Қайднома

Қидирув

Тафсилот: Мураббийсиз ва ярим таркиб билан – 6:6

Тафсилот: Мураббийсиз ва ярим таркиб билан – 6:6

  07.10.2020 07:27
  0
  377
Тафсилот: Мураббийсиз ва ярим таркиб билан – 6:6

Мана, Европа Лигаси саралаш чиғириғи ҳам якунига етиб, асосий раунд иштирокчилари таркиби тўлиқ шаклланди. Гуруҳ босқичида ўйнайдиган клублар орасида Руминиянинг донгдор вакили - «Стяуа» йўқ. Руминлар турнирнинг учинчи саралаш имтиҳонида «Слован» (Чехия)га бас келолмадилар, боз устига, ўз майдонларида 0:2 ҳисобида ютқазишди. Шу тариқа гуруҳ чиптасини тақдим этадиган «плей-офф» раундига чиқолмадилар. Ваҳоланки, «Стяуа» иккинчи саралаш босқичида кичик мўъжиза кўрсатганди. Кечроқ бўлсада, ўша мўъжиза тафсилотлари билан таништиришни лозим топдик. Бинобарин, бундай сценарий футболда ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Демак, Стяуа» ЕЛнинг иккинчи квалификацион раундида Сербияда ТСЦ ёхуд «Бачка-Топол» меҳмони бўлди. Бу ўйин 120 дақиқага чўзилди ва пенальтилар сериясига уланди. Якунда «Стяуа» ортга кейинчи босқич йўлланмаси билан қайтди. Ҳеч қандай ажабланарли томони йўқ, тўғрими? Тўғри, агарда жамоаларнинг асосий ва қўшимча бўлимларда жами 12та гол урганини инобатга олмасак.

«Стяуа» - Европада анча танилган клуб. ТСЦни эса, бироз таништириш керак. 107 йиллик тарихга эга клуб бу йил ЕЛ саралашига илк марта йўл олди. Серблар аввалига Молдованинг «Петрокуб» клубини 2:0 ҳисобида енгишди. Кейин «Стяуа» билан учрашувни шунчаки, шоуга айлантиришди. Мана, ўйинга дахлдор бир неча фактга эътибор қаратинг:

- Биринчи бўлим «Бачка Топол»нинг устунлиги билан якунланди - 2:1. Ваҳоланки, жамоа 44-дақиқада майдонда озчилик бўлиб қолди.

- «Стяуа» 50-дақиқада ҳисобни тенг­лаштириб, кейингисидаёқ яна гол қўйиб юборди. Орадан 12 дақиқа ўтиб, ҳисоб 3:3 кўринишини олди.

- Асосий вақтнинг оловли якуни: 90Қ3-дақиқада «Бачка» футболчиси автогол муаллифига айланди. Лекин серблар тезда мувозанатни тиклашга улгуришди - 4:4.

- Қўшимча бўлимларда ТСЦ яна бир футболчисини йўқотди ва шу заҳоти, аниқроғи, 105-дақиқада 5-голни қабул қилди. Бироқ сон жиҳатидан катта устунликка эга бўлган «Стяуа» 3-бўлим тугамасидан олдин яна гол қўйиб юборди.

- Учрашувнинг 4-бўлимида томонлар яна 1тадан гол уришди ва пенальтилар сериясида омад «Стяуа»га кулиб боқди - 5:4.

- Икки рақиб жамоанинг ҳам пенальтилар сериясига қадар 5тадан кўп гол уриши еврокубоклар тарихида илк марта кузатилганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Энди табиий савол туғилади: анча кучли саналган «Стяуа» рақибдан икки киши кўп бўлиб ўйнаган ҳолда, нега бунчалар қийналди? Ҳаммаси оддий: жамоа ўйин арафасида 9 нафардан футболчи ва ходимини йўқотди - уларнинг коронавирусга топширган тести мусбат натижа берди. Оқибатда «Стяуа» ўйин қайдномасига атиги 14 нафар футболчини қўшди, холос. Хуллас, инфекция таъсири яққол билинди. Дейлик, Руминия клуби дарвозасини аввалги мавсум ҳам ўринбосарлар сафида ўйнаган 4-рақамли кипер Рэзван Дукан қўриқлади. Учрашув давомида серблар 4та голни айнан унинг хатолари эвазига уришди. Тўғри, Дукан 119-дақиқада жамоа­сини муқаррар голдан сақлаб қолди. Коронавирус хуружи «Стяуа» мураббийлар штабини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Жумладан, бош мураббий Антон Петреа қонида вирус борлиги аниқланди. Шунинг учун клубни унинг ёрдамчиси, футболчилик фаолиятини ўтган йилнинг декабрь ойида якунлаган Михай Пинтилий бошқарди. Энг қизиғи, «Стяуа» раҳбария­ти қарорига кўра, Пинтилийга атиги 2 ой муқаддам клубнинг ўринбосарлар таркиби бошқарувидан салбий натижалар туфайли ҳайдалган Богдан Винтилэ кўмаклашди. У «Стяуа»­га кучли муҳаббати туфайли ёрдам беришга рози бўлиб, мураббийлар штабига қўшилган экан - фақат 1та ўйин учун.

«Стяуа» хўжайини Жижи Бекали матбуотда машҳур персонаж ҳисобланади. Ҳар доим ўткир ва кутилмаган фикрлари билан омма эътиборини тортадиган функционер ўйиндан олдин ҳар қандай ҳолатда ҳам, ЕЛдан воз кечмаслигини айтганди. Дарвоқе, Бекали пандемия даври бошланганидан кейин «Стяуа»ни молия­лаштириш ишларини бироз қисқартиришини маълум қилган ва буни бойлигини аввало, ўз оиласи манфаати йўлида сарфлашни хоҳлаши билан изоҳлаганди. Умуман, Руминиянинг энг машҳур клубларидан бири неча ойдан буён соҳибдан етарли даражада маблағ олмаяпти ва фақат ўз футболчиларини сотиш орқали пул топишга уринмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz