Халқимиз сабр-тоқати билан жаҳонга машҳур. Андиша ва андишасизлик орасидаги масофа кўп ҳолатларда ўринсиз сабр-тоқатга сабаб бўлади. Футбол борасида ҳам сабр-тоқат масаласи аллақачон мустаҳкам ўрин эгаллади. қанча-қанча мутасаддилар, мураббийлар, футболчилар бу сабр-тоқатни синаб кўришмади-я... Ажабки, синов жараёнида ҳар доим синовчиларнинг ошиқлари олчи. Ҳар бир муваффақиятсизлик ва омадсизликдан сўнг мураббийлар штаби алмашаверади, мухлислар эса янги умидлар билан яшайверишади. Тўғри, тоқатлар тоқ бўлган ҳолатлар ҳам кузатилди. Буни мутасаддилар ҳам тушунишди, ҳис қилишди. Мухлис ва мутахассиларнинг кучли босими остида аввал Мираброр Усмонов ва Самвел Бабаян, кейинчалик Умид Аҳмаджонов ва Эктор Купер истеъфога чиқарилди. Бугун миллий терма жамоамиз тақдирига масъуллик Равшан Эрматов - Азиз Ҳайдаров - Вадим Абрамов учлиги зиммасида. Бир қарашда, ҳаммаси жойида. Раҳбариятда ажойиб трио! Лекин алмашув амалга оширилганига бир йил бўлишига қарамай, манзара ўша-ўша, вазият ўзгармади, ҳисоб. Терма жамоамиз Эктор Купер пайтида ҳам кучсиз рақибларни «янчиб» ташлаб, кучлилари қаршисида ожиз қоларди. Вадим Абрамовнинг бошчилигида ҳам яна ўша «иш» такрорланмоқда. Ўтган мавсум якунида футболчиларимиз «Пахтакор» стадионида Саудия Арабистони терма жамоасига ютқазишганди. Бу йилги куз ҳам қуруқ кечмади - форслар ортга доимгидек, яна ғалаба шукуҳи билан қайтишди. Бошқача айтганда, «меҳмонновозлик» ўрнига қўйилди. Хўш, нима сабабдан мана шу аянчли ҳолат такрорланаверади, мухлислар тоқати синалаверади?
Наҳотки, Саудия Арабистони ва Эрон терма жамоаларини енгиш имконсиз бўлса? Нимага имконсиз экан? Албатта, имкони бор. Буни Миржалол қосимов исботлаб берган. Австралиядаги Осиё чемпионатида Саудия Арабистони термаси футболчиларимиз томонидан ишончли тарзда мағлуб этилгач, Миржалол қосимовни кўкларга кўтаргандик. Эрон терма жамоаси «Озоди»да таслим қилинган кунни унутиш мумкинми?! Ўша ўйинда Миржалол қосимов рақиб билан тўқнашувдан сўнг бироз оғриқ сезиб майдонда чўзилган Санжар Турсуновни қандай қўпол оҳангда койиганини кўпчилик яхши эслайди. Ўйин тугагач, Азиз Ҳайдаров қувонч билан ҳакамлар атрофида айланиб сакрагани ҳам ҳамон эсимизда. Шоирона ташбеҳ - сўнмас ул ғалабалар шукуҳи!
Савол туғилиши табиий: нима учун аввал Вадим Абрамов, кейин эса Миржалол қосимов мухлисларга ёққан ва самара берган маромни сақлаб қололмадилар? Вадим Карленович бош жамоамиз рулига қайта келиши арафасида шу хусусда мулоҳаза юритган ва хавотирларимизни билдиргандик. Ҳақиқатан ҳам, ўша вазиятда терма жамоамизни бошқариш учун Вадим Абрамов энг яхши номзод эди ва буни «Бунёдкор» ўйин услуби мисолида исботлаётганди, яъни у 2012 йилги хатоларидан етарли даражада хулоса чиқарган мураббий сифатида таассурот уйғотганди. Айни мана шу ёқимли таассурот оғушида хавотирларимизни айтган ва барчасини «Вақт ўтиб Вадим Абрамовда ўша эски «касаллик» яна қўзғалиб қолмасмикан?!» қабилида ифодалаган эдик. Чунки 2-3та ғалабадан кейин Вадим Абрамовда ўзбилармонлик бошланади ва у авантюрага қўл уради. Лондон-2012 йўлланмаси тақдири ҳал бўлган муҳим учрашувда унга хос мана шундай авантюра панд берганди, яъни мураббий кутилмаганда, Бобур Омоновни асосий таркибда майдонга туширган ва тажрибасиз ҳимоячининг хатоси ортидан Аҳмад Халил олимпиячиларимизни жазолаганди. Ўша йил Эрон термасига ютқазилган ўйин ҳақида гапирилганда, япониялик ҳакамнинг хатога йўл қўйгани эсланадию, лекин Вадим Абрамов томонидан «ишлаб чиқилган» авантюрстик ҳаракат салбий таъсир кўрсатгани хусусида оғиз очилмайди. Агар бош мураббийнинг кўрсатмасига мувофиқ, асосий таркиб футболчилари сунъий тарзда сариқ карточка олишмаганида эди, «Жар»да кечган ўйин терма жамоамиз ғалабаси билан якунланарди. Ўзини «донишманд» санаган Вадим Абрамов бу айёрликни ҳеч ким сезмайди, деб ўйлаганди. ФИФА эса бунинг учун наинки Вадим Абрамов, балки футболимизни ҳам қаттиқ жазолади. қисқаси, яхши мураббийнинг ўзбилармонлиги туфайли олимпиячиларимиз Лондонга боришолмади, ЖЧ-2014 йўлланмаси бой берилди. ЖЧ-2014 йўлидаги омадсизлик илдизи Акмал Шораҳмедовнинг автоголида эмас, аксинча, Вадим Абрамовнинг авантюрасидадир!
Хуллас, тарихни титкиладик. қарангки, яна Вадим Абрамов сабаб шундай қилишга мажбурмиз. Негаки, унинг эски «касал»и яна қўзғади. 2012 йили Мираброр Усмонов унинг ўзбилармонлигига жим қараб туролмаганди. Энди Равшан Эрматов бу жараёнга қандай аралашади? У кескин қарорлар чиқаришга ўзида куч сезадими, лоақал Вадим Абрамов масаласини мутахассислар иштирокида муҳокама қилишга қодирми? 2010-2011 йилларда Вадим Абрамовнинг Олим Новкаров, Музаффар Умрзоқов, Фаррух Нурлибоев каби футболчиларни терма жамоага жалб қилиш билан боғлиқ кулгули қарорларини асосий таркиб вакиллари бир амаллаб ёпиб юришганди. Йўқ, ўшанда асосий таркибга киритилмаган ва бунга жароҳати сабаб қилиб кўрсатилган Азиз Ҳайдаров ноҳақликка чидамай, матбуот анжумани ўтказганди. Ҳа, Азиз Ҳайдаров ўшанда ўзи курашиб терма жамоамиз асосий таркибига кирган ва бунга лойиқлигини Осиё кубоги-2011да исботлаганди. Аёнки, курашмаганида, у бир четда қолиб кетармиди... Демоқчимизки, мураббий Азиз Ҳайдаров терма жамоага муносиблигини била туриб, унинг хизматидан фойдаланишни режалаштирмаган, ўрнида ўзига яқин ўртамиёна футболчиларни кўришни истаганди. Хайриятки, Азиз бош мураббийда бошланиб келаётган ўзбилармонлик кучайиб кетиши олдини олган, яъни Вадим Абрамов бироз «кўзи очилиб» Дохага жўнаганди. Бугун Ҳайдаров айнан Абрамов билан бирга терма жамоамизга масъул. Нима деб ўйлайсиз, у мураббийда эски «касаллик» қўзғалаётганини сезяптимикан? Ахир бу йилги «Бунёдкор» ўтган йилгисидан кескин фарқланаётганини, жамоа ўйини ўз ҳолига ташлаб қўйилганини кўпчилилк кўриб турибди. Ҳа, молиявий муаммолар футболчилар кайфиятига салбий таъсир ўтказишини ҳеч ким инкор этмайди. Лекин яна бир ҳақиқат борки, шаклланган ўйин услуби молиявий муаммолар туфайли бузилмайди. Сезиб турибсиз, «Бунёдкор» ўйинидаги депсинишни молиявий муаммоларга эмас, балки Вадим Абрамовдаги изланишдан тўхташ, чарчаш ва ёки бепарволикка боғламоқчимиз.
Ҳозирги кунда миллий терма жамоамиз асосий таркибини Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров, Икром Алибоев, Достон Ҳамдамов, Остон Ўрунов, Азиз Ғаниев, Одил Ҳамробеков каби футболчилар ташкил этишлари кераклиги - кўпчиликка аён ҳақиқат! Вадим Абрамов эса мана шу ҳақиқатга мийиғида кулиб, панжа орасидан боқмоқда! У 8 октябрь кунги ўйиндан кейин, матбуот анжуманида Лутфулла Тўраев ҳаракатларини юқори баҳолаб, захирадан туширилган Икром Алибоев ва Отабек Шукуров ўйинидан қониқмаганини айтди. Бу очиқдан-очиқ оқимга қарши сузиш эмасми? Бутун футбол муҳити, стадионни бошига кўтарган мухлислар бир тараф, Вадим Абрамовнинг ўзи бир тараф! Бизни ажаблантирган жиҳат - шу жараёнга Лутфулла Тўраев муносабат билдирмаётганида! Шуниси аниқ, Лутфулланинг катта ўйинлари аллақачон тарихга айланган. Вадим Абрамов қанчалик ишонч билдирмасин, ўзи ҳарчанд уринмасин, у Златан Ибрагимович бўлолмайди: ёш ўз сўзини айтади, барибир! Мухлислар нима истаётганларини ҳис қилган футболчи мураббийга қарорини айтишга куч топади. Лутфулла ҳам шу йўлдан борса, мухлислар уни олқишлашлари аниқ. Трибунадаги тоғкелбат тоқатни ўзбилармонлик билан синашда давом этаётган Вадим Карленович ҳаётнинг бешафқат қароридан қўрқса, бас! Муҳтарам мухлис! Ушбу мулоҳазалар якшанба оқшоми, бош жамоамизнинг Дубайдаги учрашуви арафасида ёзилди. Мулоҳазаларни ёзиш чоғи терма жамоамизнинг ғалабаси ёки мағлубияти ҳақида ўйлаб ўтирмадик. Зеро, мулоҳазаларимиз бир ўйин натижаси таъсирида ўзгармайди!
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Карикатура муаллифи: championat.asia сайти
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20