Қайднома

Қидирув

«Бавария» устози Ханс-Дитер Флик муваффақиятининг сири нимада?

«Бавария» устози Ханс-Дитер Флик муваффақиятининг сири нимада?

  12.10.2020 05:05
  0
  424
«Бавария» устози Ханс-Дитер Флик муваффақиятининг сири нимада?

«Бавария»нинг айни пайтдаги устози Ханс-Дитер Флик жамоа етакчилари билан дўстлашиб, уларни ижодий тарзда тўп суришга ундади, машғулотлар жараёнига ўзгартириш киритди. Келинг, яхшиси, воқеалар ривожига назар ташлайлик.

2019 йилнинг кузи. Нико Ковач «Бавария»ни бошқаролмай қолди, жамоа ичида тушунмовчилик юз бермоқда, етакчилар норозилик билдиришмоқда, «Бавария» ичидан емирилмоқда. 2019 йилнинг 15 ноябрини эса «Бавария»нинг қайта туғилган санаси сифатида эътироф этиш мумкин. Боиси, айнан шу куни Ханс-Дитер Флик жамоага бош мураббий этиб тайинланганди. Бунгача Мюнхен клубига италиялик мутахассис Массимилиано Аллегри, шунингдек, бошқа топ мураббийларнинг ҳам таклиф этилиши борасида гап-сўзлар бўлганди. Аммо «Бавария» хўжайинлари ўзлари билган, жамоада 5 йил ўйнаган ва Ковачга ёрдам берган мутахассисга имконият тақдим этишга қарор қилишди.

Ушбу қарор «Бавария»га ёрдам берди: жамоа осон бўлмаган чемпионлик унвонини қўлга киритди, Европа Чемпионлар Лигаси ғолибига айланди. Хўш, Фликнинг «Бавария» билан эришган ушбу муваффақияти сири нимада? У Мюллер ва Боатенгни асосий таркибга қайтарди (мазкур футболчилар шунингдек, спорт формаларини ҳам тиклаб олишди). Қолаверса, Мартинесни овутди. Нико Ковач даврида айрим футболчиларнинг ҳолатлари яхши эмасди. Томас Мюллер сўнгги 13 йил давомида илк марта бошланғич таркибдан ўрин олмади ва жамоасини ўзгартирмоқчи эканлигини маълум қилди. Боатенг ҳам майдонга кам тушди. Натижада Германия ОАВда Боатенг ва унинг агенти янги клуб излашаётгани борасида хабарлар чоп этилди. Оқибатда Нико Ковач истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнини Флик эгаллади. Шундан сўнг, Томас Мюллер ва Жером Боатенгнинг жамоа асосий таркибида ҳали фойдалари тегиши мумкинлиги ойдинлашди.

«Бавария»да юз берган ўзгаришларни Мюллер шундай изоҳлаганди: «Ҳалигача нима учун бошланғич таркибдан ўрин ололмаганимни тушунолмайман. Ахир жамоага ёрдам бера олардим-ку! Эндигина 30 ёшга тўлдим ва мен билан бундай ҳолат юзага келади, деб ҳеч ўйламагандим. Мабодо турмуш ўртоғингиз сизни аниқ қўлланмалар асосида харидга жўнатса, нима иш бажаришингиз лозимлигини аниқ биласиз. Бироқ бундай қўлланма йўқ бўлса, сиз шунчаки пештахта олдида ўйланганча ўтирасиз. Жамоада Флик томонидан бажарилган ишни пайқамасликнинг иложи йўқ. Барчамиз бир мақсад йўлида бирлашганмиз ва ягона йўналишда ҳаракатланяпмиз. Охирги марта Пеп Гвардиола даврида биз шундай яхши машғулот олиб боргандик. Ўша пайтда ҳар бир ўйинчидан ўзининг кучли ва заиф тарафларини эътиборга олиб, позициясидан келиб чиққан ҳолда ўйинда ўз имзосини қўйиш талаб этиларди. Аммо ролингиз ҳамиша аниқ бўларди. Флик бизга доимо аниқ йўналишлар беради. Шунинг эвазига у жамоани қабул қилиб олганидан сўнг, яхши ўйин намойиш эта бошладик. Ханси ҳар доим тўғрисўз йигит бўлган ва дарров иш масаласига ўтади».

Таъкидлаш жоизки, Томас Мюллер Флик «Бавария» рулига келгунича, жамоа билан тузилган шартнома муддатини узайтирмаганди. Чунки уни ўйин амалиётининг йўқлиги безовта қилаётганди. Томас Флик жамоа бошқарувини қўлга олганидан сўнг, нафақат 2023 йилгача бўлган янги шартномага имзо чекди, балки жамоанинг асосий таркибига ажо-йиб тарзда мослаша олди ҳам. Ковач даврида Мюллер қаторасига 6та ўйинда майдонга тушмаганди. Флик келганидан сўнг эса у яна жамоа етакчисига айланди. Унинг маҳсулдорлигига ҳавас қилса арзийди. Жорий йил давомида Мюллер мюнхенликлар таркибида 25та ўйинда майдонга тушиб, «гол}пас» тизими бўйича 20 очко жамғарди. ЕЧЛ доирасидаги «Барселона»га қарши кечган баҳс эса Мюллер эришган энг юқори кўрсаткич саналади.

Боатенг билан ҳам шундай ҳолат юз берганди: Ковач даврида у навбати билан бошланғич таркиб ва захира ўриндиғидан жой оларди. Флик унга ишонч билдиргани боис, Жером асосий таркибнинг муҳим футболчисига айланди. Боатенгнинг «Бавария»даги ўзгаришлар борасидаги фикрлари эса қуйидагича: «Менга мураббий ва унинг штаби ишончи муҳим. Бу ишонч эса қайтди. Флик жамоани қабул олгунича ҳам машғулотларда яхши иштирок этиб, тер тўкаётгандим. Бироқ ритмга тушолмаётганим боис, майдонга туширишмасди. Флик эса бошиданоқ, унинг режаларида борлигимни таъкидлади».

Ўтган йил октябрида Хави Мартинес бир неча ўйинда майдонга тушолмаганлиги боис, ўриндиққа ўтириб, йиғлаганди. Ўшанда унга жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Нико Ковач эмас, балки унинг ёрдамчиси, меҳрибон Ханси Флик ёрдамга келганди. У Мартинесни дўстона тарзда қучиб, овутганди.

Танаффусдан сўнг, «Бавария» худди ҳеч нарса юз бермагандек, янада ёрқинроқ ўйин намойиш эта бошлади. Буларнинг бари Фликнинг машғулотлари ҳосиласидир. Умумий карантин пайтида «Бавария» машғулотларининг ўзгачалиги қуйидагича:

1. Ҳамма индивидуал дастур асосида шуғулланарди, ушбу машқлар эса бир-бирига жуда ўхшаб кетарди. Флик ҳар бир футболчига ўз имкониятларидан келиб чиқиб, юкламалар берди.

2. Машғулотлардаги асосий роль мураббий ёрдамчиси Дэнни Реляда. У жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Хольгер Бройх билан маш-ғулотлар режасини тузиб, уни Фликдан тасдиқлатиб олишган.

3. Видеоалоқа орқали ўтказилган машғулотлардан сўнг футболчилар видеоалоқани ўчирмасдан, машқлар ва ҳаётни муҳокама қилишарди. Бу эса, айниқса, Фликни хурсанд этарди.

- Менга биз ўргатаётган ўйин суръати ёқади. Бир неча ойдан буён амалиётсиз ҳам яхши ўйин намойиш этяпмиз. Аммо янада яхши бўлиш учун кўпроқ меҳнат қилишимиз лозим. Нима, йигитлар яхши кўрсатишмоқдами? Йўқ, мен сизга ҳеч қачон танаффус пайтида қандай ишларни амалга оширганимизни айтмайман. Бироқ фақат бир нарсани таъкидлашим мумкин. Бу бизнинг асосий қуролимиз, - деганди Флик «Айнтрахт»га қарши кечган баҳсдан сўнг.

«Бавария»нинг ҳозирги бош мураббийи диққат марказида бўлишни ёқтирмайди, доимо ўз қарашларини ҳимоя қилади. Фликнинг Мюнхен клубида қолишига 2та қоидага амал қилганлиги сабаб бўлди. Бир қарашда Хенси яхши йигит қиёфасида гавдаланади: ювош ва кўнгли очиқ. Бироқ у ишчан қиёфага кирадиган бўлса, дарров ўзгаради. Фликнинг ўз принциплари ва қарашлари бор, уларда собит туради. Бу эса шундай улкан клубни бошқаришда жуда муҳим роль ўйнайди.

Нико Ковач ва «Бавария» спорт директори Ҳасан Салихамижичнинг муносабатларида муаммолар бор эди. Улар трансфер ва жамоанинг таркибдаги жойлашуви масаласида келиша олмасдилар. Буларнинг барчаси эса кичик келишмовчиликлар ва «Кимдир кимнидир ёқтирмас эмиш» қабилидаги миш-мишларга сабаб бўлди. Хенси Фликнинг фаолиятида эса бундай нарсалар юз бермади. У клуб раҳбарияти билан тортишмади, ўз нав­батида, улар билан барча нарсада ҳам келиша олмади. Жорий йил январида «Бавария» трансфер ойнасидан фойдаланмоқчи бўлганида, Флик тезда Салихамижичга ўнг қанот ҳимоячиси кераклигини айтганди. Клубдаги ички манбанинг The Athletic нашрига хабар беришича, Салихамижич бу борада узоқ иккиланди ва шу боис, орада бироз тушунмовчилик келиб чиқди. Аммо кейинчалик Флик унга таркибни тўлдириш учун яна бир ҳимоячи кераклигини айтди. Шу боис, «Бавария» таркибига Альваро Одриосолани қўшиб олди. Гарчи у жамоанинг ўйинига ўзгартириш киритолмаган бўлса-да, захира учун керакли футболчи бўлди.

Фликнинг нуқтаи назарига клуб ичидаги манба шундай тавсиф беради: «Унинг ўз фикри ва қарашлари бор. Ўз позициясини тўғри, деб ҳисоблайдиган бўлса, охиригача боради. У эътибор марказида бўлишни ёқтирмайди. Шу боис, Ханс-Дитерни олдинги фаолият юритган жойларида қадрлашмаган. Қўшимча сифатида шуни таъкидламоқчиманки, «Бавария» ғалаба қозонганида у доимо шогирдларини мақтайди».

Флик «Бавария»нинг ўйинига ўзгартириш киритди ва асосийси, жамоа­ни ақлли футбол намойиш этишга мажбур қила олди. Қисқаси, Флик «Бавария» бошқарувига келганидан сўнг, таҳлилчилар «Бавария»нинг тактик режасида қуйидаги янгиликларга гувоҳ бўлишди:

* У жамоага позицион ўйинни қайтарди.

* Қанот футболчиларининг ўйин услубларини ўзгартирди. Майдоннинг ён томонида тўпни назорат қилиш кўпайди, вингерлар тез-тез марказдан жой ола бошлашди.

* Флик прессингнинг фойдали жиҳатларини оширди, шогирдлари миясига рақибларни кучлироқ таъқиб қилиш ғоясини сингдирди. Кам югуриш барчасини тез бажариш имкониятини тақдим этди.

«Бавария» футболчилари яна ўйинлардан лаззат олишмоқда. Ковач хотиржам ва зерикарли футболни ёқларди. Кўп ҳолларда усул ўзини оқларди. Аммо вақт ўтиши билан бу кам фойда келтирадиган бўлди. Флик эса футболчиларга Германиянинг кучли клубида тўп суришлари, айрим пайтларда автоматизм креативликка ҳам жой бўшатишига тўғри келишини уқтирди. The Athletic нашри хабарига кўра, бу кўпроқ стандарт вазиятларга тегишли бўлди. Флик Германия терма жамоасида ҳам фаолият олиб борган ва ушбу термада бир неча усулларни ўзлаштирган. Улардан бири эса «ёлғон» ҳаракатлардир. Германия термасида футболчилар жарима зарбаларини амалга оширишларидан олдин рақибни чалғитишга ҳаракат қилишарди. Флик ушбу усулни «Бавария»да ҳам қўллади.

Ханси доимо футболчиларни бир неча жамоага бўлган ҳолда, стандарт вазиятлар борасида ишларди. У шогирдларининг ҳаракатларини натижаларга қараган ҳолда баҳоларди. Натижада кўп гол урган жамоа ғалаба қозонарди. Бу болалар усули бўлса-да, фойда берди. Футболчилар ҳаттоки, шундай машқларга ҳам позитив ва ижобий тарзда ёндаша бошлашди. Айни пайт «Бавария» яна кўплаб ғалабаларга эришиб, рекордларни қайд этмоқда.

Албатта, Мюнхен клубининг тараққиётини 3та нарсада кўриш мумкин: Германия чемпионлиги, Германия кубогидаги ғолиблик, ЕЧЛдаги ғолиблик. Бундан ташқари, «Бавария»нинг Бундеслигадаги мағлубиятсиз серияси 20та ўйинга етди. Барча мусобақалар доирасида мюнхенликлар қаторасига 20та ўйинда ғалаба қозонишди. Июль ойида клубнинг мағлубиятсиз серияси бўйича рекорд ўрнатилди. Флик шунингдек, мюнхенликларнинг мағлубиятсиз сериясини ЧЛда ҳам давом эттирди. Мазкур турнирда «Бавария» қаторасига 7та ўйинда зафар қучди ва тўплар нисбати 28:4ни ташкил этди. Шунинг­дек, мусобақа рекордини ҳам ўрнатди: гуруҳ босқичи ўйинларидан буён 11та ғалаба. Бундеслигада бир мавсум давомидаги маҳсулдорлик бўйича ўз рекордини янгилади. Чемпионлар Лигасининг бир мавсумида 40та гол - персонал рекорд. Германия чемпионатида Мюллер бир мавсум давомида 21 асссистни амалга оширди. Бу эса Бундеслига рекорди ҳисобланади. Левандовски фаолияти давомида учинчи марта Германия чемпионатида 30тадан кўп гол урди...

Флик «Бавария» борасида қуйидаги фикрларни билдирди: «Биз кичик парфюмерия брендини ташкил этганга ўхшаяпмиз. Бироқ кучли бўлиш учун доимо ҳидни кузатишимиз керак. «Бавария»ни ўз оиламдек кўраман. Жамоа ҳақида ҳаттоки, уйимизда ҳам турмуш ўртоғим билан гаплашаман. Албатта, тактика тўғрисида эмас, балки ички мавзулар борасида. Бу ҳақда футболчиларга ҳам айтдим ва уларга менинг ҳеч кимдан беркитадиган сирим йўқлигини уқтирдим».

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz