Қайднома

Қидирув

Ракурс: Мўъжаз орол чиройи

Ракурс: Мўъжаз орол чиройи

  08.10.2020 12:12
  0
  342
Ракурс: Мўъжаз орол чиройи

Шотландиядаги кичик оролча жаҳоннинг энг чиройли футбол майдонларидан бирига эга. Унинг ёнгинасида бар ва очиқ денгиз бор, ўйиндан холи вақтда атрофда сигирлар сайр қилиб юради. Эрискей - Шотландиянинг мўъжаз ороли, унда атиги 150 киши истиқомат қилади. Оролнинг ер майдони - 7 км.|кв. Ҳудуд асосан тоғ чўкмаларидан иборат бўлиб, биттагина автомобиль йўли бор. 2018 йилга қадар оролга фақат паром воситасида бориш мумкин эди. Кейинчалик Эрискейга вертолёт майдони ҳам қурилди.

Эрискейда футбол ҳам бор. Диққат қилинг, маҳаллий жамоа - «Эрискей» ўтган асрнинг 50-йиллари охирида тузилган. Бу клуб айни пайт Уист ва Бара ҳудуди турнирида ўйнамоқда. Гап Шотландия футбол ассоциация байроғи остида ҳаваскорлар ва профессионаллар ўртасида ўтказиладиган расмий мусобақа ҳақида кетмоқда. Жамоада 18 нафар ўйинчи рўйхатдан ўтган. Футбол улар учун - хобби. Яъни «Эрискей» футболчилари кечқурун, ишдан бўшаганларидан кейин машғулотларда қатнашишади ва жамоада фақат ғалаба учун пул олишади. Клубнинг бош ҳомийси - орол маъмурияти. Ҳафтада камида 3 марта машғулот олиб борилади. Ҳар дам олиш куни ўйин ўтказилади. Оролликлар сафар учрашувларига паромда боришади. Тўғри, улар аввалги мавсум стартидан олдин орол раҳбариятидан жамоага алоҳида вертолёт ажратишини сўрагандилар. Лекин бу сўровлари қондирилмади.

«Эрискей»нинг алоҳида «ташриф қоғози» - бу ўзига хос майдон. Гап тоғли ҳудуд ҳақида бормоқда, демак, футбол майдони тепаликлар орасида жойлашган. Эътиборли томони шуки, орол маъмурияти бутун ландшафтнинг бузилиши хавфи туфайли майдонни текислашга рухсат бермаган. Кечқурунлари майдон сира бўшамайди - «Эрискей» футболчилари машғулот ўтказишади ёки маҳаллий фуқаролар шунчаки, тўп тепишади. Эрталаб эса, маҳаллий чўпонлар вақти келади, улар сигир, қўй ва отлар подасини бемалол майдонга ҳайдашади. Фақат ҳокимият чўпонлар олдига шарт қўйган - ҳайвонлар майдон майсасини буткул емаслиги керак.

«Эрискей»нинг ўйновчи-мураббийи Шон Маккиннон ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида стадионни ҳудуднинг алоҳида чиройи сифатида таърифлади: «Оролимиз чиндан ҳам, жуда кичик. Бар бор. Озиқ-овқат, қурилиш ва хўжалик моллари дўконлари ҳам. Яна ибодатхона ва саноқсиз пляжлар. Лекин айнан майдон бизнинг асосий қадриятимиз ҳисобланади. Фақат битта муаммо бор. Машғулотлардан олдин аравачада ҳайвонлар тезагини тозалаб олишимизга тўғри келади».

2015 йили ФИФА Эрискейни расман сайёранинг футбол ўйнаш учун энг ёрқин ва сўлим жойи сифатида тан олганди. Диққатга сазовор факт - ФИФА ҳам «Эрискей»­га майдонни текислашни тақиқлаб қўйган. Уист ва Барра лигаси ўйинлари март-сентябрь оралиғида ўтказилади. Бу идеал вақт. Чунки қишда майдоннинг шимолий қисми ботқоққа айланиб қолади. Яна Маккиннон сўзларига эътибор қаратамиз: «Аслида майдон унча ёмон эмас, гарчи нотекис бўлсада. Ҳа, бурчак байроқчаси ҳудудида тепалик бор, майдон марказида ҳам. Яна дарвоза чизиғи ёни ҳам текис эмас. Лекин ҳаммаси назорат остида: майсани мудом парваришлаймиз».

«Эрискей» футболкаларида AM Politican ёзувини кўриш мумкин. Йўқ, бу бош ҳомий эмас, шунчаки, футбол майдонидан 200 метр нарида хизмат кўрсатувчи барнинг номи. У 1941 йили орол томон сузган кема шарафига шундай номланган. «Эрискей» мураббийининг айтишича, жамоада 18 нафар ўйинчи рўйхатга олинган бўлсада, баъзан тўлиқ таркиб йиғиш ҳам мушкул иш. Чунки ҳаммада асосий касб йўналиши бор. «Менга нафақат натижалар, балки жамоада қанча ишлаганим нуқтаи назаридан ҳам баҳо беришади. Бошқарувни қўлга олганимга 7 йил бўлди. Бу кичик муддат. Таққослаш учун айтсак, аввалги мураббий «Эрискей»ни 21 йил давомида шуғуллантирган эди, - дейди Шон Маккиннон. - Афсуски, камтарин жамоамиз яқин орада ёпилиши мумкин. Чунки ихтиёримизда оролда қоладиган ёшлар жуда кам. Янги ўйинчилар йўқ, таркиб янгиланмаяпти. Ҳозирги футболчилар эса, тобора қарияптилар, тез орада югуришга ярамай қоладилар...».

Умуман, Эрискейдаги ҳаёт - роҳат. «Эрискей»да ўйнаш - мароқ. «Сиз ер юзидаги хоҳлаган стадионда ўйнашингиз мумкин. Бироқ агар камтарона, ўнқир-чўнқир майдонда тўп тепиб кўрмаган бўлсангиз, унда футбол ҳақида ҳеч нарсани билмайсиз» - бу «Эрискей» жамоаси футболчиларининг хулосалари.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz