Қайднома

Қидирув

Шомуродовнинг кўп югуришига тўғри келади: “Женоа” ҳужумчи учун мураккаб жамоа

Шомуродовнинг кўп югуришига тўғри келади: “Женоа” ҳужумчи учун мураккаб жамоа

  15.10.2020 21:21
  0
  314
Шомуродовнинг кўп югуришига тўғри келади: “Женоа” ҳужумчи учун мураккаб жамоа

Элдор Шомуродовнинг «А» серияда кўп югуриши ва ҳаттоки, майдоннинг ўз жамоасига тегишли ярмида ҳимояланишига ҳам тўғри келади, лекин у Италияда чинакамига порлаши мумкин. Sports.ru сайти ижодкорлари «Ростов»дан кетган ҳужумчимизнинг Италиядаги истиқболи ҳақида мақола тайёрлаб, худди шундай якуний хулоса чиқардилар. қизиқ, россиялик ҳамкасбларимиз Элдорнинг «А» сериядаги фаолиятини қандай тасаввур қилмоқдалар?

Трансферга нисбатан кучли эътибор. Биринчи навбатда, алоҳида таъкидлаш керак, Шомуродовнинг трансфери фақат Ўзбекистон ёки Россияда эмас, Италияда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Бинобарин, «Женоа» 10 йил давомида бирор футболчи харидига бунчалик кўп маблағ ажратмаганди. Тўғри, генуяликлар баҳоси бир неча миллионга тенг трансферларга аллақачон қўл ура бошлаганлар. Фарқи шуки, улар Италиянинг бошқа клубларида яққол кўзга ташланган ва истиқболи кўринган йигитларни харид қилишарди - Стефано Стураро ва Жанлука Лападула бўйича келишув Миралем Пьянич - Артур алмашувини эслатади. Лекин Европада ҳали танилмаган осиё­лик учун 8-9 миллион евро бериш - бу жуда катта ўсиш. Умуман, клуб тарихига қарасак, хорижлик фақат бир ҳужумчи Элдордан қимматроқ бўлган - аргентиналик Диего Милито. Элдор трансфер оқимида йўқолиб қолмаса керак. У «Женоа»нинг кўп йиллар давомида футбол бозорида амалга оширган асосий зарбаси, бриллиант! Трансфер суммаси ҳам умидни кучайтиради. Gazzetta dello Sport нашри Шомуродов польшалик Кшиштоф Пентек каби чақнаш эффектини такрорлаши мумкинлиги ҳақида ёзишга улгурди. Бу хулоса бежиз эмас, ахир Шомуродов трансфери польшаликникига нисбатан икки ҳисса қимматга тушди.

Хўш, ўзбекистонлик ҳужумчини Италияда қандай қисмат кутмоқда, у нималарга дуч келиши мумкин? «Женоа» - ўйинни ҳимоядан ташкил қиладиган жамоа. Ҳаттоки, ҳужумчиларининг ҳам баъзан жарима майдони ичида ҳимояланишларига тўғри келади. Демак, Элдор катта ҳажмда иш бажаришга мажбур бўлади. «Женоа» бош мураббийи Роландо Маран диплом ишини рақиб бурчак тўпини амалга ошираётган паллада ҳимояланиш, футболчиларни позицияларга жойлаштириш масаласига бағишлаган. Унинг бу мавзуни танлагани характеридан муайян тушунча беради, албатта. Маран чиндан ҳам, ҳимоявий, аниқроғи тартибли футболга мойил: у жуда қаттиққўл ва ўз фикрида худди Альп қоялари каби мустаҳкам туради. Оддий айтганда, минимал натижага асосланган ўта тартибли футболни биринчи ўринга қўяди. Йўқ, Маран бунда ўйинни кодлаштирмайди, яъни битта қолипга солиб қўймайди, аммо уни шу қадар назорат қиладики, муҳим ўзаро ҳаракатлар ўз-ўзидан автоматик равишда ривожланади. Мураббийнинг фалсафаси - ҳимоядан ўйнаш, анча орқага жойлашган таянч ярим ҳимоячиси узатмалари воситасида олдинга интилиш ва кенг ҳудуд бўйлаб ҳужум ташкил этиш. Мараннинг олдинги клублари - «Катания», «Кьево» ва «Калья­ри»да ҳам ушбу ўйин чизмаси кўзга ташланарди, энди «Женоа» худди шу маромда ҳаракатланмоқда. Тўғри, Роландонинг 8 йилдан буён «А» серияда ишлаётгани ва бу вақтда тактик схемани 6 марта алмаштирганини ҳам айтиш ўринли. Муҳими, у мавжуд таркибга муаммосиз мослаша олиш қобилиятини намоён этишга улгурган. қисқаси, жамоа­ларда қандай тактикани татбиқ этмасин, ўйин­нинг асосий чизмасини сақлаб қолган, барибир.

Маран қўл остидаги ҳужумчи - омади юришмаган футболчи. Тўғри, олдинги чизиқ вакиллари унинг тактикасида ҳамиша муҳим ролни бажаришади. Мураббий доимо икки нафар ҳужумчига таянади, ҳаттоки, агар модуль бирини яширса ҳам (мисол учун, «Катания»да 4-3-3 схемасида иккинчи ҳужумчи сифатида чалғитувчи вингер Папу Гомес майдонга тушарди), ҳар иккиси барча позиция­ларда тер тўкади. «Женоа» ҳимоядан чиқишда асосан икки хил услуб бўйи­ча ҳаракатланади. Барчаси рақиб босимига боғлиқ. Агар босим унча кучли бўлмаса, Маран жамоаси пастдан тезкор узатмалар эвазига чиқади. Бунда иккинчи ҳужумчининг роли максимал даражада баланд - у чизиқлар ўртасида очилиб, узатмага тайёр туриши ва тўпни озгина сақлаган ҳолда, ҳамлани ривожлантириши керак. Бордию, рақиблар ҳимоячиларни сиқувга олишса, унда генуяликлар узун узатмаларни маъқул кўришади. Бунисида ҳамма асосий ҳужумчи бошини мўлжалга олади - у «иккинчи қават» курашида устун келиб, тўпни шеригига ташлаб бериши керак.

Тўп «Женоа» вакилларида бўлса, жамоа кенг ҳудуд бўйлаб олдинга интилади. Агар рақиб зоналарни ёпишга улгурса ва уриниш ўхшамаса, генуяликлар дарҳол эҳтиёткорона 3-1-4-1-1 тактик схемасига мослашадилар. Ҳужум якунида минимал даражада кам ўйинчи қатнашади. Кўп қаватли мудофаа Мараннинг асосий қоидасига хос - «Тўпни қанча олдинда қайтарсак, рақиб дарвозасигача шунчалик кам масофа қолади». «Женоа»нинг кўпинча қанотлар бўйлаб юриш вариантларини излашини ҳам алоҳида айтиш керак. Бундай услуб кўпинча тўп жарима майдони ичидан чиқарилган пайт кўзга ташланади. Генуя клуби тўпни йўқотиши билан 5-3-2 схемасига ўтади. Ҳимоянинг нечоғли чуқурлиги рақиб даражасига боғлиқ. Агар унинг таркибида топ-ҳужумчилар ҳаракатланишса, «Женоа» тўлақонли ҳимоя чизиғини барпо қилади: майдоннинг ўзига қарашли ярмига чекиниб, узатма йўлларини ёпади, қолаверса, ўз дарвозасидан чамаси 40 метр узоқликдаёқ тўпни олиб қўйишга уринади. Стандарт вазиятларда эса жамоа футболчилари жарима майдони ичида ишлашади. Баъзан ҳаттоки, 10 нафар футболчи ҳам шу ҳудудда тўпланиб, дарвозани мутлақо ёпади. «Женоа» нисбатан кучсизроқ жамоа билан тўқнаш келсагина тажовузкорликни оширади - бунда прессинг эртароқ бошланади, аммо бор куч ҳимояга ташланмайди.

Аксарият ўйинларда Шомуродовдан айнан биринчи вариантга мослашиш талаб этилади: «Женоа» Италия чемпионатида энг заиф таркиблардан бирига эга. Аслида номларга қарасак, таркиб чакки эмас: Доминико Кришито ва Горан Пандев ҳамон жуда яхши ҳолатдалар, улар ўтган мавсум жами 17та голга муаллифлик қилишди, Крис­тиан Сапата - «А» сериядаги энг ноқулай якка таъқибчилардан, Давиде Заппакоста яқиндагина «Челси» футболкасида селфи қилганди, Патрик Шёне «Аякс» сафида ЧЛ ўйинларини «ёндирган», Маттео Перин - ақл бовар қилмас реакцияга эга кипер. Бироқ бу йигитларнинг энг яхши дарвлари ортда қолган, тез-тез жароҳатланишади. Жамоанинг захираси савияси эса 2-3 даража паст. Генуяликлар аввалги мавсум кучлилар қаторида қолиш масаласини фақат охирги турда ҳал қилишди ва ҳозир ҳам бош мақсад «В» серияга тушиб кетмаслик эканлигини яширмаяптилар.

