Қайднома

Қидирув

Эртакнамо «Лестер» ва сўнган «Малага»

Эртакнамо «Лестер» ва сўнган «Малага»

  09.10.2020 21:21
  0
  529
Эртакнамо «Лестер» ва сўнган «Малага»

Футбол анчадан бери нафақат энг оммавий спорт тури, балки сердаромад бизнес соҳасига айланиб улгургани ҳеч кимга сир эмас. Ҳар йили янги-янги бадавлат сармоядорлар бу соҳага ташриф буюриб, ўта йирик лойиҳаларни футболга татбиқ этиш учун маблағ сарфлашга тайёр эканликларини билдирадилар. Шу йўл билан мисли кўрилмаган натижаларга эришаётган жамоалар йўқ эмаслигини инкор этиш қийин - қудратли инфратузилма, самарали менежмент ва трансфер сиёсатини йўлга қўя олган клуб футбол оламидаги энг нуфузли сов­ринларга даъвогарлик қиладиган номзодлар сафидан жой олади. Бироқ тарихда «улкан ҳамён» ҳар доим ҳам муваффақият гарови бўлавермаслигига мисоллар етарлича. Қуйидаги материал «наҳанг» сармоядорлар томонидан «ютиб юборилган» жамоалар ҳақида.

 

«ВУЛВЕРХЭМПТОН»

Клуб соҳиби: Го Гуанчан, Хитой

Харид вақти: 2016 йил

Шаҳар билан номдош «бўрилар»га ўйиндаги беқарорлик одатий ҳолга айланиб қолгани туфайли, жамоа охирги йилларда гоҳ АПЛ, гоҳ Чемпионшипда тўп сурарди. 2011|12 йиллар мавсумида жамоа элитанинг охирги поғонасидан жой олди. Бир йилдан кейин эса Чемпионшипни тарк этди. «Вулвз» ҳозир ҳам АПЛга чиқиш учун чексиз кураш олиб бораётганлар сафида бўлиши мумкин эди, бироқ 2016 йилда унинг уфқида хитойлик йирик сармоядор Го Гуанчан пайдо бўлди. Бойлиги тахминан 5,23 млрд. фунт бўлган бизнесмен клубни 45 млн. фунтга сотиб олди ва янги лойиҳани амалга оширишга киришди. Маълум бўлишича, янги соҳиб португалиялик таниқли агент Жорже Мендеш билан яхши таниш экан. Агент «Вулвз»га ўз ватандошларини, жумладан, «Порту»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Нуну Эшпиритуни жалб этди.

Шунингдек, «бўрилар» ўз таркибларини Элдер Кошта, Иван Кавальеро ва Рубен Невеш каби иқтидорлар билан кучайтиришди. Жамоа 2018 йилда элитага чиққач, Адама Траоре, Руи Патрисиу, Диогу Жота, Рауль Хименесларни харид қилди. Самарали трансфер сиёсати ва бош мураббий Нуну Сантунинг саъй-ҳаракатлари эвазига «бўрилар» ЕЛда дебютларини нишонлашди. Сўнгги мавсумлар оралиғида жамоа Фабио Силвани харид қилиб, ўз тарихидаги трансфер рекордини ўрнатди.

«ПСЖ»

Клуб соҳиби: Носир ал Хелаифи, Қатар

Харид вақти: 2011 йил

«ПСЖ» - йирик сармоялар ҳатто энг кучли чемпионатлар сирасига кирмайдиган лига вакилини ҳам қитъа футболи грандлари сафига кўтара олиши мумкинлигини исботлайдиган ёрқин мисоллардан бири. Унутмаслик керакки, парижликлар доимо таркибларига таниқли юлдузларни жалб этганликлари билан мақтана оладилар. Клод Макалеле, Жорж Веа, Николья Анелькалар шулар тоифасидан. Бироқ бу уринишлар кўпинча еврокубоклар тугул, ҳатто ички мусобақаларда ғолибликни таъминлаш учун озлик қиларди. 2011 йилнинг майида клуб фаолияти тубдан ўзгарди. Қатарлик шайх Носир ал Хелаифи акциялар пакетининг 70 фоизини 50 млн. еврога харид қилди, клубни барча қарзлардан халос этди. Тез орада шайх «ПСЖ»нинг тўлақонли соҳибига айланди ва жамоа бошқарувини Карло Анчелоттига топширди. Бир йилдан сўнг дон Карло жамоани 19 йиллик танаффусдан кейин илк бор шоҳсупага олиб чиқди. Бундан ташқари, унинг шогирдлари ЕЧЛ чорак финалига қадар кўтарилиб, фақат сафар учрашувидаги гол эвазига «Барселона»дан енгилишди.

Ижобий натижалар ортидан жаҳон миқёсидаги футболчилар ҳам Парижга ташриф буюришди. Дарҳақиқат, қатарлик сармоядорлар маблағлари Париж клубини француз футболи грандига айлантирди. Лекин ЕЧЛ чўққиси ҳамон забт этилгани йўқ. Шу йили Томас Тухель жамоаси «шалпангқулоқ» совринга жуда яқин келди, аммо ҳал қилувчи баҳсда «Бавария»ни таслим эта олмади.

«ЛЕСТЕР»

Клуб соҳиби: Айяватт Шриваддханапрабха, Таиланд

Харид вақти: 2010 йил

Марҳум Вишай Шриваддханапрабха «Лестер» акцияларини харид қилган паллада биринчи навбатда ўғлини казинолар таъсиридан халос этишни, шундан кейин бизнес-лойиҳа сифатида қабул қилишни мўлжаллаганди. Ҳа, «тулкилар» бадавлат сармоядорлар учун навбатдаги қўғирчоққа айланишга яқин туришганди. Бироқ қуйи дивизионларнинг камтарин жамоаси элитага чиқиш билан чекланиб қолмади, балки охирги йиллардаги эртакнамо тарихни яратишга ҳам улгурди. АПЛдаги дебют мавсумида Чемпионшипга қайтишга асосий номзод бўлган жамоа Найжель Пирсон раҳбарлигида элитадаги ўрнини сақлаб қолди. Бунинг учун у сўнгги 8та турни мағлубиятсиз ўтказишга муваффақ бўлганди. Мазкур серия бўлажак парвоз арафасидаги «хамир учидан патир» эканлиги ке-йинги мавсумда маълум бўлди. Мавсумлар оралиғида бош мураббийлик лавозимига Клаудио Раньери таклиф этилди. Италиялик мутахассис АПЛ тажрибасига эга бўлсада, дурустроқ натижага эриша олмаганди. Раньери янги жамоадаги фаолиятини Нголо Канте, Демарай Грей, Гекхан Инлер, Шинжи Оказаки, Роберт Хут ва Крис­тиан Фукс хариди билан бошлади. Натижада «тулкилар» барчани лол қолдирган ҳолда шоҳсупани забт этишди.

«КАРДИФФ»

Клуб соҳиби: Винсент Тан, Малайзия

Харид вақти: 2010 йил

Баъзан бадавлат сармоядорлар клубнинг бўлажак муваффақиятига кафолат бўла олмасликлари мумкин. Малайзия фонд биржасида ўзига яраша нуфузга эга бўлган конгломерат асосчиси инглиз футболининг ўртамиёна вакилини юқорироқ мақомга олиб чиқишга қарор қилганди. У аввало, клубни 30 млн. фунтли қарздан халос этди, кейин ажабтовур ўзгаришлар киритишни бошлаб юборди. Таннинг истаги билан жамоанинг кўк ранги қизилга алмаштирилди. Шунингдек, соҳиб Британия футболи учун одатий «Сити» қўшимчасидан воз кечиб, жамоани «Кардифф Драгонс» деб юритишни талаб қилди. Якунда унинг тушуниш қийин бўлган қарорлари ва футбол қоидаларидан бехабарлиги мухлисларнинг жиддий норозиликларига сабаб бўлди. Ишқибозлар бахтига, 2015|16 йиллар мавсуми арафасида жамоага анъанавий кўк ранг қайтарилди.

«МОНАКО»

Клуб соҳиби: Дмитрий Риболовлев, Россия

Харид вақти: 2011 йил

Ўз музейида 8та чемпионлик, 5та мамлакат ва битта Лига кубокларини жамлаган совриндор жамоа 2011 йил баҳорида элитани тарк этди ва бир гуруҳ етакчиларидан жудо бўлди. Монегаск­лар 2-лига жамоалари орасида энг йирик бюджетга эга бўлсаларда, элитада охирги ўринни эгаллашди. Шундан кейин россия­лик миллиардер клуб акцияларининг 66,7 фоизини сотиб олди. Сармоялар ёрдамида таркибни кучайтирган жамоа бир йилдан кейин Лига 1га қайтди. Ёзги трансфер мавсумида «Монако» футболчилар хариди учун 113 млн. евро сарфлади, қўшимчасига, ёш иқтидорлар ва тажрибали ўйинчилар билан шартнома тузди. Наҳотки, янги «пул қопи» топилган бўлса? Ўша паллада кўпчиликни шу савол ўйлантириб қўйганди. Бироқ ўзининг асосий рақобатчиси - «ПСЖ»дан фарқли равишда, «Монако» ўзгача тараққиёт йўлини танлади. Гарчи «қизил-қоралар» ҳам мунтазам равишда трансферга маблағ сарфлашсада, барча сармоялар ёшларни талаб даражасида тарбиялашга йўлланади. Мақсад - уларни муносиб баҳода грандларга пуллаш. Масалан, Килиан Мбаппенинг «ПСЖ»га ўтиши «князлик клуби» ғазнасини 145 млн.га бойитди. Бенжамен Менди ва Бернарду Силва учун «Манчестер Сити» 107,5 млн. тўлади. Ҳозир монегасклар мураккаб даврни бошдан кечиришмоқда. Лекин янги сармоялар жамоага «ПСЖ» ҳукмронлигини узиш имкониятини берди - 2016|17 йиллар мавсумида чемпионликка эришган «Монако» ЕЧЛда ярим финалга етиб борди.

«ЧЕЛСИ»

Клуб соҳиби: Роман Абрамович, Россия

Харид вақти: 2003 йил

Албатта, бундан аввал ҳам «кўклар» совринларни қўлга киритишган, аммо сезиларли муваффақиятлар айнан россиялик миллиардер даврида қайд этилди. Саратовлик бизнесмен клубни 140 млн. фунтга харид қилиш орқали ўзига хос жаҳон рекордини ўрнатганди. Дебют мавсумда Абрамович Клод Макелеле, Эрнан Креспо, Демьен Дафф, Хуан Себастьян Верон каби харидлар учун 100 млн. фунт сарфлади. Натижада бир йилдан кейин «кўклар» АПЛ ғолиби бўлишди. Бу фақат бошланиши эди. Умуман, Абрамович даврида жамоа 5та чемпионлик ва Англия кубоги, 3та Лига кубоги, 2та ЕЛ ва энг асосийси, 2012 йилда ЕЧЛ кубогини қўлга киритди. Юксак парвозни таъминлаш мақсадида соҳиб бош мураббийларни тез-тез алмаштириб турди. Бироқ бу ўзгаришлар Фрэнк Лампард, Дидье Дрогба, Жон Терри, Петр Чех каби футболчиларнинг асл афсоналарга айланишига тўсқинлик қилмади.

«КПР»

Клуб соҳиби: Тони Фернандес, Малайзия

Харид вақти: 2011 йил

Бир пайтлари молиявий қудрати жиҳатидан «Манчестер Сити» соҳиби шайх Мансурдан ҳам ўзиб кетган, дун­ё­­­­­нинг энг йирик металлургия тармоғи асосчиси бўлган ҳиндистонлик Лакшми Миттал 2007 йилда «КПР» акциядорлари сафидан жой олганди. Бироқ у ҳам лондонликлар клубидаги шериклари - Флавио Бриаторе ва Берни Экклстоун каби жамоа тараққиётига етарли эътибор қаратмади. Натижада, клуб акцияларининг 66 фоизи малайзиялик тадбиркор тасарруфига ўтди. Тони Фернандес «Вест Хэм» мухлиси бўлишига қарамасдан, «КПР»ни АПЛга тайёрлашга киришди, тажрибали футболчиларни таркибга жалб этди. 2011|12 йиллар мавсумини «чамбараклар» аутсайдерларга қўшни бўлган ҳолда якунлашди. Лондондаги кучли рақобатга қарамасдан, «КПР» абонементлар баҳосини оширди. Бундан ташқари, Харри Реднапп бош мураббий лавозимини эгаллагач, жамоа трансферлар учун 45 млн. фунт сарфлади. Аммо бу харажатлар элитадаги ўрнини сақлаб қолиш учун камлик қилди. Боз устига, жамоа футболчилар билан йирик шартномалар имзолаши оқибатида молиявий фейр-плей қоидасига амал қилишда муаммолар юзага келди.

«МАЛАГА»

Клуб соҳиби: Шайх Абдулла ибн Носир ал Тани, Қатар

Харид вақти: 2010 йил

Бу жамоа Испанияда «Барселона» ва «Реал»дан кейин 3-грандга айланиши мумкин эди. Бироқ амалда у Андалусиядаги бизнеси билан боғлиқ шахсий мақсадларини кўзлаган бадавлат соҳиб учун кераксиз бўлиб қолди.

Қироллик оиласи аъзоси бўлмиш ал Тани «Малага»ни 36 млн. евро эвазига харид қилиб, жамоани юксак савияга олиб чиқишга ваъда берганди. Дастлабки мавсумда таркиб кучайтирилди. Аммо жамоа Ла Лигани 11-ўринда якунлади. Янги мавсумда трансферлар учун 60 млн. сарфланди. Натижада жамоа 4-поғонага кўтарилди ва бир талай янги орзулар ва ЕЧЛда қатнашиш имконияти пайдо бўлди. Нуфузли турнир чорак финалига етиб бориб, бўлажак финалчи - «Боруссия Д»га йўл берди. Аммо унинг парвози қанчалик тез юз берган бўлса, шунчалик тез сўнди. Ўз футболчиларини вақтида иш ҳақи билан таъминлай олмаган «Малага» молиявий фейр-плей қоидасини бузгани учун 4 йилга еврокубок мусобақаларидан четлатилди. Унинг ортидан клуб раҳбарияти ва УЕФА ўртасида зиддият юзага келди. Шу боис, клуб қатъий тежамкорлик асосида фаолият юрита бошлади.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz