Қайднома

Қидирув

Валижон РАҲИМОВ: «ЧЕМПИОНЛИК УЧУН ИМКОНИЯТЛАРИМИЗ ЕТАРЛИ»

Валижон РАҲИМОВ: «ЧЕМПИОНЛИК УЧУН ИМКОНИЯТЛАРИМИЗ ЕТАРЛИ»

  10.10.2020 01:41
  0
  695
Валижон РАҲИМОВ: «ЧЕМПИОНЛИК УЧУН ИМКОНИЯТЛАРИМИЗ ЕТАРЛИ»

Жорий йилги Суперлига баҳсларида ўзининг муваффақиятли одимини давом эттираётган АГМК навбатдаги турда ўз уйида «Қизилқум»ни қабул қилиб, муросасиз кечган учрашувда қимматли уч очкони қўлга киритди. Ҳозир таркибда маҳорат, тажриба ва иштиёқ инстинктини уйғунлаштира олган Миржалол Қосимов шогирдлари турнир жадвалининг иккинчи поғонасига мустаҳкам жойлашиб олишган. Бизнинг галдаги суҳбатдошимиз эса мана шу жамоанинг ёш ва умидли посбони Валижон Раҳимовдир.

- Даставвал, суҳбатимизни «Қизилқум»га қарши кечган баҳс ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.

- «Қизилқум» билан ўйин жанговар руҳда ўтди. Рақибларимиз таркибига иккинчи даврада бир қанча маҳоратли футболчилар келиб қўшилишди, жамоа сезиларли даражада кучайди. Биз ҳам, ўз навбатида, уларга муносиб қаршилик кўрсатиш ва ғалаба қозониш учун майдонга чиқдик. АГМКнинг барча футболчиларида ғалабага бўлган иштиёқ жуда кучли эди. Гарчи дастлаб дарвозамиздан тўп олиб чиққан бўлсакда, якунда жамоавий ўйин эвазига иродали ғалабани қўлга киритдик.

- Жамоангиз 16-турда «Бунёдкор»га қарши қийин ўйинда сафардан уч очко билан қайтишни уддалади. Қайсидир маънода, иккинчи ўрин учун курашга ойдинлик киритган мазкур ўйин борасида қандай фикр­дасиз?

- «Бунёдкор» билан беллашув жуда муҳим ва ўзига яраша катта аҳамиятга эга эди. Турнир жадвалида ёнма-ён жойлашган икки жамоа ўртасидаги баҳснинг биринчи бўлими биз учун бироз оғирроқ ўтди. Гол урганимиздан кейин ташаббусни рақибга бериб қўйдик ва улар тўпни кўпроқ назорат қилишди. Иккинчи бўлим олдидан эса бош мураббийимиз керакли кўрсатмаларни берди, натижада, устунлик аста-секин биз тарафга ўтиб, баҳс сўнгида муҳим 3 очкони қўлга киритдик.

- «Бунёдкор»га қарши ўйиндаги учинчи голга сиз асистентлик қилдингиз. Бу ғалаба голи эди. Шундай экан, АГМК дарвозасидан ўтказиб юборган иккита гол учун муносиб жавоб бера олдим, деб ўйлайсизми?

- Футбол жамоавий спорт тури ҳисобланади. Ҳар бир жамоада 11 футболчи майдонга тушади ва барчаси ғалаба қозониш учун ҳаракат қилади. Биласиз, миллионлар ўйинида аҳамиятсиз туюлган кичик бир эпизод ҳам натижага қандайдир таъсир ўтказиши мумкин. Шу куни жамоамиз ғалабаси учун оз бўлсада ҳисса қўшганимдан мамнунман. Ўтказилган голларга келадиган бўлсак, эндиликда машғулотларда ўз устимда янада кўпроқ ишлашим кераклигини тушуниб етдим ва шундай қиламиз ҳам.

- АГМК кўплаб учрашувларда маълум сифатларга эга футболчилар маҳорати эвазига ғалаба қозонмоқда. Айтинг-чи, Миржалол Қосимов ўйин пайтида жамоадошларингизга қай даражада эркинлик беради?

