Қайднома

Қидирув

Хуан Мата ресторанига зарба ....

Хуан Мата ресторанига зарба ....

  05.10.2020 09:39
  0
  318
Хуан Мата ресторанига зарба ....

Коронавирус Хуан Матанинг Манчестердаги хусусий ресторани фаолиятига ҳам жиддий таъсир ўтказди. Зарар миқдори деярли 1 миллион фунтга етди. Ваҳоланки, бу муассасада ҳаттоки, «Манчестер Сити» футболчилари ҳам тўпланиб туришарди. Испаниялик футболчи 2016 йили Манчестерда хусусий тапас (қопқоқ)-ресторан очишга қарор қилди. Ўшанда ярим ҳимоячининг «қизил иблислар» сафини тўлдирганига 2 йил бўлганди. Тапас - бу испанча газак таом номи. Уни одатда бир гуруҳ мижозларга битта катта товоқда тортиқ этишади. Шунинг баробарида газак таом мутлақо хилма-хил бўлиши мумкин: қовурилган ёнғоқ, кальмар ёки қисқичбақа... Тапас-ресторанларнинг тарихий ватани - Испания. Англияда эса бундай муассасаларни бошқача аташади - паб.

Умуман, Испанияда Маталар оиласига қарашли бир нечта шундай рес­торан мавжуд. Улардан бири Хуан туғилган шаҳар - Бургосда фаолият юритмоқда. Мата «Валенсия»да ўйнаган вақт шу номдаги шаҳарда ҳам ресторан очганди. Футболчи Англия­га йўл олгач, туманли ўлкада ҳам шахсий бизнесини йўлга қўйишга қарор қилди. Лекин бунинг учун пойтахт Лондон эмас, балки Манчестерни танлади. Гап шундаки, Хуан «Челси»да узоқ вақт қолишига шубҳа билан қараган. Айтганча, Испанияда футболчининг бизнесини отаси назорат қилади.

Англияда рестораннинг очилиш маросимида бир қатор машҳур шахс­лар иштирок этишган. Матага тегишли ресторан Манчестерда 4 йил фаолият юритди, бу вақтда футболчи бошқарувчини алмаштиришга ҳам улгурди, яъни барчасини ўз назоратига олди, бироқ Tapeo and Wine номини олган муассаса ишлари орқа­га кетди ва у коронавирус инқирозига дош беролмади. Рестораннинг қисқача фаолияти:

2016 йил - очилиш маросими. Матанинг ўзи у ерда Давид де Хеа, Андер Эррера ва Маркос Рохо билан тез-тез кўриниш берарди. Daily Mail нашрининг маълумотига кўра, «Манчестер Сити»нинг испан тилида сўзлашувчи футболчилари ҳам шу муассаса мижозлари бўлишган.

2017 йил - Tapeo and Wine раҳбария­ти ўзгарди. Олдинроқ ишларни Матанинг яқин дўсти ва унинг турмуш ўртоғи юргизишарди. Хуллас, уларнинг ишларидан қониқмаган Мата бошқарувни ўз қўлига олди ва ёнига бизнес-ҳамкорини ҳам чақирди. Бироқ орадан кўп ўтмай, биринчи муаммолар юзага чиқди. Хусусан, 2017 йили Tapeo and Wine деярли 600 минг фунт миқдорида зарар кўрди.

2018 йил - Мата ресторанининг камомади янада ошди: 600 мингдан 772 минг фунтга.

2019 йил - The Sun аниқ рақамларни келтирмаган бўлсада, Tapeo and Wine ресторанининг молиявий ҳолати янада ёмонлашгани ҳақида ёзди.

2020 йил - коронавирус пан­де­мия­си Мата ресторанини «ўлдирди». Англиядаги қатъий карантин чоралари ортидан муассаса барча мижозларидан айрилди. Тўғри ресторан етказиб бериш хизматини йўлга қўйди, бироқ фойда харажатни қопламади.

Хуллас, Мата ва унинг бизнес-ҳамкори ресторанни ёпишдан ўзга чора тополмадилар. Улар ижтимоий тармоқда махсус баёнот ҳам беришди: «Хайрли кун. Афсуски, деярли 5 йилдан кейин Tapeo and Wine ресторанини ёпдик. Бу муассасани сизларни миллий таомларимиз, ичимликлар ва хизмат кўрсатиш сифати орқали Испания билан яқинроқ таништириш мақсадида очган, шунга яраша, кўп ҳаракат қилгандик. Афсус. Ёпиш қарорининг бир неча сабаблари бор, албатта. Ўз ўрнида орт­да қолган вақт давомида ресторанимизга ташриф буюрган ва биз билан завқланган ҳар бир хўрандага миннатдорчилик билдирамиз».

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz