Қайднома

Қидирув

Келажакка пойдевор ёки 19 ёшга "чиқиб улгурмаган" иқтидор соҳиблари ҳақида...

Келажакка пойдевор ёки 19 ёшга "чиқиб улгурмаган" иқтидор соҳиблари ҳақида...

  10.10.2020 09:09
  0
  534
Келажакка пойдевор ёки 19 ёшга

Хабарингиз бўлса, ҳозир «Аякс» футболчиси Сержиньо Дестни ўз сафига қўшиб олиш учун «Бавария» ва «Барселона» ўртасида аёвсиз кураш кетмоқда. Бу ОАВ орқали кўпчиликка етиб келган хабарлардан бир мисол, холос. Аслида, скаутлар ёш иқтидорларни топиш илинжида доимий изланишдалар. Клуб мутасаддилари эса юксак натижалар ва молиявий манфаатларни кўзлаган ҳолда, бўлажак юлдузлар учун катта-катта сармоялардан воз кечадилар. Қуйидаги материал ҳали 19 ёшга чиқиб улгурмаган пайти грандлар эътиборини ўзига қаратган 7 нафар иқтидор соҳиблари ҳақида.

ФАБИУ СИЛВА

Трансфер пайтидаги ёши: 18

Нархи: 40 млн. евро

Ҳикоямизни ҳали сиёҳи қуришга улгурмаган трансфер билан бошлаймиз. Силва атиги бир неча кун аввал «Порту»дан «Вулверхэмптон» сафига ўтди. Бунинг учун «бўрилар» «аждаҳолар» ғазнасини нақ 40 млн. еврога бойитишди. Афтидан, Нуну Эшпириту Санту ўз ватандошига керагидан ортиқ ишонч билдирган кўринади. Фабиу «аждаҳолар» таркибида тўлиқсиз мавсумни ўтказиб, 12 учрашувда битта гол урди. Шунингдек, у Португалия­нинг U-19 терма жамоасида 5 марта майдонга тушиб, 3та гол уришга улгурган.

Очиғи, «Вулвз»га ўтгунга қадар Силва кўпчиликка таниш эмасди. Уни таркибига жалб этиш учун жамоа ўз тарихидаги рекорд сармоядан воз кечди. Ваҳоланки, Фабиудан 2 млн.га арзонроқ бўлган Рауль Хименес ўзининг дебют мавсумида 17та гол урганди. Албатта, 18 ёшли иқтидор соҳибидан ҳеч ким бундай сермаҳсулликни талаб этмайди. Бироқ йигитча ўзининг ижобий хислатларини намойиш этиши шарт. Акс ҳолда, мухлислар ва ОАВ босимига дуч келади.

ВИНИСИУС ЖУНИОР

Трансфер пайтидаги ёши: 18 ёшда

Нархи: 45 млн. евро

Бундан икки йил аввал «Реал» бразилиялик ёш ҳужумчини ўз сафига қўшиш учун 45 млн. сарфлаганди. Винисиус эса дебют мавсумидаёқ асосий таркибдан жой олди ва барча мусобақаларда 31 марта майдонга тушди, ўз ҳисобига 3та гол ва 12та ассист ёздириб қўйди. Дебютант, қолаверса, ёш иқтидор соҳиби учун рисоладагидек натижа. 20 ёшга чиққунга қадар Жуниор «Қироллик клуби» таркибида 70 марта майдонга тушди. Яъни, кейинчалик «Тоттенхэм»га ўтиб кетган маҳаллий тарбия­ланувчи Серхио Регилондан кўпроқ ўйин ўтказди. У ҳозирда асосий таркибдан жой олиш учун курашни давом эттирмоқда. Ёш футболчига Зидан доимо ишонч билдиравермайди. Боиси, Жуниордан ўта жиддий рақобатчи - Марко Асенсио қаршилигини енгиш талаб этилади.

РОДРИГО

Трансфер пайтидаги ёши: 18

Нархи: 45 млн. евро

Ўзининг трансфер сиёсатини давом эттираётган «Қироллик клуби» яна бир бразилиялик ёш иқтидорни 2019 йилнинг июлида ўз таркибига жалб этди. У «Сантос» аъзоси Родриго эди. Ушбу футболчи Мадридга йўл олишидан аввал жамоасида 49 учрашув ўтказиб, 10та гол ва 5та самарали узатмани амалга оширганди. Родриго қанотларда самарали ўйнашидан ташқари, олдинги чизиқ марказида ҳам ишончли тўп суриши билан мадридликлар эътиборини тортганди. Ҳужумчининг Испаниядаги дастлабки мавсуми рисоладагидек ўтди. У 26 беллашувда иштирок этди, 7 гол ва 3та самарали узатма муаллифи бўлди. Европа Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Галатасарой» билан кечган учрашув Родригонинг «Реал» сафидаги энг сермаҳсул ўйини («хет-трик» ва ассист) бўлиб турибди. Тўғри, ҳозирча у мунтазам равишда майдонга тушмаяпти. Лекин унинг ўнг қанотдаги рақобатчиси - испаниялик Лукас Васкес кетса, имкониятлари ошади. Агар клуб амалдаги шартнома муддатини узайтирмаса, Родриго бошқа жамоага ўтиб кетиш ҳуқуқига эга бўлади.

АНТОНИ МАРТИАЛЬ

Трансфер пайтидаги ёши: 19

Нархи: 60 млн. евро

2014|15 йиллар мавсуми Антони учун ўта муваффақиятли келди. «Монако»нинг 19 ёшли ҳужумчиси 48 учрашувда рақиблари дарвозасини 12 марта ишғол этган ва 5та самарали узатмани амалга оширганди. Натижада у «МЮ» эътиборини тортиб, Манчестерга йўл олганди. Ўшанда князлик клуби мўмай даромадга эга бўлган, икки йил аввал «Лион»дан 5 млн.га харид қилинган ҳужумчини 12 баравар қимматроққа пуллаганди. Туманли ўлкадаги дебют мавсумида ҳам Мартиаль юксак савияда ўйнашда давом этди - АПЛ доирасида 11 гол ва 5 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Лекин кейинчалик сермаҳсуллик бироз пасайди. Ўтган мавсумда Антони 32 марта майдонга тушиб, 17та гол ва 7та ассистни амалга ошириш орқали яна аввалги савиясига қайта бошлади. Ҳозир франциялик футболчидан фақат барқарорлик кутишмоқда. Агар у ана шу самарали ўйинни йўқотиб қўймаса, мутасаддилар янги ҳужумчи излаш заруратидан фориғ бўладилар.

МАТТЕЙС ДЕ ЛИГТ

Трансфер пайтидаги ёши: 19

Нархи: 85 млн. евро

2019 йилда «Ювентус» шунча маблағдан воз кечиб, ёш ҳимоячини «Аякс»дан олиб келганди. Бир ойдан сўнг 20 ёшли Маттейс «А» серияда ўйнай бошлади. Одатда, жамоалар ёрқин юлдузларга катта маблағ сарфлашгани боис, де Лигтнинг хариди туринликларда катта қизиқишга сабаб бўлди. Лекин бошқа томондан, 19 ёшли йигитча «Аякс» таркибида 117 марта майдонга тушиб улгурган ва сардорлик унвонига сазовор бўлганди. Янги жамоада унга Жоржо Кьеллини вориси мақоми тайёрлаб қўйилганди. Таажжубки, де Лигт келиши билан Кьеллини жиддий жароҳатга йўлиқиб, сафдан чиқди ва Маттейс унинг ўрнини эгаллади. Дастлабки ойлар голландиялик ҳимоя­чи учун мураккаб кечди, кўплаб хатоларга йўл қўйгани учун мухлислар ва ОАВ танқидларини эшитишга мажбур бўлди. «Юве»нинг ўша пайтдаги мураббийи Маурицио Сарри агар Жоржо жароҳат олмаганида, де Лигтни майдонга туширмаган бўлишини жуда кўп таъкидлади. Аммо Матейс бу жиддий синовдан муносиб ўтди - елкасидан жароҳат олиб, сафдан чиққанида, унинг йўқлиги яққол сезилиб қолди.

ЖОАУ ФЕЛИШ

Трансфер пайтидаги ёши: 19 ёш

Нархи: 126 млн. евро

Фелишнинг «Атлетико»га ўтиши Гризманнинг кетганлиги бутунлай эсдан чиқишига замин яратди. 19 ёшли ўйинчи учун шунча маблағдан воз кечган «матрасчилар»га қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Чунки Фелиш «Бенфика»да атиги бир мавсумни асосий таркибда ўтказганди. Тўғри, у имкониятдан ўта унумли фойдаланиб (43 ўйин, 20 гол, 11 ассист), «Атлетико» эътиборига сазовор бўлди. Бироқ Ла Лигадаги дебют мавсум Жоау учун омадли бўлди, дея олмаймиз. Биринчидан, у мадридликлар услубига мослашишга қийналди. Иккинчидан, жароҳатлар таъқибига тушиб қолди. Шу тариқа 36 беллашувда рақиблар дарвозасини 9 марта ишғол қилиш билан кифояланишга мажбур бўлди. Янги мавсумни португалиялик ҳужумчи гол билан бошлади, «Гранада» дарвозасига урилган голлардан бирига муаллифлик қилиб, йирик ғалабага (6:1) ўз улушини қўшди.

КИЛИАН МБАППЕ

Трансфер пайтидаги ёши: 18

Нархи: 145 млн. евро

«ПСЖ» - шов-шувли трансферлар шайдоси. Бир йил аввал Неймар учун рекорд мақомидаги 222 млн. евродан воз кечган жамоа Мбаппе учун «Монако»га 145 млн.ни тақдим этди. Албатта, парижликлар нима учун ёш ҳужумчига маҳлиё бўлишгани ҳеч кимга сир эмас - Килиан нафақат ички мусобақалар, балки халқаро ареналарда ҳам ўта сермаҳсул тўп сурганди. Жумладан, монегаскларнинг «Бавария» ва «Манчестер Сити»дек грандлардан устун келишларида франциялик ҳужумчининг ҳиссаси катта бўлганди. Пойтахт клубида ҳам Мбаппенинг «гол дастгоҳи» шиддатли ишлашда давом этди. Дебют мавсумида ҳужумчи барча турнирларда «ПСЖ»га 39та гол тортиқ этди, икки мавсумдаги голлари сони 91тага етди. Бундан ташқари, Килиан ўз жамоадошларини 51 марта самарали узатма билан таъминлади. Натижада, жамоасининг энг яхши тўпурари ва кўплаб гранд­ларнинг орзусига айланди. Ҳозирча «ПСЖ» уни ўз таркибида ушлаб турибди, лекин бу вақтинча эканлигини барчамиз яхши биламиз - франциялик қимматбаҳо жавоҳир эртами-кеч, Париждан Мадридга йўл олади.

 МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz