Мана, Европанинг аксарият мамлакатларида ёзги трансферлар муддати якунига етди. Эътиборлиси, бу йил савдонинг охирги куни, сўнгги соатлари трансферлар масаласида баракали бўлди. Демак, қуйида эътиборга молик келишувлар ҳақида маълумот берамиз.
Жерар Деулофеу («Уотфорд»дан «Удинезе»га, ижара)
Испаниялик 26 ёшли ярим ҳимоячи «Удинезе» сафида 1 йиллик ижара келишуви асосида сўп суради. Деулофеу аввалги мавсум АПЛ доирасидаги 28та ўйинда қатнашиб, 4та гол муаллифига айланган, бироқ «Уотфорд» Чемпионшипга тушиб кетганди.
Жордан Лукаку («Лацио»дан «Антверпен»га, ижара)
«Лацио» расмий сайти хабарига қараганда, клуб 26 ёшли ҳимоячини ижара сафарига юборди. Жордан Бельгияда 1 йил ўйнагач, «Антверпен» унинг трансферини тўлиқ сотиб олиши мумкин. Ромелу Лукакунинг туғишган укаси аввалги мавсум «А» серияда «бургутлар» сафида 13 марта майдонга тушган эди.
Тео Уолкотт («Эвертон»дан «Саутгемптон»га, ижара)
31 ёшли Тео Уолкотт жонажон клубига қайтди. Айнан «Саутгемптон» тарбияланувчиси ҳисобланган тезкор ҳужумчи 2006 йили «Арсенал» сафини тўлдирган эди. Уолкотт аввалги мавсум «Эвертон»нинг барча турнирлар доирасидаги 29та ўйинида иштирок этиб, 2та гол ва 3та самарали узатмага муаллифлик қилганди.
Тосин Адарабиойо
(«Манчестер Сити»дан «Фулхэм»га)
«Фулхэм» ва 23 ёшли Тосин Адарабиойо ўртасидаги шартнома 3 йилга мўлжалланди ва ҳимоячи уни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқига эга. Transfermarkt портали мвълумотига кўра, Лондон жамоаси трансфер учун 1,65 миллион евро тўлайди. Адарабиойо аввалги мавсум «Блэкберн»да ижара сафарини ўтаганди.
Рафинья Алькантара («Барселона»дан «ПСЖ»га)
Париж клуби расмий сайтида ёзилишича, бразилиялик 27 ёшли ярим ҳимоячи 2023 йилнинг ёзигача мўлжалланган шартнома остига имзо чекди. У «ПСЖ»да 12-рақам остида ўйнайди. Рафинья ўтган мавсум «Сельта»да ижара келишуви асосида тўп суриб, 32та ўйинда 4та гол урганди.
Лукас Торрейра
(«Арсенал»дан «Атлетико»га, ижара)
«Атлетико» уругвайлик ярим ҳимоячини кейинроқ тўлиқ сотиб олиш шарти билан 1 йиллик ижара асосида олди. «Арсенал» Лукасни 2018 йилнинг ёзида «Сампдория»дан сотиб олганди.
Буна Сарр
(«Марсел»дан «Бавария»га)
Мюнхен клуби матбуот хизматининг маълум қилишича, Буна Сарр билан 2024 йилнинг ёзигача мўлжалланган шартномани расмийлаштирди. Жамоа спорт директори Ҳасан Салихамижичнинг айтишича, ўнг қанот ҳимоячисини сотиб олиш фикри бош мураббий Дитер-Ханс Фликнинг шахсан ўзидан чиққан. Сарр «Марсел»даги фаолияти давомида жами 181та ўйинда 8та гол урганини қўшимча қилиш жоиз.
Факундо Пельистри
(«Пеньярол»дан «МЮ»га)
Англия клуби уругвайлик футболчи трансфери учун «Пеньярол»га 10 миллион евро тўлайди. Томонлар бирданига 5 йиллик шартнома тузишди ва ҳамкорликни автоматик равишда яна 1 йилга узайтириш имкони бор. Факундо аввалги мавсум Уругвай чемпионатида 25та ўйин ўтказиб, 1та гол ва 3та самарали узатма муаллифига айланган эди.
Рашид Геззал
(«Лестер»дан «Бешиктош»га, ижара)
Ижара келишуви жорий мавсум охиригача мўлжалланган. Жазоирлик 28 ёшли вингер ўтган мавсум «Фиорентина»да айнан ижара асосида ўйнаганди.
Венсан Абубакар
(«Порту»дан «Бешиктош»га)
Туркияликлар «Порту» ҳужумчиси билан тўлақонли шартнома тузишди. Келишувнинг бошқа тафсилотлари ошкор қилинганича йўқ.
Карим Рекик
(«Герта»дан «Севилья»га)
Испания клуби расмий сайтида хабар берилишича, нидерландиялик ҳимоячи билан 2025 йилнинг ёзигача мўлжалланган шартнома расмийлаштирилди. «Севилья» футболчи трансферига чамаси 4 миллион евро беради.
Диего Перотти
(«Рома»дан «Фенербахче»га)
Аргентиналик ярим ҳимоячи Туркия клуби билан 2 йиллик шартнома тузди. Келишувга биноан, томонлар ҳамкорлик муддатини яна бир мавсумга узайтиришлари мумкин. Трансфер суммаси аниқ эмас. Айтганча, олдинроқ «Рома»нинг бу футболчини бепул қўйиб юборишга тайёр эканлиги ҳақида хабарлар чиққанди.
Крис Смоллинг («МЮ»дан «Рома»га)
Италия клуби «Твиттер» орқали англиялик ҳимоячи билан 2023 йилнинг ёзигача амалда бўладиган шартнома тузилганини маълум қилди. Римликлар Смоллинг трансфери учун «МЮ»га чамаси 15 миллион евро беришади.
Амаде Траоре
(«Аталанта»дан «МЮ»га)
Англия клуби 18 ёшли ҳужумчи трансферини расмийлаштирган бўлсада, у йил якунига қадар «Аталанта»да қолади. Яъни келишувга биноан, Траоре «қизил иблислар» сафига 2021 йилнинг январида қўшилади.
Жан-Клер Тодибо
(«Барселона»дан
«Бенфика»га, ижара)
Португалия жамоасининг «Твиттер» тармоғидаги расмий саҳифасида ёзилишича, «бургутлар» ҳимоячининг 2 йиллик ижара келишуви учун «Барселона»га 2 миллион евро тўлашади. Шартномага мувофиқ, «Бенфика» ижара муддати якунлангач, Тодибони 20 миллион еврога тўлиқ сотиб олиши мумкин.
Томас Парти
(«Атлетико»дан «Арсенал»га)
Лондонликлар Гана миллий жамоаси ярим ҳимоячиси трансферини 50 миллион еврога сотиб олишди. Келишув маълумоти «Арсенал» матбуот хизмати томонидан ҳам тасдиқланди.
Маттео Гендузи
(«Арсенал»дан «Герта»га)
«Канонирлар» ярим ҳимоячиси шу мавсум якунига қадар Германияда ижара келишуви асосида тўп суради. «Герта» кейинчалик Гендузини тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Робин Ольсен («Рома»дан «Эвертон»га, ижара)
Швеция миллий жамоаси дарвозабони жорий мавсум охирига қадар Карло Анчелотти жамоасида ижара муддатини ўтайди. Катта эҳтимолки, 30 ёшли кипер клубда Жордан Пикфорд ўринбосарига айланади.
Бен Годфри
(«Норвич»дан «Эвертон»га)
Ливерпуль жамоаси «Норвич» ҳимоячиси трансферига 27,5 евро сарфлаб, у билан 5 йиллик шартнома тузди. 22 ёшли футболчи янги клубида 22-рақамни олди.
Рубен Лофтус-Чик
(«Челси»дан «Фулхэм»га, ижара)
Англиялик 24 ёшли ярим ҳимоячи ва «Фулхэм» ўртасидаги ижара шартномаси жорий мавсум охиригача амалда бўлади.
Эдинсон Кавани («МЮ»га)
Уругвайлик голеадор охир-оқибат, «қизил иблислар» сафини тўлдирди. Фахрий ҳужумчи ва «МЮ» ўртасидаги шартнома «1}1» кўринишида бўлиб, футболчининг йиллик маоши 10 миллион еврога тенг. 33 ёшли Эдинсон эркин агент мақомида эди ва «МЮ» унинг трансферига пул сарфлагани йўқ. Эслатма, Кавани 2013-2020 йиллар оралиғида «ПСЖ» шарафини ҳимоя қилди.
Мойзе Кин
(«Эвертон»дан «ПСЖ»га, ижара)
Парижликлар италиялик ҳужумчи билан 2021 йилнинг 30 июнигача мўлжалланган ижара шартномасини расмийлаштиришди. «ПСЖ» Кинни кейинчалик тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас. Эслатма, «Эвертон» 2016-2019 йилларда «Ювентус» шарафини ҳимоя қилган Мойзени 27,5 млн. еврога харид қилганди. 20 ёшли ҳужумчи аввалги мавсум ливерпулликлар сафида атиги 4 марта майдонга тушиб, 2та гол урди.
Маттео Дармиан
(«Парма»дан «Интер»га, ижара)
Ижара келишуви 1 йил амалда бўлади. «МЮ»нинг собиқ ҳимоячиси трансфери тransfermarkt портали томонидан 6,5 миллион еврога баҳоланмоқда.
Жастин Клюйверт
(«Рома»дан «РБ Лейпциг»га, ижара)
Германия клуби недерландиялик ярим ҳимоячини 1 йил давомида ижара келишуви асосида ўйнатади. «РБ Лейпциг» кейинчалик ёш вингерни камида 20 миллион еврога сотиб олиши мумкин.
Данилу Перейра
(«Порту»дан «ПСЖ»га, ижара)
Ҳимоячи Париж жамоасида 2021 йилнинг июнигача ижара асосида ўйнайди. Айтиш жоиз, Перейрага «Aрсенал» ҳам жиддий қизиқаётган эди. Бу футболчи ўтган мавсум «Порту»нинг 40та ўйинида майдонга тушиб, 2та гол уришдан ташқари, яна бирига ассистентлик қилганди.
Эрик-Максим Шупо-Мотинг («ПСЖ»дан «Бавария»га)
Камерунлик ҳужумчи Бундеслига гранди сафига эркин агент мақомида қўшилди. 31 ёшли футболчи билан тузилган шартнома 2021 йилнинг 30 июнигача амалда бўлади. «Бундеслигага қайтиш, яна Германиянинг энг йирик клубидан жой олиш - ажойиб. Ким ҳам «Бавария»да ўйнашни хоҳламайди? Бу жамоа аъзоси бўлиш — катта шараф. Албатта, «Бавария» билан кўплаб совринлар ютишдан умидворман», — деди Камерун терма жамоаси ҳужумчиси.
Шупо-Мотинг «ПСЖ»га ўтишига қадар Бундеслигада «Гамбург», «Нюрнберг», «Майнц» ва «Шальке» жамоалари сафида ўйнаган эди.
Дуглас Коста («Ювентус»дан «Бавария»га, ижара)
Мюнхенликлар бразилиялик футболчини мавсум охиригача ижара келишуви асосида ўйнатишади. «Бавария»га қайтганимдан хурсандман. Мюнхенда сезиларли муваффақиятларга эришгандим. Ишончим комил, жамоа билан янги-янги совринларни қўлга киритаман», — деди 30 ёшли ярим ҳимоячи. Дуглас Коста 2015-2017 йилларда ҳам «Бавария»да ўйнаганди. «Юве» уни 2017 йили 1 йиллик ижара асосида олиб, кейин трансферини 40 млн. еврога сотиб олганди. Дуглас мавсум-2019|2020да «кекса синьора»нинг 29та ўйинида қатнашиб, 3та гол ва 7та самарали узатма муаллифига айланди.
Федерико Кьеза («Фиорентина»дан «Ювентус»га, ижара)
«Фио» сафида кўзга ташланган иқтидорли ҳужумчи фаолиятини Туринда давом эттиради. Sky Italia нашри хабарига кўра, у тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтиб, шартнома остига имзо чекди. «Ювентус» 2 йиллик ижара келишувидан кейин Кьезани 50 миллион еврога тўлиқ сотиб олиши мумкин. Ижара тўлови эса 10 млн. еврога тенг. Кьеза ўтган мавсум «А» серияда 34та ўйинда майдонга тушиб, 10та гол урганди.
Алекс Теллас
(«Порту»дан «МЮ»га)
The Sun нашрининг маълум қилишича, манчестерликлар «Порту» ҳимоячиси Aлекс Теллас трансферига 15 миллион евро тўлашди. Португалия клубида бонус сифатида яна 5 миллион олиш имконияти бор. Алекснинг ўзи 4 йиллик шартнома остига имзо чекди. Битимни яна 1 йилга узайтириш имкони бор.
Тьемуэ Бакайоко
(«Челси»дан «Наполи»га, ижара)
Неаполликлар франциялик 26 ёшли футболчи хизматидан ижара асосида фойдаланишади. Бакайоко ўтган мавсум «Монако»да айнан ижара келишуви бўйича тўп суриб, Лига 1нинг 20та учрашувида 1та гол урганди.
Дэви Классен
(«Вердер»дан «Аякс»га)
Амстердамликлар ярим ҳимоячи трансферига 12 миллион евро (бонуссиз) тўлашади. Классен янги жамоа билан 2024 йилгача шартнома тузди. Маълумот учун, Дэви 2011-2017 йиллар оралиғида айнан «Аякс»да тўп сурганди.
Маттиа де Шильо
(«Ювентус»дан «Лион»га, ижара)
Франция клуби италиялик 27 ёшли футболчини 1 йиллик ижара асосида таклиф қилди.
Хосе Кальехон («Наполи»дан «Фиорентина»га)
Эркин агент мақомига эга испаниялик 33 ёшли футболчи «Фиорентина» билан 2 йиллик шартнома тузди. Кальехон ўтган мавсум «А» сериянинг 33та ўйинида 4та гол урганди.
А.Аҳмедов тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20