- АГМКда жамоавий ўйин яхши йўлга қўйилган. Таркибимиздаги футболчиларнинг ҳаммаси маҳоратли. ғалабалар айнан шундай ўйинчилар меҳнатлари эвазига қўлга киритилмоқда. Ўз навбатида, бош мураббийимиз ҳам жамоани яхши руҳлантирмоқда.

- Қосимов биринчи давранинг барча учрашувларида Суҳроб Султоновга ишонч билдирди. Бироқ кўряпмизки, ҳал қилувчи босқичда таркибда дарвозабонлар бўйича ҳам ротация ишлари бошланди. Жамоада сиз учун берилаётган имкониятдан кўнглингиз тўляптими?

- Бир жамоамиз, демакки, асосий ёки захира ўйинчиси деган тушунчалар бизга бегона. Ҳамма тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга. Буни мураббийлар ҳам кўп бора таькидлашади. Ўзимга келадиган бўлсак, имкон берилмоқда, бу қувонарли ҳолат. Вазиятдан оқилона фойдаланишга интиламан. Биласиз, жорий мавсум Суперлигада дебют қилдим. Худо хоҳласа, мураббийлар ва мухлислар ишончини оқлашга интиламан.

- АГМК иккинчи ўрин учун курашда «Бунёдкор»дан узоқлашиб олди, олдинда эса «Пахтакор» бор. Нима деб ўйлайсиз, «шерлар»ни қувиб ета оласизларми?

- Иккинчи давра энди бошланди ва «Пахтакор»га қарши баҳс ўз майдонимизда ўтишини инобатга олсак, чемпионлик курашида ҳали имкониятларимиз етарли.

- АГМК сўнгги ўйинларда натижага эришиш учун бироз қийналяпти, бунинг сабаби нимада?

- Жорий йил Суперлигада барча жамоалар қизиқарли ўйин намойиш этишмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, бу мавсум ҳар бир тур ўйинлари кескин ва курашларга бой тарзда ўтмоқда. Ҳеч бир клубга ижобий натижага эришиш осон бўлмаётганлиги бор гап. Жамоалар ўйин жиҳатидан бир-бирига яқин савияда рақобатлашмоқда. Рақобат эса ўсиш демакдир... Футбол шуниси билан қизиқ.

- «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Насаф»­даги муаммолар туфайли АГМК­га совринлар учун курашга йўл очилди, дегувчилар талайгина...

- Бу каби фикрларга қўшилмайман. Чунки профессионал футболчи майдонга чиққанидан кейин барча муаммоларини унутади, бор диққат-эътиборини ўйинга қаратади. Ишонинг, ўйин пайт молиявий муаммолар бўладими ёки бошқасими, футболчида ғалаба қозониш иштиёқи барчасидан устун туради. Шундай экан, сиз санаб ўтган жамоаларда вазият бугунгидай бўлмаган тақдирда ҳам АГМК юқори ўринлар учун курашаверарди. Қолаверса, муаммоси борлиги айтилаётган клубларда ўз ишининг усталари фаолият олиб боришади. Шунинг учун ҳам вазият қандай бўлишидан қатъий назар, бу жамоалар иштирокида сов­ринли ўринлар учун кураш давом этаверади.

- Ўтган ҳафтадан стадионларга маълум даражада мухлислар киритилишига рухсат берилди! Ишқибозларга етказмоқчи бўлган дил изҳорларингиз бўлса, марҳамат.

- Ҳаммага мустаҳкам соғлик-саломатлик тилайман. Яратгандан бутун инсоният бошига келган ушбу касалликлар йўқолиб, яна одатий ҳаёт тарзига қайтаришини сўрайман. Мухлисларимизнинг стадионларга киришига рухсат берилгани жудаям қувончли хабар. Ахир уларни барча футболчилар соғинди. Футбол, албатта, мухлислар билан жозибали.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz