«Бавария» клуби ва Польша миллий жамоаси ҳужумчиси европамавсум-2019|2020нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. У спорт журналистлари ва мураббийлар иштирок этган сўровда 477 балл тўплаб, рақобатчилари - Кевин де Брюйне (90 балл) ва Мануэль Нойер (66 балл)ни яққол ортда қолдирди. Ажойиб натижа!
- «Бавария» билан мавжуд барча совринларни қўлга киритдингиз. Қўшимчасига, қитъада ўтган мавсумнинг энг яхши ҳужумчиси ва энг яхши футболчисига аталган совринлар ҳам шахсий коллекциянгиздан жой олди. Энди қайси чўққига интиласиз, нима асосий илҳом манбаи вазифасини ўтайди?
- Ҳа, бугун чўққидамиз. Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай жамоа бизни енгишга уриниб кўради. Бунга тайёр туришимиз лозим. Эҳтимол, янги мавсум «Бавария» учун янада мураккаброқ тус олар - чўққини забт этиш қийин, унда мустаҳкам туриш икки чандон оғирроқ. Лекин ишонинг, ғалабалар, совринларга ўта чанқоқмиз, жамоамиз ёш, салоҳияти улкан. Қисқаси, фақат зафар қучишни истаймиз. Муваффақият омили шу.
- Ўтган мавсумнинг айнан қайси лавҳаси сизда кучлироқ таассурот қолдирди?
- Ёрқин лавҳалар жуда кўп кузатилди. ЕЧЛ ва бошқа мусобақалар шоҳсупасига кўтарилган лаҳзаларни унутиш мумкин эмас. Алоҳида учрашувларга тўхталсам, «Црвена Звезда» дарвозасига 4та гол урганим, «Тоттенхэм», «Барселона» ва «Челси»га қарши кечган ўйинлар хотирамга муҳрланди. Лекин финалдаги зафар лаззати ўзгача, барибир.
- Пандемия туфайли мавсум ғайритабиий тарзда ўтди.
- Барча учун мураккаб давр. Мажбурий танаффусдан унумли фойдаланиш мақсадида одатий тарзда шуғулланиш иложи қолмагач, якка тартибда ишладим, астойдил тер тўкдим. Натижада майдонга пухта тайёргарлик билан қайтдим. Ҳаёт аста-секин изга тушишига ишонаман, мухлислар ҳам бунга ишонишсин.
- Юксак унвонга эришган польшалик дастлабки футболчига айландингиз.
- Бу билан фахрланаман, соврин бутун ватанимники. Польшаликлар ўзларига ўхшаган оддий йигит юксак саҳнада нуфузли совринни баланд кўтарганини кўриб туришди. Футбол - жамоавий спорт. Шундай экан, аввало, жамоадошларим ва мураббийларга миннатдорчилик билдиришим керак. Зеро, фақат ҳамжиҳатлик эвазига ғалабаларга эришдик.
- Лионель Месси билан ўртангизда ўхшаш жиҳатлар кўп. Мана, худди у каби шахсий соврин олдингиз, сермаҳсул тўпурарсиз. Аммо Лео каби терма жамоада ҳали ғолиблик нашидасини сурмагансиз. Балки навбатдаги Европа чемпионатида бу кемтикни тўлдиришга уриниб кўрарсиз...
- Албатта, ватандошларим терма жамоа билан чинакамига фахрланишларини истайман. Лекин бунинг учун нима қилиш кераклигини аниқ билмайман. Мухлисларимиз қувончи ва жамоамиз билан фахрланишлари - чинакам бахт. Терма жамоа таркибида ғалаба қозониш учун бор имкониятларни сафарбар этишга тайёрман. Лекин Европа чемпиони бўлишга ваъда беролмайман - барчасига реал ва холис баҳо бериш керак.
- Сизнинг ёшингизда кимлардир фаолиятини якунлашни ўйлай бошлашади. Муҳими, Левандовски ҳозир фаолиятининг энг ёрқин даврида турибди. Месси ва Роналду дуэти ҳукмронлиги даврида нимагадир эришиш мумкин, деб ўйлайсизми?
- Сўнгги 10 йиллик чиндан ҳам, Месси ва Роналдуга аталди. Бу даврда улардан ўзиб кетишнинг иложи йўқдек кўринди. Иккиси ҳам ҳамон яшил майдонда, юксак савияда ўйнашда давом этмоқда. Шундай экан, маҳсулдорлик бобида улардан ўзиб кетиб, нуфузли совринни қўлга киритганим билан алоҳида ғурурлансам бўлади. Албатта, бу йўлда қаттиқ ишлашимга тўғри келди. Лекин охирги 10-12 йилни инобатга олсак, Лео ва Криштиану мутлақо тенгсиз эдилар.
ЧЛ-2019|2020 ЛАУРЕАТЛАРИ
Энг яхши дарвозабон - Мануэль Нойер («Бавария»)
Энг яхши ҳимоячи - Жошуа Киммих («Бавария»)
Энг яхши ярим ҳимоячи - Кевин де Брюйне («Манчестер Сити»)
Энг яхши ҳужумчи - Роберт Левандовски («Бавария»)
Энг яхши мураббий - Ханс-Дитер Флик («Бавария»)
Энг яхши футболчи - Роберт Левандовски («Бавария»)
АЁЛЛАР ЎРТАСИДАГИ ЧЛ-2019|2020 ЛАУРЕАТЛАРИ
Энг яхши дарвозабон - Сара Буадди («Лион»)
Энг яхши ҳимоячи - Венди Ренар («Лион»)
Энг яхши ярим ҳимоячи - Женифер Марожан («Лион»)
Энг яхши ҳужумчи - Перниллу Хардер («Вольфсбург»)
Энг яхши мураббий - Жан-Люк Вассер («Лион»)
Энг яхши футболчи - Перниллу Хардер («Вольфсбург»)
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20