Умуман олганда, Маран фалсафасидаги футбол асло роҳат эмас. Бунда фақат ишлаш, тер тўкиш талаб этилади. Жумладан, икки ҳужумчининг юмушлари аниқ тақсимланган. Иккинчи форвард чизиқлар ўртасида очилган паллада асосийси олдинга учиб бориши ва ҳимояга босим уюштириши керак. У ҳимоя вакилларини ўзига эргаштириб, шериги учун бўш ҳудуд ҳозирлаши ёки бироз орқага чекиниб, у билан параллель ҳаракатланиши лозим. Позицион ҳужум пайти «9-рақам» позицияси эгаси ҳимоя­дан чиқиб боради, ортга чекинган ҳужумчи эса у билан узатмалар асосида олдинга интилади. Моҳиятан олганда, Шомуродов ҳар икки ролни бажаришга қодир (гарчи иккинчи ҳужумчи вазифаси бироз зерикарли туюлса ва позицион ҳамлада унга мос келмасада), лекин биринчи нав­батда, «9-рақам» позициясига муносиброқдек. Хуллас, у узун узатмаларга, тезкор кроссларга ва мудом ҳужумдан ҳимояга қайтишга тайёр туриши керак. Маҳсулдорлик айнан кросслар сифатига боғлиқ: «Женоа»­нинг 81 фоиз ҳужуми қанотлар орқа­ли ривожланади - бу «А» серия бўйи­ча энг юқори кўрсаткич.

«Женоа»да 8 нафар ҳужумчи бор, лекин реал рақобатчи ягона, Шомуродовда имконият етарли. Ҳа, Генуя клуби «заявка»сига қарасак, ҳужумчилар сони - 8 нафар, лекин реал рақобатчилар кам. Рўйхатдаги 4 нафар йигит ижара асосида олинган примавера тарбияланувчилари ҳисобланади. Айни пайт бошланғич таркибдаги 2та жойга 5 нафар даъвогар бор: Марко Пьяца, Маттиа Дест­ро, Горан Пандев, Жанлука Скамакка ва Элдор Шомуродов. Элдор бу рўйхатда анча салмоқли номзоддек кўринмоқда. «Ростов»нинг собиқ ҳужумчисини ўйинчиларнинг кенг танлови ўйга солмаслиги керак. Пьяца ва Дестро - собиқ бўлажак юлдузлар. Скамакка футболга тахминан Пандев «Интер» билан ЧЛда ғалаба қозонган вақт кириб келган - 21 ёшли йигит трансфер бўйича «Сассуоло»га тегишли ва фақат қандайдир кутилмаган вазиятдагина рўйхатда 1-қаторга чиқиши мумкин. Горан эса 37 ёшли фахрий. қисқаси, Шомуродов «Женоа» ҳужумчилари орасида энг кучга тўлган ва ҳали сарфланмаган потенциалга эга ягона ижрочи саналади. Шундай экан, унинг атрофида лойи­ҳа тузиш имкони йўқ эмас. «Лойи­ҳа» ибораси бежиз қўлланилмаяпти. Маран жамоа бошқарувини қўлга олгач, шу мазмунда гапирганди: «Президент жамоанинг майдонда ортиқ азобланишини истамайди. У олдимга биринчи мавсумда лигада қолиш, кейингисида аниқ ўйин услубини йўлга қўйиб, юқорилаш вазифасини қўйди. Менга ҳам ёрқин индивидуал жиҳатларга эга, Генуя менталитетини ўзида мужассам этадиган жамоа керак». Бир қарашда, «Же­ноа»­да кучлилар қаторида қолиш имконияти чакки эмас. Маран асосий рақиблардан бири - «Кротоне» билан ўйинда 4:1 ҳисобидаги ғалабани таъминлаб, буни қайсидир маънода исботлади. Шунинг баробарида Элдорнинг истиқболини биргина стратегик устунлиги билан баҳолаш ярамайди. У Маран услубига аксарият рақобатдошларига нисбатан анча яқин. Жанлука Скамакка - Италия ёшлар биринчилигининг бош тўп­урари. Бўйи деярли 2 метрга тенг футболчи айниқса, ўнг оёғида кучли зарба йўллайди. Лекин уни ҳужум марказига қўйиб, тўп узатилаверса, худди оддий «симёғоч»га айланиб қолиши ҳеч гап эмас, тўғри, «Женоа» бу вариантга камдан-кам мурожаат қилади. қолаверса, Маран ҳужумчилар вазифасини нисбатан чеклаб қўяди: бири орқароққа ўтганида, иккинчиси «офсайд» чизиғи устидан чиқиши лозим. Пандев бундай услубда ўйнашни ҳаммадан яхшироқ ўзлаштирган, у кўпинча ортга сурилган ҳужумчи сифатида кўзга ташланади, «9-рақам» позицияси соҳиби Горан билан уйғун ҳаракатланишга тайёр туриши керак. Скамакка эса бу ролга мос эмас. Чунки у дарвозага тескари турган ҳолда югуриш учун анча оғир. Жанлука фақат орқага чекиниш асносида иккинчи ҳужумчининг тезлик олишига йўлак ҳозирлашга уста, аммо бундай ўйинга Пандевнинг қуввати камлик қилади. Хуллас, Скамакка қарши ҳужумдаги потенциали билан чекланади. Марко Пьяца - ихтисослашган вингер, лекин у жароҳатга мойил йигит: йилига бир неча ойни «лазарет»да ўтказади. Марко бундан 4 йилча олдин умидли ҳужумчидек кўринганди, аммо 2та жиддий жароҳат йигитни издан чиқарди. Энди Пьяцада ҳаммаси нисбатан меъёрий: у ҳамон тезкор ва бақувват, техник салоҳияти ҳам жойида, фақат муайян даражада. Оддий айтганда, Марко ҳаттоки, «Женоа»да ҳам асосий таркибнинг муқим вакили эмас. Марко жумладан, жарима майдони ичида йўқолиб қолади, дарвозага тескари турганида унча кучли эмас. Аниқроғи, бундай ўйинга ҳали мослашмаган, шунинг учун бошланғич таркибга тортмайди. Пьяца эҳтимолки, Пандев ўрнига биринчи рақамли муқобил вариантдир. «9-рақам» ролига эса атиги 3-номзод саналади.

Шомуродовнинг бош рақобатчиси - 29 ёшли Маттиа Дестро. Кристиан Вьерининг собиқ вориси, Италия миллий жамоаси сафида 8 марта майдонга тушган ҳужумчи. Таниқли журналист Даниэле Манусия бундан 6 йил муқаддам Маттиа ҳақида бор ҳақиқатни ёзганди: «Ҳа, Дестро Вьери давридан кейин Италия футболининг энг яхши ҳужумчиси сифатида бош кўтариш салоҳиятига эга. Унда келаси 10 йилликда жаҳон миқёсида ҳам биринчи рақамли ҳужумчи бўлиш имконияти йўқ эмас. Бироқ бу йигит ўйинларда оддий залдан чиққан, жарима майдони ичида, дарвозага яқин бир метр ҳудудда айланадиган, ке­йин кийиниш хонасида неч­та гол урганини айтиб, мақтанадиган йигитдек кўринмоқда». Маттиа одмийроқ, унча чаққон эмас, бўйи ҳам, тезлиги ҳам Шомуродовникига нисбатан пастроқ, лекин жарима майдони ичида позиция танлашни билади, Пандевни яхши тушунади. Хуллас, унда устун томонлари бор. Фақат тез-тез жароҳатланиши... Шу жойда Синиша Михайлович сўзидан бир иқтибос: «Ҳайронман, Дестро яхши спорт формасига кирган заҳоти ҳар сафар жароҳатга йўлиқади». У бир сафар ҳаттоки, голни нишонлаш жараёнида ҳам мушакларини шикастлаганди. Шундай экан, мавсум давомида Элдорнинг «Женоа» учун ягона соғ­лом «9-рақам» бўлиб қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz