпионати, мамлакат Кубоги ва албатта, Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлишида асосий фигура бўлди.

Фото: УЕФА

2. Роберт 2019/2020 йилги мавсумда тарихий ютуққа эришди. У нафақат жамоаси билан требл қайд этди, балки ҳар бир мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланган дунёнинг илк футболчиси бўлди.

У Германия Бундеслигасида 34, кубок баҳсларида эса 6, Чемпионлар Лигасида 15 та гол уриб, ҳар бир мусобақанинг голеадорига айланди.

3. Левандовски ниҳоят 2019/2020 йилги мавсумга келибгина Роналду ва Месси гегемонлигига чек қўя олди. Мухлислар буни узоқ кутди, чунки инсон зоти борки, бир хилликдан зерикади. Улар Чемпионлар Лигасида том маънода янги қирол пайдо бўлишини нақ 13 йил кутди.

Шу тариқа Месси ва Роналду 2006/2007 йилги мавсумдан бери биринчи марта мусобақанинг энг яхши тўпурари номини қўлга киритмади. 2007/2008, 2012/2013, 2013/2014, 2015/2016, 2016/2017, 2017/2018 йилги мавсумларда Роналду «Манчестер Юнайтед», «Реал» ва «Ювентус» сафида Чемпионлар Лигаси тўпурарига айланган бўлса, 2008/2009, 2009/2010, 2010/2011, 2011/2012, 2018/2019 йилги ўйинларда Месси мазкур совринни ўзиники қилганди. 2014/2015 йилги мавсумда эса Месси ва Роналду орасига Неймар қўшилганди, холос. Ўша йили учаласининг голлари тенг бўлганди.

4. 2019/2020 йилги Чемпионлар Лигаси Роберт учун бамисоли бир ширин туш каби ўтди, айниқса, плей-офф ўйинлари. «Бавария» мусобақа давомида 11 учрашув ўтказиб, уларнинг барчасида ғалабани қўлга киритди. Левандовски гуруҳ босқичидаги олтита ўйиннинг ҳар бирида гол урди ( умумий ҳисобда 10 та гол). Ҳал қилувчи учрашувларда ҳам Роберт рақиблар дарвозасини ишғол этишдан тўхтамади, қўшимчасига бунга голли узатмалар ҳам қўшилди. 1/8, 1/4 ва ярим финалда у 5 та гол ва 6 та голли узатмани амалга оширди. Ҳужумчи фақатгина ПСЖга қарши кечган финал ўйинида (1:0) «жим туриш»га қарор қилди, аммо Кингсли Команнинг ягона голи ҳам мюнхенликларга ғалаба қозониш учун кифоя қилди.

 

Фото: Twitter

5. Левандовски мусобақанинг энг яхши футболчилари терма жамоасига кирди. Бу эса унинг яна бир бор энг зўри эканлигига ортиқча исбот эди.

6. Роберт нафақат индивидуал томондан кучли ижрочи сифатида, балки жамоавий ўйинчи сифатида ҳам ўзининг энг яхши фазилатларини амалда намойиш этди. Юқорида зикр этилган Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичида амалга оширилган олтита голли узатма бунинг яққол исботи  бўла олади. Лева 2019/2020 йилги мавсумда барча турнирларда 55 та гол уришдан ташқари, яна ўн марта шерикларига рақиб дарвозабонини ишғол этиш имкониятини яратиб берди. Марказий ҳужумчидан 10 та ассист (исталган ярим ҳимоячи фақат ҳасад қилиши мумкин бўлган натижа) – шунчаки тарифлашга тил ожиз.

Унинг жамоа учун қанчалик аҳамиятли ўйинчи эканини эса «Бавария» устози Ханс-Дитер Фликнинг қуйидаги сўзларидан тушуниш мумкин:

«У жамоа учун астойдил ишлайди. У бизнинг мудофаамиз учун жуда муҳимдир, чунки у ҳимоячиларни қўллаб-қувватлайди, рақиб дарвозасига таҳдид солиши ҳақида эса яхшиси гапирмаган маъқул. Бу қаттиқ ишлайдиган ҳақиқий профессионал футболчи. У дунёнинг энг яхши марказий ҳужумчиси».

7. Левандовски Чемпионлар Лигасининг энг яхши футболчиси унвонини олиш учун ўтказилган сўровномада қатнашган деярли барчанинг эътирофига сазовор бўлди. Ҳакамлар ҳайъати таркибига 2019/2020 йилги Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси гуруҳ босқичларида ўйнаган 80 та клуб мураббийлари, шунингдек, Европа спорт нашрлари ассоциацияси томонидан танланган 55 нафар спорт журналистлари кирганди.

Фото: VOV

Сўровномада Роберт 477 очко тўплаб, биринчи ўринни эгаллади, у бу йўлда «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Кевин де Брюйне (90 очко) ва жамоадоши Мануэль Нойерни (66 очко) ортда қолдиришга муваффақ бўлди.


Манба: daryo.uz, iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz