Қайднома

Қидирув

ОТАБЕК САМАТОВ : "Навбаҳор"да энди бошқача иш юритилади...

ОТАБЕК САМАТОВ : "Навбаҳор"да энди бошқача иш юритилади...

  14.10.2020 09:09
  0
  493
ОТАБЕК САМАТОВ :

7 октябрь куни «Навбаҳор»нинг уй аренаси - «Марказий» стадиони фойесида Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов жамоа раҳбарлари, мураббийлари ва футболчилари билан учрашди. У ўз сўзида «Навбаҳор»нинг стратегияси ўзгариши, вилоятда болалар ҳамда ёшлар футболига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, йиғилишда «Навбаҳор» вице-президенти Ойбек Саматов ўрнига унинг акаси Отабек Арифович Саматов тайинланди. Биз эса клубнинг янги вице-президентини суҳбатга чорлаб, унга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

- Отабек Арифович, аввало, янги лавозимдаги ишингизда омад тилаймиз.

- Раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, менга юксак ишонч билдирган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовга миннатдорчилик билдираман. Албатта, ишончни оқлаш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламан.

- Хўш, режалар қандай?

- Наманган вилояти ҳокими таъкидлаганидек, энди «Навбаҳор»нинг стратегияси ўзгаради. Яъни асосий эътибор болалар ва ёшлар футболига қаратилади. Шу мақсадда «Нав­баҳор» академиясини ташкил этишни режалаштиряпмиз. Вилоятда иқтидорли футболчиларни қўллаб-қувватлаб, уларга яхши шароитлар яратиб беришимиз керак. «Навбаҳор»дан ҳар йили камида 2-3 нафар кашфиёт футболчи чиқишини таъминлашимиз муҳим.

- Вилоятнинг собиқ ҳокими Хайрулло Бозоров Наманган футболини ривожлантириш йўлида кўп хайр­ли ишларни амалга оширганди. Улар ҳам давом эттириладими?

- Албатта. Хайрулло Ҳайитбаевич чиндан ҳам, вилоят футболини ривожлантириш, «Навбаҳор»нинг олдинги мавқеини тиклаш борасида катта ишларни амалга оширди. Айнан Хайрулло Ҳайитбаевичнинг саъй-ҳаракатлари эвазига «Навбаҳор» 2018 йили, 14 мавсумдан сўнг бронза медалини қўлга киритди.    

- Вилоят болалар футболининг айни ҳолати ва клубнинг бу борадаги ҳамкорлиги борасида нима дея оласиз?

- Афсуски, ижобий фикр билдиролмайман. Ўзим собиқ футболчиман. Вақтида айни пайт Наманган вилояти 1-сонли болалар-ўсмирлар маҳорат мактабига айлантирилган даргоҳда таҳсил олганман. Шунингдек, «Навбаҳор» ўринбосарлар жамоаси ва «Косонсойчи» клубида ўйнаганман. қисқаси, футболни яхши тушунаман. Очиғи, вилоятимиздаги футболга ихтисослаштирилган барча мактаблардаги мураббийларнинг 80 фои­зи савия бўйича талабга жавоб бермайди. Шунинг учунми, иқтидорли болаларнинг ота-оналари фарзандларини пойтахт ёки қаршидаги академияларга олиб боришмоқда. Ваҳоланки, вилоятимиздан чиққан иқтидорли футболчилар аввало, «Навбаҳор»да тўп суришлари лозим. Бундан буён вилоят раҳбари айтганидек, наманганлик ҳар бир ёш иқтидор «Навбаҳор» билан шартнома тузади. Футбол мактабларида фаолият юритадиган ҳар бир мураббий ўз устида ишлаши, болаларга қандай юкламалар беришни яхши билиши   лозим. Энди асосий урғуни болалар футболига қаратиб, «Навбаҳор»нинг бўлажак академиясига 3-4 нафар   етук мутахассис жалб этамиз. Шунингдек, мураббийларни футболи ривожланган мамлакатлар, масалан, Россия клубларига малака ошириш учун юборамиз. Албатта, мураббийлар билан келишиб, болалар футболини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқамиз. Масалан, «Насаф» жамоасида ўз академияси, алоҳида йўналиши бор. Шунинг учун қарши клуби ҳар йили камида 2-3 нафар иқтидорни кашф қилмоқда. Бизда эса «Навбаҳор» клуби, Наманган вилоят болалар-ўсмирлар футбол маҳорат мактаби, 17-сонли «Навбаҳор-Умид» мактаби, «Баркамол авлод» спорт мажмуаси гўёки, алоҳида-алоҳида. Энди вилоятимиздаги футболга ихтисослашган барча мактаблар «Навбаҳор» тасарруфига ўтади. Демак, ҳар бир мактаб раҳбарини чақириб, ҳамкорликда ишлаймиз. Иқтидорли йигитлар билан кўп йиллик шартнома тузилади,  кейинчалик уларни хориж клубларига сотиб, яхшигина маблағ ишлаш мумкин. Бунинг учун аввало, ҳалоллик, шаффофлик лозим. Афсуски, ҳаттоки, болалар футболида ҳам коррупция бор. Масалан, шундай мураббийлар борки, гарчи иқтидори бўлмасада, бой оила фарзандини олиб қолишади. Натижада бой ота ўқиш даврида ўғли учун ўша мураббийга пул тўлаб юради. Бу ҳолат малакасиз футболчи асосий таркибдан жой олгунича давом этади. Таниш-билишчилик, коррупция - Наманган болалар футболининг асосий муаммоси. Буни бартараф этиш учун  назоратни кучайтириш, ҳамкорликда ишлаш керак. Зарурат бўлса, «Навбаҳор» мураббийлари ҳар бир ёш тоифаси учун алоҳида машғулотлар дастури тайёрлаб беришади. Бундай дастурлар 7 ёшдан 15-16 ёшгача бўлган болалар машғулотларини қамраб олиши лозим. Аммо айни пайт ихтисослашган мактабларда таҳсил олаётган аксарият болалар мураббийлар кўрсатмалари бўйича ҳаракатланолмайдилар. Энг маҳоратли 1-2 нафари ўзини кўрсатиши мумкин, лекин қолганлар эплолмайдилар. Шундай экан, тизимли машғулотларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Жорий мавсум арафасида «Навбаҳор» U-21 жамоасига мураббийлар кўрсатмалари асосида энг иқтидорли болаларни саралаб олдик. Бу айни пайт ўз мевасини бермоқда - ёшларимиз U-21 биринчилиги турнир жадвалида 4-поғонада бормоқдалар. Бу жамоа таркибидаги футболчилар асосан 18-19 ёшда. Улардан 3-4 нафари Темур Кападзе мураббийлик қилаётган Ўзбекистон U-19 терма жамоасига номзод. Хусусан, Ислом  Абдуллахонов, Содиқ Ортиқов, Улуғбек Акназаров. Умид шуки, бу ёшлар яқин йиллар ичида «Навбаҳор»нинг асосий таркибидан жой олишади.

Сир эмас, наманганлик кўплаб иқтидорли йигитлар «Пахтакор», «Бунёдкор» ёки «Насаф» академияларида таҳсил олишмоқда. Ҳаттоки, «Пахтакор» академиясида наманганлик 300 нафарга яқин футболчи борлигини айтишади. Бу нимадан далолат? Бизда малакали мураббийлар йўқлигидан. Аслида футбол мактабларидаги шароитлар пойтахт академиялариникидан қолишмайди. Масалан, ўзим таҳсил олган Наманган вилоят футбол мактаб-интернати биноси яқинда қайта таъмирланди. Бироқ бизда болалар ва ўсмирлар футболи бўйича алоҳида стратегия йўқ. Бунга мураббийлар савияси паст­лиги ҳам сабабдир. Ахир мураббий нимани билса, шогирдларига шуни ўргатади. Ваҳоланки, футбол йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Олдинлари ўйин жисмоний қувватга асосланган бўлса, энди техникага кўпроқ таянилмоқда. Шундай экан, ҳар бир мураббий доимо ўз устида ишлаши, изланиши лозим. Акс ҳолда, малакали шогирдлар тарбиялолмайди. Таъкидлаш жоиз, ҳозирги футболда тўп назорати муҳим. Масалан, Лионель Месси 2-3 нафар футболчини бемалол алдаб ўтади. У иқтидори эвазига шу даражага чиққан бўлса, Криштиану  Роналду ўз устида тинимсиз ишлаши ортидан юксалди.

Яна бир масала - футболчилар ўз олдиларига улкан мақсадлар қўйишмайди. Уларнинг орзулари - «Нав­баҳор»да ўйнаш, уйли, автомашинали бўлиш. Демоқчиманки, болаларга бошидан хориж клубларида ўйнаш мақсадини сингдириш керак. Айрим футболчилар Ўзбекистон миллий жамоасидан 1-2 марта таклиф олишса, шундоқ ўсишдан тўхташади. Бу борада вилоятимиз фахри Одил Аҳмедовдан ўрнак олса арзийди.  У фақат меҳнат ортидан шу даражага эришди. Яқинда 33 ёшга тўлса-да, Одил ҳамон юқори савияда ўйнамоқдаки, бунга фақат ҳавас қилиш мумкин. Дарвоқе, энди Одил билан маслаҳатлашган ҳолда, фаолият олиб борамиз. Зеро, кўплаб вилоятлар, жумладан, Наманганда ҳам унинг хусусий мактаби - Odil Junior фаолият юритмоқда. Мазкур футбол мактабларидаги энг иқтидорли йигитларни «Навбаҳор»га жалб этиб, улар билан кўп йиллик шартнома тузамиз. Асосийси, Наманганга болалар футболини яхши тушунадиган савияли мутахассис таклиф этиш лозим. У айнан болалар билан ишлайдиган мураббийларни назоратга олади. Шунда ҳозиргидек, ҳар йили «Навбаҳор»га футболчи қидирмаймиз. Аксинча, худди «Бунёдкор» ва «Насаф» каби ҳар йили ёшлар жамоасидан 5-6 нафар футболчи оламиз. Бунинг учун шароит ҳам, имконият ҳам бор. Фақат ишларни йўлга қўйиб олиш учун малакали мутахассислар керак.

Асосий эътиборни ёшларга қаратиш 1-2 йилда натижа бермас, лекин 3-4 йилда самарасини кўрсатади.  Наманганда иқтидорли йигитлар кўп, фақат уларни юзага чиқариш керак. Ҳар бир мураббийдан мавсум якунида ҳисобот талаб қиламиз, кўрсаткичини кўрамиз. Шунингдек, у ўз   шогирдларининг кундалик ҳисоботини олиб бориши шарт. Шунга асосан муайян шогирдининг камчилигини бартараф этиш учун дастур асосида шуғуллантириши лозим. Биздаги болалар мураббийлари 5 йил тезроқ ўтса-ю, шогирдларимни жамоаларга жойлаб олсам, дейиш билан бандлар. Бу билан иш битмайди. Бирор малакали мутахассисни олиб келиб, болалар мураббийларидан тест олинса, менимча, уларнинг 80 фоизи ўтолмаса керак. Сабаби, кўпчилик ўз ишининг устаси эмас. Хуллас, махсус комиссия ташкил этиб, болалар-ўсмирлар футболи мураббийларини тестдан ўтказамиз. Ижобий баҳо олганлар фаолиятларини давом эттиришади, қолганлари билан хайрлашамиз.

Укам Ойбек билан «Навбаҳор» раҳбариятида фаолият   юритаётганимизга бир йилдан ошди, шу пайтгача бирорта футбол мактаби раҳбари олдимизга келиб, «Навбаҳор»нинг стратегиясига қизиқмади ёки ўз тарбияланувчисини тавсия қилмади. Худдики, «Навбаҳор» алоҳида, футбол мактаблари алоҳидадек. Аслида «Навбаҳор» ҳамда вилоятимиздаги барча футбол мактаблари пирамида каби бир йўналишда иш олиб бориши лозим. Улар «Навбаҳор» учун футболчи етказиб беришлари, бир ёқадан бош чиқариши лозим. Биргаликда иш олиб борилмаса, тизим йўлга қўйилмаса, маррага етолмаймиз. Аксинча, энг иқтидорли футболчилар четда қолиб кетаверишади. Намангандаги айрим футбол мутасаддилари ўз манфаатлари йўлида ёлғон маълумот беришдан ҳам тойишмаяпти. Ваҳоланки, ҳамма «Навбаҳор» учун жон куйдириши лозим.  

Фурсатдан фойдаланиб, шуни айтмоқчиманки, иқтидорли, аммо шароити йўқ ёш футболчиларни ўз кафиллигимга оламан ва уларга қўлдан келганича ёрдам беришга тайёрман. Шундай маҳоратли футболчиларнинг ота-оналари бемалол мурожаат қилишлари мумкин.

- Мухлисларга айтар сўзингиз...

- «Навбаҳор» мухлислар армияси мамлакатимизда ягона. Умид қиламанки, «Навбаҳор» мухлислар ишончини оқлайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz