Қайднома

Қидирув

Шомуродов боплаган экан!

Шомуродов боплаган экан!

  05.10.2020 23:55
  0
  463
Шомуродов боплаган экан!

Элдор Шомуродовнинг «Женоа» билан шартнома имзолагани, янги клубида қанча маош олиши ва шунга ўхшаш фактлар ҳақида кўпчилик ёзди. Рост-да, ўзбек футболчиси Европанинг кучли бешлик чемпионатига йўл оладию, буни беэътибор қолдириб бўларканми?! Мазкур трансфер масаласида билдирилган фактлар орасида Алишер Никимбаев берган маълумот эътиборимни тортди. Айни пайт Қатарда фаолият юритаётган мутахассис сўзлаган ушбу воқеадан бошқа футболчиларимиз ҳам ибрат олишса, зиён қилмасди. Зеро, Шомуродовнинг ҳаётидаги бу ўзгариш охир-оқибат, унинг бугунги кунда Италия футболи вакиллари эътиборига тушишига дебоча вазифасини ўтаган бўлса, ажабмас.

– 2016 йилнинг ёзида Элдор Шомуродовда Европага кетиш учун имконият туғилганди. Аммо «А» Серияга эмас, Чехия ёки Швейцарияга. Аммо ўша пайтдаги (ажабтовур тасодиф туфайли термада бўлган) футболчи агентини алмаштиришга қарор қилди ва шундан сўнг унга нимани буюришса, ўшани бажаришга одатланди. Масалан, Шомуродов «Бунёдкор» билан шартномасини узайтирмасликка қатъий қарор қилди, 2017 йилнинг 1 июлида эса, яъни «қалдирғочлар» билан келишуви муддати тугашига 6 ой қолганда, «Ростов» билан битим тузди. Ростовликлар «Бунёдкор» билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишни истамай, бу ишни Шомуродовнинг агентига ишониб топширишди. Натижада, клублар ўртасида тузилажак трансфер шартномаси «Бунёдкор» манфаатларига мос келмади, агентларга (ҳатто қоғозда номи акс этмаганларга ҳам) эса аксинча, жуда маъқул тушди. (Алишер Никимбаевнинг «Телеграм»даги «Футболиум» каналидан).

Бундан чиқди, Элдор «Бунёдкор» билан шартномасини узайтирганда, «Ростов» Тошкент жамоаси билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишга мажбур бўларди. Юқоридаги маълумотдан кўриниб турибдики, россияликлар таклифи «қалдирғочлар» манфаатига мос тушмаган. Сир эмаски, кўп ҳолларда ўзбек футболчилари учун катта пул талаб қилиниши нафақат Россия жамоалари, балки бошқа мамлакатлардаги клубларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилади. Шундан келиб чиқсак, «Ростов»нинг ҳам Элдорни сотиб олиш фикридан қайтиб қолиши ҳеч гап эмасди. Оқибат - яна бир иқтидор умрини ўзимизнинг чемпионатда ўтказиб юраверарди.

Юртимизда Шомуродовга ўхшаган иқтидорлар кўп. Фақат, уларга четдан «совчи» келганда, молиявий манфаатни бир четга суриб, ёш футболчиларнинг ривожланиши учун йўл очиб берилса, нафақат Италия, балки Англия ва Испанияда ҳам ўзбек футболчиларининг тўп суришига гувоҳ бўламиз, ҳали.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz