«Шанхай СИПГ»нинг бразилиялик ҳужумчиси Хитой Суперлигасини тарк этиш ниятида. Унинг амалдаги шартномаси декабрь ойида якунига етади. Лекин Халк барвақтроқ кетишга ҳам қарши эмас - ҳаммаси қизиқарли таклифга боғлиқ. Миш-мишларга кўра, 33 ёшли ҳужумчи ҳозир «Фенербахче» ва «Галатасарой» клублари эътиборини тортган. «Декабрда шартномам ниҳоясига етади. Мутасаддилар билан учрашиб, муддатни узайтиришни истамаслигимни айтдим. ЕЧЛда иштирок этадиган бир қатор клублардан таклиф олганман. Бразилия ва Хитой клублари ҳам қизиқиш билдиришган. Аммо мен Чин ўлкасидан кетишга қарор қилдим. Янги жамоа борасида агентларим тавсияларига биноан иш кўраман. Ўйлаб кўриш учун вақт етарли», - деди ҳужумчи. Хўш, Халк Хитойда қандай таассурот қолдирди?
Ажойиб голларни амалга оширди
Халк 2016 йилда «Зенит»дан «Шанхай СИПГ»га ўтган, Россия клуби бу келишув туфайли 55,8 млн. еврога эга бўлганди. Янги жамоада у 124 марта майдонга тушиб, 68та гол ва 53та ассистни амалга оширди. Уларнинг барчаси ўзига хос услубда бажарилди. Халк ОЧЛда ҳам яхши таассурот қолдирди, Андре Виллаш-Боаш раҳбарлигида жамоани финалга олиб чиқди ва «Урава»га имкониятни бой берди. Халк - Оскар дуэти юксак савияни намо-йиш этди. Халк нафақат голлар, балки узатмаларни ҳам бошқаларга намуна бўладиган даражада амалга оширарди.
Чемпионликка эришди
Хитой чемпиони унвонини қўлга киритиш учун Халк 3 йил тўп сурди. Унгача ғолиблик қаторасига 7 йил «Гуанчжоу Эвергранд»га насиб этганди. «Зенит» собиқ ҳужумчисини юксак унвон билан биринчилардан бўлиб муборакбод этди. Халк билан биргаликда Одил Аҳмедов ҳам Хитой чемпиони унвонига сазовор бўлганди. Ҳамюртимиз бразилиялик жамоадоши хусусида шундай деди: «Бу ерда Халкни Россиядагидан кучлироқ севишади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Унга дуч келганларида мухлислар ўзларини йўқотиб қўйишади - қувончли қийқириқлар билан кутиб олишади. Барча учрашувларда шундай ҳолатга дуч келамиз».
Россиядаги даврини эсга олди
Ўз интервьюларида Халк РПЛдаги фаолияти, жамоадаги зиддиятлар хусусида кўп тўхталиб ўтганди: «Витсель иккимиз жамоага ёрдам беришни мақсад қилган ва ўзимизни ҳеч кимдан юқори қўймасдик. Барча жамоадошларимизга ҳурмат билдириб, соғлом муҳитни яратишга уриндик. Бироқ руслар кутилмаганда бизга ҳасад қила бошладилар. Ҳар қанча уринсамда, вазият ўзгармади. Улар ҳатто голларимни нишонлашни ҳам истамасдилар. 3 ойдан кейин клуб президентига кетмоқчи эканлигимни айтдим. У эсимни йиғиб олишга даъват этди. Ҳатто Путин ҳам мен ва Витселга ўхшаган футболчиларнинг Россияга келиши муҳим эканлигини таъкидлаганди. Чемпионатдаги қисқа танаффус пайтида жамоа муҳитни бузаётган ўйинчилар билан хайрлашди. Шундан кейин вазият ўзгарди. «Зенит» президенти ҳозиргача туғилган куним билан қутлаб келади. Дзюба яқинда қайтишимни сўраб «смс» жўнатди. Питердаги охирги 2 йилда ёнма-ён тўп сурган йигитлар билан яхши муносабатда эдик».
Хитойдаги кўнгилсиз воҚеалар
Чин юртида Халк бир нечта нохуш воқеаларни бошдан кечирди. 2017 йилнинг ёзида Дзюба билан Кокорин унга видеолавҳа жўнатиб, ўз мўйловлари билан мақтанишганди. Халк улардан ибрат олди ва ўз голини шундай нишонлади. Бу воқеа Россияда жиддий шов-шувга сабаб бўлди. Бразилиялик ҳужумчи эса дўстлари шунчаки жамоадоши Элкесоннинг мўйловдор отасига шу тариқа салом йўллашганини айтди. Бу воқеадан бир ой аввалроқ «Гуйчжоу Чжичэн»га қарши баҳснинг танаффусида Халк рақиб жамоа ёрдамчи мураббийига зарба берган, бош мураббий бу ҳаракатни Хитой халқига нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳолаганди. Натижада ХФФ суриштирув ишларини олиб борган ва Халкка ҳеч қандай чора кўрмаганди. Лекин кейинчалик футболчи майдондаги оммавий муштлашувга сабабчи бўлган Оскарни ҳимоя қилгани учун 7 минг доллар жаримага тортилиб, 2 учрашувга дисквалификация қилинганди.
СобиҚ рафиҚасининг жиянига уйланди
Хитойда Халк ўзига ортиқча эрк бериб юборган пайтлар ҳам бўлди. Масалан, у хусусий самолёт сотиб олди. Бироқ бу 12 йил бир ёстиққа бош қўйган турмуш ўртоғидан ажралиш олдида ҳеч нарса эмас. Шу йилнинг баҳорида ҳужумчи собиқ рафиқаси Ирэн Анжелонинг жияни - Комила билан турмуш қурди. Аввалги никоҳидан 3 нафар фарзанди қолганди. Маълумотларга кўра, Хитойда қолиши учун Комилага виза керак бўлган ва у шошилинч тарзда турмушга чиққанди. Кейинчалик Халк собиқ рафиқаси ундан 700 млн. реал (134 млн. доллар) талаб қилаётганини етказган журналист Лео Диасни танқид қила бошлади. «Декабрда иккинчи рафиқам ҳомиладор эканлиги ҳақида миш-мишлар пайдо бўлгани эсимда. Шунда сен менга мурожаат қилган, мен эса бу хабарни инкор этгандим. Бироқ сен воқеликдан йироқ бўлган миш-мишни чоп этдинг. Энди қандайдир маблағ ҳақида гапиряпсан. Нима деганингни тасаввур қила оласанми? Мени хавотирга қўйдинг-ку. 700 млн. реал? Менда шунча пул йўқ, даҳшатли рақамлар. Дунёни ёлғон ва уйдирма эгаллаб олмоқда», - деганди Халк Диасга йўллаган мурожаатида.
«Саноқли кунлардан кейин 34га чиқаман. Жисмонан ўзимни яхши ҳис этяпман, рисоладагидек спорт формасидаман. Бир йил аввал организмимдаги ёғ миқдори 11 фоиз эди, ҳозир - 8 фоиз. Саломатлигимга кўпроқ эътибор қаратадиган бўлиб қолдим. Жисмоний ва руҳий жиҳатдан анча ўсдим. Яна узоқ вақт юксак савияда ўйнай олишимга ишонаман». Нима дейсиз, балки Халкни Россияга қайтаришга уриниб кўриш керакдир? Афтидан, у чиндан ҳам ажойиб спорт формасида.
А.ҲАМИДОